Ўриклар гуллар…

Шоир севган ўлка кўксида

Хушбўй баҳор кезиб юради.

Не боғ! Ҳатто қоя устида

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.

 

Жуда ҳам кўп гуллади ўрик,

Зеро чўллар боғ бўлиб кетган.

Ҳамма ерда очилган қўриқ,

Юртин халқи гулистон этган.

 

Дўсту ёрлар жамулжам бу кун,

Азиз номинг меҳр нурида.

Минг бор узр, бугун сен учун

Мен ўлтирдим тўйинг тўрида.

 

Бугун сенга тўлмиш етмиш ёш,

Ярми биздан қайларда кечди?

Ўттиз беш бор гул очиб қийғос,

Ўттиз беш бор ўриклар пишди.

 

Орамизда сени мўйсафид

Кўрганларнинг билмам номини.

Куйлаб ишқни, тонгни муттасил

Менга қўйдинг умр шомини.

 

Мен шомлардан саҳарлаб ясаб,

Ўттиз ёшли бўлиб юраман,

Ҳар баҳорга чиққанда қўмсаб,

Қайноқ қўлларингдан тутаман.

 

Ва юраман ёнингда ўктам,

Эл омонлик этар сени шод.

Сени кўрган ва кўрмаган ҳам,

Бу муборак номинг қилар ёд.

 

Ва биласан кексармас умринг,

Дондай ёйиқ йиллар қатига.

Куйлай бериб ёшлик қўшиғин

Мангу қолдинг ёшлик фаслида.

 

Не-не гўзал ёшликлар келар,

Умри боқий ҳаёт йўлида.

Ўшанда ҳам ўриклар гуллар,

Сен бўласан диллар тўрида.

1980


Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.