Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишланган ижодий кечадаги нутқи

Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар, қадрли дўстлар!

Адабиётимизнинг азиз мухлислари!

Бугун биз маънавий ҳаётимиздаги унутилмас, катта бир воқеа – халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг      100 йиллиги муносабати билан мана шу муҳташам саройда тўпланиб турибмиз.

Айни шу унутилмас лаҳзаларда барчамиз учун вафо ва садоқат тимсолига айланган азиз ва олижаноб инсон, ҳассос шоирамиз хотирасини шарафлаб, унинг ҳаёт ва ижод йўли, эзгу ва ибратли фазилатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, мустақиллик йилларида маънавиятга эътибор масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини яна бир бор эслашимиз, эътироф этишимиз табиийдир.

Ватанимизнинг нурли истиқболи йўлида муносиб хизмат қилиб, инсон шаънини улуғлаб, она юртимизни чексиз фарзандлик меҳри ва муҳаббати билан авж пардаларда тараннум этган ва этаётган барча ижодкорларга давлатимиз, халқимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўз борар экан, мумтоз шоирамиз Зулфия шахси ва ижодига бўлган юксак эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳурматли Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кўплаб маънавият намояндалари қаторида Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг бетакрор ижоди ва ёрқин шахсиятига ҳамиша катта ҳурмат ва эҳтиром билан қараб келаётганидан адабиёт аҳли, халқимиз яхши хабардор.

Барчамиз бундан роппа-роса 20 йил муқаддам, яъни 1995 йилда мана шу муаззам даргоҳда Зулфия опанинг 80 йиллик таваллуд тўйини катта тантана ва хурсандчилик билан нишонлаганимизни яхши эслаймиз.

Ушбу сана муносабати билан Юртбошимиз халқимизнинг ардоқли фарзанди бўлмиш Зулфия опани самимий қутлаб табрик йўллаган ва у кишининг ижодий ва ижтимоий фаолиятига юксак баҳо берган эди.

Табрикда билдирилган қуйидаги фикрлар, ўйлаймизки, шоира ҳаёти ва ижодининг моҳияти ва аҳамиятини тўлақонли очиб беришга хизмат қилади:

“Сиз замонамизнинг забардаст шоири ва жамоат арбоби сифатида Ўзбекистоннинг жарангдор овози бўлдингиз, деб айтсак, асло муболаға бўлмайди. Истиқлол руҳи сизни, ижодингизни янада яшартириб юборди. Мафтункор шеъриятингиз ёшлик нафаси билан қайта учқунланди. Сизнинг, эл ардоғидаги етук ижодкор, моҳир таржимон, атоқли ношир-муҳаррир ва жамоат арбобининг таваллуд куни миллий байрам сифатида нишонланиши мустақил давлатимиз ҳаётидаги катта воқеа. Бу қутлуғ сана истиқлол замонида, ёруғ кунларда ўтаётгани миллионлаб мухлисларингизнинг қувончига қувонч қўшиши жуда табиийдир.”

Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йилда Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилди.

Ҳозирга қадар юртимизнинг юзлаб истеъдодли, изланувчан ва ташабускор, фаол қизлари ушбу мукофот билан тақдирлангани ва уларнинг аксарияти адабиёт йўналишида бу юксак номга сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “ҳар куни, ҳар соатда фидоий бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш – ҳақиқий қаҳрамонлик” экани ҳақида фикр билдирар экан, нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини юксак даражада намоён этган Зулфияхонимни ҳам ҳақли равишда ана шундай инсонлар қаторида тилга олади.

“Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди, – деган сўзларни ўқиймиз ушбу китобда. – Лекин бу мураккаб ҳаёт қалби ўз халқи ва Ватанига меҳр-муҳаббат билан тўлиб-тошган, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган бу аёлни ҳамма вақт ҳам аягани йўқ. Аслида, бу дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби барчанинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир.”

Барчамизга яхши маълумки, 2008 йил 1 март куни – Зулфия опанинг таваллуд топган кунларида пойтахтимиз марказидаги хиёбонлардан бирида гўзал шоирамизнинг гўзал ҳайкали ўрнатилган эди.

