Ҳаёти ва ижоди биз учун намуна

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўқиган давримиз мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган. Домлаларимиз мустабид тузумнинг халқимиз, жумладан, адабиётимиз вакилларига қилган зуғумларини куюниб гапиришар, мустабид тузумда сир сақланган, йиллар давомида беркитиб келинган тарихий ҳақиқатни биз ёшларга тўла-тўкис етказишга уринишарди.

Зулфия ижоди болалик йилларимданоқ мени мафтун этган. Эл ардоғидаги етук ижодкор, моҳир таржимон, атоқли муҳаррир ва жамоат арбоби, меҳрибон устоз сифатида халқимиз хотирасидан жой олди.

Йиллар ўтди. Ҳаёт ташвишларига андармон бўлиб, шоира ижодидан узоқлашганимни сезмай қолибман. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасидаги вазифалар қаторида Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган сайт яратилганидан хабар топиб, шу сайтга кирдим. Ва яна талабалик давримга, мени адабиётга, шеъриятга мухлис қилган жараёнга, хотирамдан бир муддат кўтарилган шоира ижодига қайтгандек бўлдим. Сайтда эълон қилинган мақолалар, хотиралар қалбимнинг туб-тубидаги бу зотга ҳурмат-эҳтиромимни яна жўштирди.

Шоира узоқ ва мазмунли умр кўрди. 80 ёшида “Хотирам синиқлари” достонини яратди. Аслида шоиранинг ҳар бир шеъри унинг ҳаётидан бир лавҳага ўхшайди.
Зулфия эсдаликларидан бирида шундай ёзган: «Болалик ва ўсмирлик ҳақида жуда кўп яхши китоблар ёзилган. …Мен эса ҳанузгача ёзмаганман. Лекин ёзгим келади. Баъзан шеърларимга ўша шаффоф кунларимнинг парчалари оқиб киради. Лекин у бир томчи, холос. Балки болалигим, уни безаган яқинларим ҳақида китоб ёзиш бахти менга ҳали насиб этар…».

«Хотирам синиқлари» достонида шоиранинг мана шу армони юзага чиққан. Достонда унинг яқинлари – сабр-матонат тимсоли – отаси, фарзанд доғида куйган мунис онаси, мустабид тузум қурбони бўлган бегуноҳ акаси бутун борлиғи билан – латиф мисраларда, ўз ўқувчисига эзгуликдан, муҳаббат ва садоқатдан, асл ватанпарварликдан сабоқ берган ҳолда гавдаланган.

Зулфияга юртимизнинг мустақиллигини, ҳурриятни кўриш, уни куйлаш бахти насиб этди:

Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг!
Келар йўлларингда пинҳона толдим.
Менинг ота-онам, жон Ватанимда,
Элим тақдирида абадий қолдинг…
Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…
Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.

«Мен яна бир нарсага қаттиқ умид қиламан. Йиллар ўтаверади, ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ инсонлар – руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса… Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши» деб ёзган эди шоира. Бу жумлалар гўёки бугунги кунимиз, бизнинг ҳур замонамиз ҳақида айтилгандек. Келинг, Зулфия ижодига ошно бўлайлик, унинг садоқатидан, саховатидан, ватанпарварлигидан ўрнак олиб яшайлик.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.