Масъуд онлар. Ойдин Ҳожиева

Мен уни юрагимда шеър куртаклаган кезлари топгандайман. Кенг пешонали, жайрон кўзли, сочлари чиройли турмакланган мулойим нигоҳли сиймо — китобдаги Зулфия сурати мени сеҳрлаб олган эди. Барча қизиқувчан, содда, беғубор ўсмирларга ўхшаб унга ҳавас қилганман, хаёлан хатлар битганман. Уни бирор марта кўриш насиб этармикин, деб орзулаганман.

Зулфиянинг шеърияти, шахсияти, унинг шуҳратга ва халқ меҳрига чулғанган умри не боис бу қадар мафтункор? Шу ҳақда кўп ўйлайман.

Ноёб чашмаларнинг сувидан бир ҳовуч ичсангиз, таьми оғзингизда қолади, қайта-қайта унинг зилолидан баҳраманд бўлсам, дейсиз. Зулфия поэзияси шундай чашмага ўхшайди. Ундаги бахтнинг олий замзамаси сизни юксакларга олиб учади. Инсон дардининг ларзали, долғали лаҳзалари қалбингизни остин-устун қилиб юборади. Бахтини ўзингизники каби қабул қиласиз, бошингиз қувончдан айланиб кетади. Дардидан маҳзун хаёлларга ботасиз-у, лекин аста-аста жонингиз исий бошлайди, унинг кечинмаларида яшай бошлайсиз. Юрагингизнинг аллақаерларида ёнмаган чироқлар ногоҳ порлаб кетади. Жаҳонингиз ёришади. У куйлаган дардда некбинлик, ҳаётга, одамларга муҳаббат бор. У — сизнинг қачон-қачонлардир кечирган ғалаёнли дамларингиз ифодаси. Ҳижрон кечаларида унинг сувратига топиниб, шеърларидан таскин топган, матонат дарсини олганлар бу шоирани «Садоқат куйчиси», деб эъзозлайдилар. Зулфия лирикасидаги самимият, ростгўйлик, ўқувчига нисбатан эҳтиром туйғуси бениҳоя кучли, шу боис муҳаббат ҳақида у не деса, ҳаммаси ярашиқли. Унинг қалами сўйлаганларига ўқувчи ишонади, ўзиники каби қабул қилади.

Бир пайтлар «Меҳру ишқинг» номли туркум лирик шеърларимни тинимсиз эълон қила бошладим. Улар орасида майда, ўткинчи, маҳдуд ҳис-туйғулар ифодаси бўлганлари кўп эди. Бир нечасини «Саодат»га олиб келдим.

— Биласизми,   Ойдинжон, шеърдаги туйғу бир лаҳзалик, оний бўлса ҳам, у узоқ йилларнинг башорати бўлиши зарур. Катга, ёрқин гапларни қоғозга туширмак даркор. Шеър зинҳор бир киши учун ёзилмайдм. У фақат ўз   «ҳасратнома»нгиз бўлиб қолса, бу энди поэзия эмас-да! Хафа бўлманг, сизга тўғрисини мен айтмасам, ким айтади? Сильва Капутикянни   ўқинг. Кимларнингдир изтироби, ўйлари, ўртанишини хаёлингизга   пайванд   қилиб   юбормасангиз, у кўпчиликнинг дардига айланолмайди. Инсон келажак учун яшайди. Меҳнат қилади. Шеър эса олдинда юриши керак. Яшашга,   меҳнат қилишга, йўлда учраган машаққат ва тўсиқларни енгиб ўтишга ўргатиши лозим!

Бу гапдан кўнглим оғримади, аксинча, жуда зарур маслаҳатни устоздан ўз пайтида зшитганим мени теран фикрлашга ўргатди. «Етти ўлчаб бир кесадиган» бўлишга ҳаракат қила бошладим.

