Учрашувлар — янги дунёга очилган деразалар

Дунёда йўл кўп, техниканинг тараққийси билан ер узра тушган йўллар, сўнгроқ сувлар юза тушган йўлларга осмон йўллари қўшилиб учрашувлар, мулоқотларга имкониятни кенгайтириб, кишилар қалбининг дўстлар билан бойишига кўпроқ хизмат қилаяпти.

Лекин бошқа йўллар ҳам бор.

Яқинда мен яна бир дўст орттирдим. Тошкентдан жуда узоқда, Африканинг ғарбида, Сенегалнинг бир кичик қишлоғида яшайдиган Умар Файе деган йигит бу.

Мен уни кўпдан бери танийман. Хурмо дарахтлари остида кичик бир гўшада туғилиб, дунёга келганидан хабар берган биринчи йиғисини ҳам эшитганман. Мен унинг бутун ўсиш даврини кузатиб бордим, у хонаки кемада биринчи марта денгиз тўлқинлари бўйнига осилиб, балиқ тута бошлаганда илк омадидан севиндим, бошқа Сенегал йигитлари билан урушга жўнаганида ҳаяжон ва қўрқиш туйғулари билан кузатиб қолдим. Кейин у ўзи туғилган қишлоққа қайтиб келди, вояга етган довюрак, жасур Умар ўз қишлоғида тузилаётган биринчи қишлоқ хўжалик кооперативига раҳбарлик қилди.

Кейин, кейин дўл жаласи савалаб турган қоп-қора бир тунда халқнинг душмани бўлган француз мустамлакачилари Умарни ўлдиришди, халқнинг катта хурсандчилик ёки бошига оғир кулфат тушганидан хабар берадиган там-тамнинг юракларга қўрғошиндек тўкиладиган овози сенегал халқининг содиқ фарзанди—жасоратли Умарнинг дафн маросимида ғамли ва исёнкор янгради — унинг овози ҳали ҳам қалбимни ўйиб кетаётгандек.

Лекин бундан бир неча ой муқаддам мен Умарни танимасдим. У севиб ўз жонини қурбон қилган ватани Сенегал мен учун анча узоқ эди. Ҳозир энди гўё кўм-кўк осмони ҳам, тупроғи ҳам, нур ва ҳарорат қўйнига ташлаб ёнадиган қуёши ҳам, иссиғи, муттасил ёғадиган ёмғирлари кийимларимдан ўтиб жон-жонимга сингиб кетаётгандек, Умарнинг қариндошлари ва дўстларининг таниш қиёфалари кўз олдимдан кетмайди, улар менинг ёнимда юргандек…

Умар ҳам, унинг ватани ҳам, қариндошлари ҳам китобдан чиқиб, менинг дилимга, кўзимга кириб келишди. Бу китобни мен яқинда ўқиб чиқдим. Уз халқининг қаҳрамон ўғли Умарни мен билан таништирган кишн Сенегал ёзувчиси Сембен Усмон бўлди.

Сембен Усмоннннг ўзи ҳам бизнинг яхши дўстимиз. У Тошкентда ҳам бўлган. Осиё ва Африка ёзувчиларннинг Тошкент конференциясида қатнашган, конференциянинг юксак минбаридан янграган оташин нутқи, Тошкент Давлат университети студентлари билан учрашувдаги самимий сўзлари, Мирзачўлни ўзлаштириб, саҳрода бўстон яратган шуҳратли колхозчилар туҳфа қилган чуст дўппини кийиб ўтириб, юрт деҳқонларига ватанидаги деҳқонлар ва балиқчилар ҳақида қилган оташин суҳбатлари ҳамон эсимда. Ўшандан бери, мана, уч йилдан зиёд муддат ўтди. Бу ўртада Усмоннинг ҳам, бизнинг ҳам дўстларимизнинг сони ортиб кетди. Ўша дўстларимиздан яна бири ҳам кечагидай кўз олдимда. У Мисрдаги Искандария университетининг профессори. Тошкент конференцияси ўз ишини тугатаётган кунида араб ёзувчилари номидан конференция минбарига кўтарилиб, Осиё-Африка ёзувчиларининг иккинчи конференциясини Қоҳирада чақиришни таклиф қилди…

—Келинглар, бизнннг зангор Нилимиз сувидан баҳраманд бўлинглар. Зеро, Нил сувидан бир марта ичган киши, албатта, яна келади,— деди.

