Дур каби ноёб. Ойдин Ҳожиева

1976 йил. «Саодат» журналига янги ишга ўтган кезларим. Бир куни навбатдаги сонга икки-уч ёш шоиранинг шеърларини тавсия этгандим. Ишга келсам, столим устида бир даста шеърлар: таҳрир ҳам қилинган, мисрама-мисра таҳлил этилган, саҳифаларда савол аломатлари…

«Ойдинхон! Бу қизлар шеър нима эканлигини яхши тушунмайдилар! Улар ҳали осмонларда юрибдилар. Ердаги меҳнатдан, ҳаётдан мутлақо хабарлари йўқ. Бундай шеърларни менга тавсия этманг!»

Дарҳақиқат, бу шеърларда нуқул − «осмон», «вафо», «ҳижрон» каби сўзлар «бачкилаб» кетган эди. Ўша куни Зулфия опа билан суҳбатимиз узоқ чўзилди. Руҳим ниҳоятда енгил тортиб, шеърият ҳақидаги ҳали мен билмаган сирларни билиб олдим. Ўз шеърларимга ҳам бошқача назар билан қарайдиган бўлдим. Ўшанда устоз ниҳоятда самимийлик ва меҳрибонлик билан ижод ҳақида сўйларканлар, дарҳақиқат шеърнинг заҳмати улуғ эканлигини яна такрор англагандим. Мана шу туйғу билан шеърларни қайта ўқиб ва янги бир қирраларини топиб, шеърдаги ҳикмат ва ҳақиқатларни ҳаётдан излайдиган бўлиб қолдим.

Шунда ҳар бир асар шоирнинг ёки ёзувчининг эътиқоди меваси, катта ҳаётий тажриба ва изланишлари самараси эканлигини ҳис эта бошладим. Устознинг қаттиққўллиги, синчков назари шогирд учун нақадар қадрли ва зарурлигини англадим.

Одатда Зулфия опанинг тортмаларида бирор асар узоқ қолиб кетмайди. Яхши асар бўлса, эртасигаёқ қўнғироқ қилиб табриклайдилар, ё албатта муаллифига мактуб ёзадилар. Бу мактублар шоирона фахр, ҳаяжон билан, кўнгилни кўтарувчи, янги асарлар ёзишга ундовчи олийжаноб сўзлар билан тўла бўлади.

Бир куни шеърларимни ўқиб, журнал учун танлаб, қолганларига ўз фикрларини ёзиб қўйибдилар. Аввал ютуқларимни таъкидлаб, сўнг шундай дедилар:

— Мана бу шеърни мен бўлсам, ёзиб ҳам ўтирмасдим. Ҳаётда балки бундай ҳодисалар бўлгандир, лекин бу ҳол шеърга предмет бўла олмайди. Агар ҳамма нарса сиз тасвирлагандай бўлаверса, ҳаётда яшаб бўлармиди? Мен ёрқин, жасоратли шеърларни яхши кўраман. Дардда ҳам ёрқинлик бўлади. Фақат уни кўра билиш керак.

Журналнинг бир сони юзага чиққанча, қанча режа тузиш, андоза, корректура, таҳрир жараёнлари бўлиб ўтади. Бош мақолаю ҳикоядан тортиб, журналнинг сўнгги саҳифасидаги икки-уч жумладан иборат пазанда маслаҳатигача ҳаммасини ўқиб, назардан кечирганларини кўриб Зулфия опанинг меҳнаткашлигига, масъулият туйғусининг юксаклигига ҳавасимиз келарди.

Журналга оқиб келаётган минглаб мактубларнинг қарийб барчасида Зулфия номи зикр этилади, шоирадан маслаҳат, йўл-йўриқ сўраганлар жуда кўп.

Зулфия каби олийжаноб, тиниб-тинчимас, ўзини тамоман элу юрт қайғуси, севинчи билан тирик деб билгувчи улуғ санъаткоргина ижодкор шахсдир. Унинг ҳароратли, камалак рангларидек хилма-хил шеърларида нимаики бўлса, инсонпарварлик, ҳаётсеварлик шуълалари бўлса — ҳаммаси мана шу бедор юракдан, ўктам ва меҳнаткаш шоира Зулфиянинг ҳаётидан, кундалик турмуш тарзидан зарра-зарра бўлиб, сеҳрли бир олов бўлиб ижодига ўтган, десам янглишмайман. Зулфия шеърларида «қўшиқ» сўзи кўп учрайди. Бу бежиз эмас. Қўшиқ — юракка яқин сўзларнинг инсон тилига кўчган ҳаёти. Қўшиқнинг қаноти бўлади. Уни биров йўлда куйласа, биров чашма бўйида, биров меҳнат авжида куйлайди. Қўшиқ дарё каби оқиб юради. Шамолдай эсиб ўтади. Қўшиқ йўлга ўхшайди — инсонни уфқларга тортади, тоғларга ўрмалаб боради, дарё бўйларига элтади, из тушмаган маконларга инсон билан бирга бораверади. Яхши шеър ҳам шундай, доимо ҳаракатда. Яхши шеърни ёзиш эса мушкул.

Эмиш, баҳор ёмғирлари фасли келганда, дарё бўйида чиғаноқлар ёмғирга оғиз очармишлар. Улар илиб олган ёмғир томчиларининг мингтасидан бири — дур бўлармиш, қолганлари эса — марварид. Шу сабабли ҳам дур ноёб ва қимматбаҳо аталармиш. Бу эҳтимол афсонадир. Лекин, мен Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг шеърларини ўша ягона-ягона дурга жуда-жуда ўхшатаман.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.