Зулфия ҳақида машҳурлар
***
“Шоира Зулфиянинг адабиёт оламимиздаги овозини биринчи эшитганимда, биринчи шеърларини ўқиганимда илҳомининг тозалиги, ҳисларининг нафислиги, шеърларининг самимийлигидан суюнган эдим”
Ойбек – Ўзбекистон халқ ёзувчиси
***
“Ўзбек поэзиясида Зулфия деган номнинг чақнаб пайдо бўлиши – тонг юлдузининг туғилишига тенг воқеа бўлгани ҳануз эсимда, ўша тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин бир ҳақиқат бу ўзи!”
Миртемир – Ўзбекистон халқ шоири
***
“Истеъдоди ўз юртидагина эмас, Европа ва Осиёда ҳам тан олинган бу ғоят гўзал ва оқила аёл қанча йўл босиб ўтмади, не кунларни бошидан кечирмади, қандай эзгу ишларни адо этмади, дейсиз!.. Улкан ижодкорлар бошига синов ва ташвиш тушганда ўзларини йўқотмасдан, сабот ва матонат намунасини кўрсата оладилар. Биз улардан ижод сирларигина эмас, ҳар қандай вазиятда собит туришни, донишмандликни ҳам ўрганишимиз керак… Зулфия – Ер юзидаги барча яхши ва олижаноб ишларга қалби очиқ бўлган қудратли, оқила инсон”.
Қайсин Қулиев – Атоқли қабардин-болқор шоири
***
“Мусаффо қалбингиз, шеъриятингиз, одамларга сиз бахш этган барча эзгулик учун ташаккур сизга, қимматли Зулфия!”
Эди Огнецвет – Белоруссиялик таниқли ижодкор
***
“Зулфия ва шеърият, Зулфия ва қўшиқ – бу сўзларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Унинг шеърлари кўп йиллар муқаддам мени ҳайратга солган, қалбимни ром этган эди. Зулфиянинг шеърларини она тилим – бошқирд тилига ўгирарканман, улардан олган завқ мени лол қолдирган. Биз Зулфия ижоди маънавий ҳаётимизнинг, миллий маданиятимизнинг узвий бир қисмига айланиб кетгани билан фахрланамиз”.
Мустай Карим – бошқирдистонлик атоқли шоир
***
“Шоиралик шоирликка нисбатан кам учрайдиган ҳодиса. Ана шундай ярқироқ юлдузлар қаторида ўзбек шоираси Зулфия муносиб ўрин эгаллайди”.
Расул Ҳамзатов – Доғистонлик машҳур шоир
***
“Зулфия шеърияти замонавий ўзбек поэзиясининг гўзал ва порлоқ саҳифасини ташкил этади. Зулфия, нафақат ўз шеърларида гавдаланган тўла-тўкис аёл тимсоли, балки у мукаммал шахс тимсолидир”.
Чингиз Айтматов – машҳур қирғиз адиби
***
“Ажойиб табиатли кишиларни кўрганда нодир инжу топган кишидек қувонаман, ҳаётни янада қаттиқроқ севаман. Зулфияхоним, Сиз мен учун ана шу нодир инжу ва гўзал кишилардан бирисиз… Сиз халқингиз учун табиатнинг туҳфаси, орзуларисиз”.
Марварид Дилбозий – озарбойжонлик шоира
***
“Мен ўз вақтида Зулфиянинг шеърларини ҳаяжон ва ҳурмат билан таржима қилганман, зеро, бу шеърлар инсонийлик, беқиёс оташин муҳаббат ҳақидаги шеърлардир. Менинг назаримда, Зулфия ўзининг бутун аёллик латофати ва нафислиги билан бирга мана шундай баркамол инсон, бақувват ва мустаҳкам иродали шоирдир”, дея таъкидлаган эди.
Константин Симонов – Таниқли рус адиби