Хотирам синиқлари. Достон

Ҳуррият, келдингми – наҳотки келдинг,

Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.

Ёмғирга бағрини тутган саҳродек –

Сенинг насимингга қалбимни тутдим.

 

Мана, қалб – бахту дард тўла денгизим,

Мавжлари шуҳратим, ҳижрон, ўкинчим.

Қўрқув калхатлари тегиб синдирган –

Ёдим синиқлари остда – чўкинди.

 

Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай,

Қалқди, юрагим, чида, бер бардош.

Қарагин титроқда – ҳаммаси жонли,

Қара, ҳаммасининг юзи қонталаш…

 

Бу онам – тангрининг бахтли онида

Айри ихлос билан яратгани чин.

Қароғида меҳр шаъмлари ёниқ –

Гуллаган ўрикдай ораста отин.

 

Кун тойиб, шуълалар кўчган уфққа,

Сайроқи қушларнинг тинганда базми,

Онам дилимизни чорлаб қўшиққа,

Ним-ним сочар эди мумтозлар назмин.

 

Сўфи Оллоёрми, девона Машраб

Баёзларин ўпиб қўлга оларди.

Юмушми, ўйинми – барини ташлаб,

Сеҳрли оламга кириб борардик.

 

Рангу оҳангларни жонга қуйганда,

Шуълага тўларди бутун коинот.

Ўзимни сеҳрга асир туйганда,

Юракда ёзарди қўшиқ ўт қанот.

 

Янгамга эш бўлиб тикдим палагим,

Қоғоздан сир тутган сатримни тепчиб,

Гулларди палакда ширин тилагим –

Кўзимдан ёшликнинг нурларин ичиб.

 

Ҳовлимиз зийнати жамбил, райҳондай,

Отам таъбирича эдим бойчечак.

Ҳали биз сезмаган қора қиш аро

Наҳот, жонланмоқда ишқ отлиғ чечак…

 

Ва ҳадемай сездик бу қаҳрамонни,

Тиғдай тилларида ялай бошлади.

Қадами етганда ҳар хонадоннинг –

Қувончи бужмайиб, сўлий бошлади…

… Ака кўзингизда оташ бор эди,

Ака, жонингизда қуёш бор эди,

Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,

Сардорники янглиғ бардош бор эди.

 

Сизни-да қора тун олдилармикин,

Қўлингизга кишан солдилармикин,

Юкиниш, ялинчмас – ғурурни кўриб,

Ваҳший ғазабларда ёндилармикин?!

 

Ака, жоним акам – жондошим акам,

Олтмиш йил изимга қайтиб йиғлайин,

Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни

“Оҳ”ларим эритар – айтиб йиғлайин.

 

Сингилни “меҳрдан бино” дейдилар,

Кўз ёшга етдими меҳримнинг кучи!

Гуноҳсиз, жонимнинг қотилларига

Ўқ қилиб отдими нафратим, ўчим?

 

… Бунча чидам қайдан – пўлат, оловдан,

Метиндан яралган жонмиди отам…

Оташ оғушидан топиб бизга нон,

Ғамга ҳам чидамли бўларкан одам.

 

Онам қўлларида муштдек тугунчак,

Тош шаҳарни кезар авахта излаб,

Авахта нечадир, зор она неча,

Нечалар яшарди замонни “сиз”лаб.

 

Кекса кўзларида мўлдир ва мўлдир

Қотган кўз ёшларга боқардим ҳайрон.

Бу сокин жуссани кемирар не сир,

Не боис муттасил диллари вайрон…

 

Куни бўйи кезиб, букчайиб, толиб,

Кекса бағрин ерга бериб ётарди.

Биз ночор бир-бирига эзилиб боқиб,

Сукут денгизига оғир ботардик.
Онам, “сув бошидан лойқа” дердингиз,

Билмасдик бу гапда ҳақиқат зуҳур,

Муҳташам бинода сирли, яширин

Асл йигитларга қазиларди гўр.

 

Қолганда азоблар исканжасида,

Ота, бир кўрмадик кўзингизда ёш.

Яшаб умидларнинг пок саждасида,

Ҳатто ёвингизга отмадингиз тош.

 

Ва фақат дедингиз: “Солдим худога”,

Бу қирғин дояси худосизлар-ку.

… Сабр, қаноатдан яралган элим,

Сўқир ҳам ўзига сўқмоқ излар-ку!

 

Норғул ўғилларинг қирилди қушдай

Сибирнинг нур тушмас ўрмонларида.

Сен эса яшардинг мисоли тушда

Туртиниб ғофиллик туманларида.

 

Менми? Мен шу қадар ёш эдим ҳали.

Ёшлик – ғам – бегона бири-бирига.

Қутулмоққа андуҳ ботқоқларидан

Осилдим муҳаббат шодликларига.

 

Менми? Мен ишқ отлиғ бир жаҳон аро

Шеър тинглаб, шеър тизиб – шеърларда қолдим…

Бехиштий жаранглар – жонимга оро –

Ўзимнинг бахтимда ўзим йўқолдим.

 

Бахт қасримга кириб мени топди дард,

Уруш, ёзда ёққан қор каби ўлим.

Ўттизга етмаёқ сочим қор ялаб,

Кўз ёшим сойига тўкилди гулим.