Шу ўринда, ушбу монументал асарни яратиш ташаббускори бўлган Президентимизнинг лойиҳани қайта-қайта кўриб, унинг бадиий мукаммал бўлиши учун қандай муҳим ғоя ва фикрлар билдирганлари, ҳар бир деталга нечоғли жиддий эътибор берганларини алоҳида айтиш жоиздир.

Таниқли ҳайкалтарош Равшан Миртожиев томонидан яратилган ушбу ҳайкал пойида битилган, чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган, таъбир жоиз бўлса,   Зулфия   опанинг ҳаёт ва ижод йўлини   яққол ифодалаб берадиган: “Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим, Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш: Суйдим, эркаландим, айрилдим, куйдим, Иззат нима билдим, шу-да, бир яшаш!” деган сатрлари ҳам бевосита Юртбошимизнинг таклифларига кўра танланган эди.

Шундан бери ҳар йили баҳорнинг илк кунини юртимиз ижод аҳли, шеърият мухлислари Зулфияхоним ҳайкалини зиёрат қилиш билан кутиб олишлари қутлуғ бир анъанага айланиб қолди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори, ҳеч шубҳасиз, шоира сиймосига ана шундай юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир амалий намунаси сифатида маънавий ҳаётимизга янги, баланд руҳ бахш этди, десак, адашмаган бўламиз.

Муҳтарам дўстлар!

Барчамизга аёнки, Зулфия опа нафақат атоқли шоира, айни пайтда, ўзининг ибратли ва эзгу фазилатлари билан ҳақли равишда халқимиз, жамоатчилигимизнинг юксак эъзоз ва эҳтиромига мушарраф бўлган олижаноб инсон эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”, дея таъриф этганидек, саховатли қалб соҳибаси Зулфия опа ҳам адабиётимизнинг чинакам жонкуяри, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози бўлгани ҳақида узоқ гапириш, кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Зулфия опанинг турли вилоятлардан пойтахтга “ўқийман, илм оламан” деб келган, кейинчалик шоира, олима, рассом ёки санъаткор, моҳир ўқитувчи бўлиб етишган юзлаб истеъдодли ёшларга амалий кўмак ва мадад берганини, уларнинг айримларини ўз уйи, хонадонига фарзанддек қабул қилиб, меҳр билан тарбиялаганини ҳам, ҳар куни ўз номига келадиган юзлаб мактублар билан эринмасдан танишиб, уларга жавоб ёзганлари, хат муаллифларининг кейинги тақдирини мунтазам суриштириб турганларини ҳам ёши улуғ устозларимиз яхши эслайдилар.

Айниқса, “Саодат” журналида олиб борган қарийб 30 йиллик раҳбарлик фаолияти даврида ижодкор хотин-қизларни таҳририят атрофига йиғиб, иқтидорли шоира ва адибаларимизнинг бутун бир авлодини тарбиялаб вояга етказди, десак, муболаға бўлмайди.

Бугун юртимизда истеъдодли ёшларимиз, хусусан, қизларимизнинг иқтидорини юзага чиқариш, опа-сингилларимизнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини, нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кузатар эканмиз, беихтиёр, бутун умр шундай эзгу орзу-умид ва интилишлар билан яшаган, халқимизнинг, ўзбек аёлининг ҳеч кимдан кам бўлмаслигини истаган Зулфия опадек беназир устозларимизнинг руҳлари ҳам шод бўлмоқда, деб ўйлаймиз.

Умри давомида ҳаётнинг барча қийинчиликларини, оғир синовларини кўргани учун ҳам оқибат ва бағрикенглик, ўзгалар дардини ўз дарди деб, ўзгалар шодлигини ўз бахти деб туйиш, ҳамиша бошқаларга кўмак беришга интилиш каби чин инсоний фазилатлар Зулфия опанинг ҳаётий эътиқодига айланган эди.

Шу борада биргина мисол келтириш ўринлидир.

Маълумки, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини Зулфия опа биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган, унинг дастлабки парчасини “Саодат” журналида чоп этган эдилар. Бироқ Бобур Мирзо ҳақида роман ёзгани учун дастлаб Республика ёзувчилар қурултойида, сўнгра Марказқўм пленумида мустабид тузум томонидан атоқли адибимиз бошига маломат тошлари ёғдирилганини кўпчилик яхши билади. Ана шундай мушкул вазиятда ёзувчига маънавий суянч бўлган, Пиримқул акага қаратилган ноҳақ танқиду тазйиқларга қарши “Адаб аҳли қаламга чин вафони Сиздан ўргансин”, дея шеър бағишлаган ҳам Зулфия опа бўлдилар.

