Тонг куйчиси. Миртемир

Ўзбек шеъриятида Зулфия деган номнинг чақнаб пайдо бўлиши — тонг юлдузининг туғилишига тенг воқеа бўлгани ҳануз эсимда, ўша тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин бир ҳақиқат бу ўзи! Чигилликлар, тортишувлар, изланишлар тўлиқ бир паллада янги ва умидбахш бир садо, ёқимли бир соз жаранглаб кетган эди-да. Ўша кезда аёл зотидан қўлига қалам олганлар саноқли ва пайдо бўлиб улгурмайин сўниб қолар, ижодлари ҳам умумийроқ, бир-бировдан фарқсизроқ, ибтидоийроқ, жўнроқ назмгўйлиқдан нари ўтолмаган машқлар, ўхшатмалар эди. Давр ва поэзия аёл эрки, аёл қалби, изтиробга лиммо-лим она тимсоли, она армонлари, она бахтини, она дилини куйлашга қодир бир онабошига муҳтож ва интизор эди. Зулфия ана шу бўшлиқни тўлдириб қўлига соз олган, ўша чанқоқликни қондирган биринчи аёл, биринчи куйчидир. У биринчи машқларданоқ тонгга маҳлиё. Буюк ва пок тонг гўзалликларига ошиқ, тонгни қадрлашга фидойи, жасоратли ва уринчоқ куйчи бўлди. Зулфия судралиб юргани йўқ, ҳар янги шеърида илгарилаётгани аниқ, парвозга узоқ йиллар тайёргарлик кўргани равишда, сатрма-сатр, бандма-банд, шеърма-шеър теранлашиб, ярқираб, бурролик ва жаранг касб этган қалам соҳибасидир. Бу фазилат ва сажия хамирдан қил суғургандай осон ва ўз-ўзидан қўлга кирган эмас, албатта. Узлуксиз меҳнат, уриниш-изланишдан, тунлар уйғоқ ўгганидан, ёзиб-чизганидан, ўқиганидан, ўрганганидан, чарчаб аста чироқ сўвдирганидан, отаётган тонгни кутганидан, тонгни суюб, куйиб куйлаганидан ҳосил бўлади.

Зулфияхоним шеърларида тонг тимсоли, тонг тасвири буюк эрк, буюк бахт, буюк давр, буюк ва ёруғдунё тимсолвдай жаранглаб кетганлиги ва ҳануз ўшандоқ жаранглаб турганлиги ҳеч кимга сир эмас, ҳаммаси фақат меҳнатдан, узлуксиз меҳнатдан!

Иккинчи жаҳон уруши жаҳонга хавф солганда, эл бошига оғир айрилиқлар, ҳижронлар тушганида ҳам Зулфияхоним овози тиниб қолгани йўқ, балки янги жаранг, ўктамлик зиналарига кўтарила олди. Бу оғир йиллардаги умумшеърият оқимида Зулфияхоним овози ёрдан жудо ёш келин, ўғлидан жудо онаизор дилининг оғир изтироблари, ғалабага умидвор ва ишончи бор она тимсолининг ифодаси бўлди. Бу оғир йиллардаги Зулфияхоним шеърлари жангчи ёр ва жангчи ёрга вафодорлик садолари бўлди:

Тушда ҳам, ўнгда ҳам излайман сени,

Сен ёвни йўқ этиб, омон қайтгунча…

каби фиғонли, дардли, лекин аниқлик ярқираб турган сатрлар ўша йиллар ҳайқириғи-да! Она ҳайқириғи, ёр ҳайқириғи, давр ҳайқириғи, шу билан бирга бардамлик қўшиғи, субут ва садоқат қўшиғи, бир сўз билан айтса, вафодорлик қўшиғи. Нечоғлик содда-ю, нечоғлик теран ва эсда қолгудек!