 

Онам, доноликда ягона онам,

Исён кўтаришдан бермабсиз сабоқ,

Устимга кетма-кет тоғ қулаган дам

Қолдим яшин урган полопон сиёқ.

 

Бўлди, бас! Жангдан сўнг ҳорғин саркарда

Тирик аскарларин тизгандай қатор –

Мен тирик ҳисларим бир жойга йиғдим

Ва кучли яшашга айладим қарор.

 

Юртни бўрон бўлиб кездим бош-оёқ,

Қабристонлар аро қуюндай юрдим,

Энг кичик гиёҳ ҳам наздимда уйғоқ,

Фақат эл-элатни сукутда кўрдим.

 

Тушларимда топиб акам жасадин,

Отамнинг ёнига қазитдим қабр.

Ўзим ёнганимда руҳлар ёнди деб

Хокига сув сепиб, тиладим сабр.

 

Тақдир, тақдир дедим, яшадим узоқ,

Тақдир пешонага ёзиқ дейишди.

Ёзиқни деворга урдим-у бироқ

Мен синдим, қонимдан ғиштлари пишди.

 

Алам. Ёмон алам кўзинг кўр бўлса,

Лекин сўқир диллик ундан-да даҳшат.

Халқ ганжин юлмоққа чўзилган қўлга

Биз алвон гулдаста тутибмиз фақат.

 

“Янги ҳаёт” дебмиз ўша кунларни,

Беталаб, бенолиш яшабмиз кўп йил.

Бир ўйлаб кўрмабмиз бу юрт ҳокимин

Лаби кулиб, нечун ранг-рўйи заҳил?!
Тожи йўқ подшодай сездими ўзин,

Шуъла ёйилмади букик дилида?

Қўлида зарра йўқ ихтиёр, изн,

Билдими йитарди ғурур элида?!

 

“Ватанпарвар” дебмиз ўз-ўзимизни,

Денгизлар қурибди, чирибди балиқ,

“Инсонсан, бошингни кўтар” демабди,

Кўнглинг қолганмиди бизлардан, холиқ?

 

Ўзинг бергандинг-ку, поклик, ҳалоллик,

Иймону ишончлар – бутун, беиллат,

Қилолмас эди-ку шайтон даллоллик,

Илму ҳикматларга ёр эди миллат.

 

… Эй гумбази гардун, қолдимми ғофил,

Ишонч, эътиқодлар чиқди пучларга?!

Суяниб нажотлар кутгандик, наҳот,

Бизга чоҳ қазиган қора кучларга?!

 

Ким билсин, савоб деб уринишлар ҳам,

Замона созига ўйинми бари.

Дейдилар: яратган энг улуғ ҳакам,

Ҳеч қачон адашмас тарозулари.

 

Қай бири вазминроқ: савобми – гуноҳ?

Яшадим-ку риё, ҳаромдан нари.

Куйганман. Бош-оёқ куюк жисмимнинг –

Нимасин ёқарди дўзах ўтлари…

 

Бу дунёда кўрган азоб, кўз ёшлар

Савоб посангисин хиёл босарми?

Гумроҳлик палласин тўлдирса тошлар,

Энг баланд дорига мени осарми?
Ёшиб кетиб-кетиб, тордай тарангман,

Капалак шарпаси тегса, узилур

Чидай-чидай юпқа тортган парангман,

Чўян бўлса ҳам дил – қулфи бузилур.

 

Лекин яшаяпман, отам ва онам

Чайир арқоқлардан тўқишган чоғи.

Айтилмаган алам, ёзилмаган шеър,

Олинмаган қасос – юрак титроғим.

 

Бошим – портловчи дуд тўлдирилган хум,

Портлашин кутардим сония сари.

Сабрлар тўкилди нақ кафтдаги қум –

Юзим руҳларида қонли излари…

 

Билмайман, савобми ё кони гуноҳ,

Зинҳор шаккокликка йўйманг тилагим.

Жасадим дарёга ташланг, руҳим пок,

Оби раҳматларда совусин таним…
… Яллиғланиб ётар кекса хотирам

Ичида шу дардлар, тиғли синиқлар…

… Ҳолбуки, нур ичра далаю дарам,

Ҳолбуки, боғимда булбул чаҳ-чаҳлар…

 

Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг!

Келар йўлларингда пинҳона толдим.

Менинг ота-онам, жон Ватанимда,

Элим тақдирида абадий қолдинг…

 

Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,

Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.

Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,

Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…

 

Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,

Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.

Вақт етса шу халққа қолар дафтарим,

Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…

 

Руҳим у ёқлада қуш бўлиб учар…

 

1995

 

1 dona sharh

  • Assalomu alaykum, hurmatli sayt ijodkorlari! Avvalam bor, shuhday ezgu ishlarni amalga oshirganlaringiz uchun samimiy minnatdorchilik izhor etaman. Yana sayt sahifalariga kiritilayotgan ma’lumotlar uchun ham alohida tashakkur! Shoiraning xuddi mana shu dostonlarini anchadan buyon izlab yurgandim. Rahmat!!! Sayt ijodkorlariga omad tilayman!!!

Go`zal Rashidovaga fikr bildirish Javobni bekor qilish

Email manzilingiz chop etilmaydi.