Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги ПФ-2326-сон Фармонига 1-ИЛОВА ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

Мазкур Низомга ЎзР Президентининг 02.02.2006 й. ПФ-3717-сон Фармонига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган.

 

  1. Ўзбекистон Республикасининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун берилади. (ЎзР Президентининг 02.02.2006 й. ПФ-3717-сон Фармони таҳриридаги хат боши)

Зулфия номидаги Давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилаларига жами 14 та берилади.

  1. Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорнинг сўнгги икки йил мобайнидаги ибратли фаолияти, адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги алоҳида ютуқлари тақдим этилади.

Ҳужжатларни тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби республика хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси томонидан белгиланади.

  1. Зулфия номидаги Давлат мукофотига тақдим этиш тўғрисидаги қарорлар вазирликлар, давлат қўмиталари, маҳаллий ҳокимият органлари, ижодий уюшмалар, жамоат ташкилотлари томонидан қабул қилинади.

Ижодий, илмий ва таълим муассасалари юқорида қайд этилган ташкилотларга Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишга номзод кўрсатиш бўйича таклифлар киритиш, шунингдек, тавсия этилган ишларга доир ўз фикр-мулохазаларини мукофот комиссиясига маълум қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

  1. Зулфия номидаги Давлат мукофотига тавсия этилган талабгорлар фаолияти ва асарлари муҳокамасини ташкил қилиш, шунингдек, зарур материалларни ўз вақтида тақдим этиш тегишли вазирликлар, компаниялар, ижодий уюшмалар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар зиммасига юкланади.

Кўрсатиб ўтилган талаблар бажарилмаган тақдирда комиссия ишларни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

  1. Зулфия номидаги Давлат мукофотларини беришга доир таклифлар тўғрисидаги қарор комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирокида, яширин овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
  2. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганларга тантанали вазиятда совриндорлик ёрлиқлари ва нишонлари топширилади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорининг фахрий нишони кўкракнинг ўнг томонига тақилади.

  1. Ўзбекистон Республикасининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти такроран берилмайди.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.