Осиё аёллари — адабиёт равнақида

Менинг назаримда, аёл эзгулик демакдир, эзгулик эса ҳаётнинг манбаи. Аёл ҳаёт манбаи, гўзалликлар, эзгуликлар яратувчи беминнат бир меъмор эканлиги ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Неча асрлар, неча юз асрлар китобларини варақласак, биз унинг ҳар саҳифасидан соддалиги, оқилалиги, самимийлиги, сахийлиги ва заковати билан гўзал қиёфада бизга боқиб турган аёл рухсорини, аёл қиёфасини кўрамиз, хилма-хил туйғулар қонимизни тезлатади, ачинтиради, ёки аксинча, сени ўша жинсга мансублигинг билан фахрланадиган даражада шодлантиради.

Қайси шоир аёл латофатини мадҳ этиб, гўзал ғазал битмаган. Қайси ҳофиз куйламаган унга бўлган муҳаббатини?! Биз қайси давр, қайси эл ва қайси тилда ёзилган адабий асар бўлмасин, аёл ҳақида такрор-такрор ўқишга ўрганнб қолганмизу, аёлларимизнинг адабиёт ривожида ҳам ҳиссалари борлиги ҳақида ўйлаб кўрмаганмиз. Негаки, уларнинг кўплари ёки бизга етиб келмаган, ёки замон тақозоси билан дилларидан қоғозга тушмай кўмилиб кетган. Ёки саводдан маҳрумлиги туфайли шеъриятнинг тиниқ булоқларига йўл тополмаган.

Лекин мана бизнинг дориломон давримизда гавҳарлар денгизининг энг тубдагиси ҳам илиқ покиза кафтларга кўтарилиб халққа бериляпти. Биз энди Зебуннисо ва Нодирабегим шеърларини, Нотавон ва Махасти ғазалларини, ҳинд шоираси Сароджини Найду ва бангладеш шоираси Сўфия Камол шеърларини ўқиганмиз. Бугунги умумсовет адабиётимизга назар солсак, Иттифоқимизнинг ҳамма ерида турли тил ва турли жанрда ижод этиб шуҳрат қозонган қалам эгаларини қувонч ва кфтихор билан тилга оламиз…

Қардош Қозоғистоннинг гўзал пойтахтида иш бошлаётган Осиё, Африка ёзувчиларининг бешинчи конференцияси ҳақидаги ўйлар тизмаси бундан ўн беш йил муқаддам мана шундай тўкин кузда ўтган конференциянинг биринчисидан бошланади. Шу конференцияда иштирок этган шоира ва адиба дўстларим, қардошларим, дугоналарим эсимга келади.

Мен жуда катта ифтихор билан айта оламанки, Осиё, Африка мамлакатлари адабиёти ривожида, айниқса, Марказий Осиё адабиётлари равнақида аёл ёзувчиларнинг ўрни энг офтобрў жойлардир.

Арманистоннинг машҳур ва ҳамма халқлар томонидан севилган шоираси Сильва Капутикян ва доғистонлик шоира Фазу Алиева, озарбайжонлик Марварид Дилбозий ва Нигор, туркман шоираси Товшан Эсенова ва ёш, жуда истеъдодли қозоқ шоираси Марямхон Абулқосимова, Фариза Унгарсинова, адиба Ойимхон Аритбоева… Мен рўйхатимни шу ерида тўхтатиб, яна конференцияга ўтаман.

Шундай қилиб, Осиё, Африка ёзувчиларининг бирдамлик ҳаракати майдонга келди ва биринчи конференцияси 1958 йилда Тошкентда бўлиб ўтди. Бу конференцияда халқлар ва адабиётлар учун жуда муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бутун дунёга нотинчлик солиб турган ва ҳали у ерда, ҳали бу ерда уруш оловини ёқиб турган, Осиё-Африканинг қанчадан-қанча мамлакатларини мустамлака исканжасида тутиб турган империализмга қарши курашда жаҳонда тинчлик учун, дўстликни мустаҳкамлаш йўлида ёзувчи ўз халқига қандай ёрдам бериши, нима қилиши зарурлиги муҳокама қилинди, мамлакатлар ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлаш ва унинг энг муҳим омилларидан бири бўлган адабий асарларнинг таржимаси ва сиз билан биз учун, азиз дугоналар, энг муҳим ва қувончли бўлган масала—адабиёт тараққиётида хотин-қиз ёзувчиларнинг роли каби масалалар кўрилиб, жуда катта муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилинди. Шу конференцияда жаҳонга машҳур бўлиб кетган Тошкент руҳи туғилди.

