Устоз қанотида. Ойдин Ҳожиева

Устозимиз Миртемир Зулфияхонимни «тонг куйчиси» деб атаган эдилар. Дарҳақиқат, Зулфияхоним номи, шахсияти, шеърияти, шон-шуҳрати табиатнинг яшариш фасли — баҳорга ва умрнинг мунаввар тонгига бир ҳовуч нурдай туташаверади.

Зулфияхоним деган латиф ва дилбар исм менинг болалик шууримга кириб келганига 50 йилдан зиёд вақт ўтди. Мактаб партасида эканимдаёқ бу нафосатли, ўктам шоиранинг «Салом сизга, эркпарвар эллар!» шеърини ёд олиб, иштиёқ билан саҳналарда айтганман. Сўнг Тошкентга ўқишга келгач, бу азим шаҳарнинг файзли бир гўшасида Зулфияхоним деган нурли, сеҳрли инсон яшашини, аёллар учун чоп этиладиган «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаётганини билардим. Бу муқаддас даргоҳга боришга, дунёга таниқли шоира сўзларига муяссар бўлишга интилардиму, юрагим дов бермас эди…

1963 йил. Сентябр кунларининг бирида мени ушбу таҳририятга чақириб қолишди. Байрам мушоираси ёзилиши керак экан. Таниқли шоиралар Саида Зуннунова, Эътиборхон Охунова, Гулчеҳралар қаторида мени ҳам мушоирага айтишганидан суюниб кетдим ва ҳаяжондан довдираб қолдим. Барчамизга 20 сатрдан шеър ёзишни тайинлашди. Шеърни битиб, ийманибгина таҳририятга келдим. Ўша пайтда журналнинг фидойи, машҳур фотомухбири Борис Мизрохин (уни Мирзо Охун дейишарди) бизни суратга ола бошлади. Бир пайт эшик очилиб, баланд бўйли, хушсуврат, ўктам, қошлари қалдирғоч қанотидай, назокатли Зулфияхоним кириб келдилар. Бизларни зеҳн билан кузатиб, кўзлари билан эркаладилар. Менга алоҳида меҳр билан боқиб, қўлимга қалам тутқазиб қўйдилар. “Сиз қалам билан тушинг, − атлас кўйлакда эканим уларга маъқул келди шекилли, − доим шундай чиройли бўлиб юринг”, − деб қўйдилар…

Ўша биринчи учрашувдан сўнг мени журналхонлар билан ижодий кечаларга таклиф қила бошлашди.

1963 йил. Кузнинг соҳир кунлари. Офтоб майин нур сочади. Ҳавода сокин хаёллар кезади. Куз одатда Зулфияхоним учун учрашувлар, мухлислар билан мулоқотлар, юбилейлари ўтадиган фасл эди. Ана шундай файзиёб кезларда Зулфияхоним ўқиган хотин-қизлар техникумига учрашувга бордик. Йиғинда таҳририят ходимлари — ўша пайтларда танилган ёзувчи Марва Жалолиддинова, журналистлар Ўғилой Юсуфжонова, Роза Сайфиевалар ва устозимиз Озод Шарафиддинов ҳам қатнашишди.

Зулфияхоним минбарда сўзлаганида, шеър ўқиганида юзларидан нур ёғилиб, кўзлари юлдуздай порлаб кетарди. Шеър сатрларини ўктам овозда, дона-дона қилиб, бироз эркалик билан, бироз нозланиб, суюмли бир алфозда ўқирдилар. Тингловчиларига меҳр, эҳтиром билан назар ташлар, юрагидаги меҳр-муҳаббат, эҳтиром, оналик туйғулари билан уларни эркалаб-эркалаб, ўзига мафтун қилиб сўзларди шоира… Ўшанда Зулфияхоним менга алоҳида илтифот билан қараб, сўнг залга нигоҳ ташладилар.

— Мен икки Ойдин ўртасидаман. Бири муҳтарам устозим Ойдин Собирова… Бири умидли, суюкли шоирам Ойдин Ҳожиева.

Шунда роса қарсак бўлиб кетди. Билмадим, балки ана шу ишонч, меҳр-мурувват юрагимда қатъият, катта мақсад, бахтга интилиш туйғуси бўлиб, мени ойдин-ойдин йўлларга олиб чиққандир.

…Шу-шу «Ўзбекистон хотин-қизлари» журнали азим шаҳарда менинг маслаҳатгўйим, таянчим бўлиб қолди.

1963 йил, декабр. Ўзбекистон телевидениясида журнал ҳақидаги кўрсатувга мени ҳам таклиф қилишди. Шеърларимдан ўқиб бердим. Ўша кўрсатувдан сўнг Уйғун домла шоир Барот Бойқобилов орқали мени сўраттирибдилар. Зулфия Йўлдошева деган талаба опам билан уйларига бордим. Уйғун бобо 1953 йилда Бўстондаги учрашувда ўзлариининг шеърларини ўқиб берганимни эсладилар, университетда ўқиётганимдан суюндилар ва «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон») газетасига оқ йўл ёзиб бердилар. 1964 йил ёзида шеърларим босилиб чиқди.

