Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўт…

Жаннатмакон устозимиз Зулфияхоним, том маънода, улкан шахс эди. Биз — шогирдлари учун ҳеч қачон одатий, оддий одамга айланиб қолмасдилар. Ҳар сафар ҳузурларига борганимизда (Гарчанд баъзан ҳар кун дийдорлашиш насиб этса-да) худди имтиҳонга, синовга бораётгандек ҳаяжон билан борардик. Чимкент кўчасидаги хонадонларига борганимизда (кўпинча дугонам Муҳтарама билан борардик) учинчи қаватга кўтарилгач, эшиклари олдида бирпас туриб, бир-биримизга:
— Тўхтанг, қўнғироқни эзмай туринг, сал ҳаяжонимизни босиб олайлик, — деган пайтларимиз бўларди.
Ҳолбуки, Зулфия опам билан суҳбатлашиш жуда мароқли эди. Шахсан мен опанинг суҳбатларидан сўнг ижодга иштиёқ билан чиқардим. Чунки у киши баъзи аёллар даврасига хос майда гаплардан гапирмас, адабиёт майдонида нима гаплар, ёшлар нима ёзяпти — шу мавзулар атрофидаги гап-сўзларга қизиқар эдилар.
Бир гал айнан ёшлар шеърияти ҳақида гап кетганда Ҳуршид Давроннинг янги китоблари, Гуландом Тоғаеванинг “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган туркуми ҳақида илиқ фикрлар айтгандилар.
— Ижодкорларнинг тасаввурлари кенг бўлади. Лекин бу қизнинг шеърлари бизнинг тасаввур доирамиздан ҳам чиқиб кетганга ўхшайди. Охиригача ҳамма нарсасини англаб етолмайсан-у, англаганинг ўзингга ёқади, — деган эдилар Гуландомни ўқиганда.
Устоз ҳамиша яхши ижодкорлар ҳақида меҳр ва ҳавас билан гапирардилар. Бундай дейишимга сабаб бор. 80 йиллар арафаси эди, адашмасам. Армон шоираси Сильва Капутикянцнинг Москвада бир неча томдан иборат сайланмалари чоп этилган Шоиранинг ўзлари (улар қадрдон эдилар) Зулфияхонимга ўша китобларни юборган эканлар. Опа уларни варақлаб ўтириб:
— Қаранг, қанақа чиройли китоблар бўлибди. Фақат шеърият, ижод дарду қувончи билан яшаган-да, бунақа ҳаёт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди, — деган эдилар. Опанинг бу гапларида даврдош шоира ижодига эҳтиром билан бирга ҳар доим ҳам шеърият дарду қувончи билан яшай олмаган онлари учун армон ҳам бор эди, албатта.
Зулфия опа, одатда, саҳар туриб, бир финжон қаҳва ичиб ижод столига ўтирардилар. Бирор шеърни кўнгилларидагидек якунласалар, ўқиб берардилар. Опанинг шеър ўқиган онларини жуда яхши кўрардим. Кўзлари чарақлаб кетарди.
Мен опанинг ижодий жараёнларига, айниқса, ижодларининг гултожи бўлган “Хотирам синиқлари” достонининг ёзилиш тарихига гувоҳ бўлганимдан ниҳоятда фахрланиб юраман.
Устоз таваллудининг 80 йиллик тантаналарига тайёргарлик бошланган кунлар эди. Газета, журналлар материаллар сўрашар, опа ҳар куни хазинасини варақларди.
Галдаги шундай жараёнларнинг бирида:
— Қизимжон, (Опа мени кўпинча шундай чақирардилар) давр янгиланди. Бутунлай бошқача руҳдаги замон келяпти. Мен ҳам бошқача бир нарса ёзишга бурчлиман, — дедилар. (Эҳтимол, устоз айнан шундай демагандирлар, лекин суҳбатимиз шундай мавзуда бошлангани аниқ).
— Бир нарсам бор-у, лекин сочилиб ётибди, йиға олмаяпман. Ҳар гал қўлимга олганда юрагим тугатиб ташлайдиганга ўхшайди-ю, бошим чарчаб қолади, — дедилар.
— Қани ўша ёзганларингиз? — дедим.