Тошкентда бўлган конференцияда Осиё, Африка мамлакатларидан анчагина аёллар қатнашди, улар муҳим масалалар юзасидан муҳокамаларда актив иштирок этишди, конференция шу хулосага келдики, ҳамма ерда, айниқса Марказий Осиёда хотин-қизлар — қалам эгаларининг умум адабиёт тараққиётига қўшган ҳиссалари катта.

Аёл жаҳонга ўз танидан юлиб ҳаёт беради, уни ўстиради ва унга ёрқин, осойишта келажак истайди. Аёл гражданин сифатида ўзи яшаётган тупроғида тинчлик бўлиб, халқи иқтисоди, маданияти, санъати яшнашини истайди ва шунга хизмат қилади. Аёл ўзи — гўзаллик ва эзгулик билан згизак дидли. Гўзаллик ва ҳаёт эса ҳамма нарсани ямлаб симирувчи уруш оловига ёв… Мана шунинг учун аёлнинг овозида — шеърида, романида, ҳикоясида, қўйингки, бутун ҳаёти ва фаолияти билан, баҳоли қудрат ана шу тинчлик, осойишталик, гўзаллик, эзгуликни ҳимоя қилади, бири деҳқон сифатида далада, бири ишчи сифатида заводда, бири жамоат арбоби сифатида, бири шундоқ, аёл, она, инсониятнинг бир зарраси бўлган ўз оиласининг тираги, асоси сифатида яхши ниятлар билан яшайди.

Шу туфайли ёзувчи аёллар ижодида энг асосий мавзуи оналик бахти, фарзанд ва унинг келажаги ҳақидаги ўйлар, Ватан ва элнинг осойишталиги ҳақидаги фикрлар, бутун халқлар билан дўстлик, бирлашиб, бирдамлашиб, курашиб, жаҳонда тинчликни сақлаб қолишга, фарзандларга энг яхши кела- жакни таъминлашга чақириқ янграйди.

Мана, машҳур араб шоираси, менинг энг яхши дўстларимдан бири Малак Абдулазиз шеърларига қулоқ солинг. Уз халқи бораётган йўлни танлагани ҳақида бундай ёзади:

 

БИЗ ТАНЛАГАН ЙЎЛ

 

Энг оғир бнр йўлни танлаб олдик биз,

Мақсад қилиб олдик тоғ чўққисини.

Зилол ўрмон имлаб тортди кўзимиз,

Лекин совуқ билиб унинг кўксини

Ўша мушкул йўлдан қайтмадик бир он,

Дармонимиз тугаб, оғриса ҳам тиз,

Илҳом, ишонч билан юрдик тинмай биз

Танланган шу йўлдан ўз мақсад томон.

Бу йўлни ўз хоҳиш, дилдан танладик,

Қанча машаққати қолди орқада.

Интилган чўққида тонг қаршиладик,

Сўнмас нури яшар қонда ва жонда.

Фарзанд ва авлодлар озод, бахтиёр

Ҳаёт кечирсин деб танладик уни,

Гарчанд ҳамон йўлда мушкулликлар бор,

Барин осон қилар ўша тонг нури.

 

Биз араб халқларининг ўз мустақилликлари, озодликлари учун, янгн ҳаёт учун олиб борган курашларини ва ниҳоят, галаба қозонганларини биламиз. Мана, Малак Абдулазиз ана шу кураш йўли нақадар қийин бўлмасин, мушкул бўлмасин, тоғ чўққисидай ярқираб турган янги ҳаёт йўлини танлагани ва у тонгга халқи билан етиб бориш бахтига сазоворлигини куйлади.

