Шеъриятнинг, сўзнинг байрами. Зулфия Мўминова

Ўзбек ҳалқи ўғил фарзанд дунёга келса қаттиқ қувонади. Суюнчилар, табриклар, “Умри билан берган бўлсин” – дейишлар ва албатта, ёши катталарнинг маслаҳати ила яхши исм қўйиш муҳим саналади.
Ҳалқимиз қиз фарзанд дунёга келишидан ҳам кам хурсанд бўлишмайди. Шодлик, қутловлар, йўқловлар. Бувилар хурсанд, бизга ўхшайди – деб, аммалар ич-ичидан шод менга ўхшайди – деб, холалар қувонади, бир меҳрибоним кўпайди –дия. Ўзбеклар энг аввало қизларини маърифатли, ақлли ва доно, ориятли бўлишини, ой, қуёш, юлдузлар, гулларга ўхшашини, қадр-кимматли бўлишини орзу қиладилар. Айрим оилалар эса қизлари шоира бўлишини, шеър ёзишини, улуғ инсонларга ўхшаши орзу қилишади. Шунинг учун ҳам ҳар бир авлодда, Зебунисо, Зулфия, Шоира, Адиба каби исмлар бор. Майлида қизалоқ бир кун катта бўлиб балки шоира бўлмас, аммо яхши инсон бўлсин, деган тилак яшашди.
Мен туғилиб, исмим қўйилганда устоз Зулфияхоним 44 ёшда, аллақачон эл-юрт юрагига жойланиб, халқнинг орзусига айланиб бўлган эканлар. Мактабга бора бошлаганимда қишлоқдаги ёшу – қари “ Қани шеър ёзаяпсанми? – деб сўрайдиган бўлди. Мен ёзишни, ўқишни ўрганиб олишим билан шеър ёза бошладим. Айниқса биринчи шеърим қаттиқ муҳокамага учрашини, танқид остида қолишини кутмаган эдим. Мана ўша “шеър”.
Биринчи сатри 2-синф ўқиш китобидан ўғирланган.
Яна қиш, яна январ,
Яна баҳор келади,
Кейин қуёш чиқади,
Хоҳасанг шу,
Чидамасанг Африка.
Шеъримни 6-синфда ўқийдиган акам қўлимдан тортиб олди. Вой, бу бир қаторни китобдан ўғирлабди, отам келсинлар, кўрсатаман – дия чўнтагига солиб чиқиб кетди. Кечқурин отам ишдан қайтгач “Бугун бизда янгилик бор, Зулфия шеър ёзган, биринчи қаторини ўғирлаган. Мана сиз ҳам ўқинг”, – дия қўлларига тутқазди. Отам шеърни олиб диққат билан ўқидилар. Мен отамни фикрини минг бир хижолат билан кутиб турибман. Шунда отам “Аввалом бор шеър яхши чиқибди, юрт, ҳақида, унинг қуёши, қорни яхши кўрш керак, йўқса аҳволинг африкаликлардек бўлади, деган гап бор, аммо, қизим ҳеч қачон бировдан бир қатор ҳам ўғирламаслик керак. Қара, шундай яхши шеъринг ёмон отлиқ бўлиб турибди. Бундан кейин бошқалардан бир сатр ҳам олмасанггина шеър ёз, бўлмаса ёзмай қўя, қол – дедилар. Мен отам томонидан адолатли баҳо олганимдан хурсанд эдим. Шундай қилиб, билиб-билмай шеър ёза бошладим. Шеърий дафтарларим икки, учта бўлиб қолгач, қўлимга Зулфия Исроилованинг китоблари етиб келиши насиб қилди. Мен ҳақиқий шеърият билан ошно тутиндим. 3-синфдалигимда устознинг “Ўғлим сира бўлмайди уруш” номли шеърини ёд олдим. Жуда катта тадбирда шу шеърни баланд овозда, ҳаяжондан овозим титраб айтиб бердим. Шеър тугагач шундай қарсак бўлдики, бу шеър бутун тўпланганларни бирлаштирган эди. Энди мени шу шеърни айттириш учун ўша пайтдаги колхознинг 400 кишилик клубига, туманга, вилоятга олиб боришар, қайерда бўлмасин ёши катталар кўзда ёш билан шеърни тинглашар эди. Бу шеър мени мактабда машҳур қилди.
Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда,
Ҳамон битмас сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда,
Ота номли буюк шодлик кам.
Юлдинг ота демоқ бахтини,
Жуда мурғак гўдакларимдан.
Яхши ҳам бор шундай Ватани,
Далда бўлди юракларимга.
Ушбу сатрларни ўқир эканман, атрофда мени тинглаб турган қишлоқ айлларини барчаси оқ рўмолларининг учи билан кўз ёшларини артиб эшитаётганини кўрардим. Овозим уришга нисбатан нафрат билан тўлар, янада шиддатли садо берарди.
Бас, бас, эзгу оналар қалби,
Яшай олсин бехавф, бахт билан.
Меҳнатимиз, ғазаб, севгимиз
Тинчлик дейди бутун халқ билан.
