Ҳаёт варақлари

1-scan0004Яна баҳор, мангу ёруғ фасл. У назаримда нимпушти либосда юргандай. Йўқ, йўқ, бирданига шундай эмас. Олдин юракларимизни бу мўъжизадай баҳор соғинчи тўлдиради. Биз кунлар, сўнг соатларни интиқ санаймиз. Кейин дарахтларнинг нозик новдаларига митти куртакчалар тошади. Улар бахмалдай барг бўлиб ёзилади. Кейин бодом, ўрикларнинг бошини оппоқ пушти туманлардай гуллар чулғайди. Сўнг жимлик ва олмаларнинг хушбўй атирлари меҳнатга уйғотган илиқ тупроққа ёйилади.

Баъзилар йилнинг тўрт фасли ҳам баҳор бўлишини хоҳлайдилар. Менимча, баҳор билан доим бирга бўлсам, унинг келиши бу қадар ширин туюлмас эди. Одамзод баҳорга бу қадар интиқ бўлмасди.

У йилда бир бор келган фасл бўлгани учун ҳам шу қадар, суюкдай, тансиқдай.

Эс-эс биламан, болалигимда куртакларнинг баргга айланганини ўз кўзим билан кўргим келарди. Тушларимда бу ҳолатларнн неча-неча бор кўрганман; жажжи муштдан ҳам жажжироқ куртакчалар жилмаяди, жилмайиши япроқларга айланади, япроқчалар ҳадемай ёйилади ва шамолда рақс туша бошлайди. Ўнгимда эса қайрағочлар, толлар қаршисида шу мўъжизани кўриш учун соатлаб пойлардим, бирданига куртакчалар яшил-қизғиш йўргагини ечиб ташлаб, ҳилпираган япроқ бўладигандай туюлаверарди, қарайверардим, қарайверардим. Кўзларим оғригунча термулардим. Дугоналаримнинг чақиришлари, онамнииг мулойим овоз берганлари, акаларимнинг ёлғондакам дўқ-пўписалари менга сира ҳам кор қилмасди.

Лекин бари кутганларим беҳуда кетарди. Куртак менинг йўқлигимда япроқ бўларди. Улғайганимда киноплёнкаларда бу ҳолатни кўп бор кўрганман. Лекин у мени ортиқча ҳайратга солмасди. Бу — менинг болалигим, хотирамга гўзал сувратдай ўрнашиб қолган болалигим. У ҳозиргига унча ўхшамаган кўҳна Тошкентнинг маҳаллаларидан бирида ўтган. Ҳовлимиз мўъжазгина эди. Эрта баҳордан кеч кузгача хушбўй ва хушрўй гуллар очилиб ётарди.

Мен онамнинг кенжаси эдим. Онам! Йиллар ўтган сайин мен бу мўътабар зотни яхшироқ таниб бораётгандай бўламан. У тобора менинг юрагимга яқинроқ келиб, жон-жонимга сингийди.

Баъзан ўзим билан ўзим танҳо қолган кезларимда хотирам қатларидан ҳатто овозлари келаётгандай бўлади. Шеър ўқишларини кўп севар эдик, қандайдир эркаловчи, майин, мусиқий, маънили… Онам кўпроқ ўғил болаларни ўстирган. Ўғил бола тарбияси қийин бўлади, аёл кўп ўғил ўстирса, сержаҳл бўлиб қолади, деган гаплар қулоғимга чалинган. Йўқ, менинг онам овозини сира баланд кўтармасдилар. Мен уларни тинглаётганимда пок, ором бахш бир оламга киргандай ҳис этардим ўзимни.

Онам биз фарзандларнинг «нега?», «нима учун?» тарзидаги саволларимизга сабр-қаноат билан, жуда марокли, мулойим жавоб қилардилар. Ўша овоз, энди билсам, мени дунё кенгликларига бошлаган сўқмоқ экан. Энди билсам, онамнинг битта ўзлари ҳозирги замон болаларига ҳар хил ахборот берувчи ўнлаб манбалар ўрнини босар эканлар. Агар истеъдодим бор бўлган бўлса, унинг чашмаси — онам. Агар адабиёт аҳлига бир кафт дон янглиғ шеърий ҳосил тутган бўлсам, унинг уруғини қалбимга аввало онам сочганлар.

Оиламиздан ёзма эсдаликлар, сувратлар қолмаган ҳисоб. Фақат болалигим жуда беғубор, бахтиёр ўтганлиги учунми, бу эсдаликлар, бу сувратлар менинг ёдим дафтарига яхлит ёзилган.

