Мушоира. Достон

Гўзал тупроқ узра қуйилди оқшом,

Кундуз олар дам,

Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстим, кел сен ҳам!

 

Бунда узоқдаги дўст бўлар яқин,

Санъат, маҳоратнинг байрами бунда.

Қофия, сўз, мисра баҳслари қизғин,

Юраклар даврага киради бунда.

 

Қай дил чамани бой, жозиб нафаси,

Кимнинг фикри ўткир, теран, бокира?

Бу гурунг – шоирлар мусобақаси –

Шарқ шеърий чамани, бу мушоира!

Без имени-1

Ҳинд тупроғи узра қуйилиб оқшом,

Кундуз олгач дам,

Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстлар бўлиб жам.

 

Юраклар жўр экан, овоз ҳамоҳанг.

Зарра эҳтиёж йўқ муҳташам залга.

Бу шеър боғига гўзал, ранг-баранг

Қўшиқ солиб келган ҳар шоир дилга.
Нил қудратин жўшиб куйлар бир шоир.

Ўзгаси Ганг мисол қилар замзама.

Фақат манго нусха ажойиб чодир

Бу гўзал даврага ажиб бошпана.
Бенгал кўрфазидай кўк эди оқшом,

Атрофда табиат оларди нафас,

Ранг-баранг чироқлар шуъласи бесон –

Осмон кўзларида этар эди акс.

000007

Салқин соҳиллардан эсган шаббода

Гоҳ олиб келарди гуллар бўйини.

Гоҳ ҳинду қиз куйин, гоҳ яқин боғда –

Сайраган анвои қушлар куйини.

Лекин ҳоким эди даврада илҳом

Ва жасур қалам.

Жўшқин мушоира этарди давом,

Дўстлар бўлиб жам.
Ўзбек супасидай саҳнада гилам

Чироқда ёнарди гўё камалак,

Меҳру муҳаббатин кўрарди баҳам

Ҳақиқат ва нурга интилган юрак.

012

Саҳнага чиқарди сипо ва вазмин

Чинор ҳам, ниҳол ҳам шеър чаманидан.

Кекса-ёш отаю фарзанддай яқин

Ёнма-ён дўстликнинг бу байрамида!
Шарқнинг ҳам бузилмас одатлари бор,

Ҳиндлар удумига қиламиз амал.

Чордона қурамиз меҳмон ва мезбон

Камалакранг гилам узра бемалол.

 

Пойгакда ечилган хил-хил пойафзал,

Менинг назаримда ўзи бир дунё.

Ҳар бири ўзида меҳнат ва гўзал

Эли тупроғини келтирган гўё.

 

Ажиб Ҳиндистоннинг моҳир, миришкор

Косибин санъатин қилиб намойиш –

Ҳиндлар сандаллари тизилган қатор.

(Сандал дарахтидан ясалган эмиш.)

 

Жуда соз! Албатта кийиб бирини,

Сафарга дўстлар-ла мен ҳам чиқаман.

Ҳар қўлга тутқазиб халқим меҳрини,

Буюк Ҳиндистонни яёв кезаман!
Хитойнинг бежирим, Боғдоднинг пухта

Оёқ кийимлари турар ёнма-ён.

Қарайман, Цейлон бор ва бошқа жуфтда

Эрон косибининг санъати аён.
Мўғулча этиклар Панжоб кафшига

Эртак сўзлагандай эгилиб турар…

Кўзлар қувонади инсон ишига,

Шод этар тупроғу меҳнат ва ҳунар.

 

Сўнгра теваракка сездирмай секин

Мен ҳам ўз туфлимга ташладим кўзим.

Ёмон эмас, Аҳмад, моҳир, камтарин

Ватандош, ишингга олқиш ўқидим.

 

Биламан, сенинг ҳам бунда дўстинг бор,

Балки Бомбейда у, балки Кашмирда.

Қаерда бўлмасин худди сен мисол

Яшайди даврада янграган шеърда!

 

Чодир ичи гавжум, кўзлар мунтазир,

Микрофон олдида давра соҳиби:

Кумушдай сочида жилваланар нур,

Кўзида ёшликнинг сўнмас ёлқини.