Зулфияхоним илк шеърларимдан тортиб, «Болалик» достонимгача ўқиб, ўз фикрларини айтиб, гоҳ мақтаб, гоҳ койиб, гоҳ эркалаб, йўл-йўриқ кўрсатиб, доимо онадай меҳрибонлик қилганлар. Баъзи достонларим чиққанида кўнгиллари тўлмаган жойларини айтиб, мен бундай сатрларни ёзмаган бўлардим, деб кескин фикр ҳам билдирардилар…

«Саодат» журналида 1976-85 йилларда улар билан 9 йил ёнма-ён ишладим. Бу йиллар мен учун ҳақиқий ҳаёт мактаби, маҳорат, тажриба сирларини ўрганиш даври бўлди. Одамлар билан муомала-муносабат, ўқувчига ҳурмат-эҳтиром, устозларга ихлос ва садоқат, кийиниш маданиятидан тортиб, ўз қадрини ҳимоя қилишгача − ҳамма-ҳаммасини Зулфияхоним мактабида ўргандим.

* * *

1965 йил, май. Университетни битиргач, яна Зулфияхонимнинг ҳузурларига бордим. Тошкентда қолиб, ишлаш истагимни айтдим. Ўша пайтлари матбуотда шеърларим пайдар-пай чиқиб, оқ йўллар берилиб турган эди.

Зулфия опа озгина сукут сақлаб турдилар-да, «Шарқ юлдузи» журналига қўнғироқ қилдилар. Масъул котиб шоир Шуҳратга мен ҳақимда гапириб, мақтадилар. Бир пайт менга қараб, Ойдинжон, чиқиб туринг, мақтовимдан эсанкираб қолманг тағин, дедилар…

Шундай қилиб, устознинг тавсияси билан 1965 йил 1 июлдан журналнинг назм бўлимида адабий ходим сифатида иш бошладим, сўнг бўлимни бошқардим, бу қадрдон адабий жамоада 11 йил меҳнат қилдим.

Шу йилларда ҳам доимо Зулфия опанинг меҳрини ҳис қилиб турардим, журнал жамоаси ҳам менга ишониб, мақолалар буюртма бера бошлади.

1967 йил. Ёз ойлари. «Шарқ юлдузи»да ишлардим. Ироқи дўппи кийиб, узун сочларимни иккита қилиб ўриб, ташлаб юрардим. Навоий кўчасидаги 30-уй биносида «Ўзбекистон хотин-қизлари» журнали билан идорамиз ёнма-ён эди. Бир куни Зулфия опанинг ўринбосари Холида Аҳророва мени хоналарига олиб кирдилар. Сизни ўзгартирамиз, дедилар. Гулчеҳра опа икковлари узун сочларимни орқага йиғиб, бир пасда турмаклаб қўйишди. Долчин рангли ёғочдан нақшлари бор катта кўзгу бор эди. (Дарвоқе, шунча йиллар ўтса ҳам, ўша кўзгу ҳануз энг ноёб бисотдай сақланади «Саодат»да). Бир пасда ходимлар йиғилишди.

“Ана энди яхши бўлибди. Сочингизни турмаклаб юринг”, дейишди. Шу орада Зулфия опа ҳам кириб қолдилар, ёқимли жилмайиб, ярашибди, дедилар.

— Энди талаба эмассиз, катта журналда ишлайсиз, ўзингизга қараб юринг, — дедилар устоз.

Катта хонадондаги каби самимият, меҳрибонлик, ҳарорат сезардим хотин-қизлар журналида.

1969 йил. Ёзувчилар учун қурилган уй тақсимланаётган эди. Мен у пайтда ҳали Ёзувчилар уюшмаси аъзоси эмас эдим. Тузалиб, оёққа туришим, қўлимга қалам олишим даргумон, 5 йил зах, совуқ ижара уйларда яшаш ўз кучини кўрсатган эди. Шунда Зулфияхоним Ёзувчилар уюшмаси раиси Комил Яшинга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирибдилар. Лекин устозимга квартиралар тақсимланиб бўлганини айтишибди.

Марказкомнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири, адабиёт мухлиси Оқил Умрзоқович Салимовга қўнғироқ қилишга мажбур бўлибдилар.

— Ёш ёзувчига уй берилмаса, кимларга берилади, — дебдилар.

Кутилмаганда ҳужжатларимни суриштириб қолишди, масала тезгина ҳал бўлди. 1970 йилнинг бошларида Марказ-I даги уйнинг 9-қаватидаги 3 хонали квартирага кўчиб ўтдик. Азиз устозимнинг буюк ҳиммати билан ватанлик бўлдик. Бу воқеани мен кейинроқ бошқалардан эшитдим, ўзлари ҳеч қачон айтмаганлар.

