Эркин Воҳидовнинг “Вафо” достони асосида Ойдин Абдуллаеванинг опера-ораторияси

Фируддин Сафаров либреттоси

Ойдин Абдуллаева мусиқаси

Опера-оратория

Зулфия шеърлари, Э.Воҳидовнинг “Садоқат” достони,

А.Навоийнинг “Хамса” туркумига тегишли “Хайрат ул-аброр” достони ғазаллари асосида

 ХОР

Бир дур агар айласа зоҳир жамол,

Иккиси жаъм ўлмоқ эмас эҳтимол.

Сўрса отин аҳли сафо жавҳари,

Оҳ чекиб деки, вафо гавҳари!

Ҳар киши ҳам бу гуҳар бор анга,

Ранжу ано дойим эрур ёр анга.

Ҳар кишини кўрса ўзин ёр этар,

Меҳру вафо жавҳарин изҳор этар.

Ул кими разл ўлсун, агар бахтиёр,

Ким мунга йўқ шафқатидин ихтиёр.

 

(Зулфия Ҳ.Олимжоннинг қабри олдига келиб у билан ғойибона суҳбатлашади. Зулфия суҳбат чоғида Ҳ.Олимжон билан ўтган бахтли кунларини эслайди, ҳижрон кўз ёшларини тўкади, унга муҳаббат изҳор этади.)

Зулфия:

Ассалому алайкум, деган каломинг,

Офтобни кутган ерсимон кутаман.

Жисмимда, атрофда, қаламда номинг,

Ҳар не билан бандман, қулоқ тутаман.

Қани, эй ноёбим, сенинг каломинг?

 

Ҳ.Олимжон:

Интилиб, интилиб,

Етолмай, дардим –

Дилга оқди, гўё

Бир пиёла қон.

 

Зулфия:

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?

Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.

Нечун қора либос, сочларингда оқ,

Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?

 

Ҳ.Олимжон:

Ҳаётдаман, фақат

Жисмимдан ҳоли.

Дунёни кўксимда

Сезиб турибман.

 

Зулфия:

Сени қўмсаб оқшом чоғида,

Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.

Ўлгудайин муштоқ бўлибман –

Висолингга йўқ чоғи тоқат.

 

ХОР

Меҳр элига жаврму эрди экин?

Қоида бу таврму эрди экин?

Лутфу вафо йўлида бўлғонга гард,

Йўқ эди эркинму эваз ғайри дард?

 

Зулфия:

Соғинганда излаб бир нишон

Қабринг томон мен оламан йўл.

Келтирардинг менга бир замон,

Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

 

Ҳ.Олимжон:

Мени, барҳаётсан,

Дединг, шоирам.

Ёруғ дунёдаги

Ҳаётим ўзинг.

Мен уни ногаҳон

Тарк айлаган дам

Қолдирган байтиму

Баётим ўзинг.

 

Зулфия:

Мен йиғладим тепангда шу кун,

Келдингми, деб кўтармадинг бош.

Айтчи, сен-ла бахтиёр онлар,

Кўрганмидинг кўзларимда ёш.

 

Ҳ.Олимжон:

Айрилиқ қисматда

Бор экан, нетай!

Лекин сен бирламен,

Мени ёр десанг.

Не учун оламдан

Йўқ бўлиб кетай.

Мени ўз ёнингда

Доим бор десанг.

 

Зулфия:

Шунча узоқ бўлдинг, бас энди, етар,

Бир лаҳза мендан ол танҳолик юкин.

Бир лаҳза, шоирим, бошингни кўтар,

Сени қутлагани келганман бугун.

 

ХОР

Чунки қуёш бошдин аёқ бўлди меҳр,

Ерга киюрди ани ҳар тун сипеҳр.

Чаҳ бошига эврулубон чархи тез,

Боғлабон бўйнину айлаб ситез.

 

Ҳ.Олимжон:

Бевафо дунёда

Яшайди инсон,

Борлиги туфайли

Сендек аёллар.

Зулфия:

Ана кўтарилди уфқдан қкёш,

Бу сенсан, шуълалар – заррин қанотинг.

Менга қутлуғ бўлсин вафо ва бардош,

Қутлуғ бўлсин  сенга янги ҳаётинг.

 

Ҳ.Олимжон:

Ёдингдами бизлар

Илк кўришган чоғ?

Борлиғ кўнглимиздай

Мунаввар эди.

У олам, у осмон,

У яшнаган боғ,

Гўё бахтимга тенг

Муяссар эди.

Зулфия:

Ҳам табиат, ҳам дўст, ҳам рақиб –

Барчасини қолдириб доғда,

Кўришсагу яна тирилса,

Ўша ўлган бўса дудоғда.

 

 

Ҳ.Олимжон:

Ҳамма нарса

Бўлди-ю ғойиб,

Сингиб қолди

Чеҳранг кўзимда.

 

Зулфия:

Умрим бир он сендан айру бўлмади,

Сочларимга қўнди тола-тола оқ.

Йиллар сени мендан айру қилмади,

Йиллар иккимизни этди яқинроқ.

 

ХОР

Кимки вафо кўрди жафо қилмади,

Ўтрусида ғайри вафо қилмади.

Жонни санга топшурайин, эй сабо,

Элт анинг олдида қилмай ибо.

Субҳ насими киби бўлма хамуш,

Шом шамоли киби тортиб хуруш.

Жоним ўлуб ҳажринг ила дардман,

Раглар ажалдин анга печонг каманд.

 

Зулфия:

Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,

Камол топтирарди кенг хаёлимни.

Унинг рангдор жозиб қўшиғида,

Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

 

Ҳ.Олимжон:

Кун кун эмас эди

Шеър баҳси аро,

Қўшалоқ шам каби

Ёнмасак агар.

Кўзларингдай қора

Кечалардан то,

Юзларингдай ёруғ

Субҳидам қадар.

 

Зулфия:

Юрагимнинг шоҳи деб сени

Майли, бу гал ўзим тиз чўксам.

Ҳузурингда бахтдан тебраниб,

Ишқ ва соғинч ёшини тўксам.

 

 

Ҳ.Олимжон:

Шоирам! Сен боис

Ҳаётда қолдим!

Жоним кипригингда

Тутдию макон.

Қўзингда кўзларим,

Қалбингда қалбим,

Вужудингда ўзим

Бўлдим намоён.

 

Зулфия:

Сен куйлаган ўрик шу кеча

Бурканди оқ – оппоқ чечакка.

Мен қадрдон хотира билан

Жўнаб кетдим уйимга якка.

 

Ҳ.Олимжон:

Торинг минг булбулдай

Тошиб сайрасин,

Ғаму ҳасратларни

Айлагин барбод.

Сен шундай яйраки,

Олам яйрасин,

Агар менинг руҳим

Бўлсин десанг шод.

 

Зулфия:

Ўлгач ёнгинангда қолсам бир умр,

Ўттиз ёш, соч ёйиқ, кўзлари гирён.

Жуфт кўрса зурриёт, шерхон, булут, нур,

Қадам етганича кетсак икковлон.

 

ХОР

Десун ани гавҳари кони вафо,

Кони вафо йўкки, жаҳони вафо.

Шукрин анинг вирди забон айласун,

Кўнглини меҳрига макон айласун.

Айласалар икки тарафдин вафо,

Етгай алар жониға онча сафо.

Ким сифати сиғмағай авроқ аро,

Демайин авроқки, офоқ аро.

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.