Тўғри, биз бой яшамасдик, осон ҳам яшамасдик, фақат гўзал яшардик, тинч яшардик. Уйим деганда кўз олдимга онамнинг мулойим, дониш нигоҳларидан сўнг чопқиллаб оқаётган ариқ, шовуллаб куйлаётган тераклар келади.

Тўрт акам бор эди, бири биридан кўркам, кучли, мард йигитчалар… Онам ҳаммамизнинг кўнглимизни олишга улгурардилар. Отам уйда кам бўлардилар. Лекин мен уларни ҳам жуда ёрқин эслайман. Улар кийимларининг у ер-бу ерида чўғ изи, ҳорғин кириб келардилар, доим олов иси келарди отамдан. Отам пўлат қуювчи эдилар. Мен отамнинг чўғдай пўлатни истаган шаклга сола олганларини, ундан турли буюмлар ясаганларини, бундан роса ҳайратга тушганларимни ҳам кечагидай эслайман. Мана шулар менинг бахт деб атаганларим: юлдузлар ҳақида эртак айтувчи онамнинг овози, отам, унинг қўлида жилмайиб тургандек қизғиш чўғ, ерга урса, кўкка сачрайдиган акаларим-—маҳалланинг ўсмир болалари… Ажойиб дўстлар эдик. Мен ҳозир уларнинг бори тўғрисида ҳам, йўғи тўғрисида ҳам севиб, ҳар бирининг ўзига хос қилиқларини сўзлаб беришим мумкин.

Мен яқинда Америка ёзувчиси Бенжамен Спокни ўқидим. Унда маънавий бой, пок ҳаёт бағридаги болалик — гўзал болалик эканлиги ҳақида ҳам гап бор. Бунга мен ўз кўрган-кечирганларим сабаблими, жуда ишонаман.

Болалик ва ўсмирлик ҳақида жуда кўп яхши китоблар ёзилган. Лев Толстой, Аксаков, Герцен, Алексей Толстой, Горький… Ҳаммасининг болалиги ҳар хил даврда, ҳар хил кишилар орасида ўтган. Ҳар бириси бошқа тақдир. Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорларнинг ҳам умрнинг бу тўнғич фасли ҳақидаги асарлари бор.

Мен эса ҳанузгача ёзмаганман. Лекин ёзгим келади. Баъзан шеърларимга ўша шаффоф кунларимнинг парчалари оқиб киради. Лекин у бир томчи, холос. Балки, болалигим, уни безаган яқинларим ҳақида китоб ёзиш бахти менга ҳали насиб этар…

Техникумга ўқишга киргач, кўз олдимда ҳаётнинг яна бошқа бир саҳифаси очилди. Бу саҳифа сўзлари энди қўшиқ авжларидай шиддатли эди. «Ҳужум» деб аташарди бу даврни. Самарқанд, Бухоро, Тошкент майдонларида гулханлар ловуллаб ёнарди, унга қўшилиб иаранжи-чачвон ҳам ёнарди. Давр қайноқ, давр руҳи сингган юраклар ҳам қайноқ эди.

Алвон рангли жанговар шиорлар, митинглар, доим гавжум аёллар клублари, ликбезлар… Мана энди, бу даврдан хотирамга ўрнашган жонли тасвирлар…

Кейин илк шеърий тўпламим босмадан чиқди. Юпқагина, лекин унинг менга берган қувончлари, қанотли туйғулари бор оламча! Уни «Ҳаёт варақлари» деб атабман. Энди билсам, у дунёга айтган илк сатримнинг илк сўзларидай гап экан. Бу йилларда менинг ҳаётимга яна бир қувонч тўлқини кирди. Бу — Ҳамид Олимжон эди. Унинг азиз исми фақат менинг ҳаётим саҳифаларигагина эмас, республикамиз адабий ҳаётига ҳам ёзилган. У иқтидорли шоир, ёзувчиларни орқасидан эргаштира олиш кучига қодир бўлган ташкилотчи инсон эди.

Ҳамид Олимжон менинг учун талабчан устоз, меҳрли дўст эди. Шеърларимни илк бор ҳаяжондаи титраб, унга ўқирдим. У аёвсиз таҳрир этарди. йиллар ўтди, йилларнинг бирн билан қўшилиб, Ҳамид Олимжон ҳам кетди. Энди мен сатрларимга унинг нигоҳи билан қарашни ўргандим. Ҳали-ҳануз менинг жуда кўп қораламаларим иш столим ғаладонларида айнан шу нигоҳдан ўтолмай, қолиб кетади.