Тошкент конференциясининг қатнашчиси ҳинд шоираси Пробжот Каур Малак Абдулазиз фикрини давом эттнргандай, шундай дейди:

«Қийинчиликларга қарши кураш кишига жасорат бағишлаб, уни метин каби чиниқтиради. Адабиёт ва санъатни халқ яратади, халқ эса эркак ва аёл демакдир. Демак, аёл ҳам эркак каби адабиёт тараққиётида катта хйсса қўшиши мумкин, лекин бунинг ‘учўн маълум шаропт, тажриба, бнлимга эга бўлмоғи керак аёл ҳам.

Осиё уйғонди, бизнинг мамлакатда ҳам ҳар соҳада, шу жумладан, адабиётда ҳам ўз истеъдодимизни намоён қилишга шароит яратилмоқда, тажриба, намуна масаласига келсак, бпзга қардош халқлар ҳаёти, ёзувчилари тажрибаси ижодимиз йўлини ёритиб туради».

Мана, кореялик адиба нима дейди: «Адабиётда аёллар ҳиссаси салмоқли бўлиши учун, муҳим ва катта ўрин тутиши учун аёлларнинг ҳуқуқ озодлиги, худди Марказий Осиё сингари амалда таъмин этилган ижтимоий жамият барқарор бўлиши керак».

Негр шоираси ёзади: «Мен куйлашни истайман, ўтмиши ҳам, бугуни ҳам, эртаси ҳам бутун кучини олиб кетаётган халқим учун куйлашни истайман, одамларнинг кирини ювиб, дазмолловчи, овқатини пишириб, экинини экувчи, ҳосилини йиғиб хўжайинга топшириб, ўзи оч яшовчи, данғиллама кошоналар қурнб берпб, ўзи чайлаларда кун кечирувчи бечора заҳматкаш халқим учун куйлайман».

Мана сизга аёл! Аёлга ижод этиш учун, шубҳасиз, шаронт керак. Лекин халқ ҳаёти билан ўз ҳаётини чамбарчас боғлаган экан, у куйлайверади. Шубҳасиз, Пробжот Каур айтгандай, шароит бўлса, адабиёт тараққиётида унинг ҳиссаси жуда катта бўлар эди.

Назаримда, мен сизга маълум даражада Осиё-Африка шоираларининг мушоирасини қуриб беряпман. Дарҳақиқат, Олмаотада ўтадиган бешинчи конференция ҳам икки қитъа ёзувчиларининг буюк мушоираси-да!

Мана, даврамизга япон шоираси Такигути Масака кирди деб тасаввур қилинг: «Мени суянггиз» деб аталади унинг шеъри:

 

Мен душман ва ёт бир бўшлиқда қолдим,

Гуллар ҳам очолмас руҳим ва кўнглим.

Ер — осмон сирғалиб кетар йўқликка.

Мен танҳо! Қўрғошин каби муз бўлиб

Совуқ тупроқ узра чўзилмоқдаман,

Одамлар!

Қуршангиз, суянг, йиқилмай,

Мовий ҳавосимон, қайноқ меҳрсимон

Битмас денгизсимон олинг оғушлаб,

Одамлар, қалбимнинг уфқига чиқиб,

Ҳаётбахш ҳарорат билан ўрангиз,

Одамлар!

Мени суянг, суяб қўлдан тутиб,

Бағрингизга мен ётган ердан

Кўтариб олингиз, суянг, одамлар…

 

Бир дарахт боғ бўлолмагандай, инсон танҳоликда яшай олмайди. Инсон халқ билан, ўз эли билан ҳамдард, ҳамбахт, ҳамнафас, ҳамкорликда бахтиёр. Ана шу танҳоликка душманлик, инсонлар билан ёнма-ён яшашга интилиш — ёзувчиларнинг бирдамлик ҳаракатига ҳам асос солди, ҳам унинг йўналишини белгилаб берди.

