Қалбдан қалққан синиқлар

Қалбда қўрғошиндай ётиб ҳасратим,

Кўзларим жаҳонга бахтиёр боқар… …

Бахтли аёл дермиш мени халойиқ…

Зулфия

   Дардсиз тириклик йўқ. Фақат бўшлиққина дардсиз, бедаво. Баъзан инсон барча нарса муқим, “ўзича” рисоладагидек бўлишини истаб қолади: бахт боқий бўлсин,бахтсизлик бўлмасин, тинчлик бўлсин, уруш бўлмасин – ҳаёт, тириклик бўлсин, ўлим, ҳижрон бўлмасин. Бироқ тақдир синовлари томонидан отилган тош-тақдир зарбалари унинг бу орзуларини чил-чил синдиради. Бежиз, банданинг боши – Аллоҳнинг тоши, дейишмайди. Тақдир бизга йўллаган ҳукмидан қочиб қутула олмаймиз. Йўлимиздан келадигани эса белгилаб берилган ҳаёт йўлида, манзилга томон ошиқаётганда йўлни кўркамлаштира олишимиз, ундаги йўловчилар билан тўғри муносабатга кира олишимиздир. Ҳар бир инсон ўзини ўзича ҳақ деб билади. Бироқ Ҳақиқатга бу дунёнинг кўзлари билан қаралганда у турли тарафдан турлича кўринади. Ривоятларда келтирилишича, эмишки Арши аълодаги ҲАҚИҚАТ КОСАси ерга тушиб чил-чил синган ҳамда ер юзидаги ҳар бир инсон унинг синиғини топиб олиб, мен ҳақиқатни топдим дея бир-бирига гапириб юрар экан. Аслида эса синиқлар бирлаштирилса, Ҳақиқат Ягона бўлади. Зеро, ҲАҚнинг ҲАҚлиги ҳақлигидадир.

VKH_7356

Яқинда “Дийдор” ўқув – театр студияси томонидан Ўзбекистон халқ шоири, ўзбек аёлллари учун вафо ва садоқат, матонат тимсоли бўлмиш Зулфияхонимнинг умри шоми аро битган “Хотирам синиқлари” достони асосида “Ёдим синиқлари” спектакли саҳналаштирилди. Кимдир бу достонни Анна Ахматованинг “Реквием”ига, яна кимдир Александр Твардовскийнинг “Хотира ҳуқуқи” асарларига муқояса қилди. Инсон Фано ва Бақо остонасида турар экан, қилган аъмолларини сарҳисоб қилади. Достонни ўқиш, спектаклни кўриш жараёнида ўз ижодини “Ҳаёт варақлари” деб аталмиш шеърий тўпламдан бошлаб, турли даврнинг турли бўҳронларини бошидан кечирган, пайти келганда суюмли бўлиб “суйган ва эркаланган”, айрилиқ оловида куйган-у, бироқ бу оташ унинг иродасини пўлатдек мустаҳкам қилиб бахтсизликдан бахт қидира олган, алал оқибат халқи орасида “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деб фахрланган шоира Зулфияхоним ўзининг дардларига сизни дарддош қилгандек бўлади.

VKH_7398Забардаст режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирилган “Ёдим синиқлари” спектаклини илк бора телеэкранда кўрганимда соат милларининг чиқиллашига ўхшаш ун-сониялар оҳанги эътиборни бехос тортди: Кичиккина ун, бироқ бу бонгга ўхшайди. Юрак уришимиз, нафас олишимиз, фикр тезлигимиз, ўйларимиз, туйғуларимиз… Сония… Ундан тўғри фойдалана олишимиз, уни йўналтиришимиз, бойлигимиз. Сарҳисоб палласида вақт аталмиш бойлигимизнинг ушбу мисқолининг уволи-ю, тўғри фойдалана билганлигимизни тарозу палласига қўйгандаги жавобгарлигимиз. “Дин-дин, дин…”. Бонг уриляпти-ю, ҳамоҳанг тарзда хаёлдан Зулфияхонимнинг, гарчи бу мисралар спектаклда айтилмаса ҳам, фикр чақмоғида, “Ҳаёт китобини бехос варақлаб, мен ўтган умримга ачинмай қўйдим…” сатрлари яшин тезлигида ўтди.

