Сиз ҳақингизда ўйлаганларим. Ҳалима Худойбердиева

Устоз Зулфияга

 

Маликам, нима айтай, мен бугун Сизнинг ҳақда,

Колумбдай очгансиз-ку ўз қалбингиз – қитъани.

Айтмай десам, бу юрак нимагадир илҳақдай,

Айтай десам саросар, лолман қалам тутгани.

Кездим қитъангизни мен, қуёшлари куйдиргич,

Кўкламлари мунча хуш, суймаганни суйдиргич.

 

Устоз, Сиз ишонасиз, сўз порласа худди ишқ,

Юлдузларнинг чақнаши, ойнинг тутилмоғига.

Ҳам ортиқ  ишонасиз, Сиз битмаган шоҳ қўшиқ

Келарлар қўли билан албат битилмоғига.

Шеърни “қатра-қатра”лаб дилга ўйдингиз чоғи,

“Шоҳ қўшиқ”ни шоҳона куйлаб қўйдингиз чоғи.

 

Саросимам шундандир, шундан менинг ҳайратим,

Демак қониқтирмапти ўз туғёнингиз ранги.

Сиздан андоза-ку бу, бизнинг тортган ҳар қатим,

Сиздан овоза-ку бу овозимиз жаранги.

“Келарлар қўли ёзур”,— орзу эмас, бу фақат

Келарларга буйруқ бу, одилона, бешафқат.

 

Кўриб турди аҳли юрт, “истак чориғин” ечмай,

Бир ярқироқ манзилга тинмай чопганингизни,

Ҳижрон шаробин фақат кўз ёши билан ичмай,

Фарёд музидан ҳатто ўтлар топганингизни.

Ўзингизни ўзннгиз хўп биласиз, маликам,

Шеъримга нур аралаш тўкиласиз, маликам.

 

Айтинг кимдан олгансиз меҳру сеҳр қўлларин,

Куйи билан дилларни даволагувчи найсиз.

Аммо ўз кўнглингизни санайсиз доим ярим,

Аммо ўз дардингизга даво топмай яшайсиз.

Ярим кўнгил шунчалик ўқни урса нишонга,

Билмам, бутун бўлганда қандай сиғарди жонга.

 

Бекинмачоқ ўйнабми уни бекитди йнллар,

Қидирмоқ билан ўтди, мана, умрнинг ярми.

Бу кўклам ҳам дераза ёнида ўрик гуллар,

Юрагингиз ўрикнинг гуллашига кўнарми?!

Ким билар шоиримиз қай боғда шеър битади,

Ҳамон қаро сочларин ҳай шамоллар титади?

 

Кўриб турди аҳли юрт, бўрон билан басма-бас

Қоқилганингиз, тағин қайта турган пайтингиз.

Юракда дард, жароҳат қўзғаларкан касдма-қасд,

Музаффар қуёш билан суҳбат қурган пайтиигиз.

Ким қуёшга яқиндир, яралари битаркан,

Улуғвор, бир-бир босиб энг олд сафга ўтаркан.

 

Суяб ўстирдингиз-ку, бирма-бир ҳаммамизни,

“Суядингиз”, айтмоққа осон бу бир оғиз гап.

Тортаётган бўлсак ҳам энди ўз чанамизни,

Қоқилиб кетган дамлар ҳамон қўясиз тиклаб.

Там-там мева берса ҳам навниҳоллар қотсин жим,

Боғбонига ташаккур айтсин дунёи қадим.

 

Отни қамчилайверсин майли бу умр, замон

Давралар нурамаса кўнгилга ғам чўкмагай.

Боғбонлар кезсин боғда, боғбонлар бўлсин омон,

Шунда бу юрт боғлари кўк баргларин тўкмагай.

Ҳаққи ростга ўхшайди қадимий мана шу гап:

“Ҳар ниҳол барг очармиш боғбонин умрин тилаб”.

 

Сиз шеър ўқиётибсиз, Ҳиндистон. Мушоира.

Чайқалар гилам узра хитой, мўғул, ҳинд, араб.

Қора кўз Ўзбекистон ҳар чақноқ кўзга кирар,

Давра тўрида турар Ватанимиз ярқираб.

Оромни ўғирлаган беором жонмисиз — Сиз,

Мушоира малаги — Ўзбекистонмисиз —Сиз.

 

Ҳар давра, ҳар саройнинг бор ўз малика, шоҳи,

Бу кун шеърият тахти, тожи Сизга насибдир.

Омон бўлинг, маликам, қирқ қиз — шогирд паноҳи

Бул юксак тахт, тож Сизга шул қадар муносибдир.

Шуҳратга дуч йўлингиз кезсин чархи оламни,

Меҳнатга ўч қўлингиз туширмасин қаламни.

Маликам, нима айтай мен бугун Сизнинг ҳақда… ‘

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева

1975, 24 март

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.