ОНАЛАР АЙТГАН ДОСТОНЛАР

ГАБРИЭЛА МИСТРАЛЬ

Зулфия таржималари
09

У ҚАНАҚА БЎЛАР ЭКАН?

У қанақа бўлар экан? Гулларнинг япроғига узоқ тикилиб, кейин у баргларни қувонч билан ушлаб кўраман: мен ўғлимнинг рухсори худди шу гул баргидай, юмшоқ, беғубор бўлишини орзу қиламан. Мен маймунжоннинг новдаларини тўзғитиб ўйнайман. Мен унинг сочлари қора ва қуюқ бўлишини хоҳлайман. Бордию болам қорачадан келган, кулоллар севадиган қизғиш лойнинг рангига ўхшаган бўлса ҳам, сочлари менинг бутун ҳаётимдай оддий, силлиқ бўлса ҳам ҳечқиси йўк.

Мен тоғлардаги туманга қопланган ўнгирликларга тикиламан. Назаримда, туман худди қиз бола қиёфасига, нозик-ниҳол қиз боланинг қиёфасига ўхшаб кетади. Майли, қиз туғилса ҳам.

Лекин энг муҳими, бола худди эримнинг нигоҳидай мулойим, меҳрли, иссиқ нигоҳ билан менга боқадиган бўлсин, боланинг овози худди эримнинг товуши сингари дилбар, эркаловчи, самимий бўлсин. Зеро, мен кутаётган инсонни худди ўз бўсалари билан мени бахтиёр этган кимсани севгандай севай.

УМРЛИ ДАРД

У менинг жисмимда азоб чекаётганидан беҳол бўлиб рангларим ўчиб кетади. Унинг қимирлашидан дард чекаман, мен кўрганим, лекин танамда ардоқлаб юрганим жоннинг бир ҳаракатидан ўлиб кетишим ҳеч гап эмас.

Аммо мен бу дардни ҳис қилишим, унинг менга боғлиқлиги фақат танимда эканлигидангина деб зинҳор ўйламанг. У дадил қадам ташлаб ўз йўлини топиб юрганда ҳам, ҳатто жуда узоқлашиб кетганда ҳам унга келган шамол менинг танамни қамчилайди ва унинг чинқириғи менинг лабларимдан кўтарилади. Менинг йиғим, менинг табассумим сенинг чеҳрангда туғилади, ўғилгинам!

ШУ ТУФАЙЛИ

Майсаларнинг тагидаги ингичка жилға каби уйқуда ётган шу жон ҳаққи, менга озор берманг, оғир юмушларни буюрманг, агар қандайдир таомни тусамай қолган бўлсам, шовқин-суронни кўтаролмай қолган бўлсам, ўша жон туфайли мени кечиринг.

Ҳаётнинг ҳамма пасту баланди, рўзғорнинг оғир-енгилликлари ҳақида мен боламни йўргакли килганимдагина мен билан сўзлашишингизни илтижо қиламан. Қўлингизни пешонамга қўясизми, бирон озор топиб ўша ердан нидо беради.

ЕР ТИМСОЛИ

Мен илгари ернинг асл қиёфасини кўрмаган эканман. Ер худди қўлида гўдак кўтариб турган аёлга ўхшайди.

Мен энди нарсаларнинг оналик моҳиятини англай бошладим. Менга қараб турган ана у тоғ ҳам — Она, оқшомлари туман унинг кифтларида, тиззаларида худди гўдакдай эркаланиб ўйнайди. Мен водийдаги ўнгирларни эслайман. Унинг тубларида қоялар ҳимоясида ҳаммаёқни куйга тўлдириб ирмоқ чопади, мен ҳам худди шу ўнгирга ўхшайман. Мен ўз жисмимнинг туб-тубида кичкинагина ирмоқни ҳис қиламан. У ўзига йўл топиб, ёруғ дунёга келгунча мен ўз танимни қоя сингари унинг ихтиёрига топширганман.

БОЛАМНИНГ  ДАДАСИГА

Дадаси, менга ёндашманг. Худди сув ўзидан нилуфар бунёд этганидай, сиз менинг борлиғимда инсон ато қилдингиз. Энди мен нилуфар ўсаётган кўлдай осойишта бўлмоғим лозим.

