Дилрабо Норқулова шеърлари

Уйғонсин

 

Майсалар уйғонди, кўз очди гуллар,

Уйғонди суманбар, сарву сунбуллар.

Юраклар уйғонсин, диллар кўнгиллар,

Эртакларда қолган алплар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Гул термоқ бошқаю юлмоқ бошқадир,

Ғофиллар бошқаю гумроҳ бошқадир,

Уйғоқлар ўзгадир, огоҳ бошқадир,

Юракда ҳақ деган зарблар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Маккор замона бу, доғули дунё,

Ярми асал, ярми оғули дунё,

Ярми сиртлон, ярми оҳули дунё,

Меҳру шавқат деган тафтлар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Даҳоларинг уйғоқ, Темуринг уйғоқ,

Жайхун ортларида Бобуринг уйғоқ,

Исломинг уйғоқдир, ғуруринг байроқ,

Энди келаётган сафлар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

 

Севги нима?

 

Севги нима? Азобми,

Ё роҳатми, билмадим.

Тизгинсиз истиробми,

Ё тоқатми, билмадим.

 

Севги нима? Жанбилми,

Ё райҳонми, билмадим.

Гижинглаган дулдулми,

Ё қоплонми, билмадим.

 

Севги нима? Юлдузми,

Ё шамолми, билмадим.

Новвот тусли кундузми,

Ё заволми, билмадим.

 

Севги нима? Эртакми,

Ё чинмикин, билмадим.

Бемажол капалакми,

Лочинмикин, билмадим.

 

Севги нима? Ёқутми,

Ё чақиртош, билмадим.

Ҳайқириқми, сукутми,

Ёки кўз ёш билмадим.

 

Севги нима? Эҳсонми,

Ё қарғишми, билмадим.

Мукофотми, унвонми,

Ё ташвишми, билмадим.

 

Севги нима? Ҳа, Сиздан

Сўрамоққа ҳақлиман.

Билмайман-да бахтсизман,

Билмайман-да бахтлиман.

 

 

Чоғидир

 

Тингланг, ҳикмат сўйлаётган

Азим чинор япроғидир.

Мозийлардан садо берган,

Тўлқин- тўлқин титроғидир,

Бу Темурбек туғёнидир,

Темур Маликнинг оҳидир,

Тўмариснинг сўроғидир

Ҳам Широқнинг нигоҳидир,

Ьелни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

Кўкка боқсанг Бибихоним

Суврати кўз олдида,

Ерга боқсанг Ялангтўшнинг

Турбати кўз олдида,

Кунга боқсанг бобурийнинг

Шиддати кўз олдида,

Сенга куч берган боболар

Хокию тупроғидир,

Ьелни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

Давраларнинг тўри  сенга

Мунтазир, сен ҳақлисан,

Оллоҳимнинг суюгисан,

Авлиёлар аҳлисан,

Бахтли бўлсанг бир бўлиб,

Якдил бўлиб сўнг бахтлисан,

Улуғ зот байроғидир бу,

Орият белбоғидир,

Ьелни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

 

Савол

 

Нега уни кўзимга

оловдек қилиб қўйдинг,

Исмини юрагимга

тумордек илиб қўйдинг,

Чоклар солиб бағримга,

беаёв тилиб қўйдинг,

Ўз ҳолимга қўймадинг,

найлай энди, художон,

Тутам нур бер, ярамни

бойлай энди, художон.

 

Ҳар бир замоннинг ўзга

тошу тарозуси бор,

Ҳар авлоднинг ўзгача

маслаги орзуси бор,

Минг шукрким, бугуннинг

ишқ деган туйғуси бор,

Шу туйғуни туйибман,

найлай энди, художон,

Сочим билан қўлимни

бойлай энди, художон.

