Гўзаллик яшаган қалб. Суҳбатни «Ўзбекистон санъати» журнали махсус мухбири Анвар Жўрабоев олиб борган

Суҳбатни «Ўзбекистон санъати» журнали махсус мухбири Анвар Жўрабоев олиб борган.

 

— Суҳбатимизни Сизнинг «Рашк» шеърингиздаги қуйидаги сатрлар билан бошлагим келяпти:

Ҳовуч-ҳовуч ичади қизча,

Сероб бўлиб кетар ташна лаб.

Шеърим ўқиб, бир ҳовуч сувча

Баҳра олармикан бирор қалб?

Шундай деб ёзганингиздан буен чорак асрча вақт ўтибди. Бу йилларда ҳам ижод заҳмати билан яшадингиз. Китобларингиз мамлакатимиз халқлари ва жаҳондаги кўп тилларда нашр этилди. Ўша «Рашк» шеърингизни ўқиб, машҳур рус шоири Николай Тихонов: «Шеърингиздан бир эмас, юз эмас, балки минглаб қалблар баҳра олмоқда», деб ёзган эди.

— Вақт деган ҳаққоний ҳакам ҳам бор-ку. Ҳар бир ижодкор вақтнинг ғалвиридан омон чиқиб, узоқроқ яшайдиган асарларни орзу қилади.

— Ҳозир-чи? Шеърларингиздан ўқувчи қалбининг баҳра олиш-олмаслиги сизни «Рашк»ни ёзган пайтингиздагидай ташвишлантирадими?

Кўпроқ. Ижодкор ҳамиша шу туйғу билан яшаши керак. Ҳамиша! Умрининг охиригача. Ижодкор шу туйғуни йўқотдим, тамом, унинг ижоди ҳам ниманидир йўқотади.

— Ўзингизни қачондан бошлаб шоир ҳисоблагансиз?

Ҳар бир шеъримни ёзаётганимда, унинг ўтли туйғулари билан яшаётганимда «Мен шоирман» деб ўйлайман. Бирор жойда чоп этилгандан сўнг эса «Қачон шоир бўларкинман?..» деган хаёл дилимдан кечади. Чунки мен чоп этилган шеърларимда қалбимдаги қувонч, дард, ҳаяжонларнинг сувратини кўргандай бўламан, лекин ҳар гал уларга нимадир етмаётгандай, нимасидир аслига ўхшамаётгандай туюлаверади…

— Шу ўринда яна бир нарса сўрагим келди… кўпчилик шоирларимиз достонлар, шеърий романлар ёзишди, ёзишяпти. Сизда эса кичик достонлар ҳам бармоқ билан са- нарли?

Санъаткор катта фикрларни мўъжаз шеърларда ифодалаши керак, деб ўйлаганим учундир, балки? Мен Марина Цветаеванинг «Шеърият энг кам сўз билан ифодалаш санъатидир», деган гапларини яхши кўраман.

Баъзи катта авлод вакилларига мансуб шоирлар ҳақида гап кетганда: «Уларда тажриба катта, осонгина ёзади» дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Шоирлик — касб эмас. Чинакам шоир «Мен энди ёзишни ўргандим», деб айтолмайди. У ҳар гал қўлига қалам олганда, биринчи шеърини ёзаётгандек, ҳаяжонга тушаверади, қийналаверади. Мен бундай ҳолни доим бошдан кечираман.

— Бўлмаса шоирликнинг бош «сир»ини нимада деб ўйлайсиз? Янги ташбеҳлардами,  метафоралардами? 

— Фикрда, ғояда! Бутун вужудини туғёнга солиб:     «Бугун        айтмасанг, ҳалок қиламан!» деб қалбингга ҳайқириб турган фикрда! Фикр шаклни ҳам, метафора, ташбеҳларни ҳам ўзи етаклаб келаверади.

