Зулфиябегимни ёдга олиб… Суйима Ғаниева

Бир умр кўзимда турасан.
Зулфия
Мен Зулфия опа билан кўп учрашганман, сафарларда бирга бўлганман, бу нозиктабиат, саришта аёл, шуҳратли шоира, қайноқ меҳрли устоз ва мураббия билан бўлган суҳбатлардан кўп нарса уққанман, ўрганганман. Ёниқ ҳавас билан қарар эдим Зулфиябегимга. Бир неча мақолаларимни Зулфия опа хоҳишларига кўра ёзган ҳам эдим.
Зулфия опа билан ҳар мавзуда — илмийми, адабийми, ярашиқли либосларми, лаззатли таомларми, шоирлар ҳақидами ё олимлар, устозларми ё шогирдлар, дўстларми ё бошқалар ҳақидами суҳбатлашар эдик. Лекин бирор марта зардали ёки салбий маънодаги таъкид эшитмаганман. Зулфия опа тоғдек бардошли, дилкаш, заҳматкаш ва ўта некбин инсон эдилар.
Шоирамизнинг барча унвонлару мукофотлар, эл-юртнинг юксак эҳтиромига қарамай, сийрат ва сувратан ғоят камтарона бўлганлиги, айни чоқда, Комил Яшин таърифлаган «Маликалардек ўзларини тутишлари»ни ҳамма билар ва фахрланар эди.
Зулфия опа менга бир китобларида шундай дастхат бахшида ёзиб берган эдилар: «Ширинсухан, теран туйғули Суйимахонимга унча ҳам чақноқ, ширин қувончлар билан яшнамаган бу мажмуани жоним билан тақдим этаман. Начора, ҳаётнинг бир саҳифаси тонг, бири оқшом туйғулари ранги билан ёзиқ экан».
Чиндан ҳам начора. Зулфия опа ҳақидаги хотираларим жонли, ўчмас ва қалашиқли. Баъзиларини, севимли шоирамизнинг азиз мухлислари, сизлар билан баҳам кўриш истаги туғён урди…
1957 йил 9 февраль. Навоий ҳаёти, ижодини ўрганиш бўйича тузилган Навоий қўмитасининг биринчи мажлиси ЎзФАнинг АбдуллаТўқай кўчаси (ҳозирги Марказий майдон ва Гагарин боғи туташган жойда эди)даги бош бино мажлислар залида биринчи марта сўзлашган эдим. «Ленинградда ўқиб келибсиз, илмий изланишларда муваффақиятлар тилайман»,- деган сўзлари, майин овозлари ҳануз қулоғимда.
1967 йил, май.
Мен Чилонзорда яшар эдим. Бир куни эрталаб Зулфия опа телефон қилиб: «Ҳозир бораман, кийиниб туринг. Мен зилзиладан кейинги Чилонзордаги қурилишлар ҳақида мақола ёзмоқчиман. Биргаликда Чилонзорни айланамиз», — дедилар. Мен атир сураётган пайтимда Зулфия опа келдилар. Зулфия опа, «Атирингиз «Шанель» эмасми?» – деб сўрадилар. «Ҳа, «Шанель-5», яқинда Москвада илмий сафарда бўлган эдим. Бирор-бир устки либос оларман деб йиғиб қўйган пулимга шу атирни харид қилиб эдим»,— дедим ва Зулфия опанинг яна бир қобилиятларидан лол қолганимни билдирдим. Аввал машинада, сўнг эса пиёда Чилонзорни кезиб чиқа бошладик. Ортимиздан анчайин улуғ ёшдаги бир рус аёл келаверди. Жуда истараси иссиқ, ўртача кийинган, лекин озодагина бу аёл ёнимизга келди ва узр сўраб саломлашди. Ўзини таништириб, деди: «Сиздан «Шанель» атри таралаётгани учун орқангиздан келавердим. Турмуш ўртоғим Ленинграддан Тошкентга ишга юборилди. Бу ер иккинчи ватанимиз бўлиб қолди. У киши оламдан ўтди. Қабри шу ерда. Биз турмуш қурганимизда ҳеч нарсамиз йўқ эди. Менга биргина совға «Шанель» атрини олиб берган эди: «Азизим, бу сенга келин сарупоси ўрнида, узукка қарздорман, муҳаббатим, меҳрим рамзи деб қабул этасан», – деган эди. Бугун сизлар менга ёшлигимни, қувончли ва армонли кунларимни ёдимга солдингиз…» Аёл кўзларига ёш балқиди. Бизлар унга тасалли бергандек бўлдик, бағримизга босдик, хайрлашдик. Зулфия опани ажиб бир ҳаяжон оғушида кўрдим. Кўчаларни кездик, янги уйлар, очилган йўллар ва келажак ҳақида сўзлашдик. Кўп вақт ўтмай — бу мавзу бир шеърларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. «Хотира сатрлари» деб аталади бу шеър:
Унутилар тўйлар, севинчлар,
мақсад йўлидаги заҳмат унутилар.