 

Гарчи Фарход олисда,

гарчи мажнунлар эртак,

Севги кимгадир юмуш,

севги кимгадир эрмак,

Толеьимда бор экан

афсона бўлиб юрмак,

Лайлоларга дарддошман,

найлай энди художон,

Занжирларни  бўйнимга

бойлай энди художон.

 

Баҳралар бердинг менга,

баҳралар олдим, шукр,

Олам терану рангин

эканин билдим, шукр,

Муҳаббат саройига

дил очиб келдим, шукр,

Дилрабо этган ўзинг,

найлай энди художон,

Кафтим билан кўзимни

бойлай энди, художон.

 

 

Сиз яхши одамсиз

 

Сиз яхши одамсиз.

Шундай дейману,

Кўнглингизга пича кин кириб қолган.

Ўзим эскичага ишонмайману,

Ичингизга қора жин кириб олган.

 

Шундан кўзларингиз салгина хира,

Шундан яхшиликни кўра олмайсиз.

Тоқат қилолмайсиз қувончга сира,

Хушхабар бор жойда тура олмайсиз.

 

Шубҳада қарайман бўй-бастингизга

Ичингизга баттол киргани чиндек.

Жиндек инсоф берса бўлмасми сизга,

Инсонийлик берса бўлмасми жиндек.

 

Кучукча ҳақида ҳикоя

 

Бир куни кучукча опкелди дадам,

Бирам ёқимтойки, кўзлари мунчоқ.

Тумшуғ ялтираб турар – доим нам,

Бўйинчаси ола, панжалари оқ.

 

Мақташди дадамнинг оғайнилари

Аслзода топиб унинг зотини.

Ўзича от қўйиб чақирди бари,

Ҳеч ким тополмади унинг отини.

 

Менга, қизалоққа эрмак бўлди у,

Рахмим ҳам келарди, қучоқлар эдим.

Мактабдан уйимга қайтар эдиму

Аввало кучугим сўроқлар эдим.

 

“Беҳ-беҳ” деб чақирсам, келарди етиб,

Думини ўйнатиб қўлим яларди.

Саломлашар эди панжасин тутиб,

Яхши кўришимни яхши биларди.

 

Далага чиқсак бас, берарди худо,

Ўйноқлаб, айланиб, чопиб тўймасди.

Бировни ёнига қўймасди асло,

Синфдошимни ҳам…хуллас, қўймасди.

 

Улғайдим, Тошкентга кетарим бўлди,

Кучугимнинг кўзи қолди йилтираб.

Аҳволига қараб опачам кулди,

У  ғамгин ётарди шундай мўлтираб.

 

Кейин чалғиб кетдим тадорик билан,

Ҳиссиёт тез ўтар одам шошганда.

Бир кўргандек бўлдим ўтганда қирдан,

Илғагандек бўлдим тоғдан ошганда.

 

Кейин қадри ўтди мусофирликда,

Ғашга текканида хира нусхалар.

Сурбет башаралар  келганда тикка,

Ўйладим, ёнимда бўлсайди агар…

 

Бир куни таътилда опкетди дадам,

Уйга шошиб бордим юрагим тошиб.

Қавму қариндошлар бўлгандилар жам,

Фақат у чиқмади қаршимга шошиб.

 

“Уми? У йўқолган” деди опачам,

Вужудим қоплади сирқироқ титроқ.

Дараклатай десам, от қўймапман ҳам,

“Беҳ-беҳ” дейми ёки дейинми Бўйноқ.

 

Менинг илк сирдошим, кўзи мунчоғим,

Эсга тушаверар эшик очганда.

Кўзимга кўринар қийналган чоғим,

Баъзида Деновда,

Кўпроқ Тошканда…

 

 

 Илтимос

 

Ҳаёлим чувалиб боғланган сизга,

Айрилиқ шомида сиз ҳам шам ёқинг.

Дили ҳуфтон бўлган чорасиз қизга

Илтимос, хат ёзинг ёки сим қоқинг.