rpxuuej2563965Зимистон саҳна. Саҳнада Зулфияхоним қиёфаси(Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева) намоён бўлди: “Ўзбекистон, Она Ватаним, заифлигим кўз ёшим суйма… Бахтдан, бахтсизликдан қолсам довдираб… Ёнсам сув сепасан, сўнсам ёндириб… Ватан бўлмасайди одамзод албат, Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт”. Зулфиянинг “Азиз туйғулар” шеърлари туркумидаги мисраларининг хотимаси БАҲОР, НЕВАРА, САДОҚАТ,МЕҲНАТ, ТАЯНЧ, ОРЗУ каби туйғуларни бўлмасайди …. ОДАМЗОД АЛБАТ ЎЗИ КАШФ ЭТАРДИ КАШФ ЭТГАНДАЙ БАХТ деб якунлайди. Инсон тирик экан, меҳнат ва кураш, интилиш бор. Кураш бор ерда эса тўқнашув, зиддият, фожиа ва у билан боғлиқ туйғулар мужассам.    Кучли аёлгина бундай сўзларни айта олишга, ёзишга журъат топа олади. Актрисанинг сокин, бир маромда, бироқ ички туғёнларнинг етишувини кўрсатиб берувчи шеър ўқишида ғам, изтироб каби туйғуларни эмас, мураккаб ҳаёт қонуниятини очиш, инсоннинг қандай ҳар қандай ғовларни енгибгина ўз ниятига етишишини кўрсатиш, юксак мақсадга қон ва жон, фидойилик эвазигагина қарор топишини англайди киши.

Қора либосда, елкасига оқ ёпинчиқ ташлаб олган актрисанинг салобати мана шу ёзуқларни ўқиттирмаяптимикан… Азоб-уқубат ҳам бахт ва шодлик каби турмушнинг улуғвор ҳақиқати. Уни ижодий бўёқдан чиқариб ташлаш ярамайди. Қора улуғворлик рамзи. У бор экан, бизни оқни, покликни англаймиз. Баъзан юракдан истаган ва кутган нарсамизни амалга ошди деб ўйлаймиз. Лекин токи инсон дунёда яшар экан, севар-севилар, шод-хуррам бўлар, ижод этар экан, азоб-уқубат, изтироб у билан ҳаминқадар ёнма-ён бўлади.

Актриса(ТВ версияда) тахлам китоблар тахланган столнинг ёнидаги курсида ўтириб шоира шеърини ўқимоқда. Столнинг устида хира кўзгу. Ғира-шира хотиралар уйғонишининг бир омили. Шоир Фахриёрнинг “Кўзгуга қарадим, аксим кўрдим кўзгуда” сатрлари бор. Кўзгуда ҳам алдамчилик бор. Рўй-рост кўрсатаяпман дейди-ку, бироқ ўнгни терс, терсни ўнг қилиб кўрсатади. Хотира уйғонишининг бир омили.

7

“Хотира синиқлари” – қандай асар? Ҳаёт сабоқларини кейинги йўлларда равон қилишга хизмат қилувчи асарми? Инсонлар қилган хатолар оқибатида келиб чиққан фожиаларни кўрсатиш орқали гўзаллик, эзгулик, ҳақиқатни келажакка кўрсатишми? Бахтсизликдан бахт, ҳаёт берган зарбадан ожизланиб қолмай, балки бундан ҳам кучлироқ бўлишга интилган, қисматга тан бермай, балки ҳаёт заргарининг пичоғида тарошланиб серқирралигини намоён этган аёлнинг ёзуғими? Айтишларича, олмос қанча кўп тарошланса, серқирра бўлиб, қиймати ошар эмиш…

“Ҳуррият келдингми – наҳотки келдинг,

Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.

Ёмғирга бағрини тутган саҳродек-

Сенинг насимингни қалбимда тутдим…”

