Маликадай улуғвор, онадай меҳрли. Ойдин Ҳожиева

Ён дафтарлар вақти келиб ҳаётингнинг бир бўлагига, умринг кўзгусига айланиб қолар экан. Суҳбатлар, учрашувлар, мушоиралар, анжуманларда дўстларинг, устозларинг, дугоналарингнинг чеҳралари ён дафтарнинг саҳифаларидан чиқиб келаверади. Улар юрагингга нур бағишлайди, кўнглингни тўлдиради, ўтган йўлларингга ёруғлик сочиб туради. Устоз Зулфия билан ёнма-ён ишлаган йилларим, дилдан суҳбатлар, сирлашувлар менинг учун ана шундай ноёб бир туҳфа бўлиб қолган. Кундалик дафтаримни варақлайман. Зулфияхонимнинг иссиқ чеҳраси, самимий сўзлари, аслзода қиёфаси, меҳрибон нигоҳлари жонимга малҳам бўлади.
1982 йил 8 июн. Ҳар йили буюк рус шоири Пушкиннинг таваллуд кунларига бағишланган шеърият кечалари бўлиб ўтади. 7 июн куни «Баҳор» концерт залида устоз Зулфияхоним пушкинхонлик кечасини бошқардилар. Зал одамлар билан тўлган, саҳна чиройли безатилган, улуғвор ва сипо либосларда Зулфия анжуманнинг маликасига ўхшардилар. Ўзбекча ва русча олиб борилган пушкинхонлик кечаси жуда файзли, мароқли ўтди. Шоиралардан Гулчеҳра Жўраева ва Ҳалимахон Пушкин шеърларидан ўқишди. Ҳар бир шоирга сўз бераркан, ниҳоятда гўзал лутфлар билан уларни саҳнага чорлар эди Зулфия опа. Ўша куни тишлари оғриса ҳам оғриқли кайфиятларини мутлақо сездирмай, пушкинхонлик кечасини бошқардилар. Эртаси куни ишга келдилар ва хоналарга ўтаётиб, менинг хонамга мўраладилар. Гулчеҳра Жўраева ва Шаҳодат Исахоновалар билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Зулфия опа биз билан сўрашдилар, киринглар, соғиниб кетдим сизларни, дедилар. Устоз ҳузурида анча гаплашиб ўтирдик, шеърлар ўқидик, ҳаммамиздан ҳол-аҳвол сўрадилар. Мен зарур бир дорини тополмаётганимни айтдим. Дарҳол дорихоналар бошқармасига телефон қилдилар. Чуқурсойдаги дорихонада бор экан, машиналарини юбориб, олиб келтириб бердилар. Энди яхши бўлиб кетасиз, деб тасалли бердилар. Мен устознинг бу меҳрибончилигидан кўнглим ийиб, аллақандай бир туйғу аро раҳмат дейишимни ҳам, қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмай анча муддат жимиб қолдим. Узоқ тополмай юрган доридан муолажа бошлаб, ўзимни анча яхши сеза бошладим.
1982 йил 10 июн. Зулфия опа эрталаб ишхонага келиб, беларус шоираси Эди Огнецветдан таржима қилган «Тасаввур этмам» сарлавҳали шеърни кўчиртирдилар. Кейин Максим Танкдан ўзлари ўзбек тилига ўгирган «Янка Купала ҳайкали қаршисида» шеърини ҳам кўчиртириб, қайта кўриб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бердилар. Тишлари безовта қилаётган экан, боғга бориш олдидан докторга борсаммикин, деб отландилар. Озгина дам олай, мана бу кунлар (пушкинхонлик) мени анча толиқтирди, дедилар. Зулфия опа ҳар куни боғдан тарам-тарам чиройли олмаларни саватчага солиб, биз учун олиб келардилар. Бизни хурсанд, бахтиёр, чиройли кўрсалар, суюниб, мақтаб, кўнгиллари тўлиб хурсанд бўлиб юрардилар. Кўп шеърларини саҳарда ёзганларини айтардилар. Аслида Зулфия опа қуш уйқу эдилар. Кўпинча уйқу дори билан ухлардилар. Яхши ухламасалар ҳам доимо ўктам ва кўркам қиёфада ишга келардилар.