Бугун биз Олмаота конференциясига йиғилаётган бир даврда бизнинг ана шу Осиё, Африка ёзувчилар бирдамлиги ҳаракатига ўн беш йил тўлади. Ўн беш йил ичида фақат биз бешинчи марта учрашаётганимиз йўқ. Бу ўртада қанча-қанча учрашувлар, симпозиумлар, пленумлар, делегациялар алмашуви, китоблар таржимаси, шахсий учрашувлар бўлди. Буларнинг ҳаммасини конференция дейиш ҳам мумкин, демаслик ҳам. Гап учрашувда қатнашган кишилар миқдорида эмас, унинг моҳиятида. Моҳият эса аниқ — дўстлик ришталари борган сари мустаҳкамланади, кишилар тажриба алмашиб, руҳан бойийди, ўз халқлари, маданиятлари — қўлга киритган янги ютуқлар баҳам кўрилади, қандай халқлар ҳаёти, маданиятини яхшироқ ўрганиш, яқинлаштириш йўллари белгиланади.

Мана, биз шу кунларда йиғиладиган Олмаота конференциясида ҳам моҳият-эътибори билан шу нарса олдинга сурилади, бу йўлда айтилган тажрибалар алмашиниб, янги вазифалар белгиланиб олинади.

Мен аминманки, шу чоққача Тошкентда, Қоҳирада, Байрутда, Деҳлида ўтган тўрт конференциядагидан кўра, Олмаота конференциясида иштирок этувчилар орасида аёллар яна кўпроқ бўлади.

Биз Олмаота конференциясида ҳаёти ва фаолиятини, қаламини, бутун ижодини халққа, умуминсониятга хизмат қиладиган маданиятга бағишлаган жасур ва фидойи ёзувчилар сафида қадрдон бўлиб қолган қаламкаш дугоналаримиз билан учрашамиз, деб умид қиламиз ва менинг ишончим комилки, улар орасида янги номлар, сизга фақат асарлари билан таниш ёки ҳатто таниш бўлмаған шоира ва адибалар бўлади. Бу учрашув ҳар биримиз учун ҳам қувончли, руҳий бойиш бўлади.

Зеро, ҳар бир учрашув — инсоннинг инсон билан учрашуви, китобхоннинг китоб билан учрашуви, халқнинг саҳна асарлари, кино-фильмлари билан учрашуви — кишига руҳий бойлик бағишлаши билан бирга халҳларни бир-бирини яхшироҳ таниб, яқинлашишга, маданияти, санъати, ҳаётини яхшироқ ўрганиб, уни ҳурмат қилишга хизмат қилади.

Биз ҳаммамиз бир давр ва бир маконда, бир сайёрада яшаймиз, ҳаммамизнинг — айниқса, биз аёлларнинг маслагимиз тинчликда, дўстликда, осойишталикда яшаб меҳнат қилиш, ҳаётимиз боғи—фарзандларни ўстиришдир. Биз Ватанимизнинг гулгун яшнаб, қудратга, гўзалликларга тўлишини истаймиз.

Бизнинг истагимиз жаҳондаги тараққийпарвар, тинчликсевар, дўстлик туйғулари қонларини янгилатиб турадиган халқлар истагига пайванд.

Биз тўла ишонч билан айта оламизкн, Осиё, Африка ёзувчиларининг бешинчи Олмаота конференцияси ана шу истакларнинг ҳаммаси ҳаётда қарор топишида янги, ннҳоятда йирик қадам бўлади. Сиз ва биз, дугонажонлар, жаҳонда тинчлик ҳамиша барқарор бўлишига ишонч билан яшаб меҳнат қиламиз, фарзандларимиз беланчаги тепасида ёрқин, майин аллалар айтиб, яйраб яшашимиз мумкин.

 

Аёл шоир қалби тонг-ла уйғонар,

Мисли ёлғиз мунис қуш каби,

Учар, учар, тинч макон излар,

Ҳаёт унга бўлсин дўст каби.

Тоғлар чўққисига кўтарилар,

Водийларга ёйилар — эрка,

Фарзанд ва қардошлар бошига елар

Ёстиғини тарк этиб эрта.

Юлдузлардан учқунлар олиб

Ҳар инсонга ёқар гулхан ул.

Ёритмаса дилни ҳарорат бўлиб,

Шоир бўлиб кимга керак ул?

 

1973

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.