Кўнгил кўнгилдан сув ичар. Ойдин Ҳожиева

1970 − 75 йиллар мен учун оғир келди. Қизалоғим ёш, саломатлигим унча тикланмаган, шеърларимда шу кайфият акс этарди. 1973 йили биринчи рўзғорим барбод бўлди. Зулфия опа энг машаққатли дамларимда тушимга кирар, суҳбатларини қўмсаб борар эдим. У киши доим очиқ чеҳра билан кутиб олар, шеърларим ҳақида фикр билдирар, ўз ҳаётидаги ҳижрон дамларидан сўйлаб, менга таскин берардилар.

— Ойдинжон, ҳали ёшсиз, ҳаётингизнинг энг қувончли йиллари олдинда. Ҳадеб ҳижронзада шеърлар ёзиб, чиқараверманг. Тақдирингиз ўзгариб кетса, турмуш қурсангиз, уялиб қоласиз. Менинг йўлим бошқа. Мен ўз тақдиримни ҳеч кимга раво кўрмайман.

Шундай деб, устоз елкаларимдан қучиб, юзларини юзларимга қўйиб, узоқ турардилар. Хушбўй нафаслари, онадай куюнчаклигидан баҳра олардим. Кетма-кет мақолаларим, шеърларим, таржималаримни «Саодат» эълон қила бошлади. Ўша йиллари устоз ўз сайланмаларининг 2-китобини совға қилдилар.

«Ойдинхон! Шеърият ва илҳом ҳамиша Сиз билан, мен Сизга ҳақиқий аёл бахтини, севгили, покиза аёл тақдирини тилайман. Зулфия 18.07.1975».

1976 йил октябр. Опанинг ҳузурларига бордим, бу гал журъат қилиб, иш сўрадим.

— Ишингиз яхши-ку! Катта адабий журнал бўлса… — дедилар.

— Ҳамма эркак ходимлар ичида бир ўзим ишлагим келмаяпти, — дедим маъюсланиб.

— Тушунарли. Лекин мен қаттиққўлман, сафарларга чиқасиз. «Шарқ юлдузи»да шоира бўлиб танилдингиз, биз энди Сизни журналист қилишимизга тўғри келади.

Дарҳақиқат, «Саодат»да ҳаёт қайнар, Зулфияхоним ходимлари билан баравар меҳнат қилар, материалларнинг таҳририни кўрсангиз, шудгор, дердингиз.

Биринчи мақолам «шудгор» бўлгач, хафа бўлиб, аразладим. Устоз хоналарига чақирдилар.

— Мақолангиз ёмон эмас. Лекин лирика кўп. Бу ижтимоий-сиёсий журнал. Аниқ фактлар, таҳлиллар, хулосалар керак бизга… Мен билан муносабатингизни бузар экансиз, нега ишга кирдингиз бўлмаса? Бунақа аразчи бўлманг, эътирозни тўғри қабул қилинг…

Бу гаплар менга сабоқ бўлди. Зулфияхоним чиройли, сипо кийинганни яхши кўрар, ўзлари ҳам басавлат, вазмин кийиниб юрардилар. Улардан журъатни, ўктамликни, интизом, муомалани ўргана бошладим.

Зулфия опа менга кўпинча Ойдинжон, Ойдинхон деб сўзланардилар. «Ойдин» — десалар бир нарсадан кўнгил тўлмаганликни, «Ойдин Ҳожиевна» — десалар сал ўзингизни босиб олинг, маъносини уқардим.

Бир куни янги пальтода, сувсар телпак кийиб ишга бордим. Қизлар Зулфия опага етказишибди. Дарров хонамга кирдилар:

— Қани, Ойдинхон, янги пальтони кийиб кўрсатинг, телпакни ҳам.

Мен хурсанд бўлиб, кийиб кўрсатдим. Устозга ёқди шекилли, эркалаб, елкамга қоқдилар.

— Ҳамма либосларингиздан яхши бўлибди. Шундай юринг. Олифтахон-ей!

Суҳбатларимиз кўпинча иш чегарасидан чиқиб, ҳаётий мавзуларга кўчиб қоларди. Устозлар, Ҳамид Олимжон ҳақида иштиёқ, меҳр билан сўзлардилар. Ҳамид Олимжон шеърларидан ёд ўқирдилар, мен ҳам қўшилардим.

