Зулфияхоним меҳргиёси. Пиримқул Қодиров

Истеъдод афсонавий меҳригиёга ўхшаган ноёб бир неъматдир. Шунинг учун истеъдодли ижодкор яратган асар бизнинг дилимизга, аввало, меҳр туйғусини олиб киради.
Мен буни 1944 йилда 16 яшар ўспиринлик пайтимда Зулфия опанинг «Кўзларингда борми юлдузинг?» деб аталган шеърини ўқиганимда илк бор ҳис қилган эдим.
Ўшанда ҳали қонли уруш давом этаётган машаққатли кунларни бошдан кечирмоқда эдик. Катталарнинг аксарият кўпчилиги фронтга кетган, улар қиладиган кўп ишлар биз, ўспиринларнинг зиммасига тушган эди. Мен Бекободда қурилаётган металлургия заводининг маҳаллий радиостудиясида мухбир ва диктор бўлиб ишлардим. Қурувчилар ҳақида лавҳалар, хабарлар ёзиб, ҳар ҳафтада уларни ўзим диктор бўлиб ўқиб эшитгирардим.
Ана шу ишлар орасида «Қизил Ўзбекистон» газетасининг уруш йилларида кичик бичимда икки бетгина бўлиб чиқадиган саҳифасида қуйидаги оловли сатрларни ўқидим-у, уларга маҳлиё бўлиб қолдим:
Бунча ҳам беғубор, бунча ҳам тиниқ,
Нурда ювилганми, яхши қиз, юзинг?
Бунча боқишларинг оромбахш, илиқ.
Айт-чи, кўзларингда борми юлдузинг?
Гўзал қизнинг жозибасини ошиқ йигит эмас, машҳур шоира Зулфия опа шунчалик меҳр ва нафосат билан тасвирлагани мени ҳайратга солди. Шеърнинг кейинги сатрларидан бу қизга ошиқ бўлиб юрган қўшни йигитнинг тунларни бедор ўтказиши маълум бўлади. Аммо қиз унга назар солмайди, чунки кўнгил қўйган йигити узоқда, жангда.
Қизнинг кўзларидаги юлдуз жангчи йигитнинг қалбида улкан жасорат уйғотади. Шеър шундай якунланади:
Ҳижроп чирой бўпти латофатипгга.
Камол топ, эй гўзал, муродингга ет,
Чиндан ҳам бор экан кўзда юлдузинг!
Мен ҳали Зулфия опанинг ўзларини кўрмаган бўлсам ҳам, мана шу шеър орқали беғубор ёш қалбларнинг ҳақиқий меҳрибони бўлган, диди ўткир, сўзлари меҳригиёга йўғрилган донишманд бир Опани тасаввур этганим ёдимда бор.
Бу тасаввурим ҳақиқатга нақадар тўғри келишини орадан беш йил ўтгандан кейин амалда кўрдим. Бу орада уруш тугаган, мен Тошкентда Ўрта Осиё Давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқимоқда эдим. 1949 йилда сайлов муносабати билан чоп этилган «Овозимиз» деган тўпламда менинг унча катта бўлмаган лавҳа-очерким босилиб чиқди.
Шу орада талаба ўртоқларимдан бири, «Сизни шоира Зулфия опа нашриётга таклиф қилдилар, тез боринг», деб қолди.
У пайтларда университет биноси нашриётга яқин эди. Лекциялар тугашини кутишга ҳам сабрим чидамай катта танаффус пайтида нашриётга бордим.
Зулфия опа мени иккинчи қаватдаги муҳаррирлар хонасида қабул қилдилар. Ўйлаб қарасам, Зулфия опа ўша кезларда ўттиз тўрт ёшга кирган эдилар. Лекин суюкли умр йўлдошлари Ҳамид Олимжондан жудо бўлиб қаттиқ мусибат чекканлари учун сочларига оқ тушган эди.