— Сўз, унинг қудрати…

Сўз — ўша фикрларнинг яшаш тарзй, гапириш тарзи. Шоир сўз танлашда хато қилса, унинг фикрлари ҳам хато гапира бошлайди.
Суҳбатимиз шеърият ҳақида бўлаётгани учун Ҳенриҳ Ҳейненинг бир гапини эсладим: «Аёлни илк бор гулга ўхшатган одам буюк шоир бўлган. Уни иккинчи маротаба гулга қиёслаган шоир эса оддий бир лақма, холос». Сизнингча, шоир ҳақми?
Юз фоиз. Чунки тақлид — шеъриятнинг душмани. Ундан қочиш керак, дейишади баъзан. Йўқ, уни бутунлай йўқотиш керак.

— Сизни адабиётимиздаги нималар кўпроқ ташвишга солади? Нималар қувонтиради?

Адабиётимиз, шеъриятимизнинг халққа, халқ ҳаётига тобора яқинлашаётганидан, ҳаётимиздаги муҳим муаммоларни дадил кўтараётганндан қувонаман. Сафимизга дадил, билимдон ёшлар кириб келаётганпдан жуда хурсандман. Уларнинг шеърларида мумтоз ва ўзбек шеъриятининг яхши таъсирларини сезаман, бугунги қайноқ ҳаёт нафасини, ғояларимизга садоқатни, курашувчанликни ҳис этаман. Бу ёшлар юксак адабиётимизни яна баландга кўтарадилар деб жуда ишонгим келади.

— Хотин-қизлар шеърияти ҳақида ҳам тўхталсангиз…

Ёнимга жуда кўп сингилларим шовул қўшилишди. Эътибор Охунова, Гулчеҳралар, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Муҳтарама Улуғова, Қутлуғбека Раҳимбоева. .   Уларнинг бари меҳнаткаш, изланувчан. Шеърлари ҳақидаги фикрларимни доим ўзларига айтиб келганман.

— Шоир шахси ҳақидаги фпкрингизни ҳам билмоқчи эдим… «Ёмон одам яхши шоир бўлолмайди ёки яхшиси ёмон ёзолмайди» деган гаплар айланади давраларда. Сиз нима деб ўйлайсиз?

Ҳар кимнинг асари ўзига шундайгина ўхшаб туради… Биз санъат ҳақида суҳбат- лашмоқчи эдикми?

— Албатта. Лекин рухсатингиз билан санъатнинг бир тури бўлмиш шеърият ҳақида яна сўраб, у-буни билиб олсам…

Марҳамат.

— Ойларча, йилларча шеър ёзмаган вақтларингиз бўлганми? Ижодингизни кузатсак, туркум-туркумлар орасида баъзан катта фурсатлар ўтади?
Тўғри, шундай бўлади. Лекин ўша «катта фурсатлар» шеърсиз яшалди, деган гап эмас. Шеърнинг ёзилиши учун гоҳ лаҳзалар кифоя, гоҳ йиллар етмайди. Ўзимга қараб, кўпчилик шоирларда ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлайман

Таваллудимнинг эллик йиллигини нишонламоқчи бўлишди. Ҳамма мева ҳам тезпишар бўлмаганидек, менинг ижодим ҳам «инқироз»да эди, деярли икки йил шеър ёзмаганман, журнал, жамоат ишлари…

Меҳнат таътилимни олиб, узоқ ижод уйларидан бирига кетдим. Бир неча кун яшадим — шеър дарди қийнади, қанча қоғозларни қоралаб ташладим, лекин ҳеч нарса ёзолмадим… Фарғона водийсига кетгим келди. Бордим, Водилдаман. Дала айланаман, табиатга тўймай боқаман, одамлар билан суҳбатлашаман. Кўз олдимда шеърдан гўзал, мукаммал дунё! Қарабсизки, бахт дариб, уч кун деганда сатрлар ёнига сатрлар кела бошлади. Инсон ва табиатнинг ҳар бир неъмати: ақиқ юлдузлар, зумрад далалар, жилдираб оққан тиниқ-тиниқ сув остидаги палак гулларини эслатувчи ранг-бараиг тошчалар — ҳамма-ҳаммаси шеърга айланар, қўлга тутиб кўрса бўладиган мунчоқлар шодасидай тизилиб келар, мендан бахтлироқ одам йўқ! «Уйлар» номли шеърий тўпламим ўша масъуд қирқ беш кунда Водилда ёзилди.

 

— Оҳ, ижод дардгинам!

Сен менинг оромим рақиби…

Гоҳ чорлаб, гоҳ дейман,

«Кет йироқ!»

Эй менинг умримнинг эгови,

Мен уйқу истайман.

Шеър дови бўласан,

Кетмайсан, қувсам ҳам…

 

деган сатрларингизни ўқиб, «Уйлар» осонгина ёзилибди дейишга ҳам ҳайронман…

Мен эса саволингизга жавоб айтмоқчиман. Ижодкорнинг шеърсиз кунлари ҳам мана шундай қалб «портлаши» учун ҳозирлик лаҳзалари бўлади. Мушкул заҳматлари, уйқусиз тунлари эвазига кўкартиражак ҳосилига дон сочиш лаҳзалари бўлади.

 

— Сиз айтаяпсизу ҳозир яна ўша дамлар ҳаяжони билан қайта яшаётганингизни ҳис қиляпман. Агар бир нарса моне бўлиб, ўшанда ёзолмаганингизда бари бир бугун ёзар- дингиз деб ўйлаяпман…

 

Адабиётшунос Наим Норқуловнинг «Шоирани юксакликка ундаган куч унинг қалбидаги ўтидир» дегап гапига ҳозир яна бир бор ишоняпман.
Сиз айтганча бўлса, бу ўтни қалбимга Машраб, Фузулийни севиб ўқийдиган онам солганлар. Қийинчиликларга тик қарашни, меқнатни ҳаётнинг маъноси деб билишни эса отамдан сабоқ олганман.

 

— Онангиз Хадича опани моҳир каштачи ҳам бўлган дейишади…

 

Аёл аҳли гўзалликка мойил. Зеро, аёл мансабининг ўзи илоҳий гўзалликдир. Менинг онам ҳам гўзалликни севардилар. Ҳовлимиздаги райҳону жамбил, гулу ўсмаларни меҳр, завқ билан парвариш қилардилар. Қиз узатганларида оиламиз ташвишлари бошларидан ошиб ётганига қарамай, энг яхши туҳфа сифатида бериладиган палакни онам янгам билан биргаликда тикканлар. Ўзлари ипак қурти боқдилар, пилладан толалар ажратиб олиб бўятдилар. Палак ана шу тариқа яратилди. Ундаги қуёш тасвири кўнглимиз, уйимизга ёруғлик соларди.

 

— Ўша палак ҳозир қаерда?

 

Онам менга ҳадя қилганларидай, санъаткор момосидан ёдгорлик деб палакни мен ҳам қизимга топширдим.

 

— Онангиз қалбингизга ташлаган чўғни кимлар аланга олдирди?

 

Хотин-қизлар педагогика билим юртида Тошпўлат Саъдий, Шукур Саъдулла каби шоирлар олиб борадиган адабий тўгаракда менинг шеъриятга бўлган ҳавасим улғайди. Ёзувчилар союзи қошида Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Уйғун каби ўша вақтдаёқ машҳур, суюкли шоирлар раҳбарлик қилган семинар машғулотларида ҳавасим орзуга айланди, қаламимга далда берилди. Навоий; Фузулий битган муҳаббат, қаҳрамонлик достонларини ўқиб, шеърият менинг эҳтиёжимга айланди. Рус мумтоз адабиёт вакиллари — Пушкин, Лермонтов, Некрасовни ўрганиб, поэзияни ҳаётимнинг маъноси деб билдим. Бу гапдан мени фақат ўқиб шоир бўлибди деб ўйламанг, менинг устозим энг аввал инқилоб туфайли янгиланган ҳаёт эди. Менинг илҳомим қураётган, курашаётган, енгаётган, баъзан ташвишли, баъзан бахтиёр, беором, безовта халқим эди. Ҳозир ҳам шундай.

 

— Сиз Ҳамид Олимжонни эсладингиз… Бу оташқалб ижодкорнинг иш услуби кўпларни қизиқтиради?

 

Мен унинг ҳеч қачон «Бу ишим қолиб кетди!» деб куйиб-пишганини эслай олмайман. Ҳамид Олимжон аниқ мақсадли, собит ишончли, қатъий интизомли инсон эди. У ижодга ҳам, оилага хам, дўстлари асарларини ўқиб фикр айтишга ҳам, ёрдами керак одамларга кўмак беришга ҳам — ҳамма-ҳамма эзгу ишларга улгурарди.

 

— Ҳа, улуғ шоиримиз таржима соҳасида ҳам катта ишлар бошлаб кетганлар. Кейинчалик бу соҳа кенгайди. Менга сизнинг Некрасовдан қилган таржималарингиз жуда ёқади.

 

Авваллари Пушкин ва Лермонтовнинг бир қатор шеърларини ўзбекчага ўгирган эдим. Қирқ-эллигинчи йилларда Некрасовнинг «Рус аёллари»ни ўқидиму шу достондан бир зум узилолмай қолдим. Ўшанда русчани ҳозиргидай билмасдим, кўп жойларини фақат қалб ҳисси билан ўқирдим, қалбим билан тушунардим. Ўша кунлар мен Волконская ва Трубецкаянинг синглисидай эдим. Қандай таржимага киришиб кетганимни билмайман.

Мен ғамгин муҳаббат, тоғдай тоқат қиссасининг ўтларида ёниб юрган пайтларимда матбуотда шу достоннинг Мақсуд Шайхзода, сўнгроқ Насрулло Охундий томонидан қи- линган таржималаридан парчалар босила бошлади.

 

— Тўхтатмадингизми?

 

Хаёлимга ҳам келмади.

 

— Меҳнатим зое кетади, деб чўчимадингизми?

 

Менда «меҳнатим куяди, таржимам босилмай қолади» деган ўй ҳеч қачон бўлган эмас. Ҳар доим ўзим учун таржима қила бошлайман. Шу жараёнда катта ижод мактабини ўтаман.

 

— Кейин Некрасов достони таржимасини қаршиликсиз чоп этишдими?

 

Бир неча бор. Мен ҳар гал унга янгидан сайқал бердим.

 

— Мустай Каримнинг «Ой тутилган тунда» асарини ҳам ўзингиз севиб ўзбекчалаштиргансиз-а? Уни ҳам русчадан таржима қилдингизми?

 

Қўлимда унинг асл бошқирдча нусхаси ҳамда рус тилига сўзма-сўз таржимаси ҳам бор эди. Бир неча саҳифагача сўзма-сўз таржималарига қиёслаб ўгирдим. Қарасам, асли ҳам тушунарли. Руҳи руҳимга, тили тилимга яқин. Баланд, шиддатли асар, қийналмай яхши кўриб ўзбекчалаштирдим. Умуман, Мустай Карим қардош адабиётимизнинг катта адибларидан бири.

 

— Расул Ҳамзатов, Михаил Дудин, Қайсин Қулиев, Мустай Карим каби машҳур ижодкор дўстларингиз кўп. Уларнинг ҳар бири ижодингиз ҳақида тўлиб-тошиб гапири- шади.

 

Мақташади, демоқчимисиз. Койийдилар ҳам. Ўзбек шеъриятининг овози баландлаётган, йўллари узайиб бораётган экан, бу қардош ва ўзбек адабиётининг таъсири, албатта. Сиз айтган шоирлар бир менинг эмас, адабиётимизнинг ҳам дўстлари. Бирлик, биродарлик бор жойда юксалиш бор. Мана, санъатнинг бир тури — рассомликни олиб кў- райлик?

 

— Сиз бу соҳани қандай ҳис қилишингиз- ни биргина «Қўшиқ» шеърингизнинг ўзи ай тиб турибди:

 

 

Ҳар ерда қалбингиз ранг бўлиб

сочилмиш:

Муҳаббат ва ғурбат, садоқат, адоват

Достони бўлиб гоҳ,

Саройлар девори, пештоқдан,

Зарварақ суратдан

Гоҳи тонг, гоҳ шафақ сингари боқади

ярқираб.

Ўзбекнинг ўтмиши,

Бугунги инсоннинг шуҳрати жаҳонни

тутмиши,

Сиздаги заковат кучидан

Ёмғирдан сўнг чиққан офтобдай

очилмиш,

Қўшиққа айланмиш сеҳргар мўйқалам

ном найда.

 

Мен Чингиз Аҳмаровнинг ҳар бир янги асаридан қувонаман. Унда ўтмишдаги миниатюра санъатимизнинг энг яхши анъаналари билан бугуннинг ёрқин нафаси уйғун. Аждодларимиз яратган санъат Чингиз Аҳмаров, у кишининг талантли шогирдлари Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов ва бошқа ёшларимиз мўйқаламларида қайта жон олаяпти, бойиб боряпти.

 

— Санъатнинг бошқа турларини ҳам шундай диққат билан кузатсангиз керак?

 

Санъатсиз олам — ғариб-ку, қашшоқ- ку! Унинг ҳамма тури ҳақида ҳам қувониб айтадиган ютуқлар бор. Мана, меъморчилигимизни олайлик. Биноларимиз минг йиллик шарқона безаклар билан нақадар кўркам. Лекин у бугуннинг ҳам кашфи экани сезилиб туради.

 

— Ҳаётни қўшиқсиз тасаввур қила оласизми?

 

Билмадим, лекин менга бундай тасаввур ёқмайди. Мен Ҳалимахоним, Юнус Ражабий, Назира Аҳмедова каби санъаткорлар ашулаларидан қанчалик завқ, қудрат олсам, ёшларимиз ижросидан ҳам шунчалик завқланаман. Кези келганда айтай: катта санъаткорларнинг энг гўзал ижролари — халқимиз бойлиги, маданиятимиз мулки. Уларни, албатта, ёзиб қолдириш керак. Улар фақат кеча ёки бугунга эмас, эртамизга ҳам хизмат қилиши керак. Менинг набираларим ҳам «Муножот» ёки «Тановор»ни тинглаб, мендай ҳис-ҳаяжон пўртанасида қолишини истайман. Бунинг учун фан-техника тараққий этган давримизда барча имконият бор. Энди мендан ансамбилларимиз ҳақидаги фикримни сўрайсиз-а?

 

— Ҳа, аввал опера ва балет театримиз ҳақида сўрамоқчи эдим…

 

Опера ва балет театримизга кириб тураман. Кўпроқ балет кўраман. Композитор Улуғбек Мусаевга мана шу суҳбатдан фойдаланиб:       «Санъатимиз ривожига қўшаётган ҳиссангиз учун раҳмат, парвозингиз яна ҳам авжли бўлсин», дегим келади.

 

— Энди ансамблларимизга гал келди.

 

Ансамблларимизнинг номи турли хил: «Лазги», «Садо», «Шодлик», «Гўзал». Улар репертуари, либослари, ижро усуллари билан ҳам турлича. Мен ҳозир «Ялла» ҳақида гапиргим келяпти. Улар дастлаб энди йўлга кирган болалардай овдир-довдир юришди-ю… бугун ўз йўлларини топиб олишди. Битмас- туганмас хазинамиз — халқ қўшиқлари улар ижросида янгича сайқалланяпти. Халқимиз руҳини мамлакатимиз шаҳру қишлоқлари, ҳатто чет элларда ҳам улар қўшиқ қилиб айтиб келишяпти, мукофотлар олишяпти. Бундан шодланмай бўладими? Ғанижон Тошматов раҳбарлигидаги дуторчи қизлар ансамбли ҳам менга ёқади. Бири-биридан суюк, бири-биридан ширин болалар ансамблларини айтмайсизми? Тағин уларнинг ўз ашулалари, ўз рақслари бор. Болаларнинг саҳнага чиқиши фақат бизга эмас, уларнинг ўзига, тенгдошларига ҳам байрам. Санъатга муҳаббатни болаларимиз қалбида эртароқ уйғотишимиз керак. Улар гўзалликни эртароқ тушунишлари, севишлари хусусида қайғурмоғимиз керак. Эзгулик, гўзаллик яшаган қалбга эса ёвузлик киролмайди. Мен бу жиҳатдан болалар ансамблининг барча ташкилотчиларини табриклайман.

 

 

— Театрни яхши кўрасизми?

 

Ҳамза номидаги театрнинг жиддий, яхши спектаклларини ёқтираман. Ҳамма актёрларга ихлосим баланд. Улар жуда заҳматкаш санъаткорлар.

 

Санъаткорлар ҳақида гап очилди. Сиз «Уни Фарҳод дер эдилар» достонингизнинг қаҳрамони билан таниш бўлгансиз-а?

 

Уни ҳамма танирди. Қобилҳори Сиддиқов мен учун Карим Зокиров каби истеъдод- ли ва қадрли артист эди.

 

— Санъатимиз муваффақиятлари ҳақидаги фикрларингиз бизни ҳам севинтиради…

 

Бу соҳада камчиликлар ҳам бор. Давраларда гапиряпмиз, газета-журналларимиз ёзишяпти. Санъаткорлар, санъатшунослар бу гапларга эътиборсиз ҳарашмас, жиддий ўйлаб кўришар.

 

— Мавзу кескин бурилганидан узр сўрайман. Сизни аёллар қалбининг билимдони, дейишади. Ижодингизни чуқур билганларнинг хулосаси бу. Айтинг-чи ўттизинчи йиллар аёллари билан ҳозирги аёллар бир-биридан нима билан фарқ қилади?

 

Ўттизинчи йиллар аёллари буюк инқилоб қайта яратган кишилар эди. Ҳамма ўз яратувчисига ўхшайди-да. Уларнинг жасорати, шиддати шундан. Бугунги аёлларни ҳам ҳурмат қиламан. Ўттизинчи йилларда яшаган бўлса, улар ҳам ўша давр аёлларига ўхшаган бўларди. Фақат битта истагим бор: бугуннинг аёллари икир-чикир, майда туйғулардан баландроқ бўлишини хоҳлардим.

 

— Суҳбатимиз охирида бир-бирига ҳеч ўхшамайдиган саволлар берсам майлими?

 

Ўхшамагани яхши эмасми?

 

— Нега проза ёзмагансиз?

 

Шундай бўлди-да…

 

— Кундалик тутасизми?

 

Йуқ, лекин бошқаларга тутишни маслаҳат бераман.

 

— Ўз китобларингизнинг нашрлари ҳақидаги фикрларингиз?

 

Келинг, ўзимникини айтмай. Бошқалар… бошқаларники ҳам ҳар хил. Сифатсиз қоғозларга босилаётган китобларга жоним оғрийди. Уларнинг саҳифалари бир-икки варақласанг, тўкилиб кетади. Бундай китоблар келажакка бугуннинг сўзини олиб боришга ярайдими? Йўлларда қолиб кетмайдими? Ноширларимиз шу ҳақда қайғуришларини жуда-жуда истайман.

…Қайси гулни яхши кўрасиз?

 

Бинафшани. Миттигина гул. Лекин қандай хушбўй у, қандай гўзал у. Ҳар кичкина жон ўзида шунча фазилатни асрай олса эди…

 

— Ҳозирча охирги савол: Сизнинг оромингиз «рақиб»лари кўп…

 

Қандай улгурасиз демоқчисиз? Улгуришим керак. Бу менинг эл-юрт олдидаги бурчим. Халқим, минглаб ўқувчиларим даъвати. Булар ижодкорни халқ билан боғлаб турадиган қон томирлари. Ана шу қон томирлари келажакка ишонч, элу юртига катта муҳаббат билан уриб турган ижодкор ҳамма юмушга имкон, куч топади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.