Зулфия опани дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида яхши билишар, айниқса, Шарқ эллари уни ўз шоиридек ҳурмат билан эъзозлар эди. Шу боис, ардоқли шоирамиз 1968 йилда Ҳиндистоннинг халқаро Жавоҳарлаъл Неру, 1971 йили Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатининг нуфузли “Нилуфар” мукофотларига муносиб кўрилган эди.

Зулфия опа энг аввало ўзбек қизи эди. Ҳамма жойда миллат шаъни, ғурурини сақлашга, уни ҳамиша баланд тутишга интиларди. Қайси мамлакатга бормасин, ўзининг тимсолида халқимизнинг гўзал ва мардона, мағрур маънавий қиёфасини, ўзбек аёлининг оқила ва олижаноб сиймосини намоён эта олгани учун ҳам у ҳамиша юксак эҳтиромга сазовор бўлди.

Шу боис ҳам жаҳоннинг жуда кўп номдор ижодкорлари Зулфияхонимнинг бетакрор истеъдоди ва шахсияти ҳақида самимий ва юксак фикрлар билдирганидан яхши хабардормиз. Бу фикрлар бугунги даврамизда ҳам янграши албатта табиийдир.

Азиз дўстлар!

Шу ўринда, оташин шоира Зулфия Исроилова адабиёт майдонига кириб келган давр, яъни ўтган асрнинг 30-йилларини ўзимизга бир тасаввур қилиб кўриш ўринлидир.

Бу пайтда мустабид мафкуранинг тазйиқ ва зулмига қарамасдан, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир сингари забардаст адибларимиз гуркираб ижод қилмоқда эди.

Улуғ адиб Мухтор Авезов таъбири билан айтганда, миллий адабиётимизда “Помир тоғларидек баланд ва пурвиқор, Чайковский симфонияларидек гўзал ва сеҳрли” “Ўткан кунлар” каби ўлмас асарлар пайдо бўлган эди.

Зулфия ёш боши билан мана шундай улкан ижод майдонига, ҳассос шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек, “буюклар қаҳкашони”га, таъбир жоиз бўлса, устозлар “панжасига панжа уриб”, катта юрак билан дадил кириб келди ва ўзининг тиниқ сози ва овози билан ана шу юлдузлар даврасидан муносиб ўрнини топишга эришди.

Бу йиллар, бошқа томондан олиб қараганда, ҳаёт бутунлай алғов-далғов бўлган, халқимиз бошига оғир мусибат ва кўргуликлар ёғилаётган, адабиётимиз, маънавиятимиз улуғ вакилларининг азиз бошлари узра қонли қатағон сиёсати қора кўланка сола бошлаган қалтис ва қўрқинчли бир давр эди.

Мудҳиш тузум ақлу зако эгаларини аямасдан маҳв этаётган, шулар қаторида Марям Султонмуродова, Тожихон Шодиева, Собира Холдорова сингари кўзга кўринган маданият ва адабиёт намояндаларини босиб-янчиб ташлаётган қаттол замон эди бу.

Зулфия Исроилова хонадони ҳам ана шундай бешафқат тузумнинг зулм ва зўравонлигидан четда қолмаганини бугун кўплаб тарихий ҳужжатлар исботлаб беради.

Шоира Зулфия шеър ёзиш худдики кафтда чўғ олиб юриш билан баробар бўлган мана шундай таҳликали бир вазиятда ўз танлаган йўлидан – адабиёт, инсонийлик, эзгулик йўлидан қайтмади, ўз ҳаётини бир умрга сўз санъати билан боғлади.

Зулфия опанинг кейинчалик, йиллар оша ёзган: “Ҳамон мулкимдаги сийму зарим – шеър, Ҳамон эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир” деган ўлмас сатрлари бу фикрнинг яққол тасдиғидир.

Зулфияхоним ўзининг бир шеърида: “Бахтли аёл дермиш мени халойиқ”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, бахтли аёл деган тушунча Зулфия учун умумэътироф этилган таърифдай, ёрқин тимсолдай туюлар эди. Биз, ёш замондошлари ҳам у киши ҳақида шундай деб ўйлардик.