Столлари устида пушти муқовали ўша «Овозимиз» тўплами турган экан. Зулфия опа менинг бу тўпламга кирган «Тўқувчилар номзоди» деган очерким ҳақида сўз очдилар:
— Тўқувчи аёлни эсда қоладиган қилиб кўрсатибсиз, — дедилар. — Албатта, ҳали бу сиз учун бир машқ. Шундай дадил машқ қилаверсангиз сиздан ёзувчи чиқиши мумкин. Ҳозир адабиётимиз ёш талантларга жуда чанқоқ. Мен бу лавҳада умид учқунларини кўргандай бўлдим. Тилагим шуки, келажакда бу учқунлар адабий оловга айлансин, одамларга керакли нур билан ҳарорат берсин!
Шу кичик лавҳада умид учқунларини кўра олган Зулфия опанинг теран нигоҳи ва донишмандлиги менга қанот боғлагандай бўлди. Орадан йиллар ўтди. «Уч илдиз»нинг илк нусхаларидан бирини Зулфия опага миннатдорчилик сўзлари билан тақдим этганимда «Сизнинг ўша унутилмас тилагингизни ҳали тўлиқ амалга ошира олганим йўқ», дегим келарди. Чунки хаёлимда чарх уриб юрган бўлажак романлар режаси аввалгисидан оловлироқ туюларди.
1954 йилда Москвада аспирантурани битириб, номзодлик диссертациясини ёқлаганимдан кейин марказий Ёзувчилар уюшмаси мени ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи қилиб ишга олди. Шундан кейин яна тўққиз йил оилам билан Москвада яшаб қолдим.
Бу йилларда Зулфия опанинг шоирлик нуфузи ва ёрқин асарлари дунё миқёсига чикди. Деҳлида ва Қоҳирада бўлиб ўтган Осиё ва Африка ёзувчилари конференцияларида Зулфия опа бутун Шарқнинг энг машҳур шоирлари ва жамоат арбоблари қаторида мукофотлар олдилар.
Москвада бўладиган энг муҳим адабий тадбирлар ва декадалар ҳам Зулфия опасиз ўтмас эди. Шунинг учун у киши Москвага кўп келар эдилар.
Зулфия опа «Москва» меҳмонхонасига келиб тушган кунларининг бирида умр йўлдошим Софияни бошлаб бориб, у киши билан таништирдим. Шундан кейин Зулфия опа Абдулла ака ва Кибриё опа билан бирга ўзбек адабиёти ва санъати декадаси кунларида бизнинг уйга меҳмон бўлиб келдилар. Бошимиз осмонга етгандек хаммаларини қувониб кутиб олдик.
1959 йилнинг совуқ қиш кунларида бошланган декада ўн кун давом этди. Унда Зулфия опанинг ижоди юксак баҳо олди, у кишининг янги шеърларини таржима қилиш истагини билдирган талантли рус шоирлари кўп эди. Нашриётлар ҳам Зулфия опанинг янги шеърий китобларини режалаштирган эди. Таржимонлар ва ноширлар билан ишлаш учун Зулфия опа декададан кейин яна анча вақг Москвада меҳмонхонада туриб қолдилар. Аксига олиб, қиш совуғида грипп эпидемияси кучайган эди. Зулфия опа тумовлаганларини сезсалар ҳам, бунга эътибор бермай зарур ишларини қилишда давом этардилар. Бирдан иситмалари кўтарилиб кетади. Доктор чақирадилар. Доктор: «Пневмония бошланибди, касалхонага ётмасангиз бўлмайди» деган хулосага келади.
Зулфия опа Олий Кенгаш депутати эдилар, шуни ҳисобга олиб, у кишини ҳукумат ихтиёридаги Кунцево шифохонасига жойлаштирадилар.
Орадан бир неча кун ўтгач, қарағайзор ўрмон ичидаги бу шифохонага биз София икковимиз Зулфия опани кўргани бордик. Хайрият, иситмалари тушиб, анча тузалиб қолган эканлар.
Яна икки кундан кейин жавоб беришмоқчи, — дедилар. — Лекин меҳмонхонага қайтиб боргим келмайди. Иложи бўлса-ю, тўғри шу ердан аэропортга чиқиб, Тошкентга жўнаб кета қолсам.