Лекин севги унутилмас,
Унутилмас ўлим,
Унутилмас уйинг вайрон бўлгани —
Қолар дилда доғдай мангу сирқираб!
Унутилмас сени вайроналикдан,
Тақдирнинг зарбидан, ҳайронликдан
Меҳрибон бир қўлнинг суяб олгани…
Сенинг музлаётган мажруҳ жонингга
Қайта ҳаёт бериб офтоб солгани.
Нигоҳни сеҳрлаган, нурга тўлган уйлар шаҳарда қад кўтараётгани шоиранинг қалбини яйратиб, ажиб илҳом бағишлаган эди!
1968 йил, августнинг авваллари.
Зулфия опа телефон қилиб, «Саодат»нинг 9-сонига Навоий ҳақида материаллар тайёрлаб беришим кераклигини уқтирдилар. Мен Ҳусайн Бойқаро рисоласи ва девонини нашрга топширган эдим. Зулфия опага Ҳусайнийнинг бир ғазалини ўқиб бердим. «Бу ғазал ривоятлардаги Гули ва Навоий ораларидаги севгилари ва Ҳусайн Бойқаронинг ўзига маънодор бир ишора эмасми?» — деб Зулфия опа шунга ҳам бир мақола бағишланг, — деган хоҳишни билдириб эдилар.
«Бир ғазал устида ўйлар…» деб номланган мақолам «Саодат»нинг ўша йили 9-сонида эълон қилинди.
1980 йил март ойларининг охирлари.
«Курсдошингиз, дўстингиз Лазизхон Қаюмов 50 ёшга киряпти экан. Сиз бир мақола ёзиб, мен эса «Саодат»га чиқариб, бир табрикласак». Мақола ўша йили журналнинг 5-сонида босилиб чиққан эди. Мен «Саодат» ўқувчиларига мослаб «Адолатхон аянинг ўғли» деб атаган эдим ёзганларимни, Зулфия опам ўз қўллари билан «Баркамол олим» деб сарлавҳа қўйдилар. Шу, бир ибора билан мақола мазмунини ҳам, олимнинг баҳосини ҳам баландроқ поғонага кўтарган эдилар. «Саодат» учун ёзиш мен учун ҳам саодат, ҳам мактаб эди, шубҳасиз…
1983 йил 1 июль.
Шоира Увайсийнинг 200 йиллиги «Баҳор» концерт залида ўтди. Зулфия опа раислигида ўтадиган бу гўзал тадбир тадориги бошланганда Ёзувчилар уюшмасидан шундай бир таклиф бўлган эди: раиса ҳам аёл, президиумда фақат аёллар, маърузачилар ҳам аёл, концерт иштирокчилари ҳам аёллар, чолғучи эркаклар эса парда ортида… шундай бўлди ҳам… Пастда биринчи қаторда Комил Яшин, Сарвар Азимов, Ўктам Усмонов, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Лазизхон Қаюмовлар ўтиришган эди.
