Юртим харитаси – менинг юрагим (Шоира Ольга Ипатова билан суҳбат)

САВОЛ: — Қадрли Зулфия опа, сиз қай кундан ўзингизни шоирман, деб ҳис қилгансиз — биринчи китобингиз чиққанидами (17 ёшингизда) ёки ўқувчиларнинг ҳурмат – муҳаббатини қозонганингиздан кейинми? Биринчи китоб шахсийлиги жиҳатидан шоирга азиз, ҳатто, энг қадрли маҳсулидай туюлиши мумкин, холисона қаралганда ҳар доим тадқиқотчиларга қизиқарли бўлади. Чунки у шоирнинг шеъриятдаги машаққатли йўли қандай бошланганлиги ҳақида ҳужжат бўлибгина қолмай, ўзида келажакнинг гули ва мевасини асраб турган куртак ҳамдир. Шунинг учун мен сиздан шундай деб сўрагим келади: биринчи китобингиздаги шеърлар — ҳаётингизни кунба-кун, соатба-соат акс эттирган варақларми ёки сиз ўшанда ҳам ўқувчиларга умрингиз- нинг танланган лаҳзаларини беришга интилганмисиз?
ЖАВОБ: — Йўқ, ўша пайтда дурустроқ ўйлаб танлаш бўлмаган менда. 20-30 шеър ёзиб, газета-журналларда бостирган одам шоир бўлавермайди, албатта, буни ёшликда англаш қийин. Мен ҳам кўп ёздим, шеърларимда маълум адабий ташбиҳлар такрорланаётганини пайқамасдим. Шу боис биринчи тўпламимни таваккал «Ҳаёт варақлари» деб атаганман. Тўғри, мажмуага энг яхши деб ҳисоблаганим шеърларнинг ҳаммасини киритган эдим. Аммо шоир сифатида Улуғ Ватан уруши йилларида туғилдиммикин… Халқимизнинг бошига тушган мислсиз кулфатлар, унинг беқиёс жасорати қалбимни тўлатиб, тошгиси келаверарди. Мана, масалан, «Уни Фарҳод дер эдилар» достоним истеъдодли ўзбек артисти Қобилқори Сиддиқовнинг ҳалокати таъсирида ёзилган эди.
Қобилқори Украинани озод қилиш учун борган жангларда ҳалок бўлди. У урушдан аввал бизникига кўп келарди. Отам унинг ижросида қадимий «Муножот» куйини қайта-қайта тинглаб, сел бўлардилар. Достон «Жангчи кутубхонаси» сериясида кўп нусхада нашр этилганида менга кўплаб хатлар кела бошлади. Бу мактубларни фронтдаги жангчилар ва фронт орқасида ғалаба учун курашаётган, яқинларини кутаётган аёллар ёзишарди. Кейин бу аёлларнинг садоқати, ишончи ва жасорати «Палак» шеъримнинг яратилишига сабаб бўлди ва ўша шеър «Правда» газетасининг 1943 йилги декабрь сонларидан бирида босилиб чиқди. Иккинчи китобим — «Ҳижрон кунларида» Ҳамид Олимжон вафотидан кейин чиқди. (Корректурасини бирга ўқиб улгурган эдик.) Шунда менинг бошимга тушган кулфат умумий йўқотишлар оқимига тенг келиб қолди. Менинг қайғуларим умум халқ қайғусига қўшилиб кетди. Атрофимдаги одамлар, бу китоб мунча тез ёзилди, деб ҳайрон бўлишади. Ундаги сатрлар шахсан ўз ҳаётимда рўй берган воқеалардан олдин ёзилганини билишмасди. Икки нарса — умум жаҳон ҳижрони билан менинг айрилиғим бир вақтга тўғри келиб қолганига ишониш қийин эди.
САВОЛ: — Сиз шеърият сирларини эгаллаш жараёнида қандай қийинчиликларга дуч келгансиз? (Ташқи эмас, ички қийинчиликларни айтмоқчиман.) Сиз ўз иқтидорингизни дарҳол англаб етдингизми? Мақсадларингиз аниқ равшанмиди, ихтиёрингиздаги «қурилиш ашёлари»дан қаноат ҳосил қилганмисиз? Ахир, шоир ҳар доим ўз оламини ўзи бунёд этади-ку! Бу қурилишда бошқа бировни айблаб бўлмайди. Цемент вақтида келмади, юк крани синиб қолди, бўёқни нотўғри беришипти, деб шикоят қилиш ўринсиз. Шоир бир вақтнинг ўзида якка ўзи — ҳам бетончи, ҳам ғиштчи, ҳам ҳисобчи, у ҳамма юкларни барча қаватларга ўз елкасида олиб чиқади. Тўғри, ўз юкинг ўзингга огирлик қилмайди, дейишади… Сиз бунга нима дейсиз?
ЖАВОБ: — Мен шеър ёза бошлаган йиллар ўзбек шеърияти учун ўзгариш йиллари эди. Янги ҳаётнинг эскиликни синдириши ва инқилобий қайта қуришлар адабиётдан ҳам янги шаклларни талаб қиларди. Инқилобдан олдинги бутун ўзбек шеърияти кўпроқ аруз вазнида яратилган эди. Аруз вазни ҳукмрон ва у замонавий фикрларни ўз қолипига кўп ҳам сиғдира олмас эди. Биринчи бўлиб Ҳамза бармоқ вазнига мурожаат қилди.
Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқалар бу «шакл инқилобини» давом эт- тириб, жаҳон шеърияти усталари ва рус совет адабиёти тажрибаларини ўргандилар.
Менинг билимларим етарли эмаслигини яхши англардим, шунинг учун классик адаби- ётни ўзлаштиришга киришдим, бадиий тафаккурнинг сирли қонунларини тушунишга интил»дим.
30-йилларда Лермонтов, Некрасов, Пушкин, Фет, Тютчев шеърларини биринчи марта рус тилида ўқиб чиқдим ва шоир учун муҳими фақат нимани айтишгина эмас, қандай айтиш ҳам эканлигини англаб етдим.
Мен сизга бир нарсани айтгим келади, бетончи ва ғиштчи бўлмиш шоирнинг юкини, унинг оғир ё енгиллигини фақат шоирнинг ўзи эмас, ўқувчилар ҳам яхши ҳис қиладилар. Шеърхон ҳамма вақт ҳақиқий шеърни ясама шеърдан, чинакам шоирни сохта шоирдан ажратиб олади. Менинг шеърларимнинг шаклланишида керакли, ягона сўзни излаб топиш тажрнбасида бу ишнинг машаққатини яхшн биладиган, чинакам катта шоир Ҳамид Олим- жоннинг хизмати улкан бўлди.
САВОЛ: — Сиз ўз ижодий тажрибангизда мумтоз адабиёт билан ҳозирги замон адабиётига қандай муносабатда бўлгансиз? «Пушкинга» шеърингизда:
Мана, мен ҳам ўз-ла қолгаи чоғимда,
Дил ё хит, дил ё шод, истаб суҳбатдош,
Навоий ё Сизни қўлга оламан…
дейсиз.
Лекин очиқдан-очиқ тан олмасангиз ҳам, лнрикангизнинг асл ва юксак қурилиши мумтоз анъаналарга яқинлигингизни кўрсатади. Шундай бўлса-да, гоҳо жиддий равишда классика билан баҳслашасиз. «Ўғирламанг қаламим бир кун» шеърингизда «Мен Ҳофиздай улашмайман юрт» дейсиз. Москвада «Художественная литература» нашриётида 1975 йили нашр этилган танланган асарларингизда биргина рубоий бор, у ҳам бўлса 1945 йилда ёзилган.
Шарқда кенг тарқалган ва узоқ анъанага эга бўлган бу шеърий шакл ижодингиз учун тасодифий воқеами ё чиндан ҳам анъанага суяниш намунасими бу?
ЖАВОБ: — Бу тасодифий воқеа. Шеъриятда ҳам, ҳаётдаги каби кеча янгилик ҳисобланган нарса бугун анъанага айланади, индинга эса уни ҳам янгилаш керак. Мисол учун, Эркин Воҳидовнинг ўзбек шеърининг классик шаклларига, нақл ва афсоналарга мурожаати ҳақиқий новаторликдай янгради.
Эндиликда ўзбек шеърияти образлилик ва мураккаблашиш ҳисобига юксалмоқда, анъанавийликка интилиш кўпроқ сезилмоқда. Аммо бу мураккаблашиш — дабдаба, жим-жимадорликдан холи, теранликка, фалсафийликка, замон заминига асосланган. Юқорида айтганим — эскиликдан қутулиш иккинчи қарама-қарши қутбга — шеъриятнинг аллақандай яланғочлигига олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун ёшлар мувозанат изламоқдалар. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева каби шоирларнинг ижодида шахсий «мен»нинг кўнгилда сақланган сирлари катта дунёга олиб чиқилади ва унга қўшилиб кетади. Хуллас, уларнинг шеърларидаги мураккаблик тошқинлик билан боғлиқдир.
Кейинги йилларда баъзи бировлар менга «шеърларингиз атай мураккаблаштирилган», «бир оз оғирроқ» дейишди. Ҳа, мен ўз шеърларимнинг кўп садоли бўлишини, фалсафий теранроқ бўлишини хоҳлайман. Бу менга ҳам анъанавий, ҳам янги кўринади. Аммо атайлаб шундай қилмайман, ўзи шеърларим шундай чиқади, юрагим уларни шундай дунёга келтиради.
Менинг бутун шеърларим аввало юракдан келади, мен унга қулоқ соламан, сатрлар ус- тида донишмандлик қилиб ўтирмайман, кўнглимга, илқомимга уйғун сатрлар яратишга интиламан.
САВОЛ: — Билишимча, сиз мамлакатимизда халқ шоири унвонини олган биринчи аёлсиз. Шундай бўлгач, биз санъатнинг халқчиллиги масаласини четлаб ўтолмаймиз. Сиз ўзингиз ҳам бу ҳақда кўп ўйлагансиз.
Дили шоир ҳассос бир элга
Фарзандлигим нақл этар бурчим.
Халқ қалбидай бир гўзал шеърга,
Етармикан ҳеч қачон кучим…
Ёки:
«Юртим харитаси — менинг юрагим…»
деган сатрингиз бор. Сизнинг бу сатрларингиз бутун ижодингизга эпиграф бўла олади. Кўпчилик ижодкорлар «Халқим, сени севаман» деб қасам ичадилар, аммо халқ кўнглидаги сўзни тополмайдилар. Халқчиллик деганда — оғзаки ижод услубида ёзишни тушунадилар. Ёки қўшниларимникида нима гап борлиги билан ишим йўқ, ўз халқим, юртдошларимни ёзсам, халқ шоири бўлавераман, деб ўйлайдилар. Сиз эса Ўзбекистон тўғрисида ёзганда ҳам, Россия, Қозоғистон, Кавказ, Ҳиндистон тўғрисида ёзганда ҳам ҳалқчилсиз, халқ билан қўшилишиб кетасиз. Бунга қандай эришгансиз? Буни қандай тушунасиз?
ЖАВОБ: — Баъзан «Мен ҳам шундай деб ўйлагандим, фақат сиздай ёзмагандим, холос» деган мазмунда хатлар келиб қолганда ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Дунёни тушунишим ва кўришим; менинг сўзларим бошқа нотаниш одамнинг ҳам ҳис-туйғуларини ифодалаши дилга қувонч беради, албатта. Одамлар шеърларимда қанчалик кўп инсонийлик туйғуларини, фикрларини кўрса менга ҳам ўз ишимнинг салмоғи ортаётгандек кўринаверади. Ахир, бунга эришиш осон эмас, мен ютуқлар билан бир қаторда муваффақиятсизликка ҳам учраганимни алам билан ҳис қилганман. Машҳурлик — бу халқ қалбига кирдим, дегани эмас. Инсонлар қалбига кириш—ўқувчиларнинг китобинг билан ҳамроҳлиги дегани, агар у китобингни қайта-қайта ўқиётган бўлсагина, унда ўз қалбини кўраётган бўлсагина ўқувчи қалбига кирасан. Шоирнинг юраги катта: у азоб ва қувончларни томчилаб йиғади.
Мен ўз ижодим тўғрисидаги гапларни бир четга қўйиб, шундай дейишим мумкин: шоирнинг халқчиллиги — бу, балки, аввало ижод доирасининг кенглигидир, улкан қамров билангина халқ онгининг теранликларини, санъатини, миллий ўзига хослигини ифодалаш мумкин. Ҳар бир санъаткор қўлидан келганича, кучи етганча ўз халқига, хизмат қилади.
САВОЛ: — Ҳар бир шоир ўз ҳаётий фалсафасини яратади ва изҳор қилади. Бу фалсафа янгича маънолар касб этиб, қуёш нуридай синга-синга бутун ижодидан ўтиб боради.
Мана, сизнинг Қозоғистон ҳақидаги туркумингизда шундай бир манзара бор. Сиз булутни жуда сеҳрли бир назар билаи кўргансиз: у гоҳ худди «пиёда» сингари ер узра кетиб боради, гоҳ қайиқ сингари кўл узра сузиб боради, аммо чўкмайди… Аммо уни осмон ҳам қабул қилмайди, ер ҳам ўз устидан ҳайдайди, ўз шаклини сирли равишда ўзгартириб бораётган бу булут кўзларни сеҳрлайди, аммо у борлиқнинг «ўгай боласи».
Олдин оддийгина кўринган лирик манзара аста-секин катта фалсафий мазмун билан тўлишиб боради. Сиз булутга, сеҳрлама, яхшилик йўлидан бор, илиқ ёмғир бўл, чанқоқ тупроқни суғор — деҳқонлар сени дуо қилишади, дейсиз. Яхшилик йўлидан бориш — менимча, бу Сизнинг энг муваффақиятли ва аниқ ифодаланган шоирона ва ҳаётий фалсафангиз бўлиб туюлади. Бу гапимга нима дейсиз? Ёки сизнинг фалсафангизни бундан ҳам аниқроқ ифодалайдиган шеърларингиз борми? Бўлса, айтинг…
Ж А В О Б: — Эзгулик ва ёвузликнинг кураши ҳар қандай шеъриятнинг моҳиятини ташкил қилади. Мен ҳаётни, ундаги ҳамма яхши нарсаларни тасдиқлаш орқали ёмонлик билан курашаман. Ҳамма китобларимда бунга мисол бор. Ҳаётда қайғу кўп, аммо мен уни енгиш, шу жумладан, ўз-ўзини енгиш жасорати тўғрисида ёзаман. Мен ҳаётнинг нохуш томонлари тўғрисида киноя билан, ҳажв билан гапирмайман. Оғриқ ва алам билан, эзгу истак билан гапираман, она-еримиздаги ҳар бир одам бахтли бўлишини, ҳаёт гўзал, ҳар биримизнинг аҳиллигимиз ибратли бўлишини хоҳлайман.
Лирика ва сатира ёнма-ён яшашлари ҳам мумкин, албатта, ҳаммаси қуйманинг сифатига боғлиқ. Мен ҳеч қачон ҳажвий қуйма яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўймаганман. Шеърий тўпламларимдан бири «Мен тонгни куйлайман» деб аталган. Одамга тафт берувчи севги ва эзгуликнинг нури тўғрисида кўп ёзганман. Бизнинг жамиятимизда туғилган янги инсондан завқланиш — ижодимдаги энг асосий гапдир. Шу нарса, менимча, ҳар бир шеъримда бор бўлса керак.
САВОЛ: — «Танланган асарлар»га тўртдостон кирган экан. Ҳажм жиҳатидан ҳам, ҳаётий тасвир жиҳатидан ҳам уларни лирик достон дейиш мумкин. Воқеабанд жойлари бўлса ҳам, улар эпос даражасига кўтарилмаган. Лирика сиз учун табиий, қисқа шеърда эса ўзингизни эркин ҳис қиласиз, чоғи. Эпос ва драма соҳасида ҳам тажрибаларингиз борми?
ЖАВОБ: Эҳтимол, бу жуда шахсий гапдир, аммо достон жанри, ҳар қалай, менга нобоп кўринади, мен бу жанрни хуш кўрмайман, унинг келажагига кўп ишонмайман. Шакл ихчамлиги ва ихчамроқ шаклга жойлашган фикрнинг рангдорлиги менга кўпроқ ёқади. Туйғулар тошқинлиги ва фикрлар теранлиги бир-бирига мувофиқ бўлиши керак —бу нарса шеърда осон ҳал бўлади. Достонларим шунинг учун ҳам кичкина, улар кўпроқ узун шеърларга ўхшаб кетади.
Драма соҳасидаги тажрибам эса биргина. У ҳам бўлса, Ҳамид Олимжон достони асосида яратилган «Зайнаб ва Омон» операсининг либреттосидир.
САВОЛ: — Кўп шоирлар ҳар хил мавзуларда турлича асарлар битадилар: севги ҳақида бўлакча, космос ҳақида бўлакча ва ҳоказо. Сунъий равишда «мавзу токчалари» юзага келади. Сиз эса «Муҳаббат бу» шеърингизда бундай деб ёзасиз:
Муз жисмидан ҳарорат олиб,
Сени ёқиб, қилар томоша?
Довул ичра гирдобда қолиб,
Учсанг мумкин фазолар оша.
Бу сатрлардан поэтик сезгининг замонавийлигини пайқаш қийин эмас. Бунда гап — ишлатилаётган сўзда ҳам эмас: ўринлими, ўринсизми, «фазо» сўзини ишлатавериш мумкин. Бу ерда биз янги инсоннинг дунёни ҳис қилиши, унинг табиий равишда ўз даври билан чатишиб кетиши ҳодисасини кўрамиз. Бу ҳам менга ижодингиз учун характерли бўлиб кўринади.
Сиз шеъриятда замонавийликни ўзлаштиришнинг қайси йўлини энг самарали йўл деб ўйлайсиз? Сизнинг назарингизда, бу йўлда қандай қилиб ҳамоҳангликка эришиш мумкин?
ЖАВОБ: — Поэтик идрокнинг замонавийлиги замоннинг эпик миқёслари билан «мен»нинг ҳамоҳанглигидадир. Яна, менинг назаримда, бу шоирнинг бугунги кунни идрок қилишида, келажакни ҳам сеза билишидадир…
Бугун ҳақида гапирганда шоир ўз елкасида ўтмишнинг — умумий ва миллий тарих- нинг, маданиятнинг юкини ҳис қилиши, айни чоқда, тараққиёт йўлларини кўра билиши ҳам керак. Мен юқорида ҳозирги шеъриятнинг кўп садоли ва кўпқиррали эканини, борлиқни шу тахлит қамраб олишини айтиб ўтган эдим. Шеъриятнинг шу хусусияти, менимча, кучайиб бораётир. Бу нарса маданий-техник даражанинг ўса бориши билан ҳам, руҳий-маънавий камолотга муносабатимиз билан ҳам боғлиқ. Бироқ энг муҳими, шеърият юракдан юракка бормоғи шарт. Унинг бу сифати ҳар доим замонавийдир.
САВОЛ: — Сизнинг ижодингизни ўрганган барча тадқиқотчилар сиз учун муҳими — аёллар мавзуи деб ҳисоблашади. Дарҳақиқат, сизнинг шеърларингизда шарқ аёли мўл ҳосил устаси, илҳомбахш ва ғолиб инсон, оилавий ўчоқнинг ўти бўлибгина қолмай, бутун дунёнинг ҳам ҳимоячисидир. Ва бунда улғворлик нозик лиризм билан қўшилиб кетади. Дарҳақиқат, бу — сизнинг ҳаётингиз мавзуи. Лекин мен ўз оғзингиздан бу абадий мавзунинг қайси қирраларини тўлароқ очганингиз тўғрисида эшитгим келади.
Ва ёки давримизнинг санъаткор ва куйчилари нималарга эътибор беришлари керак?
ЖАВОБ: — Ўзбек хотин-қизларининг тақдири — ўтмишн ва бахт сари босиб келган йўли — мана шулар шеърларимга асосий мавзу бўлиб кирган. Ҳар қалай улуғ одам бўлганлиги шак-шубҳасиз. Аммо унинг истеъдоди уй ичида қолиб кетди.
Ҳозирги бахтиёр замондошимнинг тақдири ортида миллионлаб онам каби ватандош- ларимни кўраман. Уларнинг армонлари ушалгандай туюлади. Шунинг учун ҳам аёлларни хафа қилишларига, уларга нисбатан манманлик, дағаллик, қўполлик қилишларига чидай олмайман. Мен марказий газета саҳифаларида неча марталаб турмушимиздаги эскилик қолдиқлари тўғрисида чиқиш қилганман. Ҳозир ҳам аёлларга нотўғри муносабат намуналарини кўриб қолсам, ўртоқларимни, ҳамроҳларимни, шеърларимнинг ҳамма қаҳрамонларини ҳимоя қиламан.
Аммо ҳозирги ўзбек аёлларининг қиёфаси ҳам ҳар хил ва мураккаб. Бу мураккабликни, уларнинг тушунчалари, дунёда тутган ўринларини кўрсата билиш — адабиётимизнинг вазифаси.
С А В О Л: — Сизнинг шеърларингизда турли исм-фамилиялар, сиймолар тавсифи, аниқ далилларга ишоралар кўп учрайди. Воқеа-банд шеърни ҳам жуда эркин ёзасиз… Кўпчилик шоирлар эса воқеабанд шеърни эплай олмайдилар. Агар мумкин бўлса, айтиб берсангиз, Сиз ҳаётда учраб турадиган қизиқ ва ибратли фактлардан қай даражада фойдаланасиз?
Ж А В О Б: — Менинг бирорта шеъримда ҳам аниқ бир прототип йўқ. Агар биров билан учрашиб қолсам-у, у менда катта таассурот қолдирса (албатта, аксарият аёл киши бўлади), мен беихтиёр, ўзимни унутиб, ўша аёл ўрнида кўра бошлайман, унинг сезгилари, Онам истеъдодли аёл эди. Қўли теккан жойи гул бўлар эди. Шоирмиди? Олиммиди? Қалб уриши, фикрлари менга ўтиб қолгандай бўлади. У — я(ъни мен. Лекин, шубҳасиз, шеърларимда мен учратган ва кўрган, менда таассурот қолдирган кишилар ва уларнинг тақдирлари кўринади. Асар қаҳрамонларини махсус излаб юришнинг ҳожати йўқ,— улар биз билан ёнма-ён яшайдилар. Уларнинг юмуш ва ташвишлари — менинг юмуш ва ташвишларимдир, уларнинг дунёни сезиши меникига яқин. Мен бу ҳақда ҳикоя айтмайман — ҳикоячи эмасман — аммо шу ҳаёт сезгисини, олим, врач, меҳнаткаш аёлнинг меҳнатини бунёдкор ташаббусга айлантираётган воқеликнинг тўлалигини бермоқчи бўламан. Ҳиссиётнинг кучи шеърни ҳис-ҳаяжон билан тўлдиради — бу менинг вазифам, бу менинг «қуролим»дир…
Китобхон аввало мен ёзган одамни кўради, унинг сахий қалбини ҳис қилади, сезги- ларини ўзига «юқтиради», унинг кайфиятига тушади — шунда у қаҳрамонликни менинг кўзларим билан кўради, шундай қилиб, унинг меҳнат жасорати «ботиний томондан» англанади. Ҳодиса мустақил мундарижага эга бўлмаслиги керак, инсондаги муҳим хислатлар очилишига восита бўлиб хизмат қилиши керак.
Масалан, мен «Мушоира» шеъримда Ҳиндистондаги шоирларнинг анъанавий мусоба- қаси ҳақида жўнгина ҳикоя қилган эмасман, балки мушоирани қандай ҳис қилишимни ифодалаганман. Менинг сезишимча, мушоира одамларни бир-бирига оға-ини, ака-сингил қилиб бирлаштирибгина қолмайди, айни чоқда у муҳаббат ва халқ гўзаллиги байрами ҳамдир. У шоирларни бир-биридан бохабар, ҳамоҳанг, ҳамнафас қилади. Мавзудан бир оз чалғитиб бўлса ҳам бир гапни айтай: мен илгарилари қаҳрамонимнинг ҳолатини тасвирлашда бир оз ҳадиксираб, ўзимга эрк бермай ёзардим. Бир яқин дўстим: «Сен ўзингни чеклама, қандай ўйласанг, шундай ёз!» деб маслаҳат берди. Унинг фикрига қўшилдим. Энди шеър ёзганда бутун ўйлаганларимни бир томчи ҳам қолдирмай тўкиб солишга , ҳаракат қиламан. Лекин уларни тўғридан-тўғри эмас, таъсирли воситалар ор- қали айтиш учун шакллар ахтараман.
Ўзбек шеъриятида муҳаббат нозик кечинмалар орқали ифодаланади. Мен ҳеч қачон тўғридан-тўғри «Сени севаман!» деёлмайман. Айтсам, бошқачароқ айтаман. Аммо гоҳида шеърларимнинг таржимасини ўқиб, ўша шеърларимни биров ечинтираётгандай уялиб кетаман.
САВОЛ: — Биламан — шеърларингиз таржимасига талабчансиз, таржимонлар билан баъзан бир сўз ёки ташбиҳ устида катта- катта баҳслашиб, янги-янги нусхалар талаб қилаеиз. Ўзингиз ҳам рус адабиёти асарларини ҳурмат-эҳтиром билан таржима қиласиз. Улуғ рус шоири Некрасов, белорус адабиёти классиги Якуб Колас шеърларини ўзбеқ тилига таржима қилгансиз. Ўзбек шеъриятининг рус тилига таржимаси тўғрисида ва ўзингиз севиб таржима қилишни хоҳлаган муаллифлар ҳақида гапириб берсангиз.
ЖАВОБ: — Назаримда, ҳозирча биз ўзбек тилига яхшироқ таржима қилаётирмиз. Лекин бизнинг асарларимиз таржимаси яхши деб айтолмайман. Таржимонлар бизнинг туйғулармизни деярли билишмайди, сўзма-сўз ағдармалар асосида таржима қилишади, бу, албатта, сифатни туширади. Маънони тўла бериш у ёқда турсин, ҳатто шеърнинг жарангини, оҳангларини ҳам бериш кўнгилдагидек эмас. Бизда ҳозир таржима билан шуғулланмайдиган шоирнинг ўзи йўқ. Ёш, истеъдодли таржимонлар совет ва жаҳон классикасидан тортиб, ҳозирги замон адабиётигача яқиндан танишиб, таржима қиладилар.
Абдулла Орипов Дантенинг «Илоҳий комедия»сини таржима қилди. Гёте, Гейне, Байрон асарлари ўзбек китобхонларига етказиб берилди. Ёшларнинг муваффақиятлари бизни қувонтиради. Қатта адабиёт билан ҳамкорлик ва яқин алоқа — шоир учун ҳақиқий мактаб демакдир. Ўзим ҳам шундай «мактаб»дан таълим олганман. Асосан, шоираларни таржима қиламан — Леся Украинка, Сильва Қапутикян, Ольга Берггольц… Сильва Капутикяннинг аёл қисмати ва бахти ҳақидаги ўйлари, Ольга Берггольцнинг граждан- лик ва аёл жасоратига оид қудратли, ғурурга тўла шеърлари, ватанпарвар аёл туйғулари менга яқин ва азиздир.
САВОЛ: — Сиз меҳр ва сабр-тоқат билан — Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Муҳтарама Улуғова каби бутун бир истеъдодли ўзбек шоиралари авлодини улғайтирдингиз, ҳаётида ва ижодида ёрдам кўрсатдингиз. Уларнинг ҳар бирида қалбингиз оташи ва руҳий софлигингизнинг бир қисми яшайди.
Шарқда қадимдан уста санъаткорлар ўз маҳорат сирларини, санъатга фидойилик ҳисларини ўз шогирдларига васият қилиб қолдирганлар. Сиз ҳам онгли равишда шундай қилдингизми ёки умуман қалбингиздаги сахийлик, самимийлик, оғир дақиқаларда ёрдам қўлини узатишга тайёрлигингиз, аёлпарварлигингиз устун келдими?
ЖАВОБ: — Бир нарса дейиш қийин. Ҳозир бу шоиралар ўз жонажон сингилларим, қизларимдай бўлиб кетган. Албатта, уларга талабчанлигим заррача ҳам сусайгани йўқ. Ютуқларидан ғурурланаман, камчиликларини кўрсатаман. Менинг бу «қизчаларим» фақат яхши шоира бўлибгина қолмай, Шарқимизнинг мағрур, ажойиб, ҳавас қилса арзигулик қизлари бўлишини хоҳлайман. Мен кўрмаганни улар кўришсин. Дунё ва гўзаллик ҳақида мен айтиб улгурмаган гапларни улар айтишсин. Турган гап, чиндан ҳам уларда қалбимнинг, қувончимнинг, сўзларимнинг бир қисми узоқ яшашига ишонгим келади.