Аммо Зулфия опа бу касалликдан кейин ҳали унча дармонга кирмаганлари сезилиб турарди.
– Балки бошқача йўли бўлар, Зулфия опа,— дедим мен ва шу ойда хизмат юзасидан Тошкентга командировкага боришим кераклигини, шунинг муҳлатини Зулфия опанинг шифохонадан чиқиш кунларига тўғрилашим мумкинлигини айтдим.
Шундай қилсангиз яхши бўларди-да, — деди Зулфия опа ва Софияга бир қараб олди.
– Зулфия опажон, бу киши сизни бирга олиб кетсалар жуда яхши бўлади! — деди София.— Мен сизни ўз опамдай яхши кўраман. Бутун оиламиз билан сизга ихлосмандмиз. Сиз ўша меҳмонхонага қайтиб бормаганингиз яхши. Бу ердан жавоб берсалар, тўғри бизникига борсангиз хурсанд бўламиз!
– Биз ўзимиз келиб олиб кетамиз, — дедим мен. — Бир кеча уйда ётиб нафасни ростлаганингиздан кейин, эртаси куни бемалол аэропортга чиқамиз.
Зулфия опа бу таклифни қабул қилдилар. Икки кун ичида авиабилетлар олинди. Учинчи кун ёзувчилар уюшмасининг фахрий меҳмонларга хизмат қиладиган махсус машинасида Зулфия опани шифохонадан уйимизга олиб келдик.
Поллари паркетли шинамгина уч хонали хонадон Зулфия опага маъқул бўлди. Тинчроқ хонани у кишининг ихтиёрига бердик. Болалар боғчадан қайтганда икки ярим яшар шўх ўғилчамиз Равшан Зулфия опа дам олаётган хонага берухсат кириб борибди. Зулфия опа уни ёқтириб, қўлларига кўтариб олибдилар, завқ қилиб кулган ҳолда биз турган хонага чиқдилар.
– Худди ўз уйимга келганга ўхшайман, невараларимни бағримга босгандай бўлаяпман, — дедилар.
Эртаси куни уюшмадан яна ўша фахрий меҳмонлар машинасини чақириб, аэропортга етиб бордик. Зулфия опа туфайли мен ҳам депутатлар хонаси орқали самолётга осонгина чиқиб олдим. Қуёшли кун эди. Айниқса, Тошкентда офтоб чарақлаган, ҳаво илиқ эди. Аэропортда оналарини қувониб кутиб олган Ҳулкарой билан Омонжоннинг иссиқ меҳрларидан Зулфия опа ўзини қанчалик бахтиёр сезиб шодланганлари ҳамон кўз олдимда турибди.
Лекин ҳаёт фақат қувончлардан таркиб топмас экан. Ўша йили кузда бизнинг бошимизга оғир мусибат тушди. Зулфия опа бизнинг уйда қўлига кўтариб эркалатган ўша шўх, масъум ўғилчамиз Равшан тўсатдан вафот этди.
Қалин қор ёққан кунлар эди. Мен Москва этагидаги Переделкино ижод уйида «Қадрим» қиссасини ёзаётган эдим. Бирдан София телефон қилиб, Равшаннинг аҳволи оғир, «Тез ёрдам» чақирдим, ҳозир касалхонада, кўричак эмиш, операция қилишмоқчи, тез етиб келинг, деди. Шоша-пиша чиқиб, такси топдим. Қирқ чақиримча йўл.
Бу орада бола ҳадеб қорнини кўрсатиб чириллаб йиғлайверибди. Одатда, кўричак бўлса, қон анализи кўрсатади. Зотилжамнинг қоринга оғриқ берадиган маккор бир тури бор экан. Уни кўричакдан фарқ қилиш қийин бўлар экан. Хуллас, мен етиб боргунимча болани операция қилишибди. Кўричак эмаслиги шунда маълум бўлибди.
