Зулфия – менинг алка кумарим. Амрита Притам
Ҳиндистон Осиё ёзувчиларининг анжуманига келганида Зулфия менинг меҳмоним бўлди. Ана шунда ўртамизда мустаҳкам дўстлик пайдо бўлди. Бу дўстлик мен Ўзбекистонга ташриф буюрганимда яна ҳам чуқур илдиз отиб, гўзал мевалар берди. 1961 йили мен Зулфия хонадонида бўлдим. Унинг бир неча шеърларини панжоб тилига ўгирдим, у эса менинг байтларимни ўзбекчалаштирди.
Яна илҳом шавқида юрак
Сўз излайди ёниқ, беором…
Ўзбекча сўзлар, панжоби оҳанглар бир сатрда тизилиб, илҳом шариллаб, дўстлик ҳақида гўзал бир достон ёздим.
Тошкент билим юртларидан бирида адабий учрашув бўлди. Биз ўз шеърларимизни ўқидик. Мен бухороча зардўзи дўппи кийиб олган эдим. Зулфия қулоғимга шивирлади:
— Ё, раб, сен ўзбек гўзалига ўхшайсан, Амрита!
Эртаси куни биз атлас тўқувчи қизлар даврасида бўлдик. Бизга шоҳи рўмоллар туҳфа қилишди. Шоҳи дуррача ўраган Зулфияга қараб мен ҳам лутф қилдим:
— Зулфия, сен панжоб гўзалининг ўзи бўлдинг-қолдинг!
Зулфия мени ўзбекчалаб Амрита хоним деб атай бошлади, сўнг исмимнинг маъносини сўради, ўзбекчада мени Ўлмас хоним деб сўйлай бошлади. Мен «Зулф» сўзининг ҳиндучада «Алка Кумари» маъносини билдиришини айтиб, дугонамни Алка Кумари деб чақира бошладим.
Бизнинг дўстлигимиз икки шоиранинг, икки тилнинг, икки элнинг чинакам дўстлиги, дилга яқинлиги тимсоли эди.
Менинг Зулфиям — Алка Кумарим хотирасига хайру дуолар бўлсин, дейман.
Амрита ПРИТАМ, 1996. (Ўзбек тилига Ойдин Ҳожиева таржимаси)