Ишончимнинг сен вафо тоғи…

Ишончимнинг сен вафо тоғи…

Ҳамид Олимжон

Қадим-қадимлардан буён ўзбек миллатининг қонига, жисму жонига, урф-одатига сингиб кетган севги, садоқат, меҳр-оқибат туйғулари муқаддас саналиб, олийжаноб инсонийликнинг энг покиза меҳробида асраб авайланган, ардоқланган.бунинг меваси ўлароқ пайдо бўлган “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра” сингари бир қанча достонларнинг яралиши халқимизнинг маънавий кўзгусига, беғубор қалблар акс-садосига айланди. Мазкур ишқий асарларни ёдга олишим биланоқ ҳамиша ушбу достонларнинг давомчиси сифатида яратилажак замонавий достон “Зулфия ва Ҳамид”нинг дунёга келиши зарурдай бўлиб туюлади менга. Зотан бу мўътабар мавзуга илк бор машҳур шоирларимиз Эркин Воҳидов ва Омон Матчон қўл урганини қутламоқ керак. Бинобарин Зулфия каби вафодор, биллур каби фариштасифат аёлларимиз ҳамда Ҳамид Олимжон сингари буюк қалб эгалари бўлмиш ҳазрати эркакларимиз шаънига мадҳия каби янграр эди.

Ҳамид Олимжон ва Зулфия. Улар севгиси бағоят ибратлигина бўлиб қолмай, ҳар иккиси ҳам халқимизнинг энг азиз, суюкли, ардоқли, лирик шеърларини ёд олмаган бирор китобхон топилмаса керак. Шахсан мен Зулфия ва Ҳамид Олимжон шеърларини қайта-қайта ўқир эканман, ҳар гал кайфиятим гул очади, юзимда нур ўйнайди, қалбимда завқ тошади, ҳаётга муҳаббатим ошади ва бир даража яшаргандек сезаман ўзимни. Яқинда ана шундай қироат жараёнида мен бир янгиликни ўзимга кашф этдим.

Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг лирик шеърияти бир-бирига жуда ҳамоҳанг, бир-бирини маънан тўлдирадиган, бойитадиган ва мисли икки диалог, яъни савол-жавоб сифатида таассурот қолдирди, гўё икки қалбдан бир мусиқа, бир садо таралаётгандек… Зеро икки ёш қалбнинг севгиси бир боғда, бир гулзорда чаппар уриб гуллаган чоғда туғилган ва балким ана шу беназир, бетакрор муҳаббат ҳар иккисини улкан шоирлар даражасига олиб чиққани ажаб эмас. Чунки барча эзгуликнинг сарчашмаси муҳаббатдир. Ҳамид Олимжоннинг қўшиққа айланган илк муҳаббат ҳақидаги машҳур шеърига диққатингизни қаратмоқчиман:

 

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Сен очилдинг кўнгил боғимда,

Шунда кўзим кўрди баҳорни

Шунда қалбим таниди ёрни.

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим,

Ва келтириб сенга берганим,

Кечагидай ҳамон эсимда,

Ҳар сония, ҳар он эсимда.

 

Шоира Зулфия эса худди шоирга жавоб қилгандай қуйидаги сатрларни битади:

 

Гулларда учратдим сенинг кўзингни,

Оташин севгини ўқидим унда.

Уни ўпмоқ учун юзимни қўйдим,

Қушлар ҳам сайради шу ажиб тунда.

 

Ҳамид Олимжон ўз Зулфиясини бир дақиқа ҳам ўзидан, хаёлидан, қўшиғидан ва қалбидан айро қўёлмасди. Бир суҳбатда Зулфия опа шундай деган эдилар: “Мен ҳар доим уйдан Ҳамид Олимжон билан бирга чиқиб ва яна Ҳамид Олимжон билан бирга кириб келардим”.

Ҳамид Олимжон ёзади:

 

Севги десам фақат сен десам,

Сенинг билан яшнаса қалбим.

Сен десаму бутун дунёнинг

Туришига қулоқ солсам жим.

 

Зулфия ёзади:

 

Дейдиларки, сени кўрганда

Кўзларимда ёнар жонли ўт.

Ўша ўтнинг ёлқинларида

Сендан ўзга бор нарса унут…

 

Ҳар иккала тўртликнинг мазмуни бир-бирига нақадар уйғунлигини сезган шеърхон бу икки юракнинг бир маромда уришидан таралган садо эканлигини пайқамай иложи йўқ.