Кўкрак сути ва меҳнат билан
Биз жаҳонга берганмиз турмиш.
Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уриш!
Охиридаги 2 сатрни такрор-такрор айтардим.
Баҳорнинг илк кунларидан бирида ўқитувчимиз бизни 80 ёшдан ошган, ўғли уришда ҳалок бўлган, жудолик дастидан тўшакка михланиб қолган Омоной момоникига олиб борди. Омоной момо уриш йилларида раис бўлиб ишлаган. Момо Зулфия Исроилованинг ҳақиқий мухлиси экан. Мактабда мени Зулфияхонимнинг шеърларини ёддан айтаётганимни борганлардан эшитиб “Шу қизчани мени олдимга олиб келинглар, шеър айтиб берсин – деб, илтимос қилибдилар. Мен, ўқитувчимиз, яна тўртта аълочи синфдошларим, гуллар билан момоникига бордик. Шеърхонлик бошланди. Ўртоқларим ҳам шеър айтишди. Омоной раиснинг илтимосига кўра “Ўғлим сира бўлмайди уриш” шеърини уч марта айтдим. Момо сен ҳам шу Зулфияхонимдек шеърлар ёзгин деб узоқдан-узоқ дуо қилдилар.
Гўдаклигимдаёқ шеър ғоят қудратли куч эканини сезиб яшадим. Илк ўқиган шеърларим Зулфияхоним шеърлари бўлгани учун ҳам шеър ва сўзнинг муқаддаслигини англаб бордим. Мактабни битираётган чоғимдаёқ яхши шеърни фарқлай, қадрлай билдим.
Зулфияхонимнинг:
Фақат сени дедим, қалб қўшиғини,
Эй азиз Ватаним, атадим сенга!
Сен ҳур бўлганинг – чун нафасим ҳурдур,
Ҳаётим лаззатли, бахт ёрдир менга.
Каби нурли сатрлари қалбим боғларини Ватан меҳри билан ёғдулантирди.
Ақлимни таниб кўрган суратларимдан бири, гўдаклимида кароватчам тепасидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг сурати бўлиб, сурат остига “Ҳамид Олимжон ва Зулфия оқтошда”, деб ёзилган эди. Мен уларнинг шеърлари билан улғайдим. Каттақўрғон педагогика билим юртида ўқиб юрган пайтимда шеърлар ёза бошладим. У пайтлар “Саодат” журналида Зулфияхоним бош муҳаррир эдилар. Орзуим Тошкентга бориб ўқиш, Зулфияхонимни узоқдан бўлса ҳам кўриш. Ҳақиқий шеър ёзиш эди.
Мен талаба бўлдим. Аммо, “Саодат” журналига бориш учун ўзимни тайёр эмас, деб билардим.
Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг,
Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим!
Сени сева-сева мен бойиб кетдим,
Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!
Устоз қалбидаги саҳронингда, дарёнингда гўзаллиги, шу қадрдон халққа ўхшашида эди. Унинг бойлиги, дунё ичра топган дунёси барчамиз бош эгканимиз, тиз чўкканимиз шу улуғ миллат эди. Абад шундай бўлиб қолажак. Биз шеър ёзиш қандай бўлишини Зулфияхонимдан ўргандик. Биз шоира қандай бўлишини Зулфияхонимдан андоза олдик. Унинг қаламидан томган ҳар бир сатр элга фидолиги, халққа вафоли билан тилларга кўчар, тезда бутун ўзбекистон ёд олар эди. Биргина “Халқимга айтар сўзларим” шеъри барча зиёли инсонларни тилида янгради. Бу сатрлардаги ҳалққа миннатдорчилик тўйғуси, қарздорлик ҳисси кўнгил олийжаноблигининг бетимсол кўринишидир. Устознинг энг кўп мурожат қилган сўзи ХАЛҚ сўзи бўлиб унинг ёнида ҳамиша шукур, шараф, шон, шавкат, эҳтиром, эъзоз, ташаккур сўзлари бўлди.
Кўзим устидсан бу туғёнли дам,
Сен билан тақдирдош, кундузли бўлдим.
Сени деб сийлади шу азиз Ватан
Эъзозли бўлдим мен, юлдузли бўлдим.
Ҳали бор олдинда ўтмаган бурчим,
Ўтайман кўзимда тирик турса нур.
Умримдаги барча фасиллар учун,
Ўзига бек халқим, Сенга ташаккур.