Оғир зотилжам устига қўшилган операция зарбасини бола кўтаролмади. Мен палатага кирсам ранги девордай оқарган ҳолда беҳуш ётибди. Докторлар ташҳис хато қўйилганидан мулзам… Эрталаб оёққа юрган шўх бола ўша куни қоронғи тушганда ҳаётдан кўз юмди. Шундай зеҳни ўткир, истараси иссиқ, масъум бола, уч қизнинг орасида ёлғиз ўғил, бир кунда бизни абадий тарк этди. Фарзанд доғи София икковимизни бирдан бир неча ёшга қаритиб, чўктириб қўйди.
Мусофир юртда тургимиз келмай қолди. Ишхонадан олти ойга ижодий таътил олиб ватанга қайтдик. Софияни қизчалар билан Самарқандга, ота-оналарининг ҳузурига олиб бориб қўйдим. Ўзим дўстлар даврасида таскин топиш умиди билан Тошкентга келдим.
Зулфия опани Ёзувчилар уюшмасида учратдим. Бизнинг бошимизга тушган мусибатдан бехабар эканлар. Дилим вайрон эканини сезиб:
— Нима бўлди? Мунча қайғули кўринасиз? — дедилар.
Бўш турган хонага кириб, диванга ўтирдик. Мен дил ёриб бутун воқеани айтиб бердим. Зулфия опа қаттиқ изтироб ичида ҳамдардлик билдирдилар.
— Айниқса онага қийин! — дедилар. — Софияхон қаердалар? Самарқандда бўлсалар, манзилларини менга беролмайсизми?
Мен манзилни ёзиб бердим. Зулфим опа телеграмма юборсалар керак деб ўйладим. Орадан ўн кунча ўтгач Самарқандга борсам, у кишидан ярали юракларга руҳий малҳам бўладиган ажойиб бир мактуб борган экан.
Уйимизда ҳанузгача эъзоз билан сақланиб турган бу мактуб Тошкентдан 1960 йилнинг 19 мартида жўнатилганлиги конвертдаги почта муҳрида кўрсатилган. Мана, орадан салкам 45 йил ўтибди, лекин мактубни ўқиганда бугун ҳам Зулфия опанинг барҳаёт ўктам овозини эшитгандай бўламиз. Унинг ҳассос қалби, чин одамийлиги, биз каби ёши кичикларга меҳрибонлиги, ўзини қанчалик камтар тутиши кишини ҳайратга солади.
«Салом, азизим Софияхон!
Тўсатдан борган менинг мактубим Сизни ажабга солур, бунинг учун узр. Булутфан қилинадиган расмият эмас, қалбим амри, холос.
Бошингизга тушган мусибатнинг оғирлигини зарра бўлса-да енгиллатишга ҳеч қандай қалам қодир бўлмаганидай, менинг жуда самимий бу сўзларим ҳам ожиз.
Бир вақт 19 яшар иним фожиали ҳалок бўлиб бағрим қийма-қийма бўлиб кетганда онам, жигар доғи ҳам фарзанд доғидай бўлади. Мен тирик юрибману, сен ҳам сабр қил, деган эди. Лекин ўзим хиёл ўтмай она бўлганимдан кейин билдимки, онам менга бўлак айтган экан, унга бениҳоят оғир бўлган. Она — она бўлгани учун яна шу доғни кўтарар экан — қолганлари ҳам фарзанд. Фарзанднинг ҳаммасига она меҳридан баб-баробар ўрин бор.
Тасалли сўзлари малол келадиган азиз қалбингизни, бахтингизга, сабр ва тоқатга, мардлик ва ҳаёгга чақириб турган ниҳоятда ажойиб кучлар бор. Булар — йўқотганингиздан кам севмайдиганингиз фарзандлар, уларнинг ажойиб оғалари, сизнинг илҳомбахш кўмагингизда дунёга келадиган янги адабий асарлар ва шулар келтирадиган севинч ва бахт.
Азиз синглим! Қизларингиз, ҳали туғилажак ўғилларингиз меҳри гўзал чеҳрангиздан доғ-андуҳларни ҳайдасин, мардлигингиз болаларнинг истеъдодли дадасига сабр ва илҳом бағишласин, бундай кучга бизнинг хотинлар, оналар қодир.
