Сайт харитаси



1 dona sharh

  • Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллигигига

    МУРУВВАТ СОҲИБАСИ ЭДИ…

    Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним нафақат беназир қалам соҳибаси, айни пайтда, ёш истеъдодлар, айниқса, хотин-қиз ижодкорларга нисбатан бамисоли мунис ва мушфиқ онадек меҳрибон ва ғамхўр, уларни ўз бағри-қанотларига олиб, доимо қўллаб-қувватлашга тайёр инсон эдилар.
    Бу борадаги мухтасар фикримни ўзим шоҳиди бўлган бир ҳаётий воқеа мисолида далилласам:
    …1981 йилнинг баҳори эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоятимизда “Кўчма котибият” йиғилиши ўтказиладиган бўлди. Шу муносабат билан Республика Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Сарвар Азимов раҳбарлигида Зулфия, Мирмуҳсин, Раҳмат Файзий, Туроб Тўла, Тўлипберген Қаюпберганов, Эркин Воҳидов, Ўктам Усмонов, Ойдин Хожиева, Гулчеҳра Жўраева, Нормурод Нарзуллаев каби ўндан ортиқ таниқли адиб ва шоирлар Қарши шаҳрига ташриф буюришганди.
    Воҳа ижод аҳиллари жам бўлган ушбу йиғилишда, мажлис тартиб-таомилига кўра, дастлаб, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Самар Нур ҳисобот берди. Музокараларда ҳам адабий жараён, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, муаммоларни ҳал этиш борасида сўз юритилди. Ниҳоят, “Кўчма котибият” кун тартибидаги асосий масала – вилоятда яшаб ижод қилиб келаётган бир қатор қалам аҳиллари – Бозор Намозов, Ҳусанжон Амин, Саодат Тожи, Евгений Березиков, Исмоил Амирқулов ва бошқаларни Ёзувчилар Уюшмаси аъзолигига қабул қилиш “тадориги” кўрилди.
    Ниҳоят мажлис интиҳосида йиғилишни якунлаш учун сўз уюшма раиси Сарвар Азимовга берилаётганда, тўсатдан ёнларида қизлари Хулкар Олимжонова билан суҳбатлашиб ўтирган Зулфия опа ўринларидан қўзғалиб сўз сўрадилар. Орага жимлик чўкди. Табиийки, йиғилганларнинг шу тобда таниқли шоирадан ҳам табрик кутаётгани аниқ эди. Бироқ, Зулфия опа залдаги воҳа ижодкорларига нечанчи бордир қараб олгач, оҳиста дедилар:
    – Узр… Эҳтимол, йиғилиш қоидасини бузаётгандирман! Лекин, рухсат берсангизлар, бугун Ёзувчилар уюшмаси аъзоси деган шарафли номга сазовор кўрилаётган қашқадарёлик қаламкашлар қаторига… Мен ҳам бир муносиб номзод кўрсатсам!
    Жимлик сукунати янада теранлашди. Залфия опа жилмайганча, яна ортига ўгирилди.
    – Момохол… Қизим, ўрнингдан турчи!
    Ҳамманинг нигоҳи дарров, залнинг орқароғида ўтирган – Қамаши туманилик, қишлоқ мактаби ўқитувчиси, ёш шоира Момохол Элмуродова томонга қаратилди. Бундай “таклиф”ни кутмаганлигиданми Момохол бир муддатга довдираб қолди. Сўнг қизариб, қимтинибгина ўрнидан турди.
    – Момохол Элмуродова! – уни мажлис аҳлига тантанавор тарзда таништирди Зулфия опа овозини яна бир поғона юқори олиб. – Мен бу истеъдод соҳибасини анчадан буён кузатиб келаман. Унинг келажакда яхши ижодкор бўлишидан умидворман. Шу боис шоира қизимизни қўллаб-қувватлаш учун билдираётган таклифимга нима дейсизлар?!
    – Мен қўшиламан! – деди дастлаб Мирмуҳсин домла, таклифни маъқуллаган ҳолда. – Чунки, Момохол “Шарқ юлдузи” журналининг энг фаол муаллифларидан…
    Мамлакатда яқиндагина ташкил этилган “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, таниқли шоир Эркин Воҳидов ҳам ўрнидан турди:
    – Мен ҳам Зулфия опамизнинг таклифини мамнуният билан маъқуллайман! Боиси, “Саодат”, “Шарқ юлдузи” журналлари, “Ёшлик” альманахида Момохолнинг аёл қалби манзараларини ўзига хос тарзда битган шеърларини ўқиб, бунга амин бўлганман…