Йиғинда Зулфия опа аёллар шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари, Увайсий ижодининг ўзбек мумтоз адбиётидаги ўрни ҳақида дилкаш бир эҳтирос билан баён этиб, маъруза учун сўзни олима Маҳбуба Қодировага бердилар. Мен эса шоиранинг «Анор» чистони, унинг иккита русча таржимаси ва рассом Т.Жамолиддиновнинг «Анор» деб номланган асари ҳақида сўзлаган эдим.
Зулфия бу жуда гўзал ўтган адабий-мусиқий кечани Увайсийнинг 11 байтли ғазалига тавр усулида битган жавобия мухаммасларини ўқиш билан якунлаганлари ҳамон кўз ўнгимда. Шеър ёзилишининг сабабини шундай изоҳлаган эдилар: «Жаҳонотин Увайсий ўз таваллуддарининг 200 йиллиги кунида шундай барҳаётлик назмини айтган бўлур эдилар».
Шу мухаммасдан икки банди:
Дилимни шамъ қилиб эрдим, бу даврон минг чароғ ўлди,
Ўғул-қиздин жудо эрдим, менга авлод қароғ ўлди,
Ки, рўзғорим хароб эрди, элим бошга паноҳ ўлди,
Не сўз айтдим, қаро ўтмишни фош этган яроғ ўлди,
Замон берган бу қудратдан кўнгул тоғ ўлди, тоғ ўлди.
Увайсий, боқ, бугун юртда назм — толеъ, зако қонун,
Муҳаббатга адо қонун, садоқатга вафо қонун,
Ки, булбул чаҳ-чаҳи янглиғ қўшиқларга садо қонун,
Ташаккур қадру ардоққа, сенга умри бақо қонун,
Ажаб камёб бу қисматдин кўнгул тоғ ўлди, тоғ ўлди.
1989 йил ёз охирлари.
Дўрмон. Ёзувчилар боғи. Зулфияхоним билан кун-кунора учрашиб турамиз. Баъзан сукутда, баъзан қизғин суҳбатда катта боғни айланиб-айланиб чиқамиз. Бир куни Зулфия опа боғларига меҳмонга чақирдилар. Яқиндагина адабиётшунос олим Наимжон Каримов билан бирга таклиф этилган эдик. Зулфия опа: «Муножот»ни ола чиқинг, бугун фақат Навоий ҳақида сўзлашамиз»,— дедилар. «Муножот»ни ўқидик, ҳар бир жумла устида фикрлар ўртага ташланди. Опанинг ҳайратлари чексиз эди. «Ўзбек адабиётида бундай асарга дуч келмаган эдим. Ажаб, во ажаб!..»
Мен Тошкент Дават консерваториясининг ёнида яшар эдим. Халқимизнинг «Қўшнининг қўшнида ҳаққи бор», — деган мақолига кўра озгина дарс беришга жалб қилинган, консерватория тадбирлари, концертларида қатнашиб турар эдим. Устозлар, ёш ўқитувчилар билан мулоқотда бўлар эдик. Кунларнинг бирида ёш композиторлардан Рустам Абдуллаев Зулфия опа шеърлари ҳақида сўз очиб: «Баъзи шеърларидаги теранлик, эзгуликка даъват, ватанпарварлик туйғуси мени лол қолдиради. Бир шеърларини мусиқада талқин этишга ҳаракат қилдим. Шуни эшитиб кўрсангиз», — деб қолди.