Лекин, аслида шоира ўзининг безовта юрагида, нозик жуссасида узоқ йиллар, балки бутун умр давомида қандай улкан дард ва аламни, қандай улкан ҳасратни сабр-қаноат, чидам ва матонат билан кўтариб юрганини, шундай бўлса-да, ҳеч қачон тушкунликка, аламзадаликка берилмасдан, тоғ келса кемириб, сув келса симириб, ҳамиша ҳаётдан нур қидириб яшаганини биз орадан кўп йиллар ўтиб англаб, тушуниб етдик.

Ўзингиз ўйланг, фожиали ўлим туфайли ёшлигида бир акаси ва бир укасидан, Бувиниса исмли опасидан ажралган, акаси – ўсиб келаётган давлат ва жамоат арбоби Нормат Исроилов 1937 йилда репрессияга учраб отилиб кетган, ўзи эса йигирма тўққиз ёшида турмуш ўртоғидан жудо бўлиб, яна устоз шоиримиз айтганидек, “умрдан яриму севгидан етим” бўлиб, икки норасида гўдак билан қолган муштипар аёлга бундай оғир мусибатларни енгиб ўтмоқ учун қанчалар сабр-матонат, қанчалар улкан бардош керак?

Дарвоқе, бардош ҳақида.

Ҳаммамиз яхши биламиз, атоқли рус шоири Константин Симоновнинг “Мени кутгил” деган машҳур бир шеъри бор. Бу шеърни оташнафас шоиримиз Ҳамид Олимжон она тилимизга шунчалар юксак маҳорат билан таржима қилганки, у халқимиз орасида кенг тарқалиб, ҳатто ўзбекча қўшиққа айланиб кетган. Эҳтимол, шу боис бу шеър муаллифи Ҳамид Олимжоннинг ўзи бўлса керак, деган фикрда юрадиганлар ҳам оз эмас.

Муҳаббат ва садоқат гимни каби янграйдиган ана шу машҳур шеърнинг ҳар бир сатри ҳар қандай одамни ҳам беихтиёр ҳаяжон ва ларзага солади:

Мени кутгил ва мен қайтарман,

Фақат кутгил жуда интизор,

Кутгил, ёмғир зериктирганда,

Мени кутгил ёққанида қор.

Мени кутгил ва мен қайтарман,

Бўлса ҳамки, рангинг заъфарон,

“Ёринг қайтмас, умидингни уз”,

Деганларга тилама омон.

Майли, ўғлим, синглим, волидам

Аза очсин мен йўқ туфайли.

Кута бериб сабри тугаган

Ёру дўстлар, ошнолар, майли,

Айрилиққа беролмасдан тоб,

Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб.

Кўзларингга тўлса ҳамки ёш,

Фақат сен кут ва айла бардош…

Мени кутгил ва мен қайтарман,

Ўлимларни қолдириб доғда,

Иши ўнгдан кепти десинлар

Кутмаганлар мени у чоғда.

Ёт туйилар кутмаганларга

Бундай ажиб толеинг санинг.

Кута-кута мени офатдан

Омон сақлаб қола олганинг.

Қандай омон қолганлигимни

Ёлғиз сенга айтарман, сирдош,

Кута олдинг мени сен фақат,

Буюк эди сендаги бардош.

Қачонки, бу шеърни ўқир эканмиз, тинглар эканмиз, Ҳамид Олимжон ўзининг Зулфия билан кечадиган келгуси тақдирини худди башоратдай баён қилганини, бу ўтли мисралар гўёки бир васиятдай туюлишини сезиб, англаб, чексиз ҳайратга тушамиз ва адабиётнинг нечоғли буюк, ҳақиқатан ҳам илоҳий мўъжиза эканига яна бир бор амин бўламиз.

Кўнглимиздан беихтиёр, Зулфиянинг ана шундай буюк бардоши ва садоқати туфайли ҳам Ҳамид Олимжон “ўлимларни доғда қолдириб”, ўзининг иккинчи умрини безавол яшамоқда, деган фикр кечади.

Азиз дўстлар, барчамиз Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Вомиқ ва Узро сингари ишқ достонларини кўп ўқиганмиз. Аксарият ҳолларда, бундай чин севги, бундай тенгсиз вафо ва садоқат фақат китобларда, эртакларда бўлади, деб ўйлашимиз ҳам сир эмас.

Лекин Зулфиянинг ўз ёрига бўлган севги ва садоқати қандайдир афсона эмас, сарғайган китоб саҳифалари эмас, балки XX асрда, барчамизнинг шундоққина кўз ўнгимизда кечган буюк ҳақиқат, буюк ибрат эмасми?

Бу ҳақиқатни Зарифа Саидносирова, Кибриё Қаҳҳорова, Муҳаррам Ғуломова, Фозила Сулаймонова, Саида Зуннунова ва бошқа ўнлаб оқила ва жасур, матонатли аёлларимизнинг ҳаёт йўллари, уларнинг муҳаббати, маҳбубига вафоси, оғир, фожиали кунларда кўрсатган маънавий жасорати мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Ва шу тариқа яқин ўтмишимизда бизга замондош бўлиб қандай фидойи ва фозила, мунис оналаримиз, аяларимиз яшаб ўтганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз ва шундай олижаноб зотларни дунёга келтирган, чин инсон қилиб вояга етказган она халқимизга такрор ва такрор таҳсин-тасаннолар айтиб, фарзандлик меҳри билан таъзим бажо келтирамиз.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Зулфияхоним халқ қалбидай теран ва гўзал шеърлар ёзишни, шеърлари бир ҳовуч сувдай ташна кўнгилларга баҳра улашишини, энг тоза юракларда макон қуришини истаб, умр бўйи шу мақсад сари интилиб яшади. “Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг, Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим! Сени сева-сева мен бойиб кетдим, Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!” дея ҳар бир шеърида эл-юртимизга, Ватанимизга бўлган улкан муҳаббатини куйлади.

Энг муҳими, Зулфия опага мана шу эркин ва обод, фаровон кунларни кўриш бахти насиб этди. Шоира Ватанимиз озодлигини жуда катта қувонч билан кутиб олди ва улуғ, табаррук ёшга етганига қарамасдан, янгроқ ва жўшқин овоз, илҳом ва маҳорат билан тўлиб-тошиб ижод қилди. Умрининг сўнгги дамларигача ҳамиша ўзини юрт тақдирига дахлдор ва масъул сезиб, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди.

Айниқса, ҳайратомуз юксак маҳорат билан яратилган, барчамизни огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга, бугунги дориломон кунларнинг, жондан азиз истиқлолимизнинг қадрига етишга, уни ҳимоялаш, кўз қорачиғидек асрашга даъват этадиган “Хотирам синиқлари” асарини нафақат шоиранинг умр достони, айни пайтда, мустабид тузум даврида халқимиз кечирган оғир ва фожиали ҳаётнинг, унинг бошига тушган қора кунларнинг бадиий солномаси дея баҳоласак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Муҳтарам дўстлар!

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним ўзининг “Тонг” шеърида “Сафардан бир нафас тинмас карвонман”, деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, меҳр-муҳаббат ва садоқат, нафосат туйғуларига лиммо-лим бу умр карвони ҳали-ҳануз бир лаҳза тингани йўқ, у узоқ манзилларни кўзлаб доимо йўлда, сафарда. Ардоқли, фидойи шоирамизнинг халқимизнинг юрагига, миллионлаб адабиёт мухлисларининг, ёш, покиза наслларнинг қалбларига қутлуғ ва хосиятли сафари давом этмоқда.

Токи дунёда шеърият, садоқат, одамийлик деган олижаноб тушунчалар бор экан, Зулфия номи, Зулфия ижоди безавол яшайди. Улуғ шоирамизнинг олмос истеъдоди, беназир шахсияти барчамиз учун Ватанга, она Ўзбекистонимизга чинакам фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилишнинг ҳамиша юксак намунаси бўлиб қолади.

1 dona sharh

  • Assalomu alaykum, hurmatli sayt ijodkorlari! Avvalam bor, shuhday ezgu ishlarni amalga oshirganlaringiz uchun samimiy minnatdorchilik izhor etaman lekin ozroq kamchiliklari bor ekan.dasturda aniqroq berilmagan malumotlar rosa ko’p ekan iloji bo’lsa shoir haqida slaydlar,hamda farzandlari haqida ma’lumot ham bersangiz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.