gizhtfq964125Қўрқув салтанатида “Ҳуррият” ҳақида пинҳона кутишдан ўзга илож ҳам йўқ эди. Зеро, ҲУРЛИК, ҲУРРИЯТ дея баралла нидо этганлар, собиқ тузумнинг замбарагига нишон бўлишганди. Шу сабабли ҳам шоиранинг ўкинчу, армонлари “қўрқув калхатлари тегиб синдирган ЁДИ СИНИҚЛАРИ” кўнгилнинг туб-тубига чўккан, уни келажакка сабоқ бўлиши учун Зулфияхоним мардлик билан гарчи юрак бардош бера олмаса-да, уларни қалқитишга, жонлантиришга сабот топа олган. Режиссёр ва актрисанинг юксак маҳорати мана шу кўринишни биргина деталь орқали – юрак санчиши “УҲ…” орқали тасвирлаб беришган. Шу ҳаракат портлаши кутиб турган вулқоннинг портлашига сабаб бўлгандек гўё. “Синиқлар” “портлаш” орқали ёзилган достон. Шу сабабли бўлса керак “Ёдим синиқлари” саҳна асарида ҳам оқни – қора, ноҳақликни-ҳақиқат, адолат деб ишонган инсонлар қиёфасини, воқеаларни кузатамиз. Унда ўтган-кетган инсонлар жонланди, воқеалар жонланди. Спектакль ижрочиларининг Зулфиянинг “Ҳижрон” шеърлари тўпламидаги “Қалб бўлганда йироқда, ирода экан ожиз” қўшиғининг маҳзун хиргойиси саҳнага чиқишлари билан воқеалар ривожи бошланди. Қўшиқ хиргойисидаги “Кўпдир айтажак сўзим…” деган нуқтасида шоиранинг кўз ёшларини ичига ютиб, севимли инсонини қалбида ҳис этиб, куч топиб яшашини кўрсатишидаги биргина ҳаракати ичидаги фарёдни қўли билан тўсиши ҳамда “давраларда шўх-шаън аёл”нинг қиёфасига кўчиши саҳнасида бир қиёфадан иккинчи қиёфага ўтишида актриса Гулбаҳор Йўлдошеванинг маҳорати яққол кўринади.

Она (актриса Назокат Нарзиева) Зулфияхоним онаси Хадича хола образини яратиш жараёнида “усти бутун –ичи тутун” аёл тимсолини акс эттирган. Шоиранинг доим қулфлоғлиқ хотира сандиғидаги “хотира синиқлари”даги

IMG_3268“Сўфи Оллоёрми, девона Машраб,

Баёзларин ўпиб қўлга оларди.

Юмушми, ўйинми-барини ташлаб,

Сеҳрли оламга кирардик…”

-мисралари ўқилганда билиш мумкинки, уй-рўзғор юмушлари, тикув-чатувдан ортмайдиган бу муштипар аёлнингичи халқ китобларининг муҳташам хазинаси бўлган. Зулфия ўзининг “Ҳаёт варақлари” мақоласида Хадича хола ҳақида, “У ҳамма вақт камгап, хаёлчан эди, лекин унинг фикрлари, ўйлари мудроқ эмаслигини, унга мутелик, заифлик ёт эканилигини билар эдим. Руҳидаги маъюслик, овозидаги ҳазинлик фақат унинг сажиясига хос бир сифатгина эди, холос. Унинг етти фарзандининг бирортасига ҳам уларни таҳқирлайдиган, камситадиган сўзи ёки ҳаракатини эслолмайман, лекин секингина айтилган афсус ва муҳаббат тўла танбеҳи билан энг ўжаримизни ҳам осонгина қайтариб олар эди. Онамнинг қанчадан-қанча қўшиқ ва афсоналарни, достон ва эртакларни билишига ақлимиз бовар қилмасди. Бу сеҳрли афсона ва достонлар бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этар эди. Биз фарзандларнинг “нега?”, “нима учун?” тарзидаги саволларимизга сабр-қаноат билан, жуда мароқли, мулойим жавоб қилардилар. Ўша овоз, энди билсам, мени дунё кенгликларига бошлаган сўқмоқ экан. Энди билсам, онамнинг битта ўзлари ҳозирги замон болаларига ҳар хил ахборот берувчи ўнлаб манбалар ўрнини босар эканлар…” Шоира йиллар ўтган сайин онасининг муборак зот эканлигини чуқурроқ англаётгандек, танҳо қолган кезларида эса хотираси қатларидан онасининг овозини эшитгандек сезади.

Рангу оҳангларни жонга қуйганда,

Шуълага тўларди бутун коинот.

Ўзимни сеҳрга асир туйганда,

Юракда ёзарди қўшиқ ўт қанот”.

Машрабнинг “Ҳеч кима маълум эмас, ҳоли паришоним менинг…” ғазали билан Хадича хола (Назокат Нарзиева) куйлаганида онанинг дардлари алангаси намоён бўлади.