Унинг сўзлари гулдурос ҳарсаклар билан қабул қилиндн, бу қарсаклар араб дўстларимиз миннатдорлик ва истиқболдаги учрашув, ёзувчилар бирдамлиги, ҳамкорлиги ғоямизни яшаб кетишига ишонч шодлиги эди.

Юракнинг интилиш, фикрлаш, хотирлаш ва орзу қилишдан ўзга нима иши бор!

Мана, дарҳол хотиралар бундан беш йил нарига олиб кетди.

1956 йилнинг декабри. Деҳлида Осиё мамлакатлари ёзувчиларининг биринчи конференцияси ўз ишини тамомлар эди. Бу ёзувчиларнинг биринчи йиғилишида Осиёнинг 17 мамлакати ёзувчилари қатнашди. Бу ерда Осиё Ёзувчиларининг иккинчи конференциясини Тошкентда чақириш ҳақида таклиф киритилди ва ишонтирилди, ўзбек тупроғига бир бор қадами етган кишининг яна қайта-қайта қадами етиб турмоғи турган гап.

Таклиф шодлик билан қабул қилинди.

Биз ёзувчилар меҳмонларни қабул қилишга тайёрлана кетдик. Энди бир минутга Қоҳирага бориб келайлик.

1957 йилнинг охирида (Ҳиндистон ҳам, Миср ҳам, иқлими иссиқ мамлакатлар бўлгани сабабли халқаро учрашувлар одатда қишки мавсумлари ўтказилади, бу ҳам меҳмон дўстлик) Қоҳирада Осиё-Африка халқларининг бирдамлик конференцияси бўлди. Ана шу конференция делегатлари халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда  ёзувчиларнинг тутган ўрнига юқори баҳо бериб, Тошкентда ўтадиган конференцияга фақат Осиё ёзувчиларинигина эмас, энди янги ҳаётга вулқондек отилаётган қайноқ Африка қитъаси ёзувчиларини ҳам таклиф қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу ёзувчиларнинг ҳамкорлик ҳаракатлари ўзини оқлаётганининг, халқларнинг ўз ёзувчиларига бўлган ишончларининг буюклигини кўрсатадиган далил эмасми?

Тошкент конференцияси ҳаммамизнинг эсимизда. Тошкент конференцияси қабул қилган олижаноб, ҳаётий кучга эга бўлган қарорлар мана шу ўтган давр ичида деярли тўлалигича бажарилиб келинди — негаки, бу қарорларни қабул қилган ёзувчилар ўз нжодларн ва ҳаётларини халқ хизматига бағишлаган, ҳеч қандай тўсиқ олдида тўхтаб қолмайдиган, ҳаётнинг сахийлигидан яйраб, бўронидан қалқиб кетмайдиган метин иродали, жасур кишилар… Тошкент конференцияси юракларга ташлаган ажойиб дўстлик ғоялари уруғларидан яхшигина ҳосил олишга қодир кишилар… Улар Сенегалда ва Деҳлида, Бирмада ва Кубада, Қоҳира, Япония ва Суданда…

Биз уларни кўриб турибмиз, қадамлари тез- тез ўзбек тупроғига етиб турмаса ҳам, уларнинг овозлари гоҳ ҳикоя, гоҳ шеър, гоҳ роман, гоҳ дўстлик мактублари, гоҳ мустамлакачилик занжирларига қарши исён нидоси, гоҳ ғалаба қаҳҳахаси бўлиб бизга етиб турибди.

Биз учрашувларнинг ҳамма имкониятларидан фойдаланамиз: чунки ҳар бир учрашув, бир ҳинд ёзувчиси айтгандек, биз учун янги дўстларга, янги дунёга очилган яна бир дераза. Биз ҳаммамиз учун зарур тинчлик ҳақида, тараққиётга хизмат қиладиган китоблар ҳақида, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган кинофильмлар ҳақида гапиряпмиз.

Бу айрим кншилар томонидан ўйланиб топилган жарангли, аллакимлар назарида даҳшатли сиёсатдан иборат бўлган сўзлар ва тушунчаларгина эмас, ҳозирги замоннинг энг ҳаётий масалаларидан бири.

