“Саодат”да “Келинлар қўзғалони”. Раҳима Шомансурова

Олтмишинчи йилларнинг охири ёки етмишинчи йилларнинг бошлари эди. “Саодат” журналининг адабиёт бўлимини бошқарардим. Бир гал оргинал ҳикоя тайёрлашда ҳеч омадим юришмади.

Журнал босмахонага топшириладиган кун яқинлашган сари ҳикоя йўқлигидан менинг юрагим безовта. Охири Зулфия опамларга айтдим. У киши ҳам шу ташвишда, лекин сир бой бермай:

– Қайси ёзувчилар билан гаплашдингиз? – деб сўрадилар.

Каттагина рўйхатимни кўрсатдим.

– Шунча ёзувчимиз бўлса-ю, хотин-қизлар журналига битта яхши ҳикоя топиб бера олмасак, қизиқ-ку! – дедилар. – Саидахон, Саид Аҳмадлар билан ҳам гаплашдингизми? – деб сўрадилар.

Саида опамлар бир туркум шеър ваъда қилдилар. Саид Аҳмад ака катта асар билан банд эканлар…

Кейин Саид Аҳмад билан боғлаб беришимни илтимос қилдилар.

Телефонни Саида опа кўтардилар. Зулфия опамларга гўшакни узатдим ва икки катта ижодкор сўзлашаётганда хонада бўлишни ноўрин сезиб, аста чиқиб кета бошладим. Зулфия опамлар “Қолинг!” ишорасини қилдилар.

– Саидахон, эшитдим, янги шеърлар ваъда қилибсиз, – дедилар сўрашиб бўлгач, – жуда хурсанд бўлдим. Ижодингизга барака! Албатта олиб келинг, қўш саҳифада чиройли қилиб берамиз. Телефон қилаётганим – замондош аёл ҳақида Саид Аҳмаддан ҳам бир меҳрли ҳикоя ундириб олмоқчи эдик. Бормилар?

Саида опа Саид Аҳмад акани телефонга чақириб берганларида:

– Ассалому алайкум! Ҳорманг! Катта ишлар билан банд экансиз, қизларим айтишди. Худо қувват берсин! – дедилар. Кейин Саид Аҳмад асло йўқ дейишлари мумкин бўлмаган опаларча эркалик ва назокат билан: – Журналга оригинал ҳикоя масаласида Раҳимахон бироз қийналиб қолибдилар. “Саид Аҳмад акангизнинг столларида, жилла бўлмаса кўнгил бисотларида ҳикоялар кўп. Хаёлларидагини бўлса ҳам эрталабгача қоралаб берадилар”, деб ишонтирдим. Ҳақиқий ёзувчи қандай бўлишини бир кўриб қўйишсин-а ёшлар?!

Саид Аҳмад ака нимадир дедилар, шекилли, Зулфия опамлар бир ёқимли кулиб:

– Бу бошқа гап! – дедилар. – Эртага эрта билан кутамиз. Биласиз-ку, рассомга ҳикояга муносиб расм чизиши учун ҳеч бўлмаса бир кун беришимиз керак. Ҳа, индин – журнални босмахонага топширадиган кунимиз…

Елкамдан катта тоғ ағдарилгандек бўлди. Эртаси куни бир кулганимизда ҳамма ташвишлар унут бўлди. Чунки…

Эртаси эрта билан Саид Аҳмад ака Саида опа билан бирга бўлимга кириб келдилар. Биргалашиб Зулфия опамнинг хоналарига кирдик.

– Ҳикояни ўзингиз ўқиб берасиз деб, атай Саидахонни ҳам бошлаб келдим. Жуда чиройли ўқийдилар-да! – дедилар Саид Аҳмад ака.

Лекин ўша куни ҳикояни Саида опа ҳам, Саид Аҳмаднинг ўзлари ҳам, мен ҳам охиригача ўқий олмадик. Ҳаммамизга кулги келаверди. Яримидан ўтганда Зулфия опамлар:

– Бўлди-бўлди! Ўзим ўқиб оламан… Ўзимга қолдиринглар! – дедилар кулги оқибатида чиққан кўз ёшларини дастрўмол билан артар эканлар. Улар ҳам кулгидан ўзларини аранг ушлаб турардилар. – Аёлларга бўлган меҳр-муҳаббатингиз учун раҳмат! Аммо Фармонбибини жуда топибсиз! Кўрасиз ҳали, ҳамма у кишини яхши кўриб қолади. Раҳмат! Ҳозироқ рассомга айтамиз, расмларни чизаверсин… Етти келин, қўлида етти хил самовар билан … А, нима дейсизлар?

Зулфия опамлар ҳозиргина ўқилган ҳикояни аллақачон журналда кўраётган эдилар. Етти хил самовар кўтариб келаётган баланд-паст, семиз-ориқ келинларни кўз олдиларига келтирдиларми, ҳикоянинг ўқувчиларимизга берадиган завқидан севиндиларми, яна кулдилар. Эрталабдан ҳаммамизга яхши кайфият бахш этган ёзувчимизга раҳмат айтиб, ҳикоя икки сонда босилишини айтдилар.

Бу – “Келинлар қўзғолони” эди. Йўқ, пьеса эмас, Саид Аҳмад ака бир кечада йўқдан бор қилиб, атай “Саодат” учун ёзиб берган янги ҳикоя! Кейинчалик ҳамманинг “ичак узилди” кулгисига сабаб бўлган “Келинлар қўзғолони” спектаклига асос бўлган умрбоқий ҳикоя!

Кейинчалик Саида опа ҳаммамизни спектакл премъерасига таклиф этар эканлар:

– Бу чиройли нарсанинг дунёга келишида сизларнинг ҳам ҳиссангиз катта ахир! – деганлари эсимда.

Раҳима Шомансурова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

saodat
Фотосуратда чапдан ўнгга драматург Комил Яшин, Саид Аҳмад, Зулфияхоним, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.