Сўнгра эса менинг ҳаётимга йўллар, давлатимиз ва дунёнинг турли тарафларига тушган йўллар кириб келди. Йўллар бнлан қадрдон дўстлар, турли эл ҳақида сўйловчи турли тилдаги китоблар. Мен уларни варақлашни жон-дилимдан севаман. Чунки бу китобларда халқ руҳининг бир қисми, халқ хотирасининг бир қисми яшайди.

Шеърият! Бу ҳаётимнинг барча саҳифалари, азиздан азизим, оғриғим, шодлигим, содиқ дўстим, сирдошим менинг. У ҳаммага азиз! Мен бунга сафар чоғларимда кўпроқ инондим. Одамлар чинакам шеърга ишонади, унга суянади, уни интиқ кутади, малҳам деб билади! Шеърият — инсоннинг маънавий эҳтиёжи. Мендан кўпинча ҳаётимнинг энди ёзилажак варақларидаги шеърлар ҳақида сўрашади. Мен айтолмайман, ахир, келгусида муҳаббат ва яна ҳоказолар ҳақида шеър ёзмоқчиман, деб бўлармиди? Асло!

Шеър бу — чақмоқдай оний туйғу. Унинг сувратини чизиб улгурсанг — улгурдинг, йўқса етмиш икки томирингга сим-сим оғриқ солиб юраверади.

Баъзан умуман ёзолмай қоламан. Кўнгил дунёмга бир тола ёруғлик тушмайди, ўша кунлар. Шеър мени бутунлай ташлаб кетгандай, бутунлай ғариба бўлиб қоладигандай ташвишга тушаман. йўқ, қай бир бахтли фурсатда менпнг шодлигим — шеърим яна келади! Ҳамма танаффусларда шундай ҳолатни бошдан кечираман.

Менинг умрим варақларида қийноғидан ҳам, шодлигидан ҳам қувониб юрганим яна бир бебаҳо бойлигим бор. Булар — фарзандларим, ўғлим, қизим. Улар ҳозир ўзлари ота- она, бир-бирига ўхшаб-ўхшамаган фарзандлар тарбия қилишмоқда. Баъзан Ҳулкар гапираётганда ундан онамнинг майин овози эшитилгандек бўлиб кетади. Улуғбек неварамнинг ўткир нигоҳларида баъзан Ҳамид Олимжоннинг қарашларини кўргандай бўламан.

Шунда мен дунёда ҳеч нарсанннг изсиз кетмаслигига, фақат у бир кўринишдан иккинчи кўринишга ўтиб яшашига чуқурроқ ишонаман. Менинг, ота-онамнинг, Ҳамид Олимжон ва унинг аждодлари қони тиниб қолмаслиги умиди менга куч беради.

Мен яна бир нарсага қаттиқ умид қиламан. Йиллар ўтаверади, ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироҳ инсонлар — руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса… Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши!

Ўзбекистон халқ шоири Зулфия 1978 йил


7 fikr

  • Bahora Xalilova :

    Ajoyib sayt yaralibdi! Ofarin!

  • Nodir Nizomov :

    Zulfiyaxonim haqida slaydlar bo’lsa joylashtiringlar iltimos!)

  • Шаҳноза Маҳмудова :

    Мен шунақаман, ичимдаги дардларимни доим ҳам одамлар билан сирлашолмайман. Аммо “Ҳаёт варақлари” сингари суҳбатларни ўқиб гўё асар билан бир-биризга тингловчи бўламиз. Мутолаа жараёнида мен ҳам ҳозир болалигимни гўё шу асар орқали Зулфияхонимга сўзлаб бергандай бўлдим. Сўзловчи бўлишдан кўра тингловчи бўлиш анча қийин. Аммо “Ҳаёт варақлари” сингари хотиралар сизни ҳақиқий тингловчига айлантиради. Ушбу сайтни ташкил этганлигингиз учун раҳмат сизларга.

  • suhrob :

    shunday shoilar kopaysin

  • Hurmatli adminstrator! Yuqoridagi bir fikrni o`qigan bo`lsangiz bilim va fikr doirasi tor kishilar har xil bachkana fikrlarni bildirishi mumkin. Bu ajoyib sayt. Bema`ni fikrlar yuborilganda saytga qo`shilmaslik chorasini tezda ko`rish kerak. Izoh qoldirish adminstrator ko`rigidan o`tgandan so`ng, ijobiy fikrlar chiqishi kerak.

    • Nigora Umarova :

      Муҳтарам фойдаланувчи!
      Сайтдаги изоҳлар сайт маъмури томонидан аввал ўқилиб, кейин жойлаштирилмоқда. Жонкуярлигингиз учун раҳмат

  • Shahobiddin Odilov :

    Har bir o`zbek qizi Zulfiyaxonimga o`xshashni orzu qilishganida…!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.