Шеърият инсондан кучли   маънавиятни, бардошу чидамни талаб килар экан. Шошма-шошарлик, ёзилган нарсанинг сиёҳи қуримасдан туриб, нашрма-нашр югуриш аввало ижодкорнинг ўзи учун зарар экан.   Шоиранинг   шеър   дафтарига кўзим тушганда шу маънода катта бир ибрат кўраман. Мажлисларнинг президиумларида, ишхона, шифохоналар, саёҳатларда битилган шеърлар. Оддийгина идора дафтарида қайта ёзилган, ўчирилган, тузатилган, устидан чизиқ тортилиб, саҳифа орқасида қайта тикланган, дафтар ҳошияларига тизилган бандлар… У шеърлар бошланган кун билан сўнгги нуқта қўйилган вақт орасида баъзан йиллаб масофа ётади. Ниҳоят шеър оққа кўчирилади. Шунда шоиранинг чарақлаб кетган кўзларида ҳали ҳам илҳомнинг олови, файзи мафтункор бир жозиба бағишлаб турганини кўп кўрганман. Бундай кунлар у: «Юринглар,   шеър   ўқиймиз»,   дейди. Барчамизни хонасига таклиф этади…

Шеър! Сен бунча моҳир элчисан! Бунча дилкаш суҳбатдошсан!   Бунча   қадрдон   дўстсан!   Зулфия   опа   янги шеърини ўқиган кезлари оҳанрабо хушҳаво кайфият кезади ишхонамизда. У шеър ўқиб бўлгач, имтиҳон   олдидаги ўқувчидай ҳаммамизни беҳад камтаринлик билан кузатади, фикримизни сўрайди…

Қулоғимда унинг «Рашк» шеъридаги мардона, самимий саволи жаранглайди:

Халқ қалбидай бир гўзал шеърга

Етармикан ҳеч қачон кучим!

Қанийди, бу савол ҳаммамизнинг ҳам дилимизда бот-бот такрорланиб турса! Шунда биз эълон қилаётган шеърлар орасида хом-хатала, икки томчи сувдек бир-бирига ўхшашлари камроқ бўлармиди…

— Ҳар бир ўқувчи қалбида бир шоир яшайди. Ҳар бир инсон ўзича шоирона оламга эга. У қўлига қалам олиб, бирор сатр шеър   ёзмаган   эса-да, адабиётни, сўзни нозик тушунади. Шунинг учун ҳам бундай мухлисларга ҳар қандай пала-партиш тизмаларни тақдим этиш одобдан эмас. Бу масъулиятсизлик ва ўзини иззат қилмасликдир. Масъулият, талабчанлик — санъаткор учун бош мезон, — дердилар устоз.

Зулфиянинг матбуот юзини кўраётган асарлари мана шу ақидага биноангина нашрга тавсия этиларди.

Хизмат юзасидан, ҳам бурч эътиборан кўпинча ёш шоираларнинг асарларини устоз билан биргаликда ўқиймиз. Бир-икки сўз билан шеърнинг руҳи, йўналиши ўзгариб, чақнаб кетади. Қутлибека, Муҳтарама, Дилбар Ҳамзахўжаеванинг туркум шеърларини тайёрлашда шундай чақнаб кетган мисраларга гувоҳ бўлганман.

— Мана бу шеърни мен шоира сифатида қабул қиламан. Лекин, муҳаррир сифатида — йўқ. Образлари жуда чиройли. Аммо жуда маҳзун, ғамгин. Ўқувчига, халққа тақдим этилажак шеърларни зийрак кўз билан таҳрир қилиш зарур. Шоир аввало ўз Ватанининг бир фарзанди. Курашчан гражданин. Унга сўз айтиш ҳуқуқи берилгани — мислсиз шараф. Катта жавобгарлик ҳам. Сен билан сукунатда яккама-якка қоладиган китобхоннинг синчков кўзларини унутмаслик керак! Албатта, китобхон энг яқин сирдош, дилдош, лекин унинг олдида майдалашиб кетмаслик керак, — дейдилар Зулфия опа ҳар галги суҳбатларида, — Гинаю аразлар, ишқий можароларни элга достон қилаверишдан тийилиш даркор. Ёшлардан гражданликни талаб қилаверинг. Ҳар бир босилган шеър ижод йўлини танлашда сабоқ бўлсин. Менинг шундай шеърларим борки, уларни ўқисам, ўзимга ачиниб кетаман. Уларни ҳеч кимга кўрсатганим ҳам йўқ… Ишларман… Кейин эълон қиларман… — Унинг кўзларида хаёл титрайди. Боқишларида шеърий олов тафти живирлагандай…

Шундай дақиқаларда унинг Ҳамид Олимжон билан бирга тушган суврати кўз ўнгимда жонланади. Палак. Палакнинг кашталари чодир-чаман. Ҳамид Олимжон оппоқ кителда. Бир қўлини тиззага тираган. Мағрур, хиёл жилмайган. Ижоди, ҳаёти барқ уриб гуллаган камолот ёшида. Гўё ҳозир гумбурлатиб шеър ўқий бошлайди. У билан елкама-елка атласдай сочлари силлиқ таралган, навниҳолдай Зулфия турибди. Хаёлчан. Маъсум. У сўзнинг инжа хаёлларига ғарқ. Рафиқининг овозини тинглаётгандай… Шу нозик елкаларга қулаган ҳижрон тоғи қанчалар залворли эди! Даҳшатли эди! Бу баҳайбат, қора ҳижрон тоғи юк кўрмаган елкаларни эзиб ташлай олмади! Бу ғам-андуҳ билмаган соз кимдан қувват олди? Бу елкаларга қандай улуғ қудрат мадад бўлган эди?

