Эътиқодим ҳақиқат, Ҳақдир. Қутлибека Раҳимбоева

Адашмасам, саксонинчи йиллар охирлари эди. Матбуотда устоз Миртемир ҳақида шогирдлари Отаёрнинг хотиралари эълон қилинди.

Зулфия опам буни ўқиб:

— Шу йигитнинг эсдалик ёзиш учун танлаган услуби менга ёқди. Миртемир аканинг шеъриятига нигоҳ ташлаш орқали унинг шахсини очишга, шахсини кўрсатишга ҳаракат қилган. Аслида ижодкор ҳақидаги ёдномалар шундай ёзилиши керак. Шоир шеърисиз ким? Ҳеч ким! — деган эдилар.

Ҳар гал жаннатмакон устоз Зулфияхоним ҳақида ёзишга чоғланар эканман, хотирам кенгликларида опанинг ўктам, самимий овозлари акс-садо бера бошлайди:

Ўлтирибман бўрон ичра сервиқор,

Мен суянган токнинг сирқирар занги.

 

Иккимизда бир хил пўлат чидам бор:

Изтироб меваси,  шодликнинг ранги...

Ёки:

…Етим муҳаббатнинг ўчмаган чўғи…

Ёки:

…Очинг деразани, “гу-гу”лашсин ҳур,

Қуш шодлигин англаш ўзи ҳам бир бахт…

Ёки:

Не-не наштарларга чидам берганман,

Гоҳо зако тиғи ҳам ларза.

Бўронида хўп соврилганмен,

Ўзим ўлиб, ўзим тутганман аза…

Ҳа, чинакам шоирлик — шу:

Гоҳ мағрурлар қошида ҳам мағрур, гоҳ “шит” этган товуш ҳам юрагига тегиб кетиб, майда-майда бўлади. Баъзан кучлилардан ҳам кучли, баъзан баҳорнинг илк офтобини “Илиқ кунлар бошланди”, дея суюниб очилиб юборган митти бинафшанинг қор остида қолганини кўриб кўзи ёшланади…

Шоира Зулфияга ҳам бу туйғулар бегона эмас эди. Уларнинг ҳам катта жасоратларга чоғланган шахд-шиддатли онлари, айни дамларда куз шамолидан титраниб, узилиш изтиробини кечираётган япроқдек заиф онлари бор эди.

Шундай экан, нима учун муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарларида шоирамизни ҳаммамизга идеал бўлиб яшаган ва яшаб келаётган маънавий жасорат эгалари саноғида тилга оладилар?

Бизнингча, Зулфия жасорати ҳамиша қалби, эътиқоди, ўзи сиғиниб яшайдиган эътиқодлари йўлига чиққан тўсиқларни енгиб яшаганликларида!

Ҳар қандай инсон, у қанчалар тўғри, ростгўй, камтар, ҳалол, пок киши бўлмасин, унинг ҳам иккиланган дамлари бўлади. Кўнглида нималаргадир қизиқиш, майл уйғонади, икки йўл орасида тебранади… “Нима қилсам экан?” деган сўроқ исканжасида қийналади. Зулфияхоним ҳам ер аёли, замин фарзанди бўлгани учун  бундай лаҳзаларни қалбларидан кечирган, албатта. Лекин ҳамма гап шундаки, шоира ҳамиша бундай онларда ўша сўроқлар, ўша изтироблардан ғолиб келган.

Ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан сўнг у билан бор-йўғи тўққиз йил бирга умр кечирган Зулфияхоним қаламининг ҳижрон нолишларини эслайлик:

Ишққа маскан юрагим,

Топиб бер, деб қистайди.

Нима қилай, бераҳм —

Руҳим сени истайди…

Бу истакнинг аламини, бу истак қийноғини турмушдоши билан севиб, севилиб яшаб, кейин бехос ундан жудо бўлганлар яхши билади. Бу азобга чидаш, чил-чил бўлиб синган бахт қўрғонининг ҳар тошини териб қайта бутлаш, тиклаш учун қанчалар кучли ирода керак! Зулфия опа ўзида бундай иродани яратди! Мен “Яратди” деб онгли равишда айтаяпман. Чунки Зулфия опа йигирма тўққиз ёшида бева қолди. У ота-онаси, акалари, сўнг Ҳамид Олимжоннинг меҳр-муҳаббатига суяниб, қад ростлаб келаётган бир маъсума аёл эди.

Одамга бирданига куч-қудрат қуюлиб келмайди, ирода осмондан тушмайди. Уни меҳнат билан, жисмоний меҳнатдан  минг карра оғирроқ руҳий меҳнат билан одамлар қалбида ўзлари тарбиялаб, ўзлари яратадилар.

Биз бугун ҳавас, эҳтиром билан айтаётганимиз, ёш  қизларимиз, аёлларимизга ўрнак қилиб кўрсатаётганимиз Зулфияча вафо-садоқат, Зулфияга хос, ҳаё, ибо аслида опанинг иродаси, матонатига қўйилган ҳайкалдир, десак, хато қилмаган бўламиз:

Шоира:

Тоғдай бор деб билган юрагим,

Қуш бошича қолмади чоғи…

….

Бирдан қолдим кексариб,

Қон ҳам қочди юзимдан…

каби кўнглида юз бераётган азобларни енгиб:

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам! — дея қилган хитобларига содиқ қолди.

Фақат севги-вафо бобида эмас, шоира ҳаёт китобининг қайси саҳифасини варақласак, улар шеъриятининг шахси билан уйғунлигини кўрамиз. Зулфияхонимнинг бутун ҳаёти, ижоди баъзи давраларда юрадиган: “Ҳа, энди ижодкорнинг фақат асарини ўқиш керак, шахсини таҳлил қилиб ўтириш тўғри эмас”, деган бир ёқлама фикрни рад этади. Бир галги суҳбатимизда Зулфия опанинг ўзлари (ижодкор шахси ҳақида “бўлаверади, унга мумкин”, тарзида фикр айтилганида):

— Шоир дегани телба, дегани эмас. Шоирлик энг аввало бурч ва масъулият, — деган эдилар.

Шу маънода олиб қарасак, опанинг оддийгина қизларга дил изҳори сифатида ёзилган “… Эй тоза қалбимнинг ошнолари, куйларим илҳоми, севарим қизлар…” сатрларини ёдга олайлик. Шоира бир умр ҳаётда ҳам қизларни севди, улардаги истеъдодни қадрлади. Ҳар бир кишининг ичида “мен”и бўлади. У, айниқса, ижодкорда кучлироқ намоён экани сир эмас. Баъзан, айниқса, кўпнинг олдига чиққанда  бу “мен” ўзининг борлигини кўрсатгиси келади. Лекин, наздимда, Зулфия опа ўша “мен”ни ҳам кўп бор енггандек туюлади. Ахир, қанча қизларни давраларга олиб чиқдилар. “Бу — истеъдодли шоира, истеъдодли рассом, бастакор, адиба”, дея одамларга суюнчилади, “оқ йўл” тилади. Истеъдодли қизларнинг фақат ижодларининг камол топишигагина эмас, баъзиларининг уйли, баъзиларининг оилали бўлиб, тиниб-тинчиб кетишига ҳам бош-қош бўлдилар.

Ёки устознинг:

Она қалби оёққа турса,

Ўғлим, сира бўлмайди уруш…

Хитобларига эътибор қаратайлик. Ҳиндишунос, Неру мукофоти лауреати Фотиҳ Тешабоевнинг опа ҳақидаги эсдаликларида шундай воқеа бор:

“…1972 йили Деҳлида Осиё ва Африка ёзувчиларининг халқаро анжумани бўлиб ўтган эди. Юзга яқин мамлакатлар вакиллари халқаро “Нилуфар” мукофотининг Зулфияга берилиши учун якдиллик билан овоз бердилар. Мен табриклагани борганимда у киши беҳад тўлқинланиб:

— Бу мукофот менга эмас, Ватанимга берилган мукофотдир. Бу мукофот эвазига Осиё ва Африка ёзувчилари ташкилоти нимани ажратса, ҳаммасини Тинчлик фондига ўтказаман, деди…”

Албатта, мен устоз билан жуда кўп бор мулоқотда бўлган, уларни яқиндан билган бир шогирд сифатида шундай бўлганига, Зулфияхоним ўзига берилган мукофот пулини тўлалигича тинчлик фондига ўтказганига ишонаман.

Чунки устоз ҳеч қачон ҳавойи гап айтмасдилар. Барча гапларининг илдизлари кўнглида, юрагида бўларди.

Зулфиянинг шеърларини аёл қалбида кечаётган барча ҳиссиётларнинг кўп овозли симфонияси, деса бўлади. Шоиранинг:

Аёлликни бўлмас унутиб…

каби бетакрор сатрлари бу фикримизни исботлайди. Меҳнат фахрийси Маҳкам Камоловнинг “Сийратию суврати гўзал” мақолаларида эса шоиранинг аёл билан боғлиқ ҳаётининг яна бир унутилмас манзарасини кўрамиз:

“… Зулфия опанинг депутатликка номзоди Назарбек сайлов округидан кўрсатилди. Сайловчилар билан бошланган учрашувлар тушда бошланиб, кечгача давом этарди. …Шоира, айниқса, аёллар ҳаёти билан қизиқар, уларнинг меҳнатини енгиллаштириш, уларга қулайликлар яратиш ҳақида кўп қайғурардилар. Бир гал 8 март байрами арафасида Зулфия опа менга туман раҳбарларининг бири сифатида шундай талаб қўйдилар:

— Биласизу қишлоқ аёлнинг иши кўп бўлади. Бир  кир ювишга тушиб кетса, кунни кеч қилади. Байрамда кўплашиб, уларга кир ювиш машинасини совға  қилсак, дегандим. Шунда уларнинг вақти тежалиб, шеър ўқишгаям етар-а, Маҳкамбой…”

Шоира  ойда бир марта сайловчилар олдига ташриф буюрар, болаларга кейим-кечаклар, китоблар, аёлларга рўзғор анжомлари олиб келардилар…”

Аёлни улуғлаб ҳар ким ҳам шеър ёзиши мумкин, лекин ўзларининг ҳисобидан уларга зарур бўлган анжомларни олиб бориш учун Зулфия опадай инсон бўлиш керак.

Зебу зийнатларга ўч бўлмадим ҳеч…

— дейдилар шоира “Узугим сирғалиб тушди” шеърларида. Дарҳақиқат, устоз ҳаётда ҳам шеъриятларидагидек сипо, камтар эдилар. Зару зеварларга бурканиб юриш имкониятлари бўлатуриб, ўзларига яраштириб, лекин оддий кийинардилар. Кўзга ташланадиган безак таққанларини эслай олмайман. Бармоқларида бир дона феруза кўзли узуклари бўларди…

…Шеъриятию шахслари билан боғлиқ хотиралар аро кезинар эканман, устознинг:

Йиллар қанча олис кетса, шунча яқинман… деган сатрларини эслайман.

Ҳа, устоз фидойи, садоқатли қалблари ва ўша қалб сувратланган, овозланган ижоди билан вафони яшаш шарти билган, эътиқодни юрак устуни ҳисоблаган халқимизга барча замонларда замондош бўлиб қолаверади.

 Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

 


foto30023qr1

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.