Мен Сизни Тошкентда, Сизлар ҳамма вақт энг самимий меҳр топишингиз мумкин бўлган жуда кўп уйлардан бири бўлган уйимда кўришни истайман, келишингизни кутаман.
Болаларни ўпиб, эркалаб қўйинг, онангизга ҳурмат ва саломимни топиширишингизни сўрайман.
Ҳурматли дўстим Пиримқул Қодировга салом айтинг.
Салом ва камол эҳтиром билан Зулфия».
Мактубда «… синглим, қизларингиз, ҳали туғилажак ўғилларингиз меҳри гўзал чеҳрангиздан доғ-андуҳларни ҳайдасин!» дейилган эзгу тилак башорат бўлиб чиқди. Равшан вафот этганда мен 31 ёшда эдим. София 27 ёшга кирган эди. Ўғилчамиз Москванинг жануб-ғарбидаги Востряково деган қабристонга иккита оқ қайин белги бўлиб турган жойга қўйилган эди. Самарқанддан қайтишда тилларанг Ғозғон мармаридан мўъжазгина қабр тоши ясадик. Унинг юзига Равшаннинг номини ва парвардигорга аталган қуйидаги илтижони тошга ўйдириб ёздирдик: «Равшанжон! Сенинг очилмай кетган ғунчаларинг зора бизнинг келажагимизда очилса!..»
Қарангки, ўзбек мармарига она тилимизда ёзилган бу илтижо Зулфия опанинг мактубида «яна ўғил кўрасизлар» деган маънодаги эзгу тилакка қўшилиб ижобат бўлди. Тошкентга кўчиб келганимиздан кейин 1964 йилнинг баҳорида худо бизга яна ўғил берди.
Қувончим ичимга сиғмай, аввал туғруқхонага бордим. Бир қучоқ гул билан Софияни табрикладим. Она-бола иккови ҳам соғ-омон эканидан қувончим янада ортиб, биринчи Зулфия опага телефон қилдим. Уйларида Москвадан «Литертурная газета»дан келган мухбир аёл билан суҳбат тайёрлашаётган экан. Хушхабарни эшитиб, беҳад суюндилар, қайта-қайта табрик айтдилар.
- Зулфия опажон, ўзингиз башорат қилганингиздай бўлди,— дедим,— Телефондаги табрик ҳисоб эмас. Уйга келасиз.
- Хўп, бораман! Ҳозир… — деб. Панкина билан икки оғиз гаплашиб олдилар, — Пиримқул, Валентина Петровна ҳам сизни табриклаяптилар. Москвада уйларингизда эри билан меҳмон бўлган эканлар.
- Валентина Петровнага табриклари учун раҳмат, у кишини ҳам уйга таклиф қиламан!
- Бизни «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги мухбири Одил Ёқубов машинасида олиб юрибди. Ҳозир гўшакни бераман!
Одил гўшакни олиб, ҳазил аралаш табрик айтди:
- Зўр иш бўпти, қутлаймиз. Ҳозир борсак уй бекаси йўқ… уйингизда у-бу, юз грамм топиладими?
- Минг грамм ҳам топилади. Меҳмонларни бошлаб келаверинг! Қувончим ичимга сиғмаяпти. Сизлар билан баҳам кўрмоқчиман!..
Гўшакни яна Зулфия опа олдилар ва бир соат ичида етиб келишларини айтдилар.
София қувончли кун умидида меҳмонбоп ҳамма нарсани тайёрлаб қўйган эди. Зулфия опалар етиб келгунча дастёр бўлиб қолган қизчаларимиз ёрдамида дастурхон тузадик. Қўй гўштидан қилинган варақи сомсалар ва қовурдоқларни музлатгичдан олиб оловда илитган эдик, худди ҳозир тайёрлангандай бўлди. Бошқа ноз-неъматлар ҳам етарлик эди.
