Теранлик. Эркин Воҳидов

Теранликни қидирмадим уммонлардан,
Инсонлардан топдим уни, инсонлардан.
Теранлик бу — нур ёғилган юзлардадир,
Теранлик бу — ўйчан боққан кўзлардадир.
Майингина чимирилган қошлардаги,
Нуқра-нуқра қиров қўнган сочлардаги,
Бўронларда эгилмаган бошлардаги
Теранликнинг таърифига сўз бормикан…
Машъум йиллар дилга солган озоридан,
Оналарнинг ҳасратидан, оҳ-зоридан
Одамларнинг юрагида уммони бор,
Уммонларнинг сокинлиги, тўфони бор.
У йилларнинг зилзиласи кўкракларда,
Машъум уруш доғи ҳали юракларда.
Ҳассос қалбдан оққан энг пок тилакларда,
Умидларда ҳаёт қадар теранлик бор,
Кўнгилдаги сабот қадар теранлик бор.
Теранликни қидирмадим уммонлардан,
Инсонлардан топдим уни, инсонлардан.