Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деб номланган бадиий-маърифий кеча

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деб номланган бадиий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Унда таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, академиянинг профессор-ўқитувчилари, тингловчилар иштирок этди.
Ўзбекистон халқ шоирлари О.Ҳожиева, У.Азим, адабиётшунос И.Ғафуров, шоира М.Улуғова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат соҳаларига улкан эьтибор қаратилиб, ёшларни атоқли адибларимизнинг бебаҳо меросидан баҳраманд этиш, уларни баркамол инсонлар этиб вояга етказишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ёшлар маънавиятини юксалтириш, адабиётимиз дарғалари хотирасини эъзозлаш, асарларини ўқувчилар ўртасида тарғиб этиш йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг яққол намунасидир.
Зулфия ижоди халқимиз, айниқса, навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ғоят қадрлидир.
– Шоиранинг «Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман» деган сатрлари бугунги кунда ҳар бир қизнинг қалбидан чуқур ўрин олган, ўзига хос ҳаёт шиорига айланган, – дейди академия тингловчиси Машҳура Саъдуллаева. – Боиси дунё ҳавас қилаётган жонажон Ўзбекистонимиз, меҳнатсевар халқимизнинг фарзанди бўлиш олий саодат, катта шараф экани ушбу мисраларда лўнда ифода этилган. Бугун ҳар қайси ёш Зулфиянинг Ватанга садоқати билан бирга камтарин ва самимийлигидан ибрат олишга интилмоқда.
Тадбирда Зулфия ҳаёти, ижоди, фаолияти билан боғлиқ ёрқин хотиралар ёдга олинди. Шоира шеърларидан намуналар ўзбек ва хорижий тилларда ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.