Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, Республика хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2.Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Ташкилий қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу режада:

– шоиранинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини;

– “Зулфия замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

– шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

– Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида “Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

– мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

– 2015 йил март ойида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” саройида зиёлилар, фаол хотин-қизлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида шоира хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилсин.

4.Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5.Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри, 2014 йил 31 октябрь

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.