Туйғун ўйлар, тошқин ҳислар куйчиси

Асалда асалари бол терган боғнинг гуллари бўйини ҳис қиласиз, шунингдай, Ҳалиманинг шеърларини ўқиганда бошқа шоира — ҳамкасбларнинг шеърларига сира ўхшамаган жилва жарангларини эшитасиз, шодлик ва ташвишлари, ранг ва ҳидларни ҳис қиласиз. Улар сизларни тўлқинини чолғилар кесаётган бўлиқ бошоқлар денгизига, отанинг қуёш ва йиллар жўяклар солган пешонасига ўхшаган шудгорли далаларга, пичан ҳиди анқиган ҳовлиларга, қундуз телпакли, рашкли чавандозлар от ўйнатган қирларга олиб киради.

Сиз у билан деҳқон уйи остонасидан бошланган кичик сўқмоқдан ялангоёқ йўлга чиқасиз. Ялангоёқ юришнинг, ерни, она ернинг баҳри ва илиқлиги берган ҳузурини ҳис қиласиз! Бу йўл шоира учун катта — бош йўл, ернинг қоқ ўртасидан тушган ўктам йўл. Қўшиқларнинг боши бўлган ўша ерлар, ҳосилли ҳаётга энди уйғонган Мирзачўлнинг бепоён далалари, қирларнинг сарфланмаган ҳарорати, бокиралиги, яхлитлигини олиб киради шоира шеърларига.

Ҳалима қишлоқ қизи! Лекин бир замонлардаги сингари қолоқ, бурчак ёки саҳронинг ўртасида бўрон унутган саксовулдай танҳо, ижтимоий ҳаётдан йироқ қишлоқ эмас, унинг иборасича, ҳар бир инсон яшаган ер — Ернинг қоқ кўкси.

Шу қишлоқ мактабидан тошқиниб, шошқиниб, чанқаб, ранг-баранг, сержаранг дунёни танишга тиришди-ю, ўзини тўлқинларга солган бебош туйғуларга, ҳали ўзлаштирилишини кутган, очилмаган истеъдодига ягона ифода деб, шеърга шўнғиб кетганини унинг ўзи, ҳам билмай қолди.

Зотан, қандай қилиб ҳаётда ўз ҳақиқий, ягона йўлини топиб олганини қайси санъаткор билади? Назаримда, қонингда оқ ва қизил қон заррачалари оқимида яна битта заррача бўладию ўша табиат туҳфа қилган бахтиёр, нодир куч, шароит тақозо қилса, ўзи бошлаб киради ўша йўлга. Ҳалима яшаган шароит, замон нақ зарралар катта қудратга, куртаклар чинорларга, ирмоқлар дарёларга айланадиган гуркираш, ўзи айтгандай, дориломон шафақлари ол, уфқлари нурдан яралган замон.

Ҳалимани ҳаваскор шоира деб атаганимизни эслолмайман. Ҳатто, бундан олти-етти йил муқаддам Мирзачўлдаги колхозлардан биридаги учрашувда таништирганларида ҳам уни ҳаваскор шоира деб эмас, унча-мунча шеър ёзиб юрадиган мактаб ўқувчиси деб таништирган эдилар. Шеърларингни менга юбориб тур, деб қайтдим. Анча муддатдан кейин келган шеърлар мени ҳузурли бир ҳаяжонга солди. Бу шеърлар журнал, газеталар редакцияларида қувонч билан қабул қилинди. Ўша ҳаяжон, ўша шодлик тўлқинлари кенг китобхонлар юрагига жуда тез йўл топиб кетди.

Сабаб? Шеър — туйғулар, ҳаётдан олинган таассурот ва тафаккурлар меваси! Туйғу-ҳис эса Ҳалимада шу қадар яхлит, қуюнларга ютилиб кетмайдиган, шу қадар ҳақиқий, каттаки, кўзларида офтоб ёниб, саратон кезади, қонида. «Менинг шунчаки куйлагпм, шунчаки ўйлагим келмас, мен куйлаганда овоз пардаларим чидаб берса бас! Шунчаки ёзмоқ бу — шоирга ўлим! Юрагимда боғлар яратаман, илк ниҳоллар куртак ёзяпти, гуркираб қад кўтаряпти юрагимда боғ!» деб ёзади шоира.