Назаримда жуда яхши, шеър мазмуни мусиқада янада очилгандек таассурот қолдирди. Мусиқадаги жўшқинлик, пафос «нақарот»ни тақозо қилади. «Шуни биргаликда яратсак», — деди Рустам. Мен: «Нақаротни Зулфия опадан ахтарайлик, тушмаса ўзларига мурожаат қиласиз», — дедим ва шеърларини ўқий бошладик, топилгандек бўлди. Рустам фортепьяно жўрлигида ўзи айтиб кўрди. Яна, яна айтди. Анчайин ҳаяжонланиб: «Узукка кўз қўйгандек чиқди-а?!» — деди.
Уйимизда шу мусиқа асбоби бор эди, яна бошқа асарларидан чалиб берди. Охирги пайтларда Рустам Зулфия опа шеърларини кўп мутолаа килаётгани, тобора янги нарсалар яратиш иштиёқи пайдо бўлаётгани ҳақида сўзлади. «Рустам, бугунги қўшиғингизни Зулфия опага айтиб беринг. Агар уларга маъқул бўлса, «нақарот» жумбоғи ҳам ечилган бўлади. Зулфия опанинг таъблари ниҳоятда нозик, олдиларидан ўтиш керак», — дедим.
Рустам «Саодат» таҳририятига бориб, асбоб йўқ экан, стол чертиб, зарб бера туриб қўшиқни айтиб берибди. Зулфия опа таҳсин ўқибдилар, табриклабдилар. «Суйима опангиз билан учрашгансиз-а, бошқа шеъримдан «нақарот»ни опангиз топиб берган-а?!» — дебдилар. Рустам эътироф этиб, хурсанд бўлиб чиқибди.
Кейинги суҳбатларда Рустам Зулфия опа шеърлари асосида бир вокал туркум яратсам, деган фикрни айтди. «Рустам, Нодирабегимни шоира сифатида машҳур қилиб юборган ғазаллари Амир Умархонга ёзганлари бўлган. Зулфия опанинг ҳам Ҳамид Олимжонга атаб ёзган ҳижрон аламлари, юраклари тубига чўккан абадий бир дардлари, сўлим, дилбар ҳиссиётлари сўз билан ифода этилган шеърлари ҳар бир юракка, хусусан, аёллар қалбига кириб борди, шоирамизни шуҳратлигина эмас, севимли, ардоқли қилди», — дедим.
Рустам «Ҳижрон» вокал туркуми билан Зулфия опани таништирганида: «Гражданлик руҳидаги оптимистик шеърлар билан тугатсангиз, жуда дардчил, маъюс бўлиб чиқибди, шекилли», — деган эканлар.
Телевизорда «Ҳижрон» ҳақида (қўшиқларни Гулгина Зокирова ижро қилган) махсус адабий-мусиқий эшиттириш кўрсатганимизда шоиранинг шеърларига бир тантанавор руҳдаги Рустам басталаган қўшиғини С.Беньяминов ижроси билан якунлаган эдик.
Буюк Навоий айтган эдики, инсоният тожининг зийнати, асл гавҳари бу ишқ ва садоқатдир. Агар жаҳон чаманида вафо гули унмаса, у гўзал бўла олмайди. Агар башарият гулида вафо бўйи — атри бўлмаса, у оромбахш бўла олмайди.
Рустам Абдуллаев ва шоир Омон Матчон яратган «Садоқат» операсида Зулфияхонимнинг янги давр ўзбек шеъриятининг яловбардори, фахри ва ғурури бўлган шоир Ҳамид Олимжон билан биринчи учрашувлари, турмуш қуришлари, шеъриятнинг мафтункор оламига киришлари, дўстлари, шоира бошига ёпирилиб тушган жудолик мусибати ва бошқалар сўз ва мусиқа сеҳри билан нафис, тиниқ, таъсирли ифодасини топган.
1981 йил баҳорида Самарқандда Рустам Абдуллаев, Отаназар Матёқубов, Омон Матчон, Сотимхон Иномхўжаевлар билан бирга «Садоқат» операси премьерасига бордик. Операнинг эпиграфи:
Бу бир уйқу, беҳуда бир туш,
Охир бу бир алдоқчи рўё,
Билармисан, севган кишига
Содиқ бўлиш ўзи саодат.
