Ибройим Юсупов. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири.
Ўзингизни асранг бузуқ ҳаводан
Бузуқ кўрдим бугун ҳаво авзойин,
Кўчада ёқимсиз шамол изиллар.
Уй қошида, боққа кеч кирган сайин
Шоирам бир ўзи ўйчан кезинар.
Унсиз кузатади улкан чинорлар
Япроқларин сочиб унинг пойига.
Майналар чағ-чағлаб қайдадир йиғлар,
Қарғалар қағиллар анҳор бўйида.
Гул мавсуми тугаб, оёқлабди ёз.
Кузга гал келганин ўйларим маҳзун?
Ўкинч сўқмоғида бевақт синган соз —
Армонини тинглаб, титрарми дилхун?
Жароҳати битмас шоирнинг жонин
Ва лекин, шоирам, Сиздан илтимос:
Унутсангиз ҳамки бутун дунёни,
Огоҳ бўлинг бундай ҳаводан бехос.
На куз бу, на қишдир, бир расво ҳаво,
Қай мавсум, деб биров сўрамас ҳозир.
Ишониб бўлмас бу ҳавога асло,
Ким бўлганингизга қарамас ҳозир.
Ёлғиз тор хонада ёлғизгина соз
Шамол елпиб ўтса, йиғлайди мунглуғ.
Ўкинч сўқмоғида кезманг бу аёз,
Виждонингиз покдир, юзингиз ёруғ.
Дардли лира билан одамлар бахтин
Жон куйдириб куйлаб келгансиз доим.
Гўзаллик гулию сабр дарахтин
Кўнгил боғингизга эккан худойим.
Биби Фотимани мен ёдга олсам,
Кўнглимда ҳурматим ортади Сизга.
Агар мен художўй мусулмон бўлсам,
Намоз ўқир эдим этагингизда.
Гап бор: «асранганни — асрайман» деган,
Бир иложин топар дини соғ одам.
Чиқманг бу изғириқ турган кўчага,
Ўзингизни асранг бузуқ ҳаводан!