— Маним барча дардларим, қайғуларим — ҳаммаси уйда қолади. Остонадан қадам босиб чиқишим биланоқ мен бошқа Зулфияга айланаман, — дердилар.
Бетобликларини, нохуш кайфиятларини атрофдагилар сезишини хоҳламасдилар.
Зулфия опа андак ғамгин, нохуш кўринсалар, биз дарров Ҳамид Олимжондан сўз очардик. Унинг шеърларини ёд айта бошласам, Зулфия опа Ҳамид Олимжон шеърларидан ёд айтиб, суҳбатимизни қизитардилар, кайфиятлари кўтарилиб, жаннатмакон шоиримиз Ҳамид Олимжон ҳақида яйраб-яшнаб сўз очардилар. Бир куни ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг «Сарвиноз» ҳикоясини тайёрлаб олиб кирдим. Зулфия опа ҳикояни ўқиб маъқулладилар. Ундаги йигит образининг нимасинидир Ҳамид Олимжонга ўхшатган эдилар.
— Биз Ойдин опа ва Ҳамид Олимжон билан бирга театрга ёки учрашувларга борсак, у кишига эшиттириб: «Ҳозир Ҳамид Олимжон эшикни очиб, бизни ичкарига ўтказиб юборадилар… Ҳозир Ҳамид Олимжон пальтоларимизни кийдириб қўядилар…», − дер эдик. Ҳамид Олимжон ёш боладай қувониб, оппоқ тишлари чарақлаб куларди-да, бизни олдинга ўтказиб юборар, пальтоларимизни кийдириб қўярди. Одамлар Ҳамид Олимжондай мағрур йигит шунчалар мулойим тортиб, гапга кирадиган бўлиб қолганига ҳайрон бўлишарди…
Қиш кунлари эди. Яхмалак отишга чиқдик. Ўшанда Ҳулкар туғилишига озгина қолган. Яхмалак учай десам, учолмайман. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, ўтиринг, менинг пальтоимдан ушланг, мен сизни чана тортгандай яхмалак учираман, дер эди. Қийқириб, шодон бўлиб яхмалак учар эдик. Ҳамид Олимжон жуда меҳрли, сезгир ва ниҳоятда топқир инсон эди. Бир куни зиёфатга бордик. Баланд пошнали туфли кийиб олганман. Юришга қийналаман. Қайтаётганимизда юриш яна ҳам машаққат бўлиб кетди. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, туфлингизни ечиб менга беринг, мана буни кийиб олинг деб, туфлисини ечиб оёғимга кийдириб қўйди. Мен Ҳамид Олимжоннинг катта туфлисини кийиб, у эса ялангоёқ уйга қайтганмиз…
Ҳаётининг бу қувончли, завқли лаҳзаларини у кўзлари ёниб, юзлари ёришиб, худди ўша ҳолатни қайта бошидан кечираётгандек ҳузурланиб сўзларди. Балки, мана шу лаҳзаларнинг сўнмас ёди Зулфияга то сўнгги нафасигача куч-қувват, мадор, сабр-тоқат бергандир…
1983 йил 1 июл. Республикамизнинг жуда кўп жойларида шоира Жаҳон отин Увайсийнинг 200 йиллик юбилейи тадбирлари бўлиб ўтди. Зулфия опа юбилей комиссияси раиси эдилар. Фарғонада, Шоҳимардонда, Марғилонда бўлиб ўтган увайсийхонлик кунлари файзи, шукуҳи Тошкентга кўчди. «Баҳор» концерт зали саҳнасида халқимизнинг суюкли, таниқли олиму шоиралари жам бўлганлар. Зулфияхоним худди юлдузлар буржидаги энг