Хонбиби Эсенқораева. Қирғиз шоираси

Зулфияхонимга

Шоиранинг 80 йиллик юбилейида ўқилган

Тўмарисдай эл бошқариб,

Кирнинг бошин олмадинг.

Бибихонимдай Темурга

Нақшин сарой солмадинг.

Бироқ сени суйган элга,

Сенга таъзим қилган элга

Умрингни бағишладинг.

 

Шеърларингга ошиқ бўлиб,

Ҳайрон қолган зотлар кўп.

Келажакка қаламингнинг

Бисоти мўл, мулки хўп.

Ким айтади тош кесмоқдан,

Ким айтади бош кесмоқдан

Ўлан ёзмоқ ўнғай деб?

 

Шеър ёзмоқ — тоғни ағдармоқ,

Заргардай қум эламоқ.

Олтин ўлан излаганда

Олов тутди Ёнартоғ.

Саксон ёшга кирган опам,

Саксон олма терган опам,

Бош эгаман эгилиб.

 

Бор-будингиз ишқ, нафосат,

Сиз — ор-номус туғидай.

Кўнглим маним чайқалади

Сирдарёнинг сувидай.

Қандай ўлан мангу қолар,

Қайси ўлан йўқолар

Бир дарёга қуйилмай?

 

Асқар тоғдай қизлар борки,

Сўз заргари Сизлар борки,

Ортимизда излар борки,

Йўқдир ҳасрат, қайғум-да!

Доно Шарқнинг чинорисиз,

Сиз Туроннинг туморисиз —

Хосиятли, бўйнимда.

 

Ўйламасдан ўт симиргум

Севмоқ учун Ватанди

Бўз даладан бўзлаб келдим,

Бағрингга ол бўтангни!

Бир қўлимда қаламим бор,

Битта қўлимда болам!

Йўлим очиқ, хатар — бекор,

Довул-бўрон қилмас кор —

Устоз, бер фотиҳангни!

1995.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.