Баъзан Зулфияхон опа дилгир бўлиб қолсалар, Насимахон Юсупова (бўлим мудири) менга, Ойдинжон, ёнларига сиз киринг, деб у кишининг хоналарига йўллардилар. Шеър, суҳбат, азиз кишисининг ёдидан устознинг кайфияти бирданига яхши бўлар, ҳамкасбларимиз ҳам қувнаб очилиб юришарди.

Катта мушоиралар, адабиёт байрами, пушкинхонлик кечаларига устозим албатта мени ҳам рўйхатга қўшар, қайси шеъримни ўқишни, қандай либосда чиқишимни, саҳна маданиятини ўргатардилар. Бундай анжуманларда албатта Зулфияхоним раислик қилардилар.

1977 йил, ёз. Шоира қизлар «Саодат»га йиғилдик. Шунда қизлардан бири Иброҳим Ғафуровдан сўз очиб қолди.

— Сизга шундай бир олижаноб, маърифатли киши керак-да, опа, — деди бири менга юзланиб.

— Ўйлаб кўриш керак. Бундан муносиброқ номзод йўқ, — дедилар Зулфия опа. — Лекин Сизга уйланиб, яна бизни унутиб юбормасинлар…

Ярми ҳазил, ярми чин айтилган бу гапларга фаришталар «омин» деган экан, тақдиримиз қўшилди…

1980 йил 8 апрел. Онам дунёдан ўтдилар. Навоийга жўнадим. Баҳор, ҳаммаёқ гулга бурканган чароғон кунлар онамдан айрилиқ юрагимни ўртаб юборганди. 11 апрел куни Бўстондаги ҳовлимизга «Саодат» журнали бўлим мудири Роза опа Сайфиева кириб келдилар. Зулфия опа мендан кўнгил сўраб, таъзия билдириш учун атайлаб Роза опани жўнатибдилар. Қариндошлар, опаларим бениҳоя миннатдор бўлишди…

Тошкентга қайтганимдан сўнг, Зулфия опа ёнларига Холида Аҳроровани олиб, уйимизга келдилар, таскин бериб, кўнглимни кўтардилар. Бундай меҳр-оқибат, чин инсоний фазилатлар Зулфия опани дилимга яна ҳам яқин қилган эди.

1985 йил. Зулфияхоним нафақага чиқдилар. Шу йилнинг августида мен «Гулхан»га Бош муҳаррир бўлдим. Устоз суюндилар.

1988 йил. Устоз қизим Малоҳатхоннинг тўйида иштирок этиб, ғоят самимий сўзлаганлари, набира кўрганимда ҳайдовчилари орқали чиройли совғалар юборганлари доимо эсимда туради.

1992 йил. Менга «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилган куни эрталаб қўнғироқ қилиб табрикладилар:

— Ойдинжон, Сиз бундай унвонга жудаям муносибсиз. Ҳузурини кўринг. Оғзингизни тўлдириб, халқ шоириман, деб юринг!

Бу сўзлардан жону жаҳоним ёришиб кетди. Устоз ўз шогирдларининг ютуқларидан севинишни, фахрланишни яхши кўрардилар.

— Иброҳимжонга турмушга чиқиб, фикрингиз очилди, ўсдингиз, шоира ва шахс сифатида камолга етдингиз, — дер эдилар таъкидлаб.

Йиллар ўтаверди…

1994 йил. Мени «Саодат» журналига Бош муҳаррир этиб тайинлашди. Устозим беҳад севиндилар. Ўша йили мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ордени — «Дўстлик» ордени билан мукофотландилар.

1994 йил декабр. Вазирлар Маҳкамасида мукофот топшириш маросими бўлди. Президент Ислом Каримов Зулфияхонимга орден топширарканлар, шоира чексиз самимият, оналарча меҳр билан у кишининг елкасидан қучиб, пешонасидан ўпдилар ва ихчам, ёрқин сўз айтиб, «Халқимга айтар сўзларим» шеърини ўқиб бердилар. Хурсанд бўлиб, чақнаб эшикдан чиқиб келаётган азиз устозимни табриклашга ошиқдим. Устозим мендан аввал бағрини очиб, янги вазифам билан табрикладилар-да, чиройли гулдасталарини менга совға қилдилар… Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов Зулфияхонимнинг ҳиммати, меҳрини кўриб, у киши ҳам гулларини менга тутқаздилар. Шоиримизнинг кўксида ҳам «Дўстлик» ордени ярқираб турарди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.