    Шоиралар Ойдин Хожиева ҳамда Гулчеҳра Жўраевалар ҳам сўзга чиқишиб, Зулфия опанинг таклифини маъқуллаган ҳолда – Момохол Элмуродованинг ижоди, уюшма аъзолигига муносиб номзод эканлиги хусусида ижобий фикрларини билдиришди.
    Шундан сўнг, табиийки, Зулфияхонимнинг таклифи билан ёш шоира Момохол Элмуродованинг уюшма ахзолигига қабул қилиниши, деярли ҳал бўлганди. Аммо, ногаҳон, йиғилиш баённомасини қайд этиб бораётган котиб ўрнидан турганча, эътироз билдирди.
    – Бу ёғи қандоқ бўлди?! Ахир, бу низом талабларига мутлақо хилоф… Чунки, биринчидан, уюшма аъзолигига номзоднинг камида учта тўплами чоп этилган бўлиши, ҳамда унга уч нафар номзод шоир ёки ёзувчи тавсия бериши лозим. Ана ундан сўнг “номзод” уюшма котибият йиғилишида муҳокама этилиб, ҳужжат йиғилиб, алоҳида папка қилиб дегандай…
    Зулфия опанинг яна бир бор ўрнидан туришига тўғри келди. Бу сафар унинг чеҳрасидаги табассумни жиддийлик эгаллаганди.
    – Бу айтилаётган гапларнинг барчаси, бориб турган расмиятчилик-ку! Бошқа соҳаларда билмадим, аммо ижодда, хусусан, ёш истеъдодларга нисбатан бундай қоғозбозликдан воз кечиш керак эмасми?! Бундай кезда ҳар қандай ижодкорнинг биринчи галда таланти, унинг иқтидори, эртанги кундаги истиқболи эътиборга олинмайдими?! Мана, мисол тариқасида Момохол… Адабий муҳитдан йироқ овлоқда, қишлоқда яшайди. Мактабда ўқитувчилик қилади. Бу ёқда эса рўзғор юмуши, эр ва бола-чақа ташвиши… Бундай шароитда турмуш ташвишларидан ортиб аёл кишининг ижодкор бўлиши, қалам тебратишининг ўзи бўлмайди, ахир. Буни фақат аёл киши тушунади. Бундай чекка масканларда яшаб, ижод заҳмати билан банд бўлган опа-сингилларимиз кўпчилик. Уларнинг барчасига кўмак кўрсатишни эса мен ўзимнинг бош бурчим деб биламан…
    Опа бир муддат жим қолди. Залда яна сукунат чўкканди.
    – Ҳа, майли, сиз айтганча хом бўла қолсин, – Зулфия опа бироздан сўнг ўзини мажбурлаб табассум қилди. – Китоб масаласида… Хабарим бор. Момохолнинг “Қалдирғоч” деб номланган илк тўплами чиққан. Яна иккитаси нашриётлар режасига киритилган. Бу китобларини тезлаштиришни ҳам мен ўз зиммамга оламан. “Тавсиянома” масаласига эса…
    Зулфия опа қаватида ўтирган Ойдин Хожиева ва Гулчеҳра Жўраевалар билан маънодор кўз уриштириб олгач, майингина бош силкиди.
    – Ҳа, ана Ойдин, Гулчеҳра ва мен Момохолга тавсия берамиз! Хўш, яна қандай муаммо қолди?!
    Ҳали эътироз билдирган ёзувчи яна нимадир демоқчи бўлганди. Аммо, зални ларзага солган олқишлар бунга имкон бермади. Бу олқишлар Зулфияхонимнинг меҳр-мурувватига берилган баҳо эди…
    Момохол Элмуродова – эндиликда элга таниқли шоира. Унинг ўндан ортиқ тўпламлари чоп этилган. Шеърлари рус, инглиз ва бошқа кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
    Момохол Элмуродова эндиликда қаерда бўлмасин илк қалб изҳорини устози, улкан шоирамиз Зулфия опанинг ўзига кўрсатган меҳр-саховатини ҳикоя қилишдан бошлайди.
    Яқинда биз бир гуруҳ ижодкорлар ҳинд диёрига сафар қилдик. Деҳлидаги Жамия Ислом университетида фаолият кўрсатаётган “Ўзбек тилини ўрганиш” Марказида ўтказилган адабий анжуманда Момохол Элмуродова ҳам минбарга кўтарилди:
    – Сизларга ўқиб берадиган илк шеърим, ҳинд ва ўзбек халқлари адабий ва абадий дўстлигига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ шоираси, халқаро Неру ва Нилуфар мукофотлари соҳибаси, меҳр-саховатда тенгсиз, мен каби юзлаб, минглаб шоираларнинг улуғ устози Зулфияхонимга бағишланади…

    Муҳаммад ОЧИЛ.
    Қарши шаҳри

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.