Зулфияхонимнинг “Хотира варақлари” эсдаликларида шундай ёзилади : “ Онамнинг шеър ўқишларини кўп севар эдик, қандайдир эркаловчи, майин, мусиқий, маънили… Онам кўпроқ ўғил болаларни ўстирган. Ўғил бола тарбияси қийин бўлади, аёл кўп ўғил ўстирса, сержаҳл бўлиб қолади, деган гаплар қулоғимга чалинган. Йўқ, менинг онам овозини сира баланд кўтармасдилар. Мен уларни тинглаётганимда пок, оромбахш бир оламга киргандай ҳис этардим ўзимни”. Шоиранинг тўрт норғулдек акаси бўлган. 37-йилларнинг талотўпларишак-шубҳасиз исроил дегрез хонадонини ҳам четлаб ўтмаган. Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўт ажаб эмас, “Хотира синиқлари”га кўчган-у, бу дардларнинг учқуни қоғоз варақларини куйдирган бўлса… Яқинларни йўқотиш…

Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, “Хотира бутун бўлолмайди. У доим парчалардан иборат. Парчаларда яшайди. хотиранинг табиати ўзи шундай. У синади, сўнади, яна чўғланади, яна аланганинг тилларига айланади, куяди. куйдиради, омонсиз жароҳатларга, юракнинг дардларига малҳам бўлади”. Спектаклда шоира номидан талқин этилган ҳар сўзда, ижрода фарёд саси, армон саси келиб турди. Унда 37-йиллар давр машинасининг даҳшатларига қарши туролмаганларнинг фарёдлари тўлиб ётибди. “Ёдим синиқлари”да нафақат Зулфияхонимнинг тақдири, балки ўша давр аёллари – оналар, опа-сингиллар, келинчакларнинг қора кўргуликлари акс этган.

8Халқимизда, “ўт балоси, сув балоси, туҳтат балосидан Ўзинг асрагин”- деган дуо бор. Спектаклда куйланган, “Бахтиёр давринг берган, -Замонангни куйга сол.- Дала бўйлаб саралаб, Қизлар терар гул-лола” – деб оҳангга солинган давр бўлган бўлса-да, сиртдан зўраки табассум, бағри қонга тўлган, турмуш ўртоғини урушга жўнатиб, айрилган, ҳижрон азобида қолган, туҳмат билан қамалган, авахтама-авахта ўғлини излаб, яқинига егулик олиб бориб, “передача”сини етказа олмаган, охирида эса “отувга ҳукм қилинди” деган совуқ хабарни олган муштипар оналар замони эди. Саҳнада ҳар сафар ўқ отилганида томошабиннинг юраги ларзага келди.

Ва ҳадемай сездик бу қаҳрамонни,

Тиғдай тилларида ялай бошлади.

Қадами етганда ҳар хонадоннинг-

Қувончи бужмайди, сўлий бошлади…

onnylic860744Актёр Ҳусанбой Мамашарипов яратган миршаб- пристав образи ҳар хонадонга ёвузлик, совуқлик олиб кирувчи зулм салтанатининг югурдаги, шумқадамлик тимсолида яққол намоён бўлган. Совуқ, маънисиз, зомбига айланган, манқурт инсоннинг тимсоли қарашларида зоҳир.

 

pmxkqbo9495913Гарчи актриса Гулбаҳор Йўлдошева Зулфияхоним тимсолини яратган бўлсалар-да, ёш актриса Мадинахоним Сапаева ижросида Зулфиянинг ёшлигини кўрдим. Мадинанинг қоғоздан кабутар ясаб учириши, қувончдан кўзларини ёниб туриши, келинчак мисолидаги ижроси, “Қошларимга ўсма қўйиб қароладим, -Гул узай деб боғингизни ораладим…” деб қилган дардли ижроси, яқин инсони урушга кетганидаги бир нуқтада қотиб қолган қарашлар кишида чуқур таассурот қолдирди.

Бунча чидам қайдан-пўлат, оловдан,

Метиндан яралган жонмиди отам…

Оташ оғушидан топиб бизга нон,

Ғамга ҳам чидамли бўларкан одам…

Руслан Ҳайдаров Исроил дегрез(Зулфиянинг отаси) образи орқали меҳнаткаш, иродали, сабр-матонатли шахс тимсолини талқин қила олган.

Олов ва меҳнат маҳорати бирикканида, инсон кўп ишларнинг уддасидан чиқа олади. Руслан – ота характерини очишда бир оғиз сўз ишлатмайди, бироқ унинг келбати, дилга танглик чўкканда ҳолатидаги тиргак ҳолати, шоира отасининг салобатли азиз қиёфасини кўрсата олган.

Қолганда азоблар исканжасида,

Ота, бир кўрмадик кўзингизда ёш.

