Меҳриноз Аббосова шеърлари

Ҳуррият йўлида

 

Ҳуррият йўлида собит юрган халқ,

Бугун манглайида нур югурган халқ,

Буюк Давлат қурган, Ватан қурган халқ,

Ватан қурмоғларинг осон бўлмади.

 

Кўзинг шу кунларга етгунича то,

Бир инсон қўлингдан тутгунича то,

Қора булут тарқаб кетгунича то,

Бошингда мусаффо осмон бўлмади.

 

Қатағон ўтида қоврилдинг , ёндинг,

Ким сен чун жон берди, ким сендан тонди,

Фидойи чиқмади ҳар бир фарзандинг,

Ҳамма шоиринг ҳам Усмон бўлмади.

 

Ҳали кўп дилимда сенга айтар сўз,

Менинг тирноғимдан сочим қадар сўз,

Кексалар тилидан уваланар сўз:

Шу чоққача бундай даврон бўлмади.

 

Бу боғбон шунчаки боғбон эмасдир,

Бу боғда гул умри ҳазон эмасдир,

Энди ўзбек бўлиш осон эмасдир,

Ўз-ўзидан Ўзбекистон бўлмади.

 

Ўзбекистон бўлиш осон бўлмади.

 

 

Баҳорим

 

Юрагимни шоир билган баҳорим,

Юрагимни шоир қилган баҳорим.

Осмонлардан йиғлаб-йиғлаб ерга тушиб,

Кейин бойчечакдек кулган баҳорим.

 

Қалдирғочинг  соғинчлардан куйиб келгай,

Самолардан муҳаббатнинг куйи келгай.

Қулф урган ул райҳонингга қўшиқ битсам,

Қўшиғимдан райҳонларнинг бўйи келгай.

 

Қуёшинг кўзимдан нурлар ўтқазмиш,

Юрар йўлларимга гуллар ўтқазмиш.

Қалам янглиғ бўртиб чиққан куртаклар,

Менинг қўлларимга қалам тутқазмиш.

 

Кўнглимга кўкламнинг ҳур саси келди,

Кўнгилбоб сўз айтмоқҳаваси келди.

Айланай баҳорим, нафасларингдан,

Зулфияхонимнинг нафаси келди.

 

Шоирнафас кўклам, шеърнафас кўклам,

Сенга ошиқмас дил, ошиқмас эркам.

Бугун юраклардан бошланди баҳор,

Юракдан бошланса тугамас кўклам!

 

 

Тилак

 

Cизнинг кўнглингизга келмайди она,

Кўнглингиз олишга вақтим бўлмаса.

Сизга фарзанд бўлиб туғилармидим,

Омадим бўлмаса, бахтим бўлмаса.

 

Ота, ташвишимни қиласиз доим,

Меҳрингиз яшайди жону танимда.

Сизга юборсди мени Худойим,

Манглайи ярқироқ бўлмаганимда.

 

Сенинг бахтинг бизнинг  бахтимиз дейсиз,

Сиз билан боғлиқдир истак, дуойим.

Илойим, соғ бўлай соғлигингиз чун,

Бахтингизга бахтли бўлай, илойим.

 

Олтинсоч

 

Кириб кeлди синфга

Кокилин ўйнаган қиз,

Кўзларига зангори

Осмонни жойлаган қиз.

Юзлари оппоқ бирам,

Сочлари нақ олтиндан.

Ажаб, қизиқ бўларкан

Ойни кўриш яқиндан!

Янги мeҳмон олдига

Ёпирилдик одатий,

Айта олмай исмини

Олтинсоч, дeб атадик.

Биллур нигоҳларидeк

Тоза эрур нияти,

Бу ўрис қиз бизга ҳeч

Бeгона туюлмади.

Кeлганига атиги

Бир ой бўлган бўлса ҳам,

Чин дўстимга айланди,

У энг яқин дугонам.

Юрагига гинаю

Ғам йиғмайди Олтинсоч,

Олтини борларга ҳам

Бош эгмайди Олтинсоч.

Гарчи етим бўлса ҳам

Ёлғиз тутмас ўзини,

Ким билади, балки у

Фариштанинг қизидир.

Кeлганига атиги

Бир ой бўлган бўлса ҳам

Биздeк тошиб кeтганди,

Завқи ошиб кeтганди.

Сўзи ўхшамаса ҳам

Кўзи ўхшамаса ҳам,

Аммо унинг юраги

Ўзбeклашиб кeтганди!

Нeтай ушбу шeъримни

Айтмай дилим ўртанса.

Унга ўқиб бeраман

Ўзбeкчани ўрганса!

 

 

Кўзингизни юмиб туринг

 

Йўлларингиз барно-барно гулга тўлган,

Менинг эса кўксим тўлган ишққа, рашкка.

Сизга тўйиб термулмоқчи бўламану
Юрак қурғур бетламайди тик қарашга.

 

Бир лаҳзага тўхтаб қолсин нафасимиз,

Изҳорларни дилингизга кўмиб туринг.

Мен минг йиллар орзу қилган юзингизга

Қараб олай, кўзингизни юмиб туринг.

 

 

Менга

 

Менга фақат қувонч бердингиз,

Менга ғамнинг етмайди кучи.

Сиз тупроқдек кун кечирдингиз,

Мен осмондек яшашим учун.

 

Ишқ даштида кезсам сарсона,

Кийиб Машраб жандаларини.

Кўкдан баланд кўтаргай Тангрим,

Тупроқфеълли бандаларини.

 

Отам, онам ҳокисорларим,

Кетмагайман ўздан йироққа.

Тупроқ бўлиб осмонга етгум,

Осмон бўлиб қайтгум тупроққа.

 

 

Ўзбекистон

 

Улуғлар бургутдир, ўзиб чиқмоқда,

Асрий зулмат йўлин тўсиб чиқмоқда.

Ўша бургутларга интилган сарим

Елкамдан қанотлар ўсиб чиқмоқда.

 

Болам, деб ҳар ғамга тайёрим ўзинг,

Ьилимдаши қўшиқ, алёрим ўзинг.

Юртим, мен ҳам сенинг баҳоринг бўлай,

Юракдаги мангу  баҳорим ўзингю

 

Сени қалб  денгизи  тошганда кўрдим,

Гоҳи Намогшону Тошканда кўрдим.

Ҳар ўзбек боласи фарзандимдир деб,

Бир Инсон бағрини очганда кўрдим.

 

Ўзбккистон қадду бўйинг бор бўлсин,

Тўйларга уланган тўйинг бор бўлсин.

Не- не кунларда ҳам асради сени,

Ва бундан буён ҳам Худо ёр бўлсин.

Ва бундан буён ҳам Худо ёр бўлсин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.