Фуқаролик жамиятини қуришда аёлларнинг ўрни

Жорий йилнинг 8-9 сентябр кунлари кўҳна Самарқандда “Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Италия, Германия, Хитой ва бошқа бир қатор давлатлардан экспертлар, шунингдек, мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро жамоат ташкилотлари, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари ҳамда журналистлар қатнашдилар. Конференцияда хотин-қизларнинг ийтимоий-сиёсий, иқтисодий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг бандлиги, меҳнат ҳамда таълим олиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, соғлом оилани шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилалар билан ишлашни кучайтириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва давлат ҳамда жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш каби бир қатор масалалар юзасидан зарур таклифлар билдирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги ПФ-2326-сон Фармонига асосан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва унинг соҳибаларига, уларнинг бугунги кундаги эришаётган ютуқларига эътибор қаратилди. Бугунги кунда адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларидаги ютуқлари хамда жамоатчиликдаги фаоллиги учун мукофотга лойиқ деб топилган қизлар 226 нафарни ташкил этади. Тадбир миқёсида халқаро экспертлар 10 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашишди ва улар мисолида барча Зулфия мукофоти совриндорлари, шунингдек, халқаро олимпиада ва танловларда совриндор бўлган ёшлар тўғрисида таассуротга эга бўлишди.

Анжуман доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги бир қатор жойларга ташриф буюришди. Жумаладан, Енгил Саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш штабида бўлишди ҳамда Самарқанддаги 21-умумтаълим мактабининг “Ораста қизлар” тўгараги фаолияти билан танишишди. Конференция қатнашчилари Ўзбекистоннинг хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш борасида эришаётган ютуқлари, ёшларга, айниқса, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор хусусида илиқ фикрлар билдиришди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти

совриндори Бону Азизова

“Zulfiyaxonim.uz” сайти учун махсус

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.