Юлдузой Ўрмонова

2 августда Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилган. 2011 йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. “Истеъдод мактаби-IV” республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. 2014 йил Тошкент Давлат теҳника университети қошидаги компьютер теҳнологиялари академик лицейини тамомлаган. Хозирда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг Инглиз тили филологияси йўналишида таҳсил олмоқда.

* * *

Тонг бу – сен, сен бу – тонг, мунис ва ёрқин,

Ер-у осмонингни тенг уйғотасан.

Саҳардан саҳарроқ кўз очиб сокин,

Она шарқ қуёшин сен уйғотасан.

Вақт ҳаёт умрин ютмоқдадир, деб,

Ундайсан ҳар дардни енгиб ўтишга.

Сени буюк ишлар кутмоқдадир, деб,

Боланг кузатасан ишга, ўқишга…

Юрагинг – шодаранг самога эгиз,

Тенгсиз туйғуларинг чексиз ва жўшқин.

Ҳар тонг менга пешвоз чиқар минг денгиз,

У – меҳрденгизда келади жўшгим.

Бағрингда даштлар боғ, саҳролар салқин,

Сен бу – ишқ, ишқ бу – сен, иккиси чин-да.

Тенгсизликка тенгдош бўлган эй халқим,

Сенинг буюклигинг – соддалигингда!..

 

          Тошкент

 Соғинч дарди бағримни тилса,

Азоб ўтин совутар Тошкент.

Кетаман деб хархаша қилса,

Юрагимни овутар Тошкент.

 

Бу айрилиқ ёлғон бўлса ҳам,

Ширин сўзга мойил қиларкан.

Бу кент, бу изтироб ва бу ғам

Қишлоқ кўнглин шоир қиларкан.

 

Узун ва тор чанг кўчаларда

Ғубори йўқ кенг диллар ўсар.

Катта-катта, кенг кўчаларда

Йўлларимни хавотир тўсар…

 

Қишлоққа хос асли соддалик,

Унга жимлик, ёлқин ярашар.

Юрагинга солса ҳам ҳадик,

Шаҳарларга шовқин ярашар…

 

Шошга шошиб келган кунимдан,

Тушларим ҳам бир-бир келди ўнг.

Пойтахт берган соғинчларимдан

Андижонни топиб олдим сўнг…

          Китоб

 

Китоб – офтоб, китоб – муаллим,

Китоб – қалбга яқин биродар.

Дур топаман ўқиган сарим,

Бебаҳо бойликка баробар.

 

Варақланар қайта-қайтадан,

Китоб сўйлар ростгўй эртаклар.

Ёхуд соҳир шеърлар айтади,

Титилиб кетади юраклар…

 

Удир кўнгил тарбиячиси,

Унда жамдир жами малоҳат.

Бир бошланса йўқ ниҳояси,

Китоб дунёсига саёҳат…

 

Дунёдошим, тингла тилагим,

Ниҳол диллар сенга ўхшасин.

Ҳар инсоннинг чап кўксидаги

Олтин китоб мангу яшасин!

 

 Соғинч

Автобуснинг тиниқ ойнаси

Мени хаёлларга элтади.

Салқин саболарга айланиб,

Хаёл эса сенга кетади…

 

Шабнам кўзларингни эслатар,

Дунё сендай кулиб боқади.

Мен кимга тортяпман билмам, лек

Юрак мудом сенга тортади…

 

Бағри ўйиқ кекса дарахтлар,

Ийманиб бош чайқаган майса,

Шудрингчеҳра гуллар, ғунчалар

Сени ёдга солар жилмайса…

 

Мени олиб қочиб кетишди

Дайди хаёл ва дайди орзу.

Юрагингни соғиниб кетдим,

Дийдоринга тўйсайдим бир зум…

 

Ҳар кеч яна эслайман такрор,

Ўйлайман-да, дунё бир камдир.

Сен томон ҳам баҳор, сенда ҳам

Айни замон қош қорайгандир…

 

Тағин эслатади бу оқшом,

Эгам соғинчингдан қўймасин.

Сени ёдга солар, Андижон,

Автобуснинг тиниқ ойнаси…

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.