Кунлар, йиллар ўтган сари севги дарахти тобора чуқур илдиз отиб ва барг солиб у илоҳий куч сингари куч-қудрат манбаига, ҳаётга, инсонларга, яшашга, келажакка муҳаббат манбаига айланиб борарди. Ҳамид Олимжон буни фахр ва ғурур билан баралла куйлашга ва севгида ўзини Мажнун деб аташга ҳам тайёр ошиқ эди. Шоир энг сара лирик шеърларини денгиз бўйида тўлқинлар билан сирлашиб ёзганга ўхшайди, назаримда У “Соғинганда” асарида севгилиси билан висол онларини интиқ кутаётиб шундай дейди:

 

Ўша жилва ва ўша оташ,

Ўша кўзки, сузгун, хаёлкаш,

Ўша имо, ўша ишора

Эта бошлар юракни пора.

Зулфияда эса қуйидаги сатрларни ўқиймиз:

 

Ҳали ҳаёт такрор ўқиркан

Завққа тўлиб яйраган кўксим.

Юзингдаги улуғвор майин,

Бир жаҳонга арзир табассум.

 

Шоир умр йўлдошининг чеҳрасидаги жилвани, гўзалликни нақадар азиз тутса, Ҳамид Олимжон юзидаги улуғвор, майин табассумни Зулфия ҳам шу қадар назокат ва навосат билан ифода этаётгани сир эмас.

Ҳамид Олимжоннинг “Жануб кечасида”шеърида ҳам соғинч ҳислари садоқат, вафони улуғлаш ғоялари ҳукм суради. Шоир баногоҳ тушида ўз аҳдидан қайтганлигидан чўчиб уйғонади-да, ҳаётда ўзи танлаган йўлдан асло чекинмаслигига онт ичади:

 

Номард кетай, юракда туғён,

Шу тўлқиндай зарра кам эса,

Номард кетай, шу оташ юрак

Сендан бошқа ўзгани десам.

Минг афсуским, икки ошиқ айтишуви узоққа бормади. Зулфиянинг бошига оғир мусибат тоши йиқилди:

 

Мен ишқ эдим,

Ишқдан мақсадим беармон,

Ўттизга етмай бир зарбдан уйғондим.

Кейин олтингугурт оловисимон

Кўринмас ҳижроннинг доғида ёндим.

 

Фожиали ўлим Ҳамид Олимжон барҳаёт пайтда ёзилган ишқий шеърларининг жавоби эндиликда Зулфиянинг ҳижрон сатрларида кўрина бошланади:

Эй севгиси азиз, эй севимли ёр,

Кетма, асло кетма кўзимдан йироқ,

Гарчи тушимда ҳам сени бир кўриш

Ҳижрон кунларидан минг бор яхшироқ…

 

Мен яна Ҳамид Олимжоннинг денгиз соҳилида ёзилган шеърларига қайтмоқчиман:

Сен бўлмасанг шу оч тўлқинлар

Кўринмасди сира кўзимга.

Сен бўлмасанг ўзимнинг кўнглим

Кирмас эди айтган сўзимга.

                              (“Жануб кечасида”)

Толеъимнинг ошиносисен,

Сен севгимнинг кўкарган боғи,

Сенинг билан бирга иқболим,

Ишончимнинг сен вафо тоғи…

Дарҳақиқат, Ҳамид Олимжоннинг ўз маҳбубасига “ишончимнинг сен вафо тоғи” деб қилган башорати ўзини оқлади. Шоирнинг ушбу сатрлари айрилиқ туфайли жавобсиз қолган эди. Кейинчалик Зулфия денгиз қирғоқларида сайр этатуриб яна ўз Ҳамидини, жудолик дақиқаларини эслайди:

Мен денгизнинг лабида турдим,

Денгиз бўлиб чайқалди юрак.

Мен денгизнинг лабида турдим,

Унут ўзим, унут теварак.

Ҳалигина ипакдай ҳим-ҳим

Алвон тўлқин эшилган эди.