Бахтиёр севгини куйларди созим,

Ўлим ханжарига тегдию синди.

Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,

Наҳот, лириканинг ёлқини тинди!

Зулфиянинг таянч тоғи — халқи, устозлари, сафдошлари, дўстлари. Унинг бардоши «Куяман-у, бўлмайман адо», деб ёзганида қанчалар ҳақ, қанчалар севимли, қанчалар ардоқли…

Шоира ёшлар шеъриятини диққат билан ўқийди. Уларнинг кашфиёт даражасидаги гўзал мисраларини қайта-қайта такрорлашни ёқтиради:

«Мақсуда Эгамбердиеванинг китобчаси чиқибди. Ўқидим. Тасвирлари бирам нозик. Гаплари лўнда-лўнда. Майин қалами менга жуда ёқди. Мириқиб ўқидим».

Яхши шеър ўқиганида ҳаяжонланиб кетади у. Умуман, ёш авлод билимдон, катта нафас билан келаётганидан суюниб гапиради.

Ёзувчилар уюшмасида шоиранинг дўстлари, сафдошлари, шогирдлари йиғилишди. Унга «Меҳнат Қаҳрамони» унвони берилгани муносабати билан қутлашди. Шунда Зулфия ёш ижодкорлар ҳақида шундай қимматли   фикрлар айтдилар:

— Мен ёзувчиларнинг бахтиёр авлодига мансубман. Мен кириб келган адабиётда Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Уйғун, Собир Абдулла, Ғайратий, Миртемир каби сўз заргарлари тер тўкиб меҳнат қилаётган эдилар. Усмон Носир, Амин Умарий, Султон Жўра, Зафар Диёр каби таниқли шоирлар билан бир сафда хизмат қилганим — менинг бахтим. Ана шу эътиборли, янги, курашчан адабиёт майдонида устозларим, дўстларим меҳрига суяниб, ишониб ижод қилдим, камол топдим. Менинг ишончимга, меҳримга устозларим, дўстларимнинг бирортаси заррача раҳна солган эмас. Устозларнинг ҳар сўзи бизлар учун муқаддас бўлган.   Уларнинг мақтовини, сийловини ҳам, койишини ҳам жон деб тинглардик. Биз улардан энг яхши анъаналарни ўзлаштирдик, уларнинг йўлини давом эттирдик. Устозлар билан шогирдлар, бугунги ёшлар ўртасида шундай яқинлик, меҳрибонлик, давомийлик бўлишини истайман.

Мен ўзим кўтарилган ҳар бир зинада устозлар назари барҳаёт деб ҳис этаман. Бугунги ёшларга ҳам шу туйғу ҳамроҳ бўлишини истайман…

Устозлик шогирд шеърларига «оқ йўл» ёзиб бериш, матбуотда чиқаришда кўмаклашишгина эмас. Бир томонлама бундай ёрдам шогирдни   мўрт қилиб қўяди.

Зулфия опа мақтовини ҳам, тўғри маслаҳатини ҳам аямайди.

Яхши шеър билан кўринган шогирди сатрларини фахр билан такрорлаб, кўзлари билан эркалашни ёқтиради: «Умри   узоқ   бўлсин!» Онага ўхшаб юракдан алқаб қўйишни ҳам билади.

«Нега Хосият жим бўлиб кетди? Хат ёзинг, шеър сўранг», дейди безовталаниб. Мақсуда Эргашеванинг «Эзгуликнинг оппоқ қушлари» шеърини қайта-қайта ўқиб, севинч билан таъкидлайди.

Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Оғир дамларда инсон яхши-ёмоннинг, оқу қоранинг фарқига етади. Машаққатли кунларимда доимо Зулфия опанинг меҳрибон қўлини ҳис қилганман.

1969 йил ёзида умрим «фойда»га қолган. Кунлар ўтиб, ўзимга келгач, шифокор Людмила Петровна Шиманская сўраб қолди:

  • Зулфиянинг қариндошимисиз?
  • Йўқ… Шогирди бўламан.
  • Устознинг бундай жонкуярини кам кўрганман. Устозингизнинг меҳри ҳақи омон қолдингиз…

Шундагина бошимдан кечган бетобликнинг бутун даҳшатию Зулфия опа сўзининг қудратини англадим. Шоирлик Инсон учун қайғуриш, инсонга ҳаёт бахш этиш, мушкул чоғларда унинг қаддини тиклаб қўйиш ҳам экан… Шоиранинг «ҳамма билан бор менинг ишим», деб ёзганлари замирида қанчалар меҳру оқибат мужассам!..

Зулфия опа шодлигингизни ҳам, қайғунгизни ҳам ўзиникидай тез қабул қилади. У инсон тақдирига бефарқ, лоқайд қаролмайди. «Ҳа, энди бир кўнглига келиб, хат ёзибди-да», деб қўл силтаб қўйиш у кишига бегона. Яқинда Зулфия опани қутлагани сўлимгина бир аёл кириб келди:

— Неварангиз Баҳриддинжонни дадасига топшириб, Сизни табриклагани келдим. Оиламиз номидан Сизга гул келтирдим, опажон!

Опа бениҳоя шод бўлдилар. Бу шодликнинг боиси — Мавлудахонни бахтиёр кўрганлари, унинг севгилиси билан қовушиб, бахтиёр турмуш кечираётгани… Мавлуда кўнгил қўйган йигит кўзи ожиз эди. Тасаввур қилинг, бундай ҳолларда тўрт мучаси соғ қизнинг фидойилигини тушунмайдиганлар кўп бўллади. Икки ёш Жиззахдан тўғри Зулфия опанинг уйига келишди. Шоира уларга самимий сўз билан, доно маслаҳатлар билан, тегишли ташкилотлар орқали ёрдам берди — бахтли оила вужудга келди. Энди бу оилада жасоратли севги ниҳоли — Баҳриддинжон улғаймоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Онасидан айрилган қизчага она бўлиб, хасталик чангалидан азоб чекаётган аёлга шоира: «Менинг севимли Дилоромгинам!» дея ҳамшира бўлиб малҳам сўзларини битади. Шунда у инсон сифатида юксалиб кетади. Шунда, баъзан сендан бир оғизгина илиқ сўз кутиб, кўзи йўлда жовдираб турганлар олдида ўзингни хижолат сезасан киши…

Ижтимоий фаолият, кўпчилик учун ўзини аямай меҳнат қилиш шоир шахсини етук, олийжаноб қилади. Жамиятнинг фаол курашчисига айлантиради. Буни Зулфия опанинг бош муҳаррирлик фаолиятида яққол кўриш мумкин.

«Саодат» журналида янги ишлай бошлаган чоғларим. Навбатдаги сонни тайёрлаб, босмахонага топширдик. Бир пайт ҳаммамизни муҳаррир хонасига чақиришди. Зулфия опа хурсанд:

— Раҳмат! Бу сонни тайёрлашда ҳамма ходимлар виждонан ишлади. Кўнгил тўладиган яхши материаллар кўп бўлди. Кейинги сонда ҳам шундай ғайрат тилайман!

Бундай қувончли кунлар ўшандан бери кўп такрорланди. Ходимлар таҳриридан ўтган материаллар ҳошиясига қайд қилинган бўлади: «Ташаккур!» «Барака топинг! Яхши таҳрир килибсиз!» «Сиз бундан тузукроқ таҳрирга қобилиятлисиз. Яна бир кўрасизми?» «Нега саёз асарга ўз имзоингизни раво кўрасиз?»

Мен унинг иш юзасидан аниқ-тиниқ маслаҳатларини, масалани тез ва оқилона ҳал килишини яхши кўраман. Ундаги иш интизоми, маданияти, муомала-муносабатдаги назокат, қатъият, куйди-пишдилик шоиралигига кўрк қўшади. Таҳрирда эса сўзини, меҳнатини қизғанмайди.

— Ойдин опа Собирова, шоир ўз сўзини қизғанмаслиги керак, у яна янги-янгиларини топади, дегувчи эдилар. У киши журналимизга муҳаррирлик қилган даврларда бизни шунга ўргатганлар. Муҳаррир зиммасига асар учун ҳам, муаллиф такдири учун ҳам жавобгарлик ҳаммадан кўра кўпроқ тушади. Яхши таҳрир асарни бойитади, — деб кўп айтадилар Зулфия опа бизларга.

Умуман, матбуот этикаси, журналистика маданиятида Зулфия опа ўзига бениҳоя талабчан. Бирор газета ёки журнал таҳририятига иккинчи нусхада асар топширишни одобга хилоф билади. Опа таҳририят ходимлари билан ҳамфикр ишлашни яхши кўради. Холисона фикр-истакларни бажонидил, қувониб қабул қилади. Ўрнига тушган таҳрирлар учун ташаккур айтади. «Қалам урмасдан чиқарасиз», деган сўзини эшитган эмасман. Эсимда, «Шарқ юлдузи» журналига бир туркум шеър бериб, «фикрингиз бўлса, бемалол айтинг, кишининг нуқси четдан яхшироқ кўринади», дедилар устоз қўнғироқ қилиб.

Кийганим ипакми, читми ё зарбофт,

Юрак бойлигидан қилмабман парво,

Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,

Янги қўшиқталаб унда ҳар сабоҳ.

«Биринчи сатрдаги «зарбофт» сўзини «кимхобга айлантирсак-чи»,   деб   фикр   билдирдим.   Хурсанд   бўлдилар:

— Жуда яхши. Учинчи сатрдаги «офтоб»га ҳам яхши кофия экан.

Шундай қилиб, бу сатр «Кийганим ипакми, читми ё кимхоб» бўлиб қолди. Устознинг бу гўзал шеърида менинг ҳам битта сўзим борлиги билан фахрланиб юраман. Жаҳонга машҳур шоиранинг бу камтарлиги ҳозиргача ҳам асло ўзгарган эмас. Камтаринлик унга улуғлик бахш этиб туради.

Зулфия опа шахсиятидаги барча қирралар борлиғича асарларига кўчган. Шоира Светлана Сомова: «Зулфияда ўзбек халқининг бутун назокати, эзгу феъли жамулжам», деб таърифлайди.

Зулфия шеърияти яхши инсонларга Ватан бўлган тупроққа қасида. Унинг ёзганлари эзгуликка тўла ёруғ оламнинг қўшиғи. Унинг ғурури, сурури, бутун изтироби, дардлари, куюнчи, суюнчи, осуда хаёллари, долғали туйғулари балқиб ётган бетакрор ижодиёти халқимиз меҳнати, ҳаёти, келажагининг ажралмас бир парчаси. Унинг бедорлиги, беоромлиги, илҳоми, ҳижрони, ўчмас муҳаббати — ўз халқининг юрак забтига, томир уришига ҳамоҳанг. У ўқувчиларига, шогирдларига, унинг номи, шуҳрати билан дунё кезган Ўзбекистонга кўп-кўп байрамларни бахш этди.

Тошкент шаҳридаги Композиторлар кўчасидаги чоққина боғ ҳовли. Бунда ҳаёт қайнайди. Шеър туғилади. Неваралар кунба-кун камолга етади. Ҳамид Олимжон ўз қўли билан ўтказган дарахтлар ҳар баҳорда чаппор уриб гуллайди. Бу хонадонга дунёнинг турли бурчакларидан табрикномалар, хатлар, дил сўзлари оқиб келади. Катта-катта адабий анжуманларда номдор ёзувчилар, шоирлар бу меҳмондўст хонадон дастурхони атрофида жам бўладилар. Олима қизи Ҳулкар Олимжонова ҳам, келини Риояхон ҳам меҳмоннавозлик билан хизмат қиладилар. Тўрда — Зулфия опа дўстлар жамолидан, юрагидан қувват олиб беҳад бахтиёр. Ёнидаги стулда (бу Ҳамид Олимжоннинг ўрни) энг азиз меҳмон, одатий кунларда эса ўғли — ҳуқуқшунос олим Омон Олимжонов ўтиради. Жажжи Темурбекни эргаштириб набираси Лола чарақлаб келади. Ҳар байрамда шундай. Ҳар сафарги қувончли дақиқаларда шундай. У дўстлари йиғилган кунларни дунёга бергусиз саодат, дейди. Шеър ўқиган, шеър тинглаган дамларини масъуд онлар, дейди.

Шеър тинглаган масъуд онлар!

Бу дамларнинг умри узун бўлсин! Ўзингиз айтганингиздек, умр вафо қилса, ёзилажак шеърларингиз кўп, жуда кўп. Сиздан шеър тинглаган масъуд онлар бардавом бўлсин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.