ёрқин юлдуздай чарақлаб тўрда ўтирарди. У малла рангли, ҳошиялари сариқ ипак билан тикилган каштали кўйлакда маликаларга ўхшаб кўринарди. Опанинг теграсида булбул овозли Ҳалима Носирова, таниқли олималар Музайяна Алавия, Суюма Ғаниева, Маҳбуба Қодирова, Эътиборхон Иброҳимовалар чиройли бўлиб тизилишган. Кечанинг раисаси Зулфия шоираларга, хонанда қизларга илтифот ва назокат билан сўз берар, ғазаллар шеърларга, ашулаларга, сўзларга уланарди. Кеча файзга, сурурга тўлиб борарди. Мен ҳам ушбу кечада Жаҳон отин Увайсийнинг «Мандин ўрганди» радифли ғазалини ўқигандим. Устоз аруз вазнида жуда кам ёзсалар-да, бу кеча Увайсийнинг «Замона кулфатидин бу кўнгил доғ ўлди, доғ ўлди» ғазалига татаббу қилиб ёзган «Тоғ ўлди, тоғ ўлди» радифли мухаммасни ўқиб бердилар. Мухлислар ҳаяжон билан тинглашди, узоқ олқишлашди. Азиз ҳофизамиз Ҳалима Носирова кеча бошланиши олдидан шогирди Мақсадхон Юнусовага Увайсийнинг «Забонингни кетургил, эй шакарлаб тўти, гуфтора» матлаи билан бошланувчи ғазалини ўргатдилар. Мақсадхон бу ашулани шунчалар маромига етказиб куйладики, «Баҳор» концерт залининг шифтлари зириллаб кетди. Мақсадхон ашула айтаркан, Ҳалимахоним ҳам бармоқларини қарсиллатиб унга қўшилиб, ўтирган жойларида хиргойи қилиб бердилар. Назаримда, ўша ғазалхонлик кечасида нафақат Увайсий, балки Зебунисобегим, Нодирабегим, Анбар отин ва Дилшод Барноларнинг руҳлари шод бўлди. Ғазал ва куйнинг оҳангидан диллар сел бўлди. Кўнгилларга ҳаёт шавқи ва завқи тўлган эди. Зулфияхоним бошқарган ҳар бир анжуман, шеърият кечаси шундай мароқли, бетакрор ва файзли ўтар эди.
Зулфияхоним дўстларига, устозларига, яқинларига ниҳоятда меҳрибон ва садоқатли эди. Уларнинг қийин-қаттиқ кунларида, яхши-ёмон лаҳзаларида ёнида бўлишни, кўнглини кўтаришни яхши кўрарди.
1983 йил 31 октябр. Жамоат арбоби Шароф Рашидов вафот этдилар. Зулфия опа ўша куниёқ Шароф отанинг уйларига кетдилар. Кутилмаган нохуш хабар опани жуда изтиробга солди. 2 ноябр куни дафн маросими бўлиб ўтди. Биз муҳаррир хонасида телевизор кўраётган эдик. Зулфия опа ҳорғин кириб келдилар.
— Охирги дақиқаларда юрагим кўтармади. Қабрга тупроқ ташлашларини кўришга чидамим етмади. Омонжон олиб келиб қўйди, — дедилар.
Ўша кунлари биринчи маротаба бошларига қора рўмол ўраганларини айтдилар. Зулфия опа Шароф Рашидовнинг азасида оиласига икки кун ҳамдард, ҳамсуҳбат бўлиб турганларини сўзлаб бердилар. Хурсанд Ғафуровна тушларида туфлисини йўқотганини, ҳеч ким топиб беролмаганини айтибди. Нуқул жиззахликлар йиғилиб, чапак чалишди, ўртада нима бўлаётганини билмайман, эртасига мана шу иш бўлди, дебдилар Хурсандой опа.