Ҳозир газета ўқиб, радио тннгламайдиган одам йўқ юртимизда. Ҳозир барча мамлакатларда кино санъати тараққий этяпти. Бу санъат халқлар ҳаётини бир-бирига таништиришда энг яхши воситалардан бирига айланмоқда. Демак, ҳаммага аёнки, ҳали айниқса, Африканинг талай мамлакатларида империализм ўзининг мустамлака деб аталган оғир ва даҳшатли тошини маҳкам босиб турибди. Тош қанча оғир бўлса, унинг тагидаги тирик жоннинг тоза ҳаво ва қуёшга бўлган интилиши шунча кучли. Оғир зулмат тоши остида қанча инсонларнинг тақдири бор. Қалб кўзи тошда ҳам, тоғда ҳам ўта ҳақиқатни кўради. Қуёш ўлкасида нурга чанқоқ кишиларнинг кураши ва кўтарилган қалблари у тошларни вулқондек бирин-кетин отиб ташлаяпти. Бу воқеаларни гоҳ фильмларда кўриб, гоҳ китобларда ўқиймиз. Биламизки, улар интилишлари бир бўлган кишилардан мадад истайди, уларга суянади. Дунёда бўлаётган ҳамма воқеалардан хабардор бўлиб яшамоғи керак. Шундагина Ватанни ўзида ифода этувчи шахсга айланади.

Мен сўзни китоблар ва китоблар орқали орттириладиган бойликлар ҳақида бошлаган эдим. Бу масала ҳаммани бирдай қизиқтиради, қаерга борманг, ҳар бир саводли танишингиз сиздан ўз тилида чиқарилган китобни сўрайди. Наҳотки, Ўзбекистонда ёки Тожикистонда Бирма ёки Сенегал тилида китоб чиқарилмаслигини билмаса, деб ҳайрон қоласиз, бир нафас. Лекин тушунамиз, ахир, у шунчаки чиройли сўз ёки ҳавас эмас, хайрихоҳлик, ўқиш, яхшироқ билиш учун бўлган хоҳишнинг бир ифодаси-ку. Қитоблар энг яхши сайёҳ ва энг яхши суҳбатдошлардир, яхши, ҳаққоний ёзилган роман ёки ҳикоя, қалбнинг тебранишлари бўлган шеърлар ёзувчи ва ўқувчилар ўртасига дарҳол кўприк ташлаш қувватига эга — бу кўприк орқали сенегаллик Умарга ўхшаган дўстлар орттирамиз. Уларнинг халқлари ҳаёти, маданияти ва курашларидан огоҳ бўламиз. Дилларни бирлаштиришнинг бу йўллари борган сайин гавжум бўлишига ишончимиз комил.

Осиё-Африка адабиётининг энг яхши намуналарини Марказий Осиё халқлари тилларига таржима қилиш ишлари таҳсинга лойиқ. Европа ва Осиё-Африка ёзувчиларининг нашр этилган бу китобларини бу ерда санаб ўтирмайман. У китоблар юксак бадиий дидга эга бўлган кўп миллионли китобхонларимизнинг кутубхоналарида Навоий ва Пушкин, Толстой ва Шолохов, Ҳамза ва Самад Вурғун, Ғафур Ғулом ва Микола Бажан асарлари ёнидан жой олган, кишилар қалбининг самимий йўлдошлари бўлиб қолган. Бу китоблар, саҳроларга сув чиқариб, кишилар учун нон олиб бераётган деҳқонлар ҳақидадир… Чакалакзорларни тозалаб, қанд заводлари қураётган бинокорлар, ишчилар ҳақидадир… Ўз халқининг келажагини тарбиялаб, тинчлик ҳақида алла айтаётган оналар ҳақидадир…

Тинчлик, дўстлик, қардошлик, меҳнат, бахтиёрлик! Мен бу сўзларни ёзаётиб, қалбим ёрқин бир иссиқлик билан яйраб кетганини сезиб қолдим. Чунки ўша йўллардан қалбимга оқаётган ҳароратли туйғулар барча халқлар учун энг азиз ҳаётий туйғулардир: бу тинчлик, дўстлик, биродарликнинг қудрати ҳақидаги туйғулардир. Бу туйғуларни куйлашни ҳар биримиз ўзимизнинг фуқаролик бурчимиз деб биламиз. Бу йўллар ҳамиша очиқ ва сўнгсиз бўлади.

 

1961

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.