1970 йил. Ёз ойлари. Зулфия опанинг қошига бордим. Анча гурунглашдик. Устоз бирданига сўраб қолдилар:

— Нега Уюшмага аъзо бўлишга ҳаракат қилмаяпсиз?

— Қандай бўларкан? Тавсиянома берасизми? — дедим.

— Жоним билан, — дедилар ва уч кунда тавсия ёзиб бердилар.

Устоз Миртемир, Шуҳрат, Ҳамид Ғуломлар ҳам ёзиб беришди. 1971 йилнинг августида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим.

ТАВСИЯ

Мен Ойдин Ҳожиевага Ёзувчилар Уюшмасига аъзо бўлиб кириш учун тавсия бераман. Жаҳонда энг катта ва илғор адабиёт бўлган бизнинг адабиётимизни бойитувчилар, яратувчилари қаторига ўз асарлари билан   жуда дадил кириб келган   Ойдин Ҳожиева шу сафнинг чинакам бир халқаси эканига ўзи ҳам оқибат ишонч ҳосил қилиши керак. Бу ишончни Ойдин қалами жуда тез ўзига йўл топган китобхон муҳаббати бағишлади. Бу санъат демакдир.

Ойдиннинг илк шеърларидан тортиб, ҳозирги кунгача ўтган ижодий йўли жуда қисқа дейишимиз мумкин, негаки ҳаёт ва ижод йўлининг ҳали ҳаммаси   олдинда, келажакда. Лекин ўша ўтилган ҳали кичик йўлда ўқувчи аниқ, теран, қайноқ туйғуларга тўла, салмоқли, тиниқ фикрларни, энг қувончлиси, ана шу ҳис-туйғу ва фикрлар аниқ, ёрқин образли ифодаланган шеърларни териб олади, уларни севиб, ўзиники қилиб олади. Демак бу шеърлар ҳақиқий шоир асари.

Ойдиннинг “Шабнам” шеърлар тўплами унинг илк китоби. Лекин бу китоб яхши китоб, ҳақиқий шеърият тўла юрак ва қалам маҳсули. Кишида шодлик ва фикрлар, ҳис ва ҳаяжон уйғота биладиган ёш қаламнинг нафис ва тоза, шаффоф ва теран қўшиғи, қўшиқни истеъдод эгасигина тўқийди.

Ойдиннинг бу китобдан кейин ёзилган шеърлари ҳам икки мажмуа қилиб нашриётга топширилди. Мен бу китоблардаги шеърларнинг кўпчилиги ва “Келинчак” достони кундалик матбуот саҳифасидан чиқиб, аллақачон шеърият мухлисларининг юрак йўлдоши бўлиб қолганидан воқифман ва бениҳоят шод, мағрурман.

Ойдин ва унинг тенгқурлари бўлган қизларимиз ижоди ўзбек адабиётимизда салмоқли экани ўта ифтихорли. Буларнинг ҳеч бири иккинчисига ўхшамайди, хар бирининг ўз қўшиғи, ўз услуби, рангли қалами бор. Жуда кўп ва жиддий меҳнат қиладиган камтаринларидан бири Ойдин, албатта.

Ойдин шеърни яхши ёзади, шеърни яхши таржима қилади, шеър ва шеърият ҳақида яхши фикр юритади. Бу меҳнат ва фазилатнинг ҳаммаси софдил ва ёшлик завқи билан суғорилган, ҳаётни севиш ва уни куйлаш, халқни севиш ва унга хизмат қилиш оташи нурлантирган ижод маҳсули.

Ойдиннинг ҳаёт ва меҳнат майдони — ватани шеърият, адабиётдир. У бу шеърият майдонисиз ўзини тасаввур қилолмайди. У қаламни қўлда маҳкам тутган, бу унинг халққа хизмати, ҳаётдаги яшаш маъноси бўлиб қолган —демак у ҳақиқий шоир.

Ойдинни ҳаёт, кенг ўтмиш ва келажаги билан ҳаёт яратишга чақиради, қўшиқ, ижод, дард ва шодлиги, китобхон ташналиги, маданиятимиз ривожи учун хизмат қилиш истаги муттасил қалам тебратишга даъват қилади. Биз уни ўзимизнинг катта сафимиз, ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИГА аъзо қилиб қабул қилиб олишимиз унинг ўз ижоди кучига ишончини мустаҳкамлайди, бутун адабиётимиз, халқимиз олдидаги бурчини, масъулиятини янада ўткирлаштиради. Мен Ойдинни адабиёт заҳматкашлари сафига — уюшмага қабул қилинишига севинч ва ифтихор тўла дилдан тавсия қиламан. Биламан, ишонаман, бу меҳнаткаш ёш қаламнинг камолоти жуда яқин. Оқ йўллар, катта-катта довонлар, ёрқин уфқлар уни кутади ва бу йўлни Ойдин Ҳожиева меҳнат ва истеъдоди берадиган, бизнинг ишонч берадиган ижод мевалари билан тўлдириб боради.

ЗУЛФИЯ,

Ўзбекистон халқ шоири.

3.08.1970.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.