ҚАЙСИН ҚУЛИЕВ
ШЕЪРЛАР

КЎЗЛАРИНГНИ СЕВАМАН…
Ёрқин, масъуд кунлар дилинг этган чоғ
Кўзларинг ёнишин жуда севаман.
Лекин ногоҳ кирса ҳасрат ё фироқ,
Бу кўзларни яна қиммат биламан.
Менннг битмас севгим кўзларинг сенинг,
Унда акс этганда бутун офтоб,
Мангулик танг қотган сониясининг
Таниш оташига бероламан тоб.
Ҳар недан мамнун, шод соатларда ҳам
Қаршимда кўзларинг иссиқ нурлари.
Мен уни излайман қийнаганда ғам,
Юпанч юртим бўлур қорачиқлари.
Бу кўзлардан ўқиб англайман айбим,
Шулар топиб берар гуноҳимга важ.
Бу кўзларда кўрдим умрим кўкламин,
Сўлмоғимни кўрмоқ ҳам менга қувонч…
* * *
Қаердадир, узоқларда инграйди аёл,
Қаердадир майин, маъсум айтади алла.
Жаҳондаги сира битмас ваҳима, малол
Алласининг оҳангида янграр баралла.
Жанг-жадалда ҳар отилган энг биринчн ўқ
Энг аввало, она қалбин тешиб ўтади.
Сўнгги жангда ким ғолибу ким мағлуб — фарқ йўқ,
Лекин она қалби дарду алам ютади.
ҲАЙРАТ БИЛАН ЯШАШ
Юлдуз чақнаб, тоғлар кирар минг рангга,
Қорлар эриб, гуллар баргин тўкар жим.
Жаҳонда бир недан тушмай ҳайратга
Яшаб ўтганларга келади раҳмим.
Қайдадир юз берган оддий бир ҳолга
Ҳайратдан ва завқдан ҳаяжонга ром
Боққан-чун олиму шоир ва рассом
Буюк кашфиётлар келар жаҳонга.
Мени лол этади кушлар ва гуллар,
Гарчанд тили, ранги — борлигича сир.
Ҳайратга солади сўзлар, жамоллар,
Қўшиқлар, шеърлар этади асир.
Куйлаб оқар жилға, тинглайман сайроқ
Қушларни ва денгиз гулдурашин маст.
Мўъжизалар ҳадя этади тупроқ,
Биздан ҳам кутади ҳайрат ва меҳнат.
ОНАЛАР КЎЗИ
Ўғил хушнуд куйлаб яйрайди тўйда —
Она кўзларида шодлик бир жаҳон.
Пўстинда дўстлари келтирар уйга —
Она кўзларида олам зимистон.
Она кўзларида кузги кенг дала,
Ҳовлида тароват тўкади кўклам…
Кўрдим оналарнинг кўзи бир йўла
Жаҳон ғам, шодлигин сиғдирганин ҳам…
ТЎҒРИМАСМИ…
«Тўғримасми, менга ҳам қийин!» —
Шивирлайди жароҳатли тош.
Туманли шом, тун, саҳармикин
Сукунатда тошга суҳбатдош?
Бўлмадими менга бир далда
Жароҳатли ва танҳо шу тош.
Сўзлашаман у билган тилда,
Ола билдим мен ундан сабоқ.
«Бор азобга беролдим чидаш»,—
Деганини ўзим эшитдим
Ва ўзимда сезиб куч, оташ,
Она-Ерда одимлаб кетдим…
АЙТИНГ, ТОҒЛАР…
— Тоғлар, айтинг шодлик бўларми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, чақнаб турсак биз мудом.
— Денгизлар, шодлик ҳеч бўлурми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, гар сув бўлмаса тамом.
— Ўрмон, сен айт, шодлик бўлурми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, шовул ўсиб турсак биз.
— Қушлар, айтинг, шодлик бўлурми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, битмас экан куйимиз.
— Далалар, шодлик ҳеч бўлурми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, тўлиб пишаркан донлар.
— Аёллар, шодлик ҳеч бўлурми ҳалок?
— Ҳалок бўлмас, токи бор болажонлар!..
ОНАМ СУЙГАН ИККИ ҚЎШИҚ
I
Нечоғ заиф бемор бўлса ҳам одам,
Тонггача бағрингдан топади даво.
Эй, тун оғушлайсан тоғу тошни ҳам,
Тирик жонга уйқу этасан ато,
Кексаю гўдакни омон асрагин,
Ғаму офатлардан яшасин нари.
Уйни қулашлардан ўзинг сақлагин,
Қирмасин бўрилар қирда подани.
Тошларни ағдарма, қиялаб пастга,
Ва бузма гўдаклар ширин оромин.
Уйқусизлик дардин билмасин кекса,
Қарилик тушлари тинч қўйсин жонин.
Тоғли йўллар тоши юлдуздай чақнаб,
Дарёлар жилвалансин ой тўккан нурда.
Тушида асалдай мевалар чайнаб,
Айиқчалар ухлаб ётсин ўнгирда.
Чарчади одамлар, толди жонивор ҳам,
Эй тун, тоғлар узра ўзинг ҳам ётдинг.
Бизни уйқумизда топмасин дард-ғам,
Ардоқ-ла оламга ёйгин қанотинг…
II
Ғарибларга таянч тоғ,
Беморларга шифо бўл.
Бошига ғам тушганга
Насиб бўлсин осойиш.
Узоқ йўлга чиққанга
Омад ўзи бўлсин эш.
Йўл юрганга бер мурод,
Метин бўлсин бардоши.
Чиқсин доно, тадбиркор
Етаклаган йўл боши.
Фақат тинглаб ширин сўз,
Яйраб ўссин ҳар бола.
Бирон жон бўлса уйсиз,
Бер, қуламас бошпана!
Учқур паррандаларга
Бағишла чексиз осмон!
Юпун, оч бандаларга
Еткиз тўярли ош-нон!
Совқотганда оловга
Қуруққина бер ўтин.
Тил ато қил соқовга
Очгин сўқир дийдасин.
Йиғлаганнинг ёшин арт,
Бахш эт ишонч ва имон.
Бегуноҳга бер қудрат,
Гуноҳкорни эт пушмон.
Ёр эт ҳаммага тақдир,
Орзуларга тўкис қил.
Ҳар кимсага бир бахт бер
Ва туҳфа айла хушфеъл дил…