Опера Зулфияхоним овози билан бошланганининг ўзида залда қарсаклар бошланиб, ҳамма ўрнидан туриб кетгани худди кечагидек қулоғимда, кўз ўнгимда…
«Самарқандга кетаяпмиз. Сиз ҳам юринг!» — деганимда, «Йўқ, йўқ, сиз қайтганингиз замоноқ менга айтиб берасиз. Телефонда эмас, учрашамиз», — дедилар.
Самарқанд таассуротларимни айтиб берганимда, Зулфия ним табассум билан жимгина тинглаган эдилар. 1981 йил «Совет Ўзбекистони» газетасининг 14 апрель сонида босилган таниқли композитор, санъатарбоби, профессор Б.Зейдман билан бирга «Садоқат» операсига тақризимни Зулфия опага етказган эдим.
1996 йил 2 август.
Киночилар уйи зали. Ўзбекистон аёллар қўмитаси «Темурийлар тарихи — буюк меросимиз» номи остида ўтказаётган илмий-амалий конференцияга йиғилдик. Раиса — Д.Ғуломова иккинчи маърузачига сўз бераётганида уни чақириб олдилар. Қайтганларида маъруза тугаган эди: «Зулфияхоним оламдан ўтибдилар. Биргина маъруза эшитгач, ҳаммамиз Опанинг уйларига борамиз»,— дедилар ва менга сўз бердилар. Маъруза Нуржаҳонбегим ҳаёти ва ижоди ҳақида эди, шоиранинг қуйидаги:
Эй обшор, навҳагар аз баҳри чисти?
Чин бар жабин фиганда зи андуҳи кисти?
Дардат чи дард будки, чун ман тамоми шаб,
Сарро басанг мизади ва мигиристи?
(яъни, «Эй шалола, овоз чиқариб нола қиласан, қайси дарёдансан? Чеҳрангга ажин тушириб, кимнинг ғамини чекасан? Дардинг қандай дард эдики, мен каби тун бўйи бошингни тошларга уриб, йиғлаб чиқасан?») — рубойиси таҳлилига келганда мен сўзимни давом эттира олмадим… Наздимда Зулфия опа қиёфалари, қулоғимда дардчил овозлари эди. Гап шундаки, бир ой-бир ярим ойлар аввал анчайин кеч дамда Зулфия опа менга телефон қилиб, одатдагидек савол бериб эдилар: «Янги шеърлардан борми? Эшитилмаган бир шеър истар кўнгил… Форсийда бўлса ҳам майли, бирга «мағзини чақишамиз». Мен Нуржаҳонбегимни ўқиб бера бошладим. Мазкур рубоийни Зулфия опа такроран ўқитдилар. «Обшор»ни «шаршара» дебми ё «шалола» деб ўгирсаммикан?»— деб сўрадим. Зулфия опа: «Шалола» яхшироқ, лекин «шаршара»да овоз ҳам, зарб ҳам бор, бу рубоий мазмунига мосроқ. Суйимахон, бу рубоий гўё мен ҳақимда битилгандек… Шаршара дарддан бошини тошларга урса, мен ёстиқдарни тош қилиб юборганман…» — дедилар.
Опа чарчагандек гўё шеър таъсиридан эзилгандек бир ҳолда суҳбатни тугатдилар, телефонда хайрлашдик. Бу охирги сўзлашувимиз бўлди.
Конференцияни ҳам шу рубоий билан тугатдик. Мен уни Зулфия опага ўқиб берганимни юқоридаги тафсиллар билан анжуман иштирокчиларига айтиб берган эдим…
Зулфия опа шеърларида «Бир умр кўзимда турасан» деб ёзганларида у ким эди, ҳаммамиз билар эдик. Зулфия опа ҳам бир умр ёдимизда, дилимизда бўладилар.
филология фанлари
номзоди, профессор