Устознинг ушбу сатрлари бугун халқ мулкига айланди. Ҳар бир халқнинг ўз қўшиқлари бўлади. Уни баланд овозда куйлай биладиган фарзандлари бўлади. Зулфияхоним олтин қалб ва олтин қалам соҳибаси эди. Улар шундай яралган эдилар. Ҳамма касбни ўргатиб бўлар. Аммо, шоирлик касб эмас. Чунки шоир бўлиб туғиладилар. Устоздаги олийжанобликка таъриф йўқ эди. Ёш шоир эдим, талаба эдим. Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларнинг катта анжумани ўтадиган бўлди. Тадбир ҳозирги Истиқлол ( илгари Дўстлик) саройда бўладиган, унда ўзбек ёшлари номдан мен “Тинчлик учун овоз бераман” деган шеъримни ўқийдиган бўлдим. Тадбирда дунё миқиёсида машҳур шоирлар шеър ўқиди. Зулфияхоним шеър ўқиганларида саҳна гулга тўлиб кетди. Мен ҳяжонда эдим албатта. Мана шеъримни тугатдим. Қарасам, Зулфияхоним ўзларига берилган бир дастта гулни кўтариб мен томон келаяптилар. Ҳайратдан қотиб қолдим. Гулларни менга бераётганларида, гул тутган қўлларидан ўпдим. Сарой устознинг ёш шоирга марҳаматидан янада жонланиб қарсак чалди. Мен осмонларда юрардим. Мени энди ёмон ёзишга ҳаққим йўқ. Менинг шу буюк халқ ва улуғ шоира олдида қарзим юз чандон ошди.
* * *
“Саодат” журналига илк ишга келган кунларим. Телефон жиринглади. “Ассалому – алайкум” – дедим трубкани кўтаргач. “Ваалайкум – ассалом, бу ким?” – деди ширин овоз. “Бу мен кичкина Зулфияман, янги ишга келганман” – деди. Мен Зулфия опангизман. Мен сизни “Саодат” га келганингиз билан табриклайман. Бу журналда Зулфиялар, Ойдинлар ишлайди. Ижодингизга омад. Бахт тилайман сизга – дедилар. Мен қувончдан “Раҳмат, бошим ерга теккунча таъзимда ман устоз” – дия олдим халос. Бу менинг юлдузли онларим экан. Тақдирга минг шукур шу лаҳзаларни менга насиб этди. Ҳар баҳор тошкентимнинг энг гўзал боғига, Зулфияхон ҳайкал олдига бориб хаёлан ҳисобат бераман. Гуллар тақдим этаман. Менинг шеърларимда ҳам халқим, шукур, ҳурматим, эҳтиромим, ифтихорим, деган сўзлар кундан-кун кўпаймоқда. Устоз “Дарахт” деб номланган шеърларида:
Энди ел бўшликда кезар дарбадар,
Танҳо қурбонининг қақшашин излаб,
Биламан, дарахтдай қуласам агар
Менинг ҳаёт боғим қолсам ҳувиллаб.
деб ёзадилар.
Ўзбекларда учта қизи бор жаннатий, деган, гап бор. Муҳтарам юртбошимизнинг ғамхўрликлари билан уларнинг фармонларига асосан, Зулфия номли Давлат мукофотини олган қизлар сони бу йил 100дан ошди. Улар ҳар йили 14та, ўтган йили 16 тага кўпайди. Ҳали ҳамон бу истеъдодли халқнинг Зулфияхоним қизлари қўпаяверади. Бу бахтли юлдузлар туркуми остида Зулфия исмли қизлар туғиливеради. Уларнинг ҳаммаси Зулфия Исроилованинг, ўзидан сўнг яхши китоблар ва шунча қизлар қолдирган жаннат париштасининг қизларидир.
Мана бу йил муҳтарам Президентимизнинг қарорлари билан Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллик тўйи. Бу шеъриятнинг тўйи, ҳурмат, эҳтиром, эъзознинг тўйи. Мен эса устоз сўзларини такрорлайман: Халқим раҳмат! Шукур, ташаккур!
Тўйлар муборак бўлсин Зулфияхоним.
Олчалар гуллади, гуллади боғлар,
Тошлар-да гуллади, гуллади тоғлар,
Қутловлар юборар яшил япроқлар,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Ҳар баҳор сиздан сўз ва шеър сўрайди,
Ялпизлар қаризга атир сўрайди,
Тоғлар сабрингздан сабир сўрайди,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Дўрмонда чинорлар, тўй-тўй демишлар,
Булоқлар тўйга деб, сочар кумушлар,
Тўйхатлар тарқатиб учар оқ қушлар,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Бу тўй шеъриятнинг, сўзнинг байрами,
Тошлардан йўл очган изнинг байрами,
Баҳорнинг ҳам олтин кузнинг байрами,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Сиз туғилган фасил баҳор бўларму?
Шеър фасли ҳам фасли ашъор бўларму?
Юз йил, юз асрлар гулёр бўларму?
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Сиз ўйчан турибсиз, бу чоғ на гўзал,
Ҳайкалингиз гўзал, гулбоғ на гўзал,
Сизга ҳурмат гўзал, ардоғ на гўзал,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Сиз олий тарбия, умрида олий,
Соғинчида олий, сабрида олий,
Васлида олийсиз, хажрида олий,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Элнинг шодиёнаси, бутун эл келар,
Орифлар, фозиллар аҳли дил келар,
Дунё шоирлари қўлда гул келар,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Олис-олислардан чорладик меҳмон,
Тошкентда туташар йўллар қадирдон,
Бу тўйнинг эгаси, жон Ўзбекистон,
Тўйлар муборак бўлсин, Зулфияхоним.
Зулфия Мўминова