Шу тарзда ҳаётимизнинг энг қувончли кунларидан бири Зулфия опа ва у киши бошлаб келган дўстларимиз билан бирга ўтгани унутилмас воқеа бўлди.
Лекин «ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу» деган гап, айниқса, шўро даврида кўп эсга тушарди. «Юлдузли тунлар» романини Зулфия опа биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган, унинг дастлабки парчасини 1973 йилнинг баҳорида «Саодат» журналида чоп этган эдилар. Бироқ мустабид тузум қўриқчилари, беш-олти йилгача романни тўлиқчоп этишга йўл қўймадилар. Ниҳоят жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши натижасида роман 1979 йилда китоб бўлиб чиқди. Рус тилига қилинган таржимаси Москвада 3 марта чоп этилди. 1981 йилда раҳматлик Шароф Рашидовнинг ёрдами билан романга республика Давлат мукофоти берилди. 1980 — 1985 йиллар оралиғида роман қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ тилларига таржима бўлиб чиқди. Кейинчалик уни ҳинд ва урду тилларига ҳам ўгириб нашр этишди.
Бу орада мен Ҳиндистонга ижодий командировкага бориб келиб, Бобур авлодлари ҳақидаги «Авлодлар довони» романини ёзиб тугатдим. Ойнинг қоронғи ўн беши ана шу романни чоп этишни таъқиқлашдан бошланди.
Марказдан келган десантчилар ва уларнинг ўзимиздаги югурдаклари Наврўз байрамини таъқиқладилар, Амир Темур ва Бобур Мирзо каби улуғ аждодлар номини халқ хотирасидан ўчиришга қаратилган сиёсат юргиздилар. Улар бу машъум ниятни «Пахта иши» ва «Ўзбеклар иши» деб аталган даҳшатли «қама-қама»ларга қўшиб амалга оширмоқда эдилар.
Бобур Мирзо ҳақида роман ёзганим учун аввал 1985 йилда Республика ёзувчилар қурултойида, сўнг 1986 йилнинг кузида бўлиб ўтган Марказком пленумида менинг бошимга маломат тошлари ёғдирилди. Гўё мен патриархал ўтмишни янги турмуш тарзига қарши қўйган эмишман, босқинчи подшоларни улуғлаб, халқ ҳаётини бузиб кўрсатган эмишман, романда тарих сохталаштирилган эмиш ва ҳоказо… Бу маломат тошларидан қочиб, Дўрмондаги ёзувчилар боғига борар эдим. Бу ерда бизга ҳам битта далаҳовли берилган эди. Шу ерда София икковимиз мустабид тузум адолатсизликларидан бир қадар жон сақлар эдик.
Ёз ойларида Зулфия опа ҳам шу боғдаги анвойи гуллар ўстирилган далаҳовлиларида дам олар эдилар. Кўпинча қизлари Ҳулкар ёнларида бўларди. Биз София билан уларни кўргани борганимизда Зулфия опа ичкари уйдан тўқ яшил рангдаги муқоваси йирик зарҳал ҳарфлар билан безатилган чиройли китоб олиб чиқдилар.
Бу уч жилдлик асарларининг «Шалола» деб аталган биринчи жилди эди.
— Пиримқул, сизга ноҳақ отилган маломат тошларига қарши бир шеър ёздим, — дедилар. — Бу шеърни мана шу китобга дастхат қилиб битиб, эсдалик тарзида бераман.
Мен ҳаяжон ичида ўрнимдан туриб, китобни Зулфия опанинг қўлларидан авайлаб олдим-да, табаррук қилиб кўзимга сурдим.
— Биринчи бетини очиб кўринг, — дедилар.
Китобнинг биринчи бетини очиб ўқиганимда аруз вазнида ёзилган ва чиройли ҳуснихат билан битилган шеър худди нур шалоласидек борлиғимни чулғаб олди. Шеърнинг ҳар бир сатридан Зулфия опанинг меҳригиёси уфуриб турарди. Лекин мен шеърдаги юксак баҳоларни ўзимга ололмас эдим, бунга кучим етмас эди.