Ҳижрон азми гулгун кўйлагин

Худди шундай ечилган эди…
Шу сабаб Ҳамид Олимжоннинг “Соғинганда” шеърига жавобан Зулфиянинг “Соғинганда” асарининг яратилиши табиий ҳол эди. Ундаги дил изҳорини баён билан ифода этиш қийин, шеърни бошдан охиригача чуқур сукутда ўқиб чиққанингиздан сўнггина азиз умр йўлдошини йўқотган бева аёлнинг ўкинч фиғонини, юракда қотган алам ва дардларини тўлагича ҳис қилиш мумкин.

 

Қанча бўлди, кўрмаганимга,

Эй, қалбимнинг дилбари шоир.

Қанча бўлди бирга ўлтириб

Сўзлашмадик дилларга доир.

Дил-чи, дилим унутиб бўлмас

Ишқ қўшиғи ёзилган китоб.

Хаёл хиёл чертиб ўтдими,

Топиб бер, деб қилади хитоб…

 

Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда” шеъри ўзбек шеърияти хазинасига беназир бўлиб кирган. Нафис табиат – баҳор манзараси шу қадар заргарона чизилганки, унинг сатрлари аро бахт ва шодлик, ҳаётдан мамнунлик нашидаси барқ уриб туради.

 

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.

Новдаларни безаб ғунчалар

Тонгда айтди ҳаёт отини.

Ва шаббода қурғур илк саҳар

Олиб кетди гулнинг тотини.

 

Зулфия худди шу ном билан аталган шеърида яна бир карра Ҳамид Олимжон назари тушган ва мақтаган баҳорни, боғ оралаб юрган шоирнинг сиймосини, “қурғур шаббода” ҳазиллашиб тортган жингалак сочларини, унинг завқу-шавқини кўз олдига келтиради.

 

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.

Гулни кўриб ишқпараст қалбим

Минг айтилган дарддан куйлади…

 

дея бошланади шеър.

Шоиранинг теран изтиробли дардлари шеър сўнгигача шу қадар самимият ва оғриқ билан ифода этилганки, уни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Шу тахлитда ёзилган Зулфиянинг “Кечир қолдим ғафлатда”, “Не балога этдинг мубтало” шеърлари ҳам қалбларни ларзага соладиган, муҳаббат ва вафо олдида тиз чўкишга ундайдиган мунгли, шу билан бирга гўзал ва моҳирлик билан яратилган санъат намунасидир.

Зулфиянинг “Кўрганмидинг кўзларимда ёш” шеъридаги

 

Соғинганда излаб бир нишон

Қабринг томон олар эдим йўл.

Келтирардинг менга бир замон,

Энди ҳар чоғ мен элтаман гул –

Сатрларини ўқиб туриб, Ҳамид Олимжоннинг “Қучоқ-қучоқ гуллар терганим ва келтириб сенга берганим” мисраларини беихтиёр эслаб қоламиз. Ҳаққоният, самимият, чуқур андуҳ ва изтироб Зулфиянинг яна бир машҳур дурдонаси бўлмиш “Баҳор келди сени сўроқлаб” асарининг яратилишига сабаб бўлди.

 

Салқин саҳарларда, бодом гулида
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози
, елларнинг нози
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Сени излар экан, бўлиб шаббода
Сен юрган боғларни қидириб чиқди…

Ёйиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини

Яшил қирғоқларни қидириб чиқди…

Қани мен келганда кулиб, қаршилаб
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан,
Бахтим борми, дея яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан…

 

Ва ниҳоят шеър қуйидаги некбин тўртлик билан тугайди:

 

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

 

Бу шеърни мен ҳар сафар шунчаки эмас, устозим Зулфия опа таъбирлари билан айтганда “кўзимда ёшим билан” ўқийман. Бу шеър ниҳоятда ихчам, ўта самимий, ўта ҳароратли, ўта ғамгин, аммо беғубор ҳаёт нафаси билан йўғрилган таржимаи ҳолга мансуб асар.

Умуман Зулфиянинг лирик шеърлари интим ҳис-туйғулардан иборат десак янглишамиз. Уларда умуминсоний қалб тебранишлари, шодлик ва ташвишлари катта куч ва маҳорот, бадиий санъат билан мужассам этилган.

Севги, садоқат, вафо умрбоқий бўлгани каби, бу улуғ икки шоирнинг ҳаёти ҳам, ижоди ҳам битмас, туганмасдир.

Гулчеҳра Жўраева

Gulchehra Jorayeva

Гулчеҳра Жўраева турмуш ўртоғи шоир Сайёр ва Зулфияхоним

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.