Бу оғир йилларда Зулфияхонимнинг ўз бошига ҳам оғир жудолик тушди. Ўсал бир тасодиф қурбони бўлиб, унинг умр йўлдоши ва мураббийси, дўсти ва суюклиси Ҳамид Олимжон оламдан ўтди. Ҳамма қалам аҳли учун, ўзбек халқи учун, маданияти учун оғир бу айрилиқ Зулфияхоним учун ниҳоятда оғир бўлиши табиий, ахир! Оловли ишқ, одамийлик, сидқидил дўстлик ва тошқин меҳр ўз авж пардаларида узилиб қолиши фожиа устига фожиа бўлган эди-да. Зулфияхонимнинг дунёда энг яқин кишисини, юлдузи юлдузига тўғри келган забардаст шоирини унутиши мумкин эмас эди-да. Ҳа, унутиши мумкин эмас!

Буюк ҳинд халқида (ўша халқнинг бир тоифасида) яқин ўтмишга қадар мурдани ёндириш одати бор эмиш. Ҳайратомуз ва даҳшатли томони шундаки, ўлган эркакни ёвдирганда унинг тирик аёли ҳам ўтин устига чиқиб ўтирар ва бирга ёниб кетар эмиш. Яқин ўтмишга қадар!

Ҳамид Олимжон оловли ва кутилмаган бир фожиа туфайли гўё ёниб кетди-ю, Зулфияхоним ҳам ўша оташда баробар ёнди менинг назаримда. Фарзандларини отаси йўлида вояга етказиш, шеърни Ҳамидона вояга етказиш ўнғаймиди? Ҳануз ёнмоқда… Ўша ишқ, ўша суқ, ўша вафо — Зулфияхоним шеъриятининг ўзак мотивларидан бўлиб қолди.

Кўклам келганда, ўрик гуллаганда, дарё бўйида, тоғ этакларида, дўстлар гурунгида, олис-олис юртларда ҳамиша ва ҳамма жойда шоира кўз ўнгидан ўша азиз ва ёрқин шоир тимсоли нари кетган эмас. Ҳамид Олимжонни соғиниб жаранглаган шеърлар кишини лол қолдиргудек даражада Ҳамидона! Ўшандоқ содда, ўшандоқ аниқ, ёрқин ва дадил! Ўшандоқ асил, ҳақиқий шеърият! Ўшандоқ халқчил, ўшандоқ пишиқ ва ўшандоқ замонавий! Ўшандоқ олмос қирра, етакчи ва чақноқ!

Ҳамид Олимжон поэзиясининг талай сирларини ўрганиб олганига шоиранинг ўзи ҳам иқрор ва шу билан бахтиёр. Шундоқ! Икки ирмоқдан бир жилға оқмоқда эди, бири гўё тиниб қолди-ю, ўзга бири ҳамон оқмоқда, ўша жилға, ўша оқим, ўша мавж, ўша тўлқин! Зулфияхоним бу жилғада Ҳамид Олимжон учун ҳам оқмоқца. Унинг йўқлигини билдириш хаёлида ҳам йўқ, тўлиб-тошиб оқмоқда.

Ҳар бир шоирнинг ҳам ишонган кишиси шундоқ бўлса қани эди!..

Зулфияхоним шеъриятида вафо мотивлари билан бир қаторда ватанпарварлик, она табиатнинг моҳирона чизгилари, она тупроқ қўшиқлари, қардошлик қўшиқлари, оналик фахриялари, ватандошлик садолари ҳам энг ўзак мавзулардан.

Шоиранинг талай шеърлари адабиётимизда воқеа даражасига кўтарилган шеърлардир. «Рашк», «Сулув тонг», «Қозоғистон ўланлари», «Кўкчатов». «Сўроқлайди шоирни шеърим», «Кўзгу», «Кўзлари сузук», «Сенсиз», «Мушоира», «Қуёшли қалам» — ўҳ-ҳў! Ҳаммасини санашга ҳожат борми? Мисолларга ҳожат борми?