— Шароф Рашидовнинг қариндошларидан бири, укажонгинам, Шарофиддинжон, деб йиғласа, Хурсанд Ғафуровна, «Шарофиддин» деган тилларингиздан ўргилайин-а, — дерди…
… Зулфия опа шу гаплардан сўнг диванда бир соатча дам олдилар, чой ичдилар, тил остига дори ташладилар. Ҳамид Олимжоннинг вафоти кунларини яна бир карра эсладилар.
— Шароф Рашидович Ҳамид Олимжоннинг видолашувида доимо бирга бўлганди. Ёнма-ён юриб, таскин берганди. Тушларимни айтиб бергандим у кишига. Дунё шу экан-да, энди бўлса Хурсанд Ғафуровнага мен мадад бўлиб турдим. Ҳеч қачон ўзини бундай ғариб, ёлғиз сезмаган бўлса керак, — дедилар.
Бир оз ўзларига келгач, уйга телефон қилинг, дедилар. Ҳулкар опа уйда экан, хавотирланиб, “ойим қалайлар?”, − деб сўради. Яхши, дедим. Зулфия опа йўл анча тескари бўлса ҳам машинада мени уйга ташлаб, сўнг ўзлари ўтиб кетдилар. Кўпинча ишдан кетаётганларида фариштадай бўлиб хонамга кирар, суҳбатлашиб ўтирар ва “Ойдинжон, кетасизми?”, − деб сўрардилар. Мен ийманиб жавоб бермасам, қани бўлинг, мен сизни уйингизга ташлаб, кейин ўтиб кетаман, дердилар оналарча меҳрибонлик билан. Бундай меҳрибонлик, лутф шунчалар самимий, шунчалар инсоний эдики, беихтиёр онанинг меҳри, куюнчаклигини ҳис қиларди киши.
1984 йил 14 сентябр. Ойбек таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Наим Каримов опанинг ҳузурига келганида, Ойбек ҳақида суҳбат бўлди. Зулфияхоним Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ва Шайхзодаларни ниҳоятда ҳурмат қилар, ўзларини уларга шогирд ҳисоблар, эҳтиром билан улардан сўзларди. Ойбекнинг сўнгги сафари ҳақида сўзладилар. Суҳбатнинг бир учи Шайхзодага уланди.
— Шайх аканинг вафоти менга қаттиқ таъсир қилди. Бордим. Сакина хоним маҳзун бўлиб қолган. Шайх акага тикилиб бутун фикр, бутун даҳолик унинг пешонасига йиғилганми, деган хаёл ўтди. Ҳайратга тушдим ўшанда. Муздек пешоналаридан ўпдим. Бетобликларида саватчага чиройли мевалар териб, Шайх акага юбориб турардим. Жуда меҳрибон аёл экансиз, деб ёзган хатлари бор. Агар умрим етса, ўша хатга жавоб ёзаман. «Кечиккан мактуб» бўлади сарлавҳаси. Ажабо, доно одамларнинг ақли шу ерга (пешонага) йиғилар экан-да. Одамлар ўлгандан кейин энг ноёб нарсамизни йўқотганимизни билиб қоламиз, — дедилар Зулфия опа ўкинч билан.
Зулфия опа қардош мамлакатларда, жаҳоннинг барча давлатларида катта анжуманларда қатнашар, минбарларда сўз айтар, шеър ўқирди. Ҳамиша ёнларида Шарқнинг буюк олимлари, шоирлари азим чинордай уни паноҳида олиб юришарди. Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода, Мустай Карим, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир… Уларни Зулфияхоним катта оғаларидай ҳурмат қилар, эъзозлар, муҳаббат ва эҳтиром тўла сўзлари билан алқар эди.
Ўзи улуғларга ҳурмат кўрсатиб, иззатини жойига қўйган одамларгина эл ичра обрў-эътибор, шону шуҳрат топадилар ва шогирдларининг меҳри, соғинчида яшайдилар. Зулфияхоним ҳам ана шундай буюк устоз мақомига эришган, шону шуҳрат аршига кўтарилган ва мангуликка дахлдор бўлиб қолган ёрқин сиймолардан биридир.