Яшаб умидларнинг пок саждасида,

Ҳатто ёвингизга отмадингиз тош.

Ва фақат дедингиз:”Солдим худога”…

Дарҳақиқат, ёмонлик қилган кишига ёмонлик қилиш, ҳамманинг қўлидан келади. Ёмонликка ёмонлик қайтармаслик-ақлли кишининг иши, аммо ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш-мард кишининг иши.

КГБнинг темир сандиқлари очилганида бир гуруҳ журналистларга қатағон даври қурбонларининг “жиноий ишлар”и билан танишиш имкони берилди. Ўша йилларда ёшлар газетаси таҳририятида ёниб-куйиб ишлаган Ислом Усмонов шоиранинг ўртанча-учинчи акаси Нормат Исроиловнинг “иши” билан ҳам танишиб, шу ҳақида каттагина мақола эълон қилади. Журналистнинг “Туҳмат” (1991) деб аталган мақоласидан маълум бўлишича, давлат ва партия идораларида хизмат қилган Нормат Исроилов бўронли 1937 йилнинг бегуноҳ қурбонлардан бири бўлган. Хуллас, Нормат Исроиловнинг умри қисқа экан. У 34 ёшида, авжи кучга ва ақл-заковатга тўлган вақтида отиб ташланган.

Адабиётшунос Адҳам Акбаровнинг “Зулфия” (1975) адабий портретидан маълум бўлишича, акаларнинг тўнғичи Исмоил Исроилов бўлиб, 20-йилларда тузилган ёшлар ташкилотида фаолият кўрсатган, кейинроқ эса Москвадаги Шарқ халқлари коммунистик университетида таълим олган. Ўзбекистонга қайтгач, масъул партия ишларида хизмат қилган. Шоиранинг иккинчи акаси Қодир Исроилов Каттақўрғон шаҳридаги ёшлар ташкилотининг раҳбари бўлган. Нафақага чиққунига қадар Тошкентдаги заводларнинг бирида, қуювчилик цехида хизмат қилган. Юқорида тилга олинган китоб ёзилган вақтда Қодир ака қадрдон хонадонида “кексалик гашти”ни суриб яшаган.

Шоиранинг тўртинчи акаси – Аҳмад Исроилов. У ҳам Нормат акасининг изидан кетиб, Москвада ўқиган ва партия идораларида хизмат қилган. Камина унинг ҳаёти ва фаолиятига доир бошқа бирор маълумотни топа олмадим. И.Усмоновнинг Нормат ака тўғрисидаги мақоласида фақат бир фактгина тилга олинган. У акаси билан бирга Тошкент киностудияси қурилишида иштирок этган экан.

Кўриниб турибдики, гарчи баттол тузум отани ўғлидан жудо қилган бўлса-да оила бошлиғи фарзандларини эл-юртига фойдаси тегадиган тарзда тарбиялаган. Уларни инсонларга нисбатан ёмонлик қилишга эмас, яхшилик қилишга ундаган. Қайғу-аламдан қочиш керак эмас, балки у билан юзма-юз келган ҳолдагина инсон ўзлигини топиши, англаши мумкин. Зулфияга ана шу сабру-чидам, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш ота мерос бўлиб қолган туйғу эмасмикан?!.. Руслан Ҳайдаровнинг изтиробли нигоҳлари Исроил дегрезнинг мана шу қалб туғёнларини сўзлаб бера олгандир.

Зеро, Зулфия ҳам – “Дадам… дадам, десам, қонимга ширин ва аламли ҳаяжон югурганини ҳамма вақт ҳис қиламан, дадамнинг меҳнатли катта ҳаёти, тақдир унинг бошига солган қатор уқубатларнинг алами менинг томиримни қайта-қайта кесиб ўтганини сезаман”- деб ёзган эди.

