ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ

 

medal02

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли жамоат арбоби, Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофот соҳибаси, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофоти совриндори Зулфия Исроилованинг босиб ўтган ҳаёт йўли, мерос қолдирган ижоди ва айниқса ҳар бир ўзбек қизига, нафақат ўзбек қизи, балки, шарқ қизларига ўрнак бўладиган  маънавий дунёси, ахлоқий қиёфаси халқимиз ва Юртбошимиз томонидан юксак баҳоланиб келинмоқда.

1999 йилнинг 10 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2326-сонли Фармони асосида Зулфия мукофоти таъсис этилган бўлса, 2007 йилда эълон қилинган “Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ  шоираси Зулфиянинг ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида”ги қарори асосида ардоқли шоирамизнинг бадиий сиймоси яратилди.

Аёл зотига эҳтиром ва эъзоз, ижодкорга ва шеъриятга бўлган  юксак ҳурмат намунаси сифатида таъсис этилган, юртимиз қизларининг йўлчи юлдузига айланган ва юзлаб иқтидорли қизларнинг кашф этилишига сабаб бўлган Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилаларига биттадан ҳар йили Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида (кўкрак нишони ва дипломи) берилади.

IMG_0063

Зулфия номидаги Давлат мукофоти энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида тайинланади. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳи6алари бўлган мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари танлаган йўналишлари бўйича олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 2 февралдаги  ПФ-3717 сонли фармони асосида мукофот Низомига ўзгартириш киритилган. (Фармонга кўра Зулфия номидаги давлат мукофоти 25 ёшгача бўлган қизларга эмас, 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган қизларга берилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.)

Низомга мувофиқ  ҳар йилнинг август-сентябрь ойида танловнинг туман-шаҳар босқичлари, ноябрь ойида эса танловнинг  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.