Жаҳон камтар, ўта заҳматкаш, билим уфқи кенг, ғоявий метин, эртани теран кўз билан кўра билишга қодир, доимо дили тошқин, оламни тимсоллар — образлар силсилалари кўзгусида тасаввур эгишга қодир етук ва асл шоира. Ҳозир шеъриятимизнинг ҳам, маданиятимизнинг ҳам, юртимизнинг ҳам ифтихори! Қолаверса, барча қардош халкдар фахри ва суюклиси ҳозир…

Жаҳонгашта ва тинимсиз шоира асарлари талай-талай халқлар тилида жаранглаб тургани ҳақиқат! Зулфияхоним ўзбек шеъриятини жаҳон минбаридан жаранглатганлардан бири ва балки биринчиси. Қозоқ ҳам, арман ҳам, тожик ҳам, украин ҳам, булғор ҳам, ҳинд ҳам, занжи ҳам, араб ҳам шоирамиз ижодидан баҳраманд ва унинг одамийлигига, санъатига, маҳоратига, жасоратига шайдо.

Донгдорлик ва довруқ бўлса шундай бўлади-да! Ўз Ватанимизда лауреат, ўзга юртларда лауреат – бу анчайин гап эмас, лауреатлик қошининг қаламлиги учун эмас, бўй-басти учун эмас, балки шеър учун, санъат учун, одамлар дилини жазиллатгувчи сўз айтолгани учун, халқ ишончини оқлаётгани учун!

Зулфияхоним шеъриятига хос томонлар — поэзиянинг ҳамма турларида ва ҳамма вазнларида қалам тебрата олишидадир. Сиёсий лирика ҳам, муҳаббат ўланлари ҳам, минбар шеъри ҳам, эркин шеър ҳам бирдек ўз ўрнида — ўз таъсирбахшлигида, ўз жарангдорлигида. Айниқса, замонга зарурлиги жиҳатидан воқеабанд, манзарали, кўз олдингизда ҳаётнинг бир парчаси, бир бўлаги ярқираб тургани турган. Бу, сўз йўқки, биринчи галда катта маҳорат белгиси, етуклик, ҳаётга яқинлик белгисидир. Асллик, яъни тақлилдан йироқлик ҳам шоира шеъриятининг яхши хусусиятидир.

Зулфияхонимнинг ўз отасининг темирчилик касбига ҳаваси, пўлат парчаларидан чақмоқлар сачратганига маҳлиё бўлгани ва ўшандоқ бўлишини орзу қилгани бизга маълум. Менимча, шоира орзусига тўла етган кўклам ва бахт жарчиси, тонг куйчиси, юракларда чақмоқ чақиб, оловлантириш бахтига эришган омадёр қаламкашдир. Шоира бутун ҳаётини, билимини, вақтини, уқувини — бутун ўзини ва ўзлигини шеъриятга бағишлаган, қисқача қилиб айтсак, шеърият учун туғилган жондир. Мен халқимизнинг фахри ва умиди даражасидаги бу шоирага фақат ва фақат шоира сифатида ёндашдим. Унинг бўлак яхши фазилатлари унинг шеъриятини тўлдиради, холос.

Зулфияхоним жумҳуриятим изнинг энг ёрқин сиймолари қаторида тилга олиниши ҳам бежиз эмас. Бу ғурур туйғуларимизга тағин ҳам ғурур қўшади! Нур устига нур, деганлари шу-да!

Зулфияхоним ҳозир ёлғиз эмас. Аёл қалбининг ҳароратини шеър қилгувчи Саида ва Ойдинлар, Гулчеҳралар, Ҳалималар пайдо бўлди. Ҳам издош, ҳам елкадош. Бир-бирига ўхшамаган ва ҳамиша юксакликка интилгувчи сулув шоиралар. Булар камолотида Зулфияхонимнинг меҳнати қанчадан-қанча. У онабоши буларга.

Суюкли ва ардоқди шоирамиз ҳамиша ҳаракатда. Илгарига қараб ҳаракатда, ҳамиша юксакликка қараб ҳаракатда. Унинг поэзиямиз кўкида тонг юлдузидай кун сайин янада ёруғроқ ва фусункорроқ ёнишига бутун дўстлари ва яқинлари, китобхонлари ва мухлислари қатори мен ҳам дил-дилимдан шодман.

Миртемир, Ўзбекистон халқ шоири

10

Чапдан ўнгга Ойдин Ҳожиева, фольклоршунос олима Музаяна Алавия, Зулфияхоним, шоирлар Миртемир ва Туроб Тўла

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.