Шоира “Мен Тонгни куйлайман” деган юқорида келтириб ўтган ҳасби ҳолида айтилган бу сўзларни шарҳлаб, адабиётшунос Адҳам Акбаровга бундай “очилган” эди: “Мен илк бор маҳорат дарсини отамдан олганман, десам бўлади. Улар ўз касб-корларини ҳамма нарсадан афзал кўрардилар. Унга бутунлай берилган ва усиз ҳаётларини тасаввур этолмас эдилар. Ёдимда, отам нафақага чиққан ўттизинчи йилларда, бир куни, уйга борсам, отам кўрпа-тўшак қилиб ётган эканлар. Маълум бўлишича, улар шу куни заводга борган эканлар, цехда пўлат эритмалари сачраб, отамни куйдирган экан. Энгашим қарасам, баданга санчилган металл сочмаларидан кўкраклари илма-тешик бўлиб кетган. Отам мендан шу парчаларни олиб ташлашимни сўрадилар: “Қўрқма, қизим, мен оғриганини сезмайман”, дедилар майин овоз билан. Аммо юрагим дов бермай, отамни касалхонага олиб бордим. У ерда докторлар қисқич билан металл парчаларини олиб ташлашди. Отам ўзлари сезмаган ҳолда меҳнатга бўлган ихлослари билан, агар таъбир жоиз бўлса, меҳнатга ўчликлари билан менга намуна бўлдилар, ўз ишимга қандай муносабатда бўлиш илмини ўргатдилар”.

Нима учун инсон ҳаётида қийинчиликка кўп дуч келади? бу орқали шукрона келтириш ва ношукурлик ўртасида эътиқод синови кетадими? Машъал ёрқин бўлиши шамолга боғлиқлиги ҳам эътиқод синови-ку… Ҳақиқий эътиқод бандасигина кучли ва ҳақиқий муҳаббатга эга бўлиши мумкин. Муҳаббат – ҳаёт мазмуни, дорулбақодаги барча бўшлиқларни тўлдиришга қодир. Зулфияда на шундай йўқотишлар кўп бўлди: акасини йўқотиш, Ҳамид Олимжонини йўқотиш, ота-онасидан айрилиш… Бироқ у тушкунликка берилмади. Тушкунлик кайфияти – “қўли бирор ишга бормаслик” занг мисол инсон иродаси, қатъиятини емиради.Ҳаёт зарбаларини, қийинчиликларини енгиб ўтиш орқали инсон қалби покланади, кумушдай ярқирайди, оҳанграбодек атрофдаги инсонларни ўзига тортади. Шоира қора қисматини ана шундай ярқиратиб ўтишга ҳаракат қилди. Саҳнадаги Зулфияхоним ҳам алалхусус қисматидаги ёзуғликларни баён этдиким, барча атрофидаги шахслар унинг атрофида айланди, гирих атрофида айланган сайёралар мисол атрофида айланди.

Шоиранинг 80 ёшида ростгўйликка тўла, тазарруларга тўла асарини яратиши маънавий жасоратдир. Уни саҳнага олиб чиқиш, талқин этиш, томошабинга етказиб бериш эса улкан маҳоратни талаб этади. “Ёдим синиқлари” спектаклини кўриш керак эмас, ҳис этиш керак, достонни эса ўқиш керак эмас-уқиш керак. Шунчаки бафарқ назар ташлаб кетиладиган асар эмас, инсонларнинг яшаётган жамиятига, атрофидаги инсонларнинг ҳис-туйғуларига бефарқ бўлмасликка ундайдиган, огоҳликка чорлайдиган, воқеаларни таққослаш, фикр юритишга чорлайдиган спектакль дейиш мумкин. Унда баҳор нафасини ҳам, чақмоқни ҳамтуясиз, ҳаётнинг қувончу-ташвишларига актёрлар билан бирга шерик бўласиз. Зулфия, “Шоирлар ўз таржимаи ҳолларини ёзмасликлари жоиз. Негаки, шоирлар ҳақида шеърлари тавсиф беради, улар ҳақида ҳамма нарсани айтиб бермаса ҳам, ижодларида ҳаётларининг кўпчилик томонларини шарҳ этиб беришга қодир шеърлар бўлади”- деб ёзган эди. “Хотирам синиқлари ” достонининг саҳна кўринишини шоиранинг “Ҳасбу ҳоли” деб аташ мумкин. Зеро, осмондан тушган қор парчаси ҳам ерга қўнгач, унинг гардин ўзи юқтиради. Инсон комилликка интилиш даврида маънавиятига таянади. Зулфияхоним таъкидлаганларидек, муҳими “риё ва ҳаромдан нари яшамоқлик”, пуч эътиқод ва ишончларга алданиб ғофил қолмасликдир. Халққа унинг буюк фарзандлари орқали баҳо беришади. Шоира миллатимизнинг ўз эътиқодин ҳаётий шиорига айлантирган мана шундай аёли тимсолида халқимиз шуурида, санъат асарларида намоён бўлиб қолади.

Нигора УМАРОВА

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.