Биз Ҳалиманинг шеърларини ўқиймиз: деҳқончасига содда ва сахий табиатдай сержилва, тупроқдай ғадир-будир, покиза иборалардан ифодасини, топган ўша туйғуларни ўқиймиз. У бизни ҳам ўша туйғулар гирдобига тортади, гўзалликлар, завқларга, юлдузлар сўзига, барглар шивирлашига ҳамдам қилади. Демак, ҳақиқий шеър ўқибмиз.

Ҳалиманинг шеърлари кўпинча ҳар жиҳатдан тўлиқ, ҳақиқий. Лекин, ҳечқиси йўқ, туйғулар, таассуротлар, фикрлар суронидан энтикканидан баъзи беўлчов, на вазнга, на қофияга бўйсунувчи мисралар — вулқондай отилганча, учқундай сачраганча, шалоладай тўкилганча қолади шеърларда, уларга пардоз берса, гўё илк яралишдаги латофатга, бокираликка озор етадигандай! Зотан, ҳақиқий шеърни ўқиганингизда сизни аниқ ўлчовлар эмас, ёнган оташ юрак, туйгун фикрлар етаклаб кетади. Менга Ҳалиманинг табиатан зийрак, зеҳнли ҳаёт неъматларига ўта чанқоқлиги, кузатувчанлиги ёқади. Менга унинг ҳаётда кишининг зеҳнини тўнглаштирадиган, кўзини хиралаштирадиган ва табиатнинг энг қиммат саховати бўлган вақтини беҳуда ютиб юборадиган майда-чуйда, икир-чикирлардан узоқда- лигй ёқади. Менга Ҳалиманинг ҳаётга, юрагига, ҳис-туйғуларига, фикр ва ўйларига садоҳати ёқади.У ўйчанлиги ва қувноқлиги, бахтиёрлиги ва бахтсизлйги, туйғунлиги, энг муҳими, ёш қўшиқларида энг тўғри — Ўзбек шоири йўлида собитлиги билан шеърларида намоёнлиги ёқади. Заиф риторикалардан узоқлиги ёқади. Зотан шеърият, санъат ижодкорларидан бутунликни, фидойиликни,самимиятни талаб қилади. Шулардан чекинганингда санъатга ҳам путур етади. Шоира узоқ вақт маълум мавзулар доирасида қололмайди. Лекин деҳқон қизи Халима мана дорилфунунни битирди, унинг кўзига, истиқболига беқиёс катта жаҳон очиқ. Мавзулар доираси, кўлами аллақачон кенгайиб кетиши зарур эди. Саноатимиз, фанимиз, техникамиз кишилари — ўз замондошларини куйлаши керак. Ҳозирда бу муҳим мавзу унинг ижодида ўз аксини тополмади. Бу — ҳар бир қалам эгасининг фуқароликлик бурчи.

У темирқанот ҳамма ёш истеъдодларимиз сингари адабий жамоатчилик, китобхонларнинг ардоқли назарида. Ҳалима бундан бахтиёр. Мен ўйлайманки., ҳаётда ҳам қадами, ҳам қалами жиддий Ҳалимани бу ноёб бахтиёрлик туйғуси — истеъдоднинг оёғига болта урувчи бемаъни кибр офатидан омон сақлайди.

Ҳалима, ҳаёт ва биз — адабиёт жамоатчилиги сенинг зиммангга кўп вазифа ва бурчларни юклармиз, туйғун тафаккуринг қураётган тсғлар нурамасин. Юрагингдан очаётган боғларинг серҳосил бўлсин! Сен бахтиёрсан, сенинг янги шеърларингни китобхонга ҳавола қилишдан мен ҳам бахтиёрман.

1973

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.