Энг яқин юлдуз. Гулчеҳра Жўраева

Зулфияга

Шеърият ёғдуси – қасамкор сўздай

Зулмат гўшаларни кесгувчи шамшир.

Осмон юзидаги ситора кўздай

Етти иқлим бўйлаб рўшнолик ташир.

 

Зуҳро – табиатнинг, сиз эса элнинг

Яратган айрилмас бир бутун бағри.

Сиз қуёш парчаси бўлиб ҳар дилни

Олов оқимларга тўлдирган наҳри.

 

Бизга осмон қадар айтибсиз таҳсин,

Ҳазрат навоийнинг Хамсаси атаб.

Беш достон рамзида беш умид айтсин:

Беш достон – Сиз ўтган қутлуғ бир мактаб.

 

Беш сайқал, беш туйғу. Беш рангда гули –

Мукаммал чиройни яратмоқ – амр

Ва лекин устоднинг оналик қўли

Ғунчалар кўзини очмоққа қодир.

 

Бугун тегрангизда тумонат чечак,

Ҳар бири ўзича сочар ўзга ҳид.

Ҳаётдай давомли бу атай-чечак,

Ҳаётдай бир томир устозу шогирд.

 

Юракка яқиндир ҳар бири – бирдак,

Аммо оғиз очиб дон кутмоқлик – ор.

Учмоққа шайланган палапон юрак

Ўзи қанотини ёзмоғи даркор.

 

Шогирдликни агар ким этса ҳавас,

Сиздайин юлдузни кўзлаши аниқ.

Она бўлмоқ учун Сиздай муқаддас,

Сиздайин дилсўзни излаши аниқ.

 

Ҳа, шундай, Сиз бизга меҳнат даҳоси,

Ернинг ҳам, шеърнинг ҳам вафо Зуҳроси.

 

Бугун ёшингизни этарканмиз тўй,

Ўрик гулларидан битдим гул достон.

Сизнинг қалбингизга оқса хушнуд бўй,

Демак бу – ўзингиз яратган бўстон.

 

 1975 йил.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Жўраева

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.