Мени севинг, илгаригидан кўра қаттиқроқ севинг. Мен мурғаккина бўлсам ҳам сизга, сизнинг ҳаёт йўлларингизга ҳамроҳ бўладиган жон ҳадя қиламан. Мен жуда кўримсизман, мен сизга олам лаззатларидан тўла баҳраманд бўлишингиз учун яна бошқа кўзлар, бошқа лаблар туҳфа этаман. Мен шундай мўртманки, севгингиздан ҳаёт шарбати тўла шишадай дарров синиб, шарбат каби ёйилиб кетаман.

Кечиринг мени, дадаси! Менинг юришларим ҳам беўхшов, чой узатишларим ҳам қўпол, начора, ҳаммасига ўзингиз сабабсиз. Мана энди аранг қимирлаб юрибман.

Менга ҳар қачонгидан кўра ҳам меҳрибонроқ, ғамхўрроқ бўлинг, дадаси, жонимга ҳаяжон солманг, юрагимни ҳам ўйнатманг.

Мен энди — енгил, ҳарир бир пардаман. Бугун менинг таним мисоли бир парда, унинг остида гўдак ухлаяпти.

ОНАЖОН

Онам мендан хабар олгани келди. Биз ёнма-ён ўтирибмиз. Биз ҳаётимизда биринчи бор қандайдир оғир синовлар ҳақида сўзлашаётган эгачи-сингилдек ўтирибмиз.

У титроқ қўллар билан менинг қорнимни силади ва кўкракларимни очиб, авайлабгина учларини ушлаб кўрди. Назаримда, унинг қўллари тегиши билан мен худди нафис гулдек очилиб кетдим. Ва кўксимни қандайдир ёқимли ҳислар тўлқини тўлдириб юборди. Қизариб, уялибгина, не андишалар билан танамдаги дардларим ва хавотирларим ҳақида сўзладим.
Сўзлар эканман, онамнинг кўксига бошимни қўйиб олибман. Мен қайта бошдан ҳаёт олдидаги таҳликадан унинг қўлларида йиғлаб турган кичкинагина қизалоқ бўлиб қолган эдим.

СЎЗЛАБ БЕРИНГ, ОНАЖОН!

Бошингиздан кечирган оналик дардларидан хотирангизда қолганини менга ҳикоя қилиб беринг, онажон! Қани, айтинг-чи, бола қандай туғилади? Таначаси ҳали менинг танамга боғлиқ гўдак қай йўсинда ёруғ дунёга келади?

Айтинг-чи, онажон, менинг кўкрагимга унинг ўзи талпинадими ёки менинг ўзим кўкрак тутишим керакми?

Меҳру муҳаббат ҳақидаги ҳамма билимларингиздан воқиф этинг мени, онажон! Янгича эркалашга, энг нозик, энг латиф эркалашга — эримнинг эркалашларидан ҳам ўтли эркалашга ўргатинг мени!

Уни қандай қилиб чўмилтираман? Қандай қилсам унга озор бермасдан йўргаклайман?
Мени тебратиб ўлтириб айтган аллаларингизни энди менга ўргатинг, онажон! Ҳамма қўшиқлардан ҳам гўзал бу алла гўдакни ором оғушига олади, онажон!

МУҚАДДАС ҚОНУН

Айтишларича, танамда жоним дилдираб колибди. Лекин мен ўзимни жуда енгил ҳис қилиб, эркин нафас оляпман.
— Мен ким бўлдимки,— дейман ўзимга-ўзим,— ўғлимни тиззаларимда эркалаб ўлтирсам?
Ўзимга-ўзим жавоб киламан:
— Аёл! Севгувчи ва севгиси биринчи бўсадан зурриёт тилаган аёл! Замин менга ва мен қўлларимда кўтариб турган ўғлимга қарайди ва мени шарафлайди. Чунки эндиликда мен мевали пальма дарахтиман, жўяклар мисол жаҳонга ҳаёт берган мевали ва муқаддасман.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.