Ҳақиқий асарларда бўладиган умумлашма образ бу шеърда ҳам бор эди. Айниқса, ноҳақ маломат тошини отаётганларга қарата айтилган «вафони сиздан ўргансин», «фидони сиздан ўргансин» деган радифларга, аввало, Зулфия опанинг ўзлари муносиб эдилар. Шунинг учун «сиздан ўргансин» радифини хаёлимда умумлаштириб, «биздан ўргансин» деб айтгим келарди. Айниқса, марказдан гўё ўзбекларга маданият ва ҳалолликни ўргатмоқчи бўлиб келган ва бу ҳақда матбуотда мақтаниб жар солган десантчилар Зулфия опанинг ушбу шеърида куйланган маънавий фазилатларни биздан, ҳалол меҳнати билан улуғ тарихий обидалар яратган халқимиздан, улар таъқиқпаган бизнинг Наврўзимиздан, ноҳақ қораланган буюк аждодларимиздан ўргансалар адолатдан бўларди.
Зулфия опанинг 1987 йилда ёзилган ва ҳанузгача ҳеч қаерда эълон қилинмаган бу нодир шеърини ўзимча мана шундай тушунган ва талқин қилган ҳолда, унинг матнини китобхонларга ҳавола этаман:
«Ҳурматли Пиримқул:
Адаб аҳли қаламга чин вафони Сиздан ўргансин,
Ажаб толеъ билииши — бу жафони Сиздан ўргансин,
Ёниб ўтларда тоблаш ҳар ҳижони Сиздан ўргансин:
Бу тарз санъатга мафтуну адони Сиздан ўргансиш
Элу юрт ибтидосидан туишб ақлу зако бирлан,
Асрлар қатламида жо тирик амру нидо бирлан,
Баёнга жазм этмоққа дил ичра ишмъ зиё бирлан,
Тутиб маҳрам қалам номли асони Сиздан ўргансин.
Бу ён мозий, бу ён гулшан замон, қонда икки ирмоқ,
Азиздир қай бири, фикру юракка кўп қийин билмоқ,
Ва лекин икки дарёдан жавоҳирлар топиб термоқ
Ва элга туҳфа этмоқда фидони Сиздан ўргансин.
Сизинг ижодга тобеълик ҳавас уйғотса жонимда,
Чиройли рашк ёқиб гулхан, сеҳр ўйнатса қонимда,
Камина нени кўрди, не деди бебурд жаҳонимда,
Баҳодирларча тан олмоқ хатони Сиздан ўргансин!
Сизга эзгу ниятлар билан Зулфия».
Шеърнинг охирида бебурд бўлган мустабид тузум ҳақида айтилган сўзлар Зулфия опа кейинчалик улкан истеъдод ва самимият билан яратган «Хотира синиқлари» достонига ҳамоҳанг жаранглайди. Мен бу достондаги мардона руҳ ва сержило софликни гавҳарга ўхшатгим келади. Чунки гавҳарнинг синиғи бўлмайди — ундан учиб тушган майда ушоқлар ҳам тилла узуклар кўзида нур сочиб туради. Зулфия опа камтарлик билан «Хотира синиқлари» деб аталган достонлари биз бошдан кечирган мустабид замонлар ҳақиқатини олмос қирраларидек нурлантириб кўрсатади.
Достон сўнгидаги:
Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдск бир ёғиб олдим… —
деган сатрлар Зулфия опанинг мардона руҳи истиқлолдан ҳурлик олиб, янги юксакликка кўтарилганидан ва шу юксаючикда гавҳардай бебаҳо шеърлар яратганидан далолат беради. Зулфия опа ўзининг буюк ижодий ва инсоний меҳригиёси билан бизнинг авлодга қанчалик олижаноб таъсир кўрсатган бўлса, бугун Зулфия мукофотига талпинаётган ва сазовор бўлаётган истеъдодли ёшлар бу туганмас меҳригиёдан янада кўпроқ баҳра олишлари ва баркамол авлод бўлиб етишишлари шубҳасиздир.