Хуршид Давроннинг шеърий тўпламлари ҳақида

Етмишинчи йилларда адабиётимизга бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган ёш шоирлар кириб келишди. Безовталиги, дадиллиги билан улар бир-бирига ўхшайди. Лекин фикрлаш тарзи, баён услуби ҳар бириники ўзига хос.
Шу шоирлар орасида Хуршиднинг ўз ўрни бор. Унинг «Тунги боғлар» шеърий тўпламидаги битта шеърни доим эслаб юраман:
Дилингдаги сўзни айт фақат,
Севсанг, бахтли этгин аёлни.
Унга еен зар, тиллони эмас,
Инъом этгин ойни, шамолни.
Ўчингни ол ёвдан, зулматдан,
Сотқинлардан, энг охир майдон,
Сон-саноқсиз тераклар аро
Энг бақувват чинорга айлан.
Шу шеърида айтган фикрида Хуршиднинг ўзи доим устивор туради: унинг меҳри ҳам, нафрати ҳам, ачиниши ҳам, тасаллиси ҳам рост.
«Доҳий суврати қаршисида», «Қучоғингга бошимни қўйдим», «Шундай яшил менинг Ватаним» шеърлари гўзал туйғу билан ёзилгандир.
Сени, доҳий, сувратингдан таниймиз бизлар,
Учга кирган боламиз ҳам танийди сени,
Қайси уйга кирма, азиз фарзанди каби
Оналар оқ деворларга илган расмингни.
Қани, доҳий, ўйга чўмиб англайлик бирга,
Қандай маъно англатади Ленин дегани?!
Менимча, бу тун қўйнида адашиб юрган
Одамларни тонгга олиб келинг, дегани.
Хуршид курашчан шоир ҳам. У ўзи сиғинган, ўзи муқаддас деб билган туйгуларнинг бошқаларга — кўпчиликка ўтиши учун курашади ҳам. «Оила», «Ўзбекистонни…» каби шеърларини ўқиганда одам ўзини бирдан кучли сезади, шу кучига яраша юрти учун, халқи учун, ззгуликлар учун қандайдир яхши ишлар ҳилгиси келади.
Хуршид Даврон шеърлари,нинг поэтикаси ҳам чиройли, оригинал. Унинг топган образлари узоҳ вақт хаёлингга ёруғлик бериб туради. Бир шеърида:
Савр туни.
Салқин шабада
Жийда гулин димоққа урар.
Қишлоқдаги қудуқ тубида
Юлдуз акси товланиб турар.
Боғлар аро дарахтлар эмас,
Йиғилгандек ўйчан даҳолар…
Яна бир шеърида:
Булутларни олиб кетмоқда шамол,
Ой — қалъа устида силкинган рўмол.
Йўқ, у оловларда ёнган, лекин манфур ёв
Ололмаган қалъа устида ялов…
Хуршид Давроннинг баъзи тенгдошлари ижодида мавҳумлик бор, лекин у бу қусурдан холи. Унинг фикри аниқ, образлари тиниқ.
Хуршиднинг шеърларида яна бир ўзига хосликни кузатаман. У аёллар руҳиятини, жуда яхши билади. «Баҳор раққосаси», «Тунда силкитаркан дарахтни шамол», «Мен севаман» каби қатор шеърлари фикрим далилидир.
Демак, у жуда кузатувчан, ўрганувчан.
Хуршид Даврон тарихимизни, адабиётимизни яхши билади. Мен бу гапни унинг шеърларида учраб турадиган тарихий исмлар ёки Ватанимизнинг машҳур шоир, рассомларини ўқиб айтаётганим йўқ.
Унинг шеърларида ички бир маданият, шеър, тил маданияти, кенг кўламли билим бор.
Хуршиднинг «Поезддаги воқеа» шеъри ва «Уйғоқ тошлар» драматик достонида инсоннинг маънавий гўзаллиги масаласи кўтарилган. Ёшлик софлиги, муҳаббат каби туйғулар инсонни тарк этса, у қашшоқланиб қолади, дейди шоир.
Унинг «Қадрдон қуёш», «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари» деб номланган бешта шеърий тўплами нашрдан чиқди.
Бу китобларнинг ҳаммаси яхши.
1984