 

Умидни қиймалар соат миллари,

Ҳамма юмушлардан қўлим совуган.

Оҳ, бунча рангпардир кузак гуллари,

Оҳ, бунчалар эрта кўнглим совуган.

 

Кул босган самода йилтирар бир чўғ,

Совқотиб кетяпман, оловлар ёқинг!

Фақатгина сиздан совуганим йўқ,

Илтимос, хат ёзинг ёки сим қоқинг.

 

Қул ушлашиб турар симёғочлар жим,

Оғочлар қўл чўзар нафасин ютиб.

Тушкун табиатни уйғотади ким,

Сукунат силтанар ёруғлик кутиб.

 

Беғам булутларни ларзага солиб,

Самоват кўксида чақмоқлар чақинг.

Майли, мен мағлубман,

Майли, сиз ғолиб,

Илтимос, хат ёзинг ёки сим қоқинг.

 

 

                                       Эй жон

“СОЧИНГНИ САВДОСИ ТУШДИ…”

Бобур

Бошингизга сочимнинг савдоси тушсин, эй жон,

Савдоси тушса, албат, ғавғоси тушсин, эй жон.

 

Жон чекинг, афғон чекинг, мажнуним бўлинг маним,

Тақдиримизга ишқнинг саҳроси тушсин, эй жон.

 

Суймоқ борки, куймоқ бор, куйган кўнгил фалакда,

Ёнингизга осмоннинг Зуҳроси тушсин, эй жон.

 

Ишқ азоби муқаддас, ишқ шароби муқаддас,

Қошингизга висолнинг сафоси тушсин, эй жон.

 

Қаро сочим қадрига етмай кетар бўлсангиз,

Бошингизга қошимнинг қароси тушсин, эй жон!

 

 

        Онамга мактуб

 

Меҳр – кўзда, дейдилар,

Сеҳр – сўзда, дейдилар.

Меҳри суйган юракни

Парча муз-да дейдилар.

 

Ўзим узоқдаман – у,

Кўнглим сизда онажон.

Сиздан бошқа яқин йўқ

Шоир қизда, онажон.

 

Қишлоғим кўз олдимда,

Сиз борсиз – дўст олдимда.

Нима қилай, шу… шеърга

Сал боғланиб қолдимда.

 

Сал эркароқўстирган

Ўзингиз-ку онажон.

Менда завқлар уйғотган

Сўзингиз-ку онажон.

 

Қия-қия далалар,

Қирмиз-қирмиз лолалар.

Гул отгану гап отган

Қиякўзли болалар.

 

Деҳқон болаларига

Тўрт фасл – иш онажон.

Менинг ишим – гап сотиш

Ва соғиниш, онажон.

 

Нақадар хуш – ер ҳиди,

Хирмон ҳиди, тер ҳиди.

Гоҳо нафасим бўғар

Енгил-арзон шеър ҳиди.

 

Дилда кундан кун юртнинг

Қадри ортар, онажон.

Куйламасам кўнгилнинг

Дарди ортар, онажон.

 

Ишдан қайтади дадам,

Уйда кичкина байрам.

Бундан ортиқ бахт борми –

Оиламиз жамулжам.

 

Мен ҳам ўша кунларни

Кўп қумсайман, онажон.

Бахт-орзуни бир жойда

Кўрсам дейман, онажон.

 

Олма пишгунича то,

Сакраб тушгунича то,

Бу томонда, Тошкентда

Қанча турланар дунё.

 

Шаҳарда вақт чопоғон

Тойга ўхшар, онажон.

Олмафуруш ҳам ката

Бойга ўхшар, онажон.

 

Зорланиш бу – хорланиш,

Хорланиш – абгорланиш.

Изла, дейсиз яхшилик,

Яхшилар билан таниш.

 

Ёмонларга юзимни

Ёпиб олдим, онажон.

Мен Пойтахтда ўзимни

Топиб олдим, онажон.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.