Опа оддий иш дафтарига эски ёзувда (Устоз одатда қораламаларини шу ёзувда ёзиб, сўнг кирилчага кўчирардилар, “Менга шуниси қулай”, дердилар) ёзилган қораламаларини ўқий бошладилар. Охиригача “қилт” этмай ўтириб эшитдим.
— Ахир, бу бир нарса эмас-ку, Зулфия опа, бу зўр достон бўлади, — дедим: — Фақат бандларни жой-жойига қўйиб чиқиш керак, — дедим. Шоир ўзининг ёзганларининг баҳосини яхши билади, лекин кимдир фикрдош бўлса, барибир бошқача кайфиятда бўлади. Ҳатто, ўша кимдир мендай ҳаваскор шогирд бўлса-да…
— Сен шундай ўйлаяпсанми? — дедилар. Овозлари бошқача жаранглаб, кўзлари бошқача чақнади.
— Албатта! Сиз айтиб туринг, мен кирилчага кўчираман, — дедим.
Устоз диванга бемалол ўтириб олиб қораламаларини ўқий бошладилар. Кўчириб бўлгач, мен баланд овозда ҳаяжон билан ўқиб бердим. Опа:
— Эшитганда аниқ билинар экан, мана бу бандни олдинга олиш керак, бунисини орқага, — дея баъзи бандларнинг ўрнини алмаштирдилар.
— Мен эртага саҳар яна бир қараб чиқаман, кейин яна бир ўқиймиз, — дедилар…
Эрталаб ишга кетаётиб, Чимкент кўчасидаги уйларига кирдим. Устоз ҳорғин, лекин жуда бахтиёр эдилар. Кеча ўқиган достонга бир неча бандлар қўшилган эди. Жумладан биринчи ўқиганимизда мана бу бандлар йўқ эди. Бу бетакрор сатрлар бугунги саҳарнинг — истиқлол саҳарининг берган имкони туфайли дунёга келган эди.
Ҳуррият, келдингми — наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона куйдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек —
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.
…Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай
Қалқди, юрагим, чида бер бардош,
Қарагин титроқда — ҳаммаси жонли,
Қара, ҳаммасининг юзи қонталаш…
Мен бор овозим билан ҳаяжондан титраб, кўзимда ёш билан достонни ўқир эканман, устознинг йиллар давомида хотираларига чўкиб ётган, замон тўлқинларида қалқиб чиққан армонларининг сувратини кўрардим.
…Ака, жоним акам — жондошим акам
Олтмиш йил изимга қайтиб, йиғлайин.
Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни
“Оҳ”ларим эритар — айтиб йиғлайин.
каби сатрларни такрор ва такрор ўқирдим. Анча пайт достон таъсирида ўтирдим.
— Бу достонни нима деб атаймиз энди? — дедилар ва ўзлари:
— Хотирам парчалари… — дедилар. Индамай қараб тургандим:
— Йўқ, хотирам синиқлари… дедилар… Сарлавҳадаги “синиқ” сўзида жароҳат ҳам бор, сўз жуда жойига тушган эди.
“Хотирам синиқлари” кўп ўтмай матбуотда чоп этилди. Достон самимияти, инсоний дарднинг чин инъикоси сифатида адабий жамоатчилик, шеърият мухлислари томонидан жуда илиқ қарши олинди. Ва бу асар истиқлол туфайли ҳайрати, жасорати яна бир бош баландлаган Зулфияхонимнинг гўзал имкониятларини намоён этди. Устознинг таваллуд кунлари пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида нишонланди.
Опа тантана якунида миннатдорчилик сўзларини шеърга уладилар.
Шеърдаги:
Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман…
…Бахтим шул, ўзбекнинг Зулфиясиман…
сатрлари у киши ҳаётлигида ҳам, кейин ҳам қанча чиройли давраларга бош сўз бўлди.
Дунёда ҳеч нарса мангу эмас. Даврлар ўтади, кўп нарса унутилади, ҳатто, ўз даврида яхшигина вазифа бажарган асарлар ҳам қачондир оҳарини тўкиши мумкин. Лекин халқ, миллат оғриғига, қувончига дахлдор асарлар халқ, миллат билан бирга яшаб қолади. Устоз Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достонини ҳам ана шундай ўлмас асарлардан бири сифатида халқимиз, келажак авлодлар учун ҳам қадрлидир.
Қутлибека Раҳимбоева