 

Неларни кўрмади бу кўзлар? Юртда

Кўз ёши дарёдай оққанин эслар,

Ирода ва умид тобланиб ўтда,

Қари ҳақсизликни ёққанин эслар.

 

Энди Ҳиндистони устида офтоб,

Шунинг-чун ёш, дадил, мунаввар боқар,

Бизни шеър баҳсига қилади хитоб.

Қўшиқ юраклардан дарёдай оқар.

 

Гўзал таржимондир зангори оқшом,

Ҳар юрак ҳамдам.

Бизнинг мушоира этади давом,

Дўстим, кел сен ҳам!

 

Мана, мусиқадай, севгидай майин,

Даврага киради Панжоб булбули.

Нафис сатрлари ёниқ ўтдайин,

Жасур жаранглайди оналик дили.

 

Шеър ўқийди Непал, Вьетнам, Хитой,

Рус, тожик ўқийди шеърини сарбаст.

Қора алангадай соқолли сингхлар

Қордан оқ либосли бенгаллар, ҳиндлар,

Завқидан тебраниб нақ тўлқинли сой,

Тингларди ҳаяжон оғушида маст.

 

Қўшиқ-чи?

Гоҳ кураш,

гоҳ қиз севгиси,

Гоҳ кўкдан нон кутиб кўр бўлган нигоҳ,

Гоҳ гўдак кулгиси, гоҳ банан иси,

Сурмали кўзларнинг нози бўлиб гоҳ;

Гоҳ бўғиқ ҳақиқат дод, ҳайқириғи,

Гоҳи юлдуз каби йироқ, ёрқин бахт.

Қулликка санчилган ғазабнинг тиғи,

Гоҳ эрк тантанаси берган адолат –

Осиё, Африка картаси бўлиб,

Ҳаёт аламига, бахтига тўлиб,

Кириб келар эди дилдан дилларга.

Еллар мисраларни диллардан юлиб –

Миллион йўллар билан бутун элларга.

 

Кетарди гўё бир самимий сайёҳ,

Ёлқин қанотида дўстлик ва меҳр,

Гўё шарқликларнинг бахтига гувоҳ,

Ғарбни чорлар эди даврага шеър.

 

Эй латиф, фусункор ҳинд оқшомлари,

Не сеҳр бор эди зангор қўйнингда?

Тингловчи ва шоир ҳаяжонлари

Бир улкан қалб бўлиб тепар тўлқинда.

 

Янги куй, янги ўй олиб шоирлар,

Даврага келарди, келарди ҳамон.

Дилларни пайвандлар эди сатрлар

Дўстлик, қардошликнинг кўпригисимон.

 

Ёру биродарнинг меҳрига сероб.

Юракдай даврамиз борар кенгайиб,

Жафокаш қонига солиб офтоб,

Кўзида қалбининг оқлиги ёниб –

 

Африка фарзанди ўқийди шеър,

Ирмоқдай қуйилар тинчлик сўзлари,

Ором оғушига кирган бўлар ер,

Ёрқинроқ чақнайди кўк юлдузлари.

 

Сен эрмак эмассан, сен – нон, сен – ором,

Орзу покиза.

Сен Ҳаёт! Ҳаётни куйла сен мудом,

Эй, мушоира!

 

Сен чорла, овозинг эшитсин жаҳон!

Шеърнинг уриб турган юраги бўлиб,

Ҳаётнинг энг ажиб куйига тўлиб

Даврамизга кирсин ишчи ва деҳқон,

Ҳаёт санъаткори энг оддий инсон.

 

Балки у шеър ёзиб, ўқимаган ҳам,

Ижоднинг лаззатли дарди бегона.

Кураши – қалбида қайнаган илҳом,

Китоби – эркка ишқ, орзу ва ғоя.

 

Майли, ўрин олсин, бу шонли сафдан,

Шоирлар куйига бўлсин ҳамовоз.

Меҳнат-ла яратган саодат, бахтдан

Нақл этган мисралар кенг қилсин парвоз.

 

Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг

Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.

Хавфдан халос бўлган башариятнинг

Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон.

 

Даврамиз меҳрга тўлиқ бир олам,

Дўстлар бари жам,

Буюк мушоира этади давом,

Келингиз сиз ҳам!

 1958

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.