Шоиранинг ҳаёт қўшиғи. Эркин Воҳидов

Шоирлик нима? Минг йиллардан қолган бу саволга ҳар бир давр ўз жавобини беришга интилади. Дарҳақиқат, у ҳунарми, санъатми? Тафаккурни лол қилувчи сеҳрми? Ва ё ҳеч ким ҳеч қачон англаб ета билмас мўъжизами? Бир замонда шоирликни жоду деб атадилар, одамларни ҳақ йўлидан оздиргувчи куфр дедилар. Бошқа бир замонда уни пайғамбарлик даражасига кўтардилар. Бир даврда шоирликни тарғиботчилик-ташвиқотчилик деб англадилар, бошқа бир даврда уни инсон қалби учун, эрк, саодати учун курашмоқ, жанг қилмоқ деб билдилар. Замонлар ўтди, дунёқарашлар ўзгарди, динлар, маслаклар, ғоялар алмашинди. Лекин шоир ҳамиша элнинг жигари бағридан бунёд бўлгуси зурриёт, эл хонадонининг чироғи, эртанги кунга етгувчи садоси бўлди. Халқнинг, даврнинг хотироти бўлиб дунёга келди.

Шоирсиз юрт – булбулсиз чаман, юлдузсиз осмон, маёқсиз бандаргоҳ. Шоир қайси замонда, қайси юртда яшамасин, биринчи галда ўз қалбининг ҳолатини аён этади ва агар бу ҳолат мингларнинг, миллионларнинг қалбига эш бўлса шоир нидоси умумхалқ, умумбашарий нидога айланади. Шоирлик ҳамма замонда қисмат бўлди.

Бундан қирқ йил муқаддам – минг тўққиз юз қирқ тўртинчи йилда Ўзбекистон Давлат нашриёти мўъжазгина бир шеърий тўпламни чоп этди. Ўн саккизтагина шеър жамланган. «Хижрон кунларида» деб аталган бу китобчанинг пайдо бўлган куни дунёга Зулфия номи билан аталган қисмат яралди. Бу қисмат бир қатра бўлди-ю, унда замондош аёл қалби ўзининг жаҳоний дарди, изтироби, фарёди билан аксланди. Зулфия деган исмда ҳижронзада юракларнинг оҳи, нидоси мужассам бўлди. Дарҳақиқат, шоирлик унвон эмас – қисмат! Бунинг исботини бутун борлиғи билан, барча оҳанглари ва ранглари билан шоира Зулфия ижодида кўрмоқ мумкин.

 

Эй севгиси азиз, эй севимли ёр,

Кетма, асло кетма кўзимдан йироқ.

Гарчи тушимда ҳам сени бир кўриш

Ҳижрон кунларидан минг бор яхшироқ.

 

Бундоқ меҳр ва соғинч билан тўлган сатрларнинг ҳақиқий баҳосини бермоқ учун шеър битилган йиллар заҳматини, фожиаларини тасаввур этмоқ керак. Бу мисралар жудолик дардида ўртанган неча минг юракларга малҳам бўлганини, неча минг кўнгил дафтарига кўчирилганини хаёл қилмоқ керак.

Нега мен сўзни «Ҳижрон кунларида» китобидан бошладим? Ахир унгача ҳам Зулфиянинг «Ҳаёт варақлари», «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи» сингари шеърий тўпламлар нашр этилган эди. Бу тўпламлардаги ўзининг тиниқ жозибаси билан кишини ром этувчи талай шеърлар ўша вақтдаёқ Зулфия исмини адабиётга олиб кирган ва мустаҳкам мавқе берган эди. Биз бу кун ўша китобларни варақлаб маҳорат босқичларини пояма-поя эгаллаб бораётган истеъдод нафасини сезамиз, шеъриятнинг умидли келажагини кўрамиз. Лекин «Ҳижрон кунларида» китобини ўқиганда биз шунга амин бўламизки, шоирлик истеъдоддан ҳам, маҳоратдан ҳам юқорироқ тушунча. Яхши шеърлар ёзмоқнинг, ҳатто баркамол сатрлар битмоқнинг ўзи ҳали ҳақиқий маънодаги шоирлик эмас. Токи бутун китоб ва ҳар бир мисрада шоирнинг ўзлиги, бор олами билан қалбу идроки, дарду қувончи, таржимаи ҳоли ва дунёқараши билан шеърнинг эгаси намоён бўлмас экан, дилкашу дардкаш Инсон кўриниб турмас экан – бу ҳали тўла маънодаги шеърият эмас.

«Ҳижрон кунларида» китоби билан ўзбекнинг уйида шоира туғилди, аёл зотининг фидойилик ва бардош, жасорат ва назокат, умид ва ўкинч тўла садоси бўлиб шоира дунёга келди ва дунёга келган кундан ўзининг боқийлигини таъмин этди.

Зулфияни шоир қилган ўз дардли қисмати ва бу дардли қисмат ҳақидаги самимий ва эҳтиросли нидоси. Улуғлардан бири айтган экан: «Шоирни изтироб яратади ва бу изтироб шеърият учун қувонч бўлади». Бу сўзлар бус-бутун шоира Зулфияга тааллуқлидир. Шоирани дунёга келтирган улуғ изтироб ўз аксияти бўлган улуғ бахтни ҳам яратди. Бу улуғ бахт тўла тўкис халқ ва шеъриятникидир.

Шеърият оламига ҳар бир ижодкор ўз қўшиғи билан кириб келади. Зулфия шеъриятга Вафо қўшиғи билан кирди. Ва бу қўшиқ аёл садоқатининг юксак тараннумига айланди.

Вафодек муқаддас, покиза туйғунинг қиммати ҳеч бир замонда кам бўлган эмас. Лекин ватан қисмати ҳал бўлаётган даҳшатли жанг йилларида ёр садоқатининг буюк жанговар қудратга айланганини совет кишилари биладилар. Урушни кўрганлар айтадилар: «Бизнинг ғалабамизни «Катюша» қуролидан кўра кўпроқ «Катюша» қўшиғи таъмин этди». Бу сўзларда улуғ ҳақиқат бор. «Катюша» айни вафо ҳақидаги содда ва ўлмас қўшиқдир. Зулфиянинг садоқат сатрлари ўзбек жангчисининг ўзига хос «Катюша»си бўлди.

Шоир қалбларнинг таржимони. Унинг юрагини титратадиган рангин туйғулари одатда ҳаётий кузатишларнинг, хаёлот парвозининг маҳсули бўлади. Лекин шоира Зулфиянинг вафо қўшиғи на кузатишлар, на хаёлот меваси, балки инсон Зулфиянинг ўз ҳаёт қўшиғидир. Шунинг учун ҳам бу қўшиқ шунчалар юксак, шунчалар мукаммал, шунчалар жозибдир.

Ўзбек халқининг ҳассос шоир ўғлони Ҳамид Олимжон ва ардоқли шоира қизи Зулфиянинг туташ умри тилларда достондир. Бу севги ва ижод қиссаси ҳақида шеърлар битилган, ҳали улуғ ишқ достонлари каби ўлмас асарлар ёзилгусидир. Лекин, шоиранинг биргина – «Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда» деган сатри ёзилажак барча «Ҳамид ва Зулфия»ларга сарлавҳа бўлмоққа лойиқ.

«Ҳижрон кунларида» китоби нашр этилган 1944 йил Зулфия ҳаётида умрлик ҳижрон кунларининг бошланиши бўлди. Шу йил даҳшатли фалокат Ҳамид Олимжонни ҳаётдан олиб кетди. Шоира учун мушкул синов йиллари бошланди. Бу сўнгсиз изтироб олдида бардошнинг, алам олдида қатъиятнинг имтиҳони эди. Зулфия қалбидаги ана шу зиддиятлар кураши, пинҳоний зилзилалар ўша йилларда ёзилган шеърларда энг нозик тебранишларигача сезилиб туради. Бу курашда шоира юрагининг жасорати – ҳаётбахш қудрати, умид ва ишончи ғалаба қилди.

 

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

 

Шеъриятимизнинг ҳеч бир шубҳасиз энг нодир дурдоналари қаторидан ўрин олган «Баҳор келди сени сўроқлаб» шеъридаги бу сатрлар ҳақида кейинча атоқли совет шоираси Вера Инбер шундай деган эди: «Бу қадар оғир мусибатдан сўнг бир йил ўтиб шундай умидбахш сатрларни битиш учун қанчалар қудрат керак!»

Зулфия шундай қудратни топа олди. Табиат ато этган истеъдод, юрт муҳаббати, эл хизматига камарбасталик, шеърият заҳмати, йўллар ва одамлар шоира юрагининг буюк таянчи бўлдилар. Йиллар оша унинг шеъри гўзаллик ва ҳарорат, ижтимоий салмоқ ва мардоналик касб эта борди. Дарҳақиқат, Зулфия шеърияти мардона шеърият. Ҳатто энг маҳзун туйғуларни ифода этган сатрларда ҳам мағрур ирода, вазмин қатъият бор.

Шоирни замон ва муҳит яратади. Тўғрироғи, замона ва муҳит олдидаги бурч яратади. Булар шоирга мавзу беради, ижод мундарижасини белгилайди. Зулфияни шоир қилган ва мана ярим асрдан буён эл ардоғига боис бўлган хислат ҳаёт билан доимий ҳамнафаслик туйғусидир. Бу узоқ ва шарафли ижод йўлининг ҳар бир босқичида – бу босқичлар узлуксиз изланиш, маҳорат пиллапояларидан поғонама-поғона юксалиш босқичлари бўлди – шоира замон ҳодисотига – ижтимоий ҳаёт воқеаларига ҳар дақиқа ўз муносабатини билдирди, бу муносабат умуман шоир муносабати эмас, балки Зулфиянинг ва фақат Зулфиянинг муносабати бўлди.

Шоиранинг ўзлиги, бетакрор истеъдоди шеърдан-шеърга, китобдан-китобга янги-янги қирралари билан намоён бўлиб борди. Ҳамда бугун ўзининг кенг мавзу доираси билан рангинлиги ва жозибаси билан, самимияти ва бор қудрати билан кўз олдимизда яхлит бир шеърият – Зулфия шеърияти юксалиб турибди.

Зулфия истеъдоди умуммамлакат адабиётида алоҳида ҳодисадир. Тарихий қисмат Шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқиш шарафи ва заҳматини Зулфия зиммасига қўйди. Бу масъулият унинг ижод уфқини ва ҳаёт тарзини белгилади, таниқли жамоат арбоби сифатидаги, тинчлик ва халқлар дўстлигининг жарчиси сифатидаги ўрнини таъминлади. «Ўғлим, сира бўлмайди уруш» шеъри дунёнинг қайси тилига таржима қилинган бўлса, ўша тилда сўзлаган оналарнинг нидоси бўлди, «Мушоира» эса Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлик ҳаракатининг мадҳиясидек жаранглаб турибди.

Мадҳия, тарона… Йўқ, бу сўзларда қандайдир тантанаворлик бор. Зулфия шеъриятига хос хусусият – чуқур самимият, нозик ўйчанлик, нурли дард ва ёрқин образлиликдир. Мана Ҳиндистон мавзусидаги шеърлардан бири – «Бахшиш»:

 

 

Чойингдай тим қора йирик кўзларинг,

Боқиши тиланчмас, мутеликмас – ўқ!

Наҳот сен топинган минг бир тангрининг

Содиқ бандалардан ҳеч хабари йўқ…

 

Кўпчилик шеърхонлар одатда равон, енгил, ўйноқи шеърларга ишқибоз бўладилар. Уларни давраларда мароқ билан ёд ўқиб, куйга солиб айтиб юрадилар. Зулфиянинг шеърлари бу тоифадаги шеърлардан эмас. Улар силлиқ, осон ўқилмайди. Бу шеърларни тўхтаб-тўхтаб ҳар бандининг мағзини чақиб ўқишга тўғри келади. Шоиранинг ўзи ҳам уларни осонлик билан ёзган эмас. Ҳар бир сўз юракни оғритиб, ситиб олингандек. Рус тилида «выстраданное» деган қисқа ва аниқ ифода бор. Зулфия сатрларига ана шу ифода тўла-тўкис мувофиқдир. «Ёзаман, асабу фикрим савалаб» – дейди шоира бир шеърида. Ҳақиқатан ҳам унинг ҳар бир мисрасида юк бор, маъно ва образлар юки бор, ҳиссиётнинг аниқ сувратлари бор. «Бир саф олча гулда – нақ қатор гулхан оқ ўт-ла ёнганда тонг ҳусни ўчар» ёки «Жануб бу! Бир денгиз илиқ оғушда жавлон урганларга келар ҳавасим». Бир денгиз илиқ оғуш! Чинакам шоирона сатр.

Зулфиянинг ҳар бир шеъри жуда катта ижодий эҳтиёжнинг меваси. У шеър ёзиш заруратга айлангандагина қўлга қалам олади ва ҳар бир мисра, ҳар бир сўзга ўта талабчанлик билан тош қўяди. Ўзига, шеърига бераҳмлик Зулфия истеъдодининг хусусиятидир. Шеър шакллари, вазн услублари бобидаги шоиранинг изланишлари алоҳида диққатга сазовордир. Бу изланишлар тоза ирмоқлар бўлиб унинг ижод денгизини ҳар лаҳза янгилаб туради.

Зулфия илҳоми сарбастга ҳам мойил. Айниқса, етмишинчи йиллардан бошлаб ёзилган шеърларнинг талай қисми ана шу замонавий эркин вазндадир. Бу вазннинг ҳали кўпчилик ўрганмаган ва шоирлар ҳам ҳали тўла кашф этмаган таровати, имкониятлари бор. Сарбаст – ўлчов қирғоғига сиғмаган тошқин туйғуларнинг вазнидир. Бежиз эмаски, ҳозирги ёш шоирлар бу вазнга кўпроқ мойиллик билдирмоқдалар. Зулфия шеърияти кун сайин кўпроқ издошлар тарбияламоқда.

Йиллар ва йўллар… Бугун шоира ўз умрининг нурли юксакликларидан туриб, ўтган ҳаётига боқади. Юрган йўлларини хотирлайди, юрагига яқин кишиларни эслайди. Шоиранинг босиб ўтган йўллари сайёрамизга бир неча бор белбоғ бўлгуликдир. Биз қайси юртга қадам қўймайлик, адабиёт аҳли орасида Зулфия номини эшитамиз. Деҳлида ҳам, Дамашқда ҳам, Истамбулда ҳам шоиранинг дўстларини учратганимиз бор. Белградда кекса коммунист шоира Десанка Максимович билан кўришганимизда унинг илк мурожаати: «Зулфияхоним соғ-омонмилар?» деган савол бўлди. Шунда кўнглимдан бир фикр ўтди: Зулфия номи Ўзбекистон номи билан эгиз тушунчага айланибди, дунё халқларининг Ўзбекистонга бўлган меҳри, ўзбекларга ҳурмати шоирага бўлган меҳрда мужассам бўлибди.

 

           Йиллар ва йўллар

 

Биламан: севгидан самода чирпирак

Парвозлар қайтмас боз,

Не десам, беқиёс у ишқли йилларим

Кўркига назира!

Эмассан жалада кўлларни савалаб

Безатган бир хубоб,

Инсоннинг ҳеч битмас умиду ишқидан

нишона.

Ҳар тонги – бир варақ, ҳар шоми элга эш,

толедан бир иншо, битта боб,

Ҳаётнинг ҳеч қачон узилмас риштаси

борига ишона-ишона –

Битилгич битта шеър!

Ҳар сатри кўксимда етилиб тирилган,

Дарди ҳам қувончи борлиғим забт

Этган жарангли залварли.

Ташаккур, яна мен тирикман,

Керакдан-керакман,

Сабрга бўйсунган фикр-ўй шиддатли,

Бир ширин ғамзали, ғалвали.

Бу сатрлар шоиранинг «Тонг билан шом аро» деб аталган янги шеърий туркумидан . Нақадар теран, нақадар дардлик ва нақадар юксак маҳорат билан ёзилган мисралар. Тўла асос билан айтиш мумкинки, бу кунда Зулфия ўз ижодининг камолот чўққисида турибди, келажакка ишонч кўзи билан боқиб: «О, эртам, энг гўзал афсонам» деб турибди:

 

Чорладинг, жонимни ташладинг тенгсиз куч

Жасорат жангига,

онгладим: Лутфийдек куйласам буюк

дард ва қудрат борлигин!

 

Зулфия сингари сиймолар халқнинг бахти бўлиб яраладилар. Бу бахт аввало ўзбекники, Ўзбекистонники, сўнгра эса дунёники.

00044

 

1984 йил, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов

1 dona sharh

  • Ferangiz :

    Haqiqiy o’zbek shoirasi haqida haqqoniy ta’riflar. Sayt tashkilotchilariga katta rahmat deb SamDChTI 1-son akademik litseyi.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.