Шоира Зулфиянинг 80 йиллиги муносабати билан қутлов

Улуғ халқнинг севимли шоираси

 

Сизни, ўз элига ҳам, ўзга элларга ҳам бирдай  азиз шоирамизни асл донишмандлик фасли – муборак 80 ёшингиз билан самимий табриклайман.

Сиз замонамизнинг  забардаст шоири ва жамоат арбоби  сифатида Ўзбекистоннинг  жарангдор овози бўлдингиз, деб айтсак, асло муболаға бўлмайди. Жаҳон мингбарларида янграган шеърларингиз – Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолидан ноёб нишонадир.

Мухтарама Зулфияхоним!

Сиз латиф ижодингиз билан миллионлаб  кишиларга эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан  сабоқ бердингиз.

Ҳаёт сизни ҳар доим  ҳам аягани йўқ. Аслида бу  ёруғ дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби ҳамманиниг ҳам бошида бор, аммо ғам-андуҳларни матонат билан маҳв этган, армонларидан тирик орзулар яратган, тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланган сиз каби аёллар жуда кам топилади.

Сиз Гулбаданбегим, Зебунисо, Увайсий, Нодирабегим каби Шарқнинг буюк фозила аёллари бошлаган анъаналарни бойитиб, янги поғонага кўтардингиз. Меҳрибон ва талабчан устоз Зулфияхонимнинг мактабидан кўплаб ёш истеъдодлар баҳраманд бўлдилар.

Истиқлол руҳи Сизни, ижодингизни янада ёшартириб юборди.  Мафтункор шеъриятингиз   ёшлик нафаси билан қайта учқунланди.

Сизнинг, эл ардоғидаги етук ижодкор, моҳир таржимон, атоқли ношир-муҳарир ва жамоат арбобининг таваллуд куни миллий байрам сифатида нишонланиши мустақил давлатимиз ҳаётида катта воқеа. Бу қутлуғ сана истиқлол замонида, ёруғ кунларда ўтаётгани миллионлаб мухлисларингизнинг қувончига қувонч  қўшиши жуда табиийдир.

Шундай эзгу лаҳзаларда сизни яна бир бор чин дилдан муборакбод этаман.

Улуғ халқимизнинг севимли шоирасига, муҳаббат ва ҳаёт куйчисига мустаҳкам соғлиқ ,  ижод ва илҳом  завқи  доимо ёр бўлсин !

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ислом Каримов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.