Асқарова Гулжамол Шодмановна

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бош мутахассиси

1978 йил 5 март куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган.

2001 йилда адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

 

ТАКБИР

Лайлатул қадрларда суралар ўқиб ётсам,

Қалбимда ишқ аталмиш занжирлар тўқиб ётсам,

Бу девона руҳимни қуш каби чўқиб ётсам,

Шунда сен келармисан, айт,

шунда сен келармисан?

Кошки эди руҳимнинг чангларини юволсам,

Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам,

Дунёнинг қора, чиркин рангларини юволсам,

Менга бир кулармисан, эй,

менга бир кулармисан?

Мен киролмаган уйнинг остонаси тиллодан,

«Нафс отлиқ қиз кўрдим, бўшамади яллодан»,

Кўзгуда неки кўрдим, барин кўрдим Оллодан,

Бир шафқат қилармисан, ай,

бир шафқат қилармисан?

Далаларга таралсам, ҳув бебош ариқлардай,

Минг биттага кўпайсам хирмоний тариқлардай,

Сув ичида сувсасам беқарор балиқлардай,

Ҳолимни билармисан, ҳой,

ҳолимни билармисан?

Бир сандиқ ясаб қўйдим Тоҳир билан Зуҳрога,

Қумларин санаб бердим саводи йўқ саҳрога,

Бир-бирга оқай деб кўп ялиндим дарёга,

Манзилим бўлармисан, ҳееей,

манзилим бўлармисан?

2012 йил

 

АГАРДА…

Яхшилаб жазосин берардим,

Эл ичра сазосин берардим,

То маҳшар қазосин берардим,

Шайтонни бир тутиб олсайдим…

Шавқ ичра сўлмасди гул қалбим,

Сочилиб битмасди гул атрим,

Сув каби оқмасди шаън, қадрим

Ишқимни сир тутиб олсайдим…

Номимни сотмасди олғирлар,

Пойимда қоларди тоғ, қирлар,

Қуёндек қочарди қашқирлар,

Ўзимни шер тутиб олсайдим.

Мағлублик кўрмасди бу бош ҳам,

Баҳона бўлмасди кўз ёш ҳам,

Ҳеч керак бўлмасди қуёш ҳам,

Худодан нур ютиб олсайдим.

Кўз юмиб садақа, маҳридан,

Кечардим дунёлар баҳридан,

Ишқ деган денгизнинг бағридан,

Бир дона дур ситиб олсайдим.

Дўстгаю душманга йўқ қасдим,

Ҳаётга ярашар бўй-бастим,

Барибир… ҳеч қачон қайтмасдим,

Дунёдан… бир ўтиб олсайдим….

2011 йил

 

 

***

Қоғозлар ичига кўмилиб қолдим,

Оғир куй чалмоқда бўғзимдаги най.

Мана ўтирибман бенаво, бедил,

Хавотир олсам ҳам хабар ололмай.

Ҳолинг нечук ўзи дўсту ҳамроҳим,

Не учун кўксингда кечмоқда жанглар.

Кетдими кўзингдан қайғулар расми?

Қолдими кўксингда илоҳий ранглар?

Кел мени қутқаргил жоним, азизим,

Бу хижрон дастидан чарчадим, толдим.

Мен нега ҳисларинг тўлқинидамас,

Қоғозлар ичида кўмилиб қолдим?!

2011 йил

 

ХАВОТИР

Мени унуттирар иш қоғозларинг,

Узоқлаштиради қалам, дафтарлар.

«Ёдларингдан ўчиб бораётирман»

Юрагимда шундай хавфу хатарлар.

Лазиз туйғулардан айирса агар,

Унутилиб кетса ишқ овозлари.

Бори ташвишларга қирон келсину,

Ёниб кетсин барча иш қоғозлари…

Қисқа қўнғироқлар…салом-аликлар,

Совуқ суҳбатларда умр ўтса гар.

Сочдан тирноқ қадар музлаб ўтарман,

Илоҳий ҳисларла севмасанг агар…

Азизим, муқаддас ришталар ҳаққи,

Уйғот юрагингни ғафлат хобидан.

Илтимос, севгингла қутқаргил мени,

Унутилиб кетиш изтиробидан!

2011 йил

 

БУХОРИЙ МИНОРГА

АРАЗНОМА

 

Сен дунёда энг мағрур минор –

На тарих, на сафга кирмаган.

Мен шиддатли камон ёйиман –

На ҳукм, на гапга кирмаган.

Сенинг юртинг ёғдулар юрти,

Қонинг ичра ишқ жило қилган.

Бухорони ёғийлар эмас,

Мудом нурлар истило қилган.

Чор Бакрда юрибсан ҳозир,

Қабрларга ўтмишин сўйлаб.

Тупроқ билан ҳисоблашмайсан,

Минорларни бўйингга бўйлаб.

Нақшбандий бобом пойида,

Гуноҳимни сўрайсан саҳар.

Етти пирдан дуолар олиб,

Юрагингга айларсан сафар.

Кечир, бошдин оёғим хато!

Ҳеч тўймадим дилларни еб ҳам.

Яралганим Худога хуш, лек,

Яралмасам бандага не ғам?

Бир хабар бор: совчи келармиш,

Бўлсин барча дарвозанг очиқ.

Самарқанднинг миноралари,

Минораи Калонга ошиқ.

Ялинмайсан, осонликча ҳеч

япроғини тўкмас чинорлар.

Ахир, ахир  Бухорода ҳам,

Эгилишни билмас минорлар.

2012 й

 

 

ТУҒИЛИШ

Дунёга келдиму келиб уялдим,

Дунё қандайлигин билиб уялдим.

 

ОНАМ

«Энди кетай…» дейсиз омонатгина,

Сизни қандоқ асрай омонатгинам.

 

Қадимий смс

Сизга…

Эй оппоқ нурлардан яралган олам,

Эй асли фаришта, эй асли одам.

 

Эй пойи осмону эй осмони ер.

Битилмаган ғазал, ёзилмаган шеър.

 

Эй бутун борлиғи меҳрдан пайдо,

Руҳи Яратганни айлаган шайдо.

 

Эй кўзимга тушиб қийнаётган гард,

Тушунарсиз азоб, тушунарли дард.

 

Эй азал йўлига йўлим етмаган,

Эй минг узатсамда қўлим етмаган.

 

Эй мангу ўзига чорлаётган ҳур,

Эй мудом руҳидан ҳайдаётган нур.

 

Юрагим пойида йиғлаб ётганим,

Кўнглимни боладек аразлатганим.

 

Эй бошим пойидан олмаётганим,

Алдабми бир йўлга солмаётганим.

 

Девона руҳимга назар қилмасим,

Ҳаргиз азоблардан ҳазар қилмасим.

 

Сиз-мажнун руҳимнинг азиз лайлиси,

Сиз-суҳбати гўё ҳурлар мажлиси.

 

Эй тунлар ибодат завқидан сармаст,

Умри ёвузликка айлаётган қасд.

 

Ҳам руҳи озода, ҳам  борлиғи нур,

Ҳам самовий хилқат, ҳам илоҳий сир.

 

Эй кўкдан заминга келган хушхабар,

Ва руҳи анбарин, бўйи муаттар.

 

Руҳимни куйларга ошно қилганим,

Менинг билмаганим, менинг билганим.

 

Сиз-зулматлар ичра ёниқ чироғим,

Сиз-мангу байрамим, мангу фироғим.

 

Эй шоҳу гадога эҳтиёжсизим,

Ўзин оромига эҳтиётсизим.

 

Эй дунё молини кўзга илмасим,

Эй барин биларим, барин билмасим.

 

Меҳрибоним яна номеҳрибоним,

Яхшилар пойида фидойи жоним.

 

Ки борлигим учун минг бора узр.

Эй  жонимга азоб, кўнглимга ҳузур.

 

Кўзимни боғлаган сеҳру афсуним,

Ақлимни етаклаб кетган жунуним.

 

Нечун бу жонимни қийнаётирсиз?

Дилимдан, кўзимдан кетмаётирсиз?

 

Гарчи бари сароб, бари рўёдир,

Сиздан мудом азоб, мендин дуодир.

 

Кўнгилни кўзгуга қаратмиш Тангрим,

Дунёни Сиз учун яратмиш Тангрим!

 

Жон надур? Сиз жону жаҳон бўлгайсиз,

То Худо бор экан, омон бўлгайсиз!

 

Эй самовий хилқат, эй илоҳий нур…..

 

 

2013 йил декабрь

 

 

 

Иқрор

 

Яралдим! Туғилдим! Яшадим!

Умр бу – Худонинг ғамзаси.

Севилдим, севиндим ва севдим:

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Кўрдиму юракка ўт тушди,

Хажри бу ўтга минг ўт қўшди,

Руҳимда оқ-қора тут пишди.

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Эришдим интилган тахтимга,

Чечаклар чиқсаям бахтимга,

Тараф йўқ қарзимга, нақдимга

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Отам ҳам, онам ҳам эскирди,

Юрагим қурғурга эс кирди,

О руҳим, бунчалар кескирдир,

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Илоҳий муждалар йўқламас,

Нурлар, фаришталар йўламас.

Ишқ хажр  божини  тўламас.

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Юрагим ёрингга бор демас,

Ёр менинг ғамимни ҳеч емас,

Ўлим ҳам йўлимга зор эмас,

Асил моҳиятдан узоқ ҳаммаси.

 

Малҳаммас бу бола, бақралар,

Руҳимда бир денгиз чайқалар,

Ким у денгизимни лойқалар…

Худойим ўзингдан узоқ ҳаммаси…

 

2014 йил

 

Онасин соғинганлар

 

Соғиндим, онамни мустаргинамни,

Мунисим, мушфиқим, рангпаргинамни,

Сўлимим, чиройлим, дилбаргинамни,

Йўл беринг, онасин соғинганларга.

 

Сочига оқ гуллар экибди ҳаёт,

Юзига имзолар чекибди ҳаёт,

Онам хўп чўкибди… тўкибди ҳаёт.

Қўл беринг, онасин соғинганларга.

 

Кўп меҳр бермадим, хизмат қилмадим,

Қачон хизмат қилсам миннат қилмадим?

Балки пушаймоним шундан, билмадим.

Дил беринг, онасин соғинганларга.

 

Жуда кўп юрдим мен ўзимни севиб,

Энди кўз ёшларда қолайин ивиб,

Юрак зангларини олсинлар ювиб,

Кул беринг, онасин соғинганларга!

 

Ҳар тирик жон бориб онасин кўрсин,

Кечикиб қолмасин, илдамроқ юрсин,

Қабригамас, бориб қўлига берсин,

Гул беринг онасин соғинганларга.

 

Йўл беринг онасин соғинганларга,

Соғиндим, онамни…

 

 

Номард киши

 

Чириб ётар тупроқ остида,

Оёқ, қўли, тишини қаранг.

Одамзотнинг қисмати шую,

Қилаётган ишини қаранг.

 

Ҳеч нарсадан тортмайдия тап,

Йўлларингда писиб берар чап,

Одам заҳри олдида ҳеч гап,

Чаёнларнинг нишини қаранг.

 

Хом пишириб мудом савдони,

Айбламасдан шоҳу гадони,

Неъматлари улуғ Худонинг,

Ёзин қаранг, қишини қаранг.

 

Ҳаёт қизиқ, ким нима ғамда,

Хасад бунча кўп-а одамда,

Худо мени гуллатган дамда,

Ғанимнинг миш-мишини қаранг.

 

Қариб сўфи, отин бўлганнинг,

Фисқ ўтига ўтин бўлганнинг,

Бугун оппоқ хотин бўлганнинг,

“Шарафли ўтмиши”ни қаранг.

 

Илон каби ўралиб ётар,

Онасию Ватанни сотар,

Интернетда писиб тош отар –

Анов номард кишини қаранг!

 

Қилаётган ишини қаранг….

 

 

Шоир

 

У нурлар бағрига киради секин,

Илоҳий ҳарфлар кўрингач зарҳал.

Шеър уни бағрига олади сокин,

Руҳида вулқонлар уйғонган маҳал.

 

Ишқ келиб қаламни тутар қўлига,

Бошланар оғриқлар, дод солар ғамлар,

Яқинроқ боради олис ўлимга,

Денгизлар тубида ёнади шамлар.

 

О, бу шеър азоби, тўлғоқларида,

Билинмас рангларнинг қўнғир, оқлари.

Ҳаёт ва ўлимнинг қирғоқларида,

Бонг урар руҳининг қўнғироқлари.

 

Ниҳоят туғилар муқаддас сўзлар,

Юз берар ҳаёт ва ўлим висоли.

У энди лаззатли уйқуга кетар,

Кўзлари ёриган она мисоли.

1 dona sharh

  • Азамат Камолов :

    Мени назаримда юртимизда кўпчилик “Зулфия” давлат мукофоти деса Гулжамол опани, Гулжамол Асқарова деса “Зулфия” мукофотини, яъни Зулфияхонимнинг муносиб издоши, хақиқий шоира ва ижодкор ҳамда давлат ва жамият ишларида фаол қатнашиб келаётган, ўзлари ёзгандек “иш қоғозлари ва совуқ суҳбату, қисқа қўнғироқлар”дан ортиб, юксак қалб, ёниқ юрак билан ижод қилиб келаётган ўзбегимнинг ажойиб қизи, хассос замондошимизни тушунади, кўз олдига келтиради. Опа шеърларингизни жуда мазза қилиб, такрор-такрор ўқидим. Сайт янги очилганда Зулфияхонимнинг шеъларини, ана шундай бир завқ билан такрор-такрор ўқиган эдим. “Номард киши” шеъридаги ҳар бир таъриф-тавсиф кўп-кўп маъноларни, бугунги кундаги айрим замондошларимизнинг хақиқий юзини очиб берибди. Яъни ўша ташқарида юриб, ўз юртига тош отаётган ватангадолару, “Шарафли ўтмиши”ни қўмсаб, энди бугун у кунлар қайтиб келмаслигини, уларнинг замони ўтганлигини билсада, лекин бошқа бир қиёфада, ниқобда, зимдан шу пайтларни қўмсаётган, уни қайтиб келмаслигини билганлари сари алам қилганидан бугунги ниқобдаги янги қиёфаларида, замонамизнинг олди бўлиб юрган ёшлари ёки муваффақиятларга эришаётган юртдошларимизга фисқу-ҳасад билан зимдан ниш урадиган “оппоқ хотинлар” жуда топиб ёзилибди. Яшанг. Шоир хақида ёзилганини қаранг, бир шеър, яхши асар ёзилиши учун шунча изтироб, гўёки фарзанд мисоли, ана ижодкорнинг ўз асарига юрак, қалбини беришига бир мисол. Албатта шоирнинг ана шундай юракдан, қалбдан келиб чиқиб ёзилган шеърлари, ўз ўзидан ўқувчининг юрагига яқин бўлиб, қалбидан жой олади. Мен Сизнинг ҳамма шеърларингизни ана шундай юракдан-юракка кўчувчи ажойиб бир изҳорлар, ҳаётий хақиқат ва кўнгил малҳами деб атаган бўлар эдим. Хуллас шайтонни тутишга ва додини беришга Сиз билан бирга боришга доимо тайёрмиз, Опа. Соғ бўлинг. Азамат Камолов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.