Ибрат намунаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди ва бу қарор кенг жамоатчилик томонидан аёл зотига, адабиётимиз ҳамда аждодларимизга, шунингдек адабий жамоатчилигимизга юксак эҳтиром намунаси сифатида кутиб олингани барчамизни қувонтирди.

20 асрнинг буюк аёллари сафида ҳеч бир эътирозсиз ўрин эгалловчи Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова ҳақида қанча гапирсак кам. Унинг ўзбек адабиёти, нафақат ўзбек, балки шарқ адабиёти ва фалсафасида тутган ўрни алоҳида таҳсинга лойиқдир!

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, Халқ шоири, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилованинг босиб ўтган ҳаёт йўли, мерос қолдирган ижоди ва айниқса шарқ қизларига ўрнак бўладиган  маънавий дунёси, ахлоқий қиёфаси халқимиз ва Юртбошимиз томонидан юксак баҳоланиб келинмоқда.

Шоиранинг оғир ҳаёт йўли ва ҳаётнинг ҳар не зарбаларида ҳам вафо ва садоқат билан ўз эътиқодига, халқига содиқ қолганлигига Президентимиз алоҳида эътибор билан ёндошди ва унинг инсоний фазилатларини бугунги авлодга ибрат сифатида кўрсатиб ўзларининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарларида шоирани маънавий жасорат соҳибаси сифатида улуғлади.

Зулфияхоним ўзининг бой адабий мероси, фаол жамоат арбоби сифатидаги фаолиятида ўзбек аёлларининг салоҳияти нақадар юксак эканини кўрсатиб берди. У латиф ижоди билан миллионлаб кишиларга эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берди.  Президентимиз таъбирлари билан айтганда “…бу ёруғ дунёда айрилиқ ва хижрон азобини, ғам-андуҳларни матонат билан маҳв этган, армонлардан тирик орзулар яратган, тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланди”.

Зулфияхонимнинг ҳаёт йўли Давлатимиз раҳбари томонидан мунтазам  эътиборда турганлигини 1999 йилнинг 10 июнида “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2326-сонли Фармони асосида Зулфия мукофоти таъсис этилганида, 2007 йилда “Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ  шоираси Зулфиянинг ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида”ги қарори асосида ардоқли шоирамизнинг бадиий сиймоси яратилганлигида кўриш мумкин.

Истиқлол йилларида халқимиз ўртасида “Зулфия қизлари”, “элимизнинг эрка қизлари” деган ёрқин иборалар пайдо бўлди. Президентимизнинг ташаббуслари билан таъсис  этилган Зулфия номидаги Давлат  мукофотига бутун дунё ҳавас билан боқмоқда. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Зулфия мукофоти каби иқтидорли қизларга давлат ғамхўрлигининг тимсоли бўлган мукофот қайд этилмаган.

2013 йилнинг май ойида аёллар масалаларини ҳал этиш борасида Ўзбекистон тажрибасига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияга 18 та давлатдан ташриф буюрган хорижий меҳмонларимиз Зулфия мукофоти совриндорлари билан ўтказилган учрашувда аёл номида, ёш қизлар учун шундай нуфузли мукофот жорий этилганини ва бу хотин-қиз кадрлар заҳирасини яратишда муҳим омил ҳамда жаҳон тажрибасида кам учрайдиган ноёб ижтимоий ҳодиса эканини эътироф этди.

Айниқса, совриндорларнинг рус, инглиз, хитой тилларида эркин мулоқотда бўлиши, шу юртда туғилганидан фахрланиб сўзлашлари меҳмонларни ҳаяжонга солди.

Хусусан, Шанхай аёллар федерацияси президенти Цзяо Ян хоним, АҚШ аёллар ташкилотларининг миллий кенгаши раиси Сюзен Скэнлан хонимлар ўзбек қизларига давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни, 12 йиллик мажбурий таълим моҳиятини, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини давлат томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганини бугунги тараққиётимизнинг бош омилларидан бири сифатида санаб ўтди.

Шу мисолларнинг ўзи ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти нуфузининг нечоғлик баланд эканини, бу мукофотни таъсис этишдан кўзланган олий мақсад нақадар эзгу эканини кўрсатиб турибди.

Бугун ёшларга оид давлат сиёсатидан энг кўп баҳраманд бўлган ёшларимиз бу – Зулфия мукофоти совриндорларидир! Уларнинг ютуқларига қараб кўзи қувнайди одамни, баҳри дили очилади. Ҳали 15 ёшга тўлар-тўлмас Ватанининг шундай улуғ мукофотини кўксига таққан 200 нафардан ортиқ бу қизларимиз зиммасида қанча масъулиятлар ҳам бор.

Гувоҳи бўлиб турибмизки, жони жонимизга пайванд фарзандларимиз, севимли ёшларимиз, дилбандларимиз лобар ва оқила қизларимиздан фақат ва фақат ўқиш, билим олиш талаб этилади холос. Инсон дунёга келар экан у албатта илмга интилмоғи керак…Чунки дунёга файз, кўрк ва маъно бағишлайдиган омил – илм, китоб, билишга интилишдир.

Яна бир фикр. Фаол қизлар деймиз. Фаоллик нима ўзи? Бизнинг фикримизча ҳақиқий маънодаги ижтимоий-сиёсий фаоллик фидойиликда, ўзи бажараётган ишга ички муҳаббат ва эътиқод билан ёндошишда кўринади. Фаоллик, куч фидойиликда, шон-шуҳрат юкини кўтара билиш, уни залворини ҳис этишда кўринади. Ўйлайманки, совриндор қизларимизнинг ҳар бир ҳаракатида бошқаларга ўрнак бўлиш, ўзи ёниб, яхшилар йўлини ёритиб яшаш каби Зулфия опага хос бўлган инсоний фазилатлар ёр бўлади!

Зулфияхоним ижоди, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ушбу веб-сайтнинг яратилиши глобаллашув даврида ёшларимиз онгига ҳужум қилаётган ёт ғояларга қарши, таъбир жоиз бўлса жаҳолатга маърифат билан берилган жавобдир!

Мазкур веб-сайт яратилишида яқиндан кўмак берган барча масъулларга, хусусан, Зулфияхонимнинг оила аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ZiyoNET ахборот ресурс тармоғи техник ходимларига, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказининг мутахассиси Нигора Умаровага, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бадиий академия, Бастакорлар уюшмаси, Кинофотофоно ҳужжатлар марказий давлат архиви, Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров, ижодкорларимиз Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Эркин Вохидов, Гулчеҳра Жўраева, Қутлибека Раҳимбоева, Хуршид Давронларга чуқур ташаккур изҳор этамиз.

Айниқса, сайтнинг ўзбек, рус, инглиз тилларида яратилишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг салоҳиятидан самарали фойдаланилгани қувонарлидир. Биз совриндор қизларимизга ҳам рахмат айтамиз!

Ушбу веб-саҳифа барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

 Элмира Баситханова

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси раиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.