Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова сўзи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Аввало, барчангизни адабиётимизнинг бугунги гўзал байрами, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги, иқтисодиётимизнинг турли соҳаларидаги нуфузини ошириш масаласига жуда катта аҳамият қаратиб келинмоқда.

Шахсан муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳар бир чиқишларида аёл зотига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш вазифасига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётганларини улкан мамнуният билан таъкидлаймиз.

Шу маънода, Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини юртимизда яшаётган барча хотин-қизлар, муҳтарама онахонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимиз, барча-барчаси жуда катта қувонч билан, аёл зотига юксак эҳтиром намунаси сифатида кутиб олди, десак, адашмаган бўламиз.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди, атоқли шоира, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова ҳақида қанча гапирсак оз. Унинг нафақат ўзбек адабиёти, балки Шарқ адабиёти ва фалсафасида тутган ўрни алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Азиз дўстлар!

Барчамизга яхши маълумки, истиқлол йилларида юртимизда “Зулфияхоним қизлари” деган ёрқин ибора пайдо бўлди. Президентимизнинг ташаббуслари билан таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофотига бугун бутун дунё ҳавас билан боқмоқда. Зеро, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида иқтидорли қизларга давлат ғамхўрлигининг тимсоли бўлган бундай мукофот қайд этилмаган.

Бугунги кунда мукофотга сазовор бўлган қизларнинг сони 212 нафарга етди. Уларнинг 46 нафари адабиёт, 59 нафари маданият, 41 нафари санъат, 24 нафари фан, 42 нафари таълим йўналишларидаги ютуқлари учун ушбу мукофотга сазовор бўлган.

Совриндорлар орасида фан номзодлари, турли соҳаларда етакчилик қилаётганлар бор. Уларнинг 20 нафарга яқини Президент стипендияси, Навоий, Ибн Сино номидаги стипендиялар совриндорлари, 30 нафари спортнинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионларидир.

2014 йилда юртимизда бўлиб ўтган сайловларда 8 нафар совриндор қизларимиз халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар кенгашлари депутатлигига сайлангани ҳам Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларимизнинг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётганидан далолат беради.

 

Қадрли тантана иштирокчилари!

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссияси томонидан Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:

– Меҳнат жамоалари, маҳалла ва ўқув муассасаларида, ҳарбий қисмларда Зулфияхонимнинг шогирдлари, таниқли ижодкорлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳамда Зулфияхоним узоқ йиллар бошқарган “Саодат” журнали ижодий жамоаси иштирокида “Зулфия – тинчлик элчиси” мавзусида 500 дан ортиқ ижодий учрашувлар, маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, ушбу тадбирларда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлашда оналарнинг, аёлларнинг ролига урғу берилди;

– Шоира узоқ йиллар фаолият юритган “Саодат” журнали қошида “Зулфияхоним мактаби” номли тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Тўгаракда атоқли ижодкорнинг нафақат шеърият, балки журналистикадаги маҳорати, жамоат арбоби сифатидаги қирралари ҳам ижодкор ёшларга ўргатилмоқда;

– Юртимиздаги нашрларда, хусусан “Саодат” журнали ва “Оила ва жамият” газетасида “Зулфия издошлари” рукни ташкил этилиб, мунтазам тарзда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳақида мақолалар ва уларнинг ижодий ишларидан намуналар бериб борилмоқда;

– Юртимиздаги барча театрларда Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достони асосида тайёрланган спектакль намойиши ташкиллаштирилди, мазкур тамошаларга 20 минг нафар аҳоли, хусусан, ёшлар жалб этилди;

– Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда Зулфияхоним ва унинг издошлари ижоди ва фаолияти, қарорда белгиланган вазифалар ижросига доир 50 дан ортиқ кўрсатув ва лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатилди;

– Юртимиздаги 10 мингга яқин умумтаълим мактаблари, 1500 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, 70 дан ортиқ олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Зулфияхоним меҳр-муҳаббат ва садоқат тимсоли», “Маънавий жасорат соҳибаси” мавзуларида иншолар танловлари ўтказилди;

– Хотин-қизлар қўмитаси саъй-ҳаракати ва “Шарқ”, “Ўзбекистон”, Ғафур Ғулом номидаги нашриётларнинг қўллаб-қувватлаши асосида Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаларининг асарларидан сараланган “Бахтим шул, ўзбекнинг Зулфиясиман” номли баёз ва бошқа тўпламлар чоп этилди.

Яна бир муҳим жараён – Республика Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Давлат алоқа қўмитаси кўмагида Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган “Zulfiyaxonim.uz” сайти яратилди. Шоиранинг ҳаёт ва ижод йўли тўла акс эттирилган мазкур сайт бутун дунёга ўзбек аёлининг, унинг ёрқин вакили бўлмиш Зулфияхонимнинг ижодий салоҳияти ва инсоний фазилатларини ифода этиб беради, десак муболаға бўлмайди.

Сайт 10 та бўлим, 20 та рукндан иборат бўлиб, унга 1000 га яқин маълумотлар, 150 га яқин адиб ва замондошларимиз ҳамда қардош халқлар адабиёт намояндаларининг Зулфияхоним ҳақидаги фикрлари, илмий-адабий мақолалари киритилган. Шоиранинг 100 дан ортиқ шеърлари, аудио ва видео материаллар мужассам. Шоира тимсоли акс этган санъат намуналари – “Хотирам синиқлари” спектакли, Чингиз Ахмаров, Баҳодир Жалолов каби машҳур рассомларимиз томонидан ишланган портретлар ва уларнинг тавсифлари акс этган.

Мусиқа бўлимида Ўзбекистон санъат арбоби Рустам Абдуллаевнинг шоирага бағишланган “Садоқат” операси, Зулфия мукофоти совриндори Ойдин Абдуллаеванинг “Вафо” опера ораторияси киритилган. Шунингдек, Зулфияхонимга оид 100дан ортиқ фотосуратлар жойлаштирилган.

Веб-саҳифанинг Зулфия номидаги давлат мукофоти бўлимида мукофотга оид барча маълумот ва ҳужжатлар ўзбек, рус, инглиз тилида акс этган. Шунингдек, шоира сазовор бўлган халқаро мукофотлар рамзлари, унинг салоҳият қирраларини очиб берувчи китобларининг электрон нусхалари веб-саҳифадан ўрин эгаллагани қувонарлидир.

Шу ўринда, веб-сайтни яратишда яқиндан кўмак берган барча ташкилотларга, фидойи адибларимизга, сайт ижодкори бўлган, уни ўзбек, рус, инглиз тилларида тайёрлаган Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларига, Зулфияхонимнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорлик билдиришга изн бергайсиз.

Умид қиламизки, ушбу веб-сайт бугунги глобаллашув даврида ёшларимиз қалбида инсонийлик ва эзгулик туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади ва уларнинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутади.

 

Азиз юртдошлар!

Эъзозли шоирамиз Зулфияхоним таъбири билан айтганда, “даврамиз меҳрга тўлиқ олам, дўстлар бари жам” бўлган шу мунаввар лаҳзаларда барчангизга сиҳат-саломатлик, Зулфия сиймосини ўзига йўлчи юлдуз қилиб олган иқтидорли қизларимизнинг келгуси фаолиятларига